Мамлакатимизда саноат ишлаб чиқаришини модернизациялаш ва диверсификациялаш, тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш доимий эътиборда. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида маҳаллийлаштириладиган маҳсулотларнинг 430 дан ортиқ янги турини ишлаб чиқариш ўзлаштирилди.
Иқтисодиётнинг барқарор ўсишида реал секторга қаратилаётган эътибор ҳамда банк маблағларининг барча тармоқларга изчил жалб этилаётгани муҳим аҳамият касб этмоқда. Зеро, ҳозир банклар ўз ривожланиш стратегиясини айнан реал сектордаги ўсиш билан чамбарчас боғламоқда. Улар корпоратив мижозларнинг эришган даражаларини сақлаб қолиш билан бирга, ишлаб чиқаришни кенгайтириш, рақобатбардош янги маҳсулотлар ишлаб чиқаришга йўналтирилган инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш учун қулай шароит яратишга кўмаклашмоқда.
Саноатда юқори технологияли қувватларни ишга тушириш, ишлаб чиқаришни техник ва технологик жиҳатдан янгилашга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар самарадорлигини таъминлашда Ўзбекистон банклари ҳам фаол иштирок этмоқда. Банк кредитлари корхоналарнинг капиталлашув даражасини янада ошириш ва молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш, янги технологияларни татбиқ этиш, инновация лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга йўналтирилмоқда.
Бу борада “Ўзсаноатқурилишбанк” акциядорлик тижорат банкида ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. Банк ўз салоҳиятига кўра йирик инвестиция лойиҳаларини молиялаш имкониятига эга. Тизимда қирқдан ортиқ филиал, юздан зиёд минибанк, жамғарма касса, салкам юзта махсус ва сайёр кассалар мавжуд. Турли тўловларни қабул қилишга мўлжалланган 150 дан ортиқ, халқаро пул ўтказмалари операцияларини бажаришга ихтисослаштирилган юзга яқин шохобча аҳолининг доимий ҳамкорига айланган.
2015 йилда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига банк мижозларининг 1,7 триллион сўм ва 401 миллион долларлик 600 лойиҳаси киритилган. Лойиҳаларни танлаш, таҳлил қилиш, уларни миллий ва хорижий валютада кредитлашда корхона ва ташкилотларнинг ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, замонавий ускуналарни жорий этиш ҳамда янги иш ўринларини яратиш имкониятига асосий эътибор қаратилмоқда.
Ана шундай мезонларга жавоб бера олган юздан ортиқ лойиҳа жорий йилнинг ўтган даврида ишга туширилди. Мисол учун, 600 миллион сўм сармоя олган Сурхондарё вилоятидаги “Кавсар мадад” хусусий корхонаси шифер ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. 700 миллион сўм кредит олган Хоразм вилоятидаги “Хонқа паррандачилик” жамиятида паррандачилик ривожланмоқда. Йил охирига қадар яна беш юздан кўпроқ лойиҳани амалга ошириб, маблағларни ишлаб чиқаришга йўналтириш орқали 14 мингта янги иш ўрни яратиш мўлжалланмоқда.
– Тарихий обидаларни таъмирлаш ва реконструкция қилиш, шунингдек, кафел ишлаб чиқариш билан шуғулланамиз, – дейди Олмазор туманидаги “Ижод” корхонаси раҳбари Алишер Раҳмонов. – Биз банкдан 400 миллион сўм ва кафелларга ўймакор нақш берувчи ускунани хориждан олиб келиш учун 250 минг АҚШ доллари миқдорида кредит олдик. Натижада мижозлар талабига мос тарзда таклиф бериш имконига эга бўлдик.
Президентимиз Ислом Каримовнинг 2014 йил 4 февралдаги 2014-2016 йилларда тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастури тўғрисидаги қарори маҳсулотларни маҳаллийлаштириш, корхоналарни молиявий қўллаб-қувватлашда дастуриламал бўлаётир. Ҳозир банк ушбу дастурга киритилган товарларни ишлаб чиқарувчи йигирмага яқин корхонага хизмат кўрсатмоқда.
Бу корхоналарда маҳсулот тайёрлашни йўлга қўйиш учун асбоб-ускуна ва хомашё сотиб олишга ўтган йили 161 миллиард сўм ажратилган бўлса, жорий йилнинг биринчи чорагида бешта корхонага 37 миллиард сўм кредит берилди. Масалан, “Саноат гилам” жамияти 2 миллиард сўм эвазига полипропилен иплар тайёрлашни бошлаган бўлса, “Ўзкабель” акциядорлик жамияти кабель маҳсулотлари ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш учун 5 миллиард сўм олди.
– Ишлаб чиқаришни кенгайтириш мақсадида 3 йил муддатга имтиёзли кредит олдик, – дейди “Bunyodkor-Nur” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ориф Исмоилов. – Бу ойнадан нақшли плиталар ишлаб чиқарадиган замонавий, унумдор ускуна харид қилишда қўл келди. Ҳозир бир ойда 5 минг квадрат метр плита ишлаб чиқариш қувватига эга корхонамизда қирқдан ортиқ янги иш ўрни яратдик.
2015 йил Инвестиция дастури доирасида банк ўзининг асосий мижозлари бўлган иқтисодиётнинг базавий тармоқлари, яъни нефть-газ, энергетика ва кимё соҳаси корхоналарида ишлаб чиқариш жараёнларини модернизациялаш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш бўйича йирик инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш ишларини олиб бормоқда. Хусусан, банк ана шундай лойиҳаларнинг 14 тасини молиялаштирмоқда.
Андижон вилоятидаги “Lens textile invest” масъулияти чекланган жамияти ўз маблағи ва банк кредити ҳисобига трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ташкил қилиб, 180 иш ўрни яратди. Ҳозир корхона эркаклар, аёллар ва болаларга майка, футболкалар ва эллик турдан ортиқ бошқа трикотаж маҳсулотларини буюртма асосида ишлаб чиқармоқда. Жорий йилда ишлаб чиқаришни янада кенгайтиришда зарур бўлган замонавий тўқув дастгоҳлари харид қилиш учун 936 миллион сўм кредит маблағлари йўналтирилди.
– Аҳолининг озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат истеъмол товарларига бўлган эҳтиёжлари молиялаштирилмоқда, – дейди банкнинг кредит операциялари департаменти директори Феруза Ҳамидова. – Иқтисодиётнинг реал сектори корхоналари ҳам қўллаб-қувватланмоқда. Йўналтирилаётган инвестиция кредитларининг 24 миллиард сўми халқаро молия ташкилотлари, 280 миллиард сўми Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, 198 миллиард сўми банкнинг ўз маблағлари ва бошқа манбалар ҳисобига молиялаштирилди. Масалан, Шўртан конида қўшимча компрессор станцияси қурилишига, Қўнғирот сода заводида ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтиришга, “Навоийазот” жамиятини модернизация қилишга сармоялар йўналтирилди.
Тижорат банкларининг корхоналарни модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлашдаги инвестиция жараёнларидаги кенг иштироки рақобатбардош, экспортга йўналтирилган маҳсулот ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва аҳоли бандлиги ошишини таъминлашга кўмаклашмоқда. ЎзА мухбири