Сенат ахборот хизматига кўра, тадбир давомида Туркий тилли мамлакатлар Парламент ассамблеяси (ТуркПА) доирасида иштирокчи мамлакатлар ўртасида амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш, ТуркПА фаолиятини кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Барча давлатлар делегациялари раҳбарлари Ўзбекистон делегациясининг ялпи мажлисдаги иштирокини қутлади ва бу туркий мамлакатлар учун навбатдаги тарихий воқеа сифатида баҳоланди.
Мажлис давомида Ўзбекистоннинг ТуркПАга келгусида қўшилиши мазкур ташкилотни янада мустаҳкамлаши, унга янада кўп куч-қудрат бериши, шунингдек ушбу ташкилотга аъзо давлатлар халқларини янада яқинлаштириш учун ташкилот имкониятларини кенгайтириши таъкидланди.
Ялпи мажлис якунлари бўйича қатор қарорлар қабул қилинди, жумладан, ТуркПА хотин-қизлардан иборат парламент аъзолари гуруҳини ташкил этиш ва унинг фаолияти, ташкилот Котибияти тўғрисидаги низомлар, туризм ва туркий халқлар дунёсининг номоддий маданий меросини муҳофаза қилиш тўғрисидаги модел қонунлар тасдиқланди.
Туркий тилли мамлакатлар Парламент ассамблеясининг навбатдаги мажлиси 2020 йилда Қозоғистонда бўлиб ўтади.
Манба: Kun.uz