Президент Шавкат Мирзиёев топшириғига асосан коронавирус кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси томонидан чет элдаги фуқарларни чартер рейслар орқали мамлакатга олиб келиш юзасидан қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, 24-27 март кунлари ҳар куни Россия Федерациясининг Москва шаҳридан биттадан жами 4та рейс (РФ маҳаллий вақти бўйича соат 17:00да);
Туркиянинг Истанбул шаҳридан 24 ва 27 март кунлари 2та рейс (Туркиянинг маҳаллий вақти бўйича соат 23:00да) амалга оширилади.
Шунингдек, Корея Республикасининг Сеул шаҳридан 29 март куни чартер рейс (вақти аниқланмоқда) амалга оширилади.
Худди шу каби келгуси ҳафтада ҳам Россия Федерациясининг Москва, Санкт-Петербург, Туркиянинг Истанбул, БААнинг Дубай шаҳарларидан фуқароларни чартер рейслари орқали олиб келиш ишлари давом этади.
«Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, самолёт экипажи аъзолари ҳам хавфсизлик нуқтайи назаридан, коронавирус инкубацияси давридан келиб чиқиб, карантин остида сақланишини ҳамда махсус комиссия томонидан мазкур масалани имкон қадар қисқа муддат ичида бартараф этиш чоралари кўрилаётганлигини инобатга олган ҳолда, чет элда бўлиб турган фуқароларимиз томонидан сабрли бўлишлари сўралади.
Чартер рейслар орқали мамлакатимизга олиб келинадиган барча фуқаролар махсус комиссия талабларига мувофиқ, махсус текширувлардан ўтказилади ва қатъий равишда республиканинг ҳудудларида карантин тадбирлари учун ташкил этилган санаторий ва бошқа муассасаларда 14 кунлик карантинда назоратда сақланади», дейилади республика махсус комиссияси томонидан Kun.uz’га тақдим этилган маълумотда.
Манба: Kun.uz