Тошкент шаҳар ҳокимлигида Япониянинг Shimizu Corporation компанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Shimizu Corporation’нинг халқаро ҳудудий менежери Ивата Такаши компания Ўзбекистон пойтахтидаги шароит ва имкониятларни ўрганиб чиққанлиги маълум қилиб, ўзаро ҳамкорлик юзасидан бир қанча лойиҳаларни таклиф этди.
Япония компанияси шаҳардаги тозалаш иншоотларининг ишини янада яхшилаш учун эскирган қувурларни ердан чиқармай туриб таъмирлаш ҳамда оқава сувларни мембранали тозалашга мўлжалланган лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш бўйича таклиф берди.
Шунингдек, Япония делегацияси томонидан маълум бир туман ёки даҳада иссиқлик таъминоти тизимини модернизация қилиш, “Сергели сити” қурилишида иштирок этиш, қуёшли панеллар ўрнатилган, тежамкор автобусларни жорий қилиш ва жамоат транспортини бошқариш тизимини оптималлаштириш масаласида ҳамкорликда ишлашга қизиқиш билдирилди.
Учрашув якунида икки томон ҳам ҳамкорликнинг амалий босқичига қадар мулоқотлар давом этишини таъкидлаб ўтди.
Манба: Kun.uz