Heritage Foundation томонидан эълон қилинган «Иқтисодий эркинлик индекси — 2022» рейтингида Ўзбекистон 55,7 балл тўплаган ҳолда 177 давлат орасида 117-ўринни эгаллади. Индекс методологиясига кўра, Ўзбекистон иқтисодиёти асосан «эркин бўлмаган мамлакатлар» гуруҳида қолди. Бундан ташқари, 119 давлатда (67,2 фоизида) пасайиш кузатилди.
АҚШнинг Heritage Foundation томонидан «Иқтисодий эркинлик индекси — 2022» навбатдаги ҳисоботи эълон қилинди. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги рейтингнинг қисқача шарҳини тақдим этди.
Рейтингнинг кучли учлигидан Сингапур (84,4 балл), Швейцария (84,2 балл) ва Ирландия (82,0 балл) ўрин олди. Куба (29,5 балл), Венесуела (24,8 балл) ва Шимолий Корея (3,0 балл) рейтингнинг сўнгги ўринларини банд қилди.
Ўзбекистоннинг рейтингдаги позицияси
Ўзбекистон ҳисоботда 55,7 балл тўплаган ҳолда 177 давлат орасида 117-ўринни эгаллади. Рейтингда мамлакатнинг якуний баҳоси 2,6 баллга пасайган. Индекс методологиясига мувофиқ, Ўзбекистон иқтисодиёти асосан «эркин бўлмаган мамлакатлар» гуруҳида қолди.
Барқарор ижобий тенденцияга қарамай (5 йилда +35 позицияга юқорилаган), Ўзбекистон 2022 йилги рейтингда 9 поғонага пастлади.
Мамлакат савдо эркинлиги (+20,2), инвестиция (+30,0) ва молиявий эркинлик (+20,0) ва монетар эркинлик бўйича баҳоларида (+1,3) сезиларли ўсиш қайд этилган. Қолган йўналишларда эса пасайиш кузатилган, хусусан, энг ёмон кўрсаткич «суд самарадорлиги» (-37,7) йўналиши бўлди. «мулкчилик ҳуқуқи» кўрсаткичи ҳам кескин пасайди — бу йўналишда Ўзбекистон 26,2 балл йўқотди.
Рейтингда 177 та давлатдан 119 тасида (67,2 фоизида) пасайиш кузатилди. МДҲ мамлакатлари орасида фақатгина Молдова ва Туркманистон ўз позициясини яхшилаган.
Рейтингда позиция йўқотилиши сабаби
Рейтингда пасайишига ҳисобот методологиясидаги ўзгаришлар сабаб бўлди. Хусусан, кўрсаткичлар ва уларни ҳисоблаш, шунингдек, фойдаланилган халқаро маълумотлар манбалари энди бошқача кўринишга эга бўлган.
Жаҳон банки Doing Business ҳисоботини чиқаришни тўхтатганлиги сабабли, 2022 йил индекси мулкчилик ҳуқуқи, суд самарадорлиги, ҳукумат яхлитлиги, бизнес эркинлиги ва меҳнат бозори эркинлигини ўлчайдиган субфакторлар учун бошқа очиқ маълумот манбаларини қабул қилган. Хусусан, индекс энди ўз баҳолашларига Freedom House ва бошқа манбалардан олинган маълумотларни киритади.
Шунингдек, COVID-19 пандемиясига жавобан давлат сиёсатининг ўзгарувчанлиги дунёнинг кўплаб мамлакатларида иқтисодий шароитларда, жумладан, иқтисодий эркинлик даражасида сезиларли тебранишларга олиб келган. Ушбу ўзгаришлар доимий ёки вақтинча эканлиги ҳозирча номаълум эканлиги айтилди.
Эсалтиб ўтамиз, Freedom House`нинг интернет эркинлиги даражасини аниқловчи Freedom on the Net 2021 ҳисоботида Ўзбекистон 100 баллдан 28 балл тўплаган эди. Мамлакат эркин интернетга эга бўлмаган давлатлар рўйхатига киритилганди.