Тошкент давлат аграр университети ҳамда Тошкент ирригация ва мелиорация институти ҳамкорлигида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, сақлаш ва қайта ишлашда илғор агротехнологиялардан самарали фойдаланиш, ирригация ва мелиорация тизимларини ривожлантириш масалаларига бағишланган илмий–амалий анжуман ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Б.Усмонов, Тошкент ирригация ва мелиорация институти ректори М.Ҳамидов ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар иқтисодиётимизни барқарор ривожлантириш ва халқимиз фаровонлигини оширишга хизмат қилаётганини таъкидлади. Соҳада яратилаётган кенг имкониятлар туфайли ер эгалари сафида замонавий билимга эга ёш мутахассислар тобора кўпаймоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2006 йил 11 январдаги «Мева-сабзавотчилик ва узумчилик соҳасини ислоҳ қилиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги ҳамда 2013 йил 19 апрелдаги «2013-2017 йиллар даврида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини янада яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорлари қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда муҳим омил бўлмоқда.
Қишлоқ хўжалигида маҳсулот етиштириш самарадорлиги, мамлакатимизнинг иқтисодий ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли фаровонлигини ошириш бебаҳо бойлигимиз бўлган ерларнинг унумдорлиги, унинг мелиоратив ҳолатини мунтазам яхшилаб бориш билан узвий боғлиқ.
Кейинги йилларда суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш мақсадида кўрилган чора-тадбирлар натижасида 1 миллион 700 минг гектар ернинг унумдорлиги ошди. Сизот сувлари энг оғир даражада, яъни 2 метргача юзада жойлашган ерлар қарийб 500 минг гектарга ёки учдан бирга камайди, кучли ва ўртача шўрланган ерлар 100 минг гектарга ёки 12 фоизга қисқарди. Мелиорация тадбирлари амалга оширилган экин майдонларида пахта ҳосилдорлиги гектарига ўртача 2-3 центнер, бошоқли дон экинлари 3-4 центнерга ошди.
Аҳолининг мева-сабзавотга бўлган талаби ҳисобга олиниб, кўплаб туманлар ушбу йўналишга ихтисослаштирилмоқда. Натижада 2012-2014 йилларда пахта етиштириш ҳажми сақланган ҳолда, сабзавот етиштириш 16,3 фоиз, полиз экинлари 16,6 ва мева етиштириш қарийб 21 фоизга ўсди.
Маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмининг ошиши уни сақлаш ва қайта ишлашга бўлган талабни янада кучайтиради. Зеро, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, сақлаш ва уларни қайта ишлаш борасидаги ишларни янада самарали ташкил этишни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда.
Анжуманда мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштириш, йиғиш, ташиш ва сақлаш агротехнологиясининг илмий-амалий ечимини ишлаб чиқиш ва уларнинг самаралиларини амалиётга жорий этиш борасида фикрлашилди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш, узум етиштириш ва уни қайта ишлаш истиқболлари, аграр йўналишда фаолият кўрсатаётган профессор-ўқитувчилар малакасини оширишга бағишланган маърузалар тингланди.
Тадбир доирасида олимларимиз яратган навлар, қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кўргазмаси ўтказилди.
ЎзА