Ўзбекистон Республикаси президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан 2017 йил 20 ноябрда давлат мудофаа буюртмаларини шакллантириш ҳамда мудофаа аҳамиятига эга бўлган ишлаб чиқариш соҳасида ягона давлат сиёсатини олиб боришга масъул бўлган давлат органи – Ўзбекистон Республикаси Мудофаа саноати бўйича давлат қўмитаси тузилди.
Қўмитанинг асосий вазифалари сифатида давлат мудофаа буюртмаларини шакллантириш ва бажаришни таъминлаш, давлат ва хўжалик бошқарув органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, ташкилотларнинг мудофаа саноати соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш, қурол-аслаҳа, ҳарбий ва махсус техникалар ҳамда бошқа мулкни ишлаб чиқариш, таъмирлаш, модернизация қилиш, халқаро ҳарбий ҳамкорликни йўлга қўйиш ва бошқа долзарб вазифалар белгиланди.
Қўмита хабарига кўра, ўтган икки йил мобайнида дунёнинг 20дан ортиқ ривожланган давлатлари билан ҳарбий-техник ҳамкорлик ўрнатилди, 6 давлат билан ҳукуматлараро комиссия фаолияти йўлга қўйилди, 10 дан ортиқ давлатлар билан ҳарбий-техник ҳамкорлик йўналишида халқаро битим ва келишувлар имзоланди. Тизимли равишда замонавий қурол-аслаҳа ва жанговар техникаларни харид қилиш ишлари амалга оширилмоқда.
Қуролли Кучларнинг ҳарбий ва икки мақсадда фойдаланиладиган маҳсулотларга бўлган талабларини ўз вақтида ва сифатли бажариш мақсадида 2018-2019 йилларда КамАЗ автомобили шассисида юк ва махсус автомобил техникаларини, ҳарбий мақсадда фойдаланиладиган радиоалоқа воситалари, нафас олиш органлари ҳимоя воситаларини, озиқ-овқат паёклари ва бошқа турдаги ҳарбий ва икки мақсадда фойдаланадиган маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича бир қанча тармоқлараро лойиҳалар амалга оширилди.
БМ-21 “Град” русумли ялпи ўт очиш реактив тизими янги замонавий шассига ўрнатилди ва бу тизим амалий синовлардан муваффақиятли ўтди.
БТР-70 русумли транспортёрга янги замонавий дизел двигатели, узатиш қутиси ўрнатилиб, мобил имкониятлари оширилди. Шунингдек, шахсий таркиб ҳимоясини ошириш мақсадида қўшимча зирҳ ва кумулятив панжара билан жиҳозланди.
Т-64 русумли танкнинг куч бўлими тўлиқ реконструкция қилиниб, замонавий, катта қувватга эга двигатель ва трансмиссия агрегатлари қўйилди, рақамли алоқа воситалари билан жиҳозланди.
“Газ-66” русумли автомобилларига ISUZU двигателлари ва узатиш қутиларини ўрнатган ҳолда модернизация қилиш йўлга қўйилди. Бу уларнинг ҳаракатчанлик ва мобил имкониятларини оширди.
Шунингдек, “КамАЗ” автомобиллари шассида барча шароит ва ҳудудларда қўшинлар бошқарувини таъминлай оладиган мобил қўмондонлик бошқарув пункти, шунингдек замонавий асбоб ва ускуналар билан жиҳозланган, ҳар қандай мураккаб тиббий амалиётларни амалга оширишга қодир тиббиёт пункти яратилди.
“Чирчиқ авиация таъмирлаш заводи” ДК реконструкция қилиниб, тўлиқ капитал таъмирдан чиқарилди ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозланди, бунинг натижасида корхона томонидан кўрсатилаётган хизмат турларини кенгайтириш имкони яратилди. Жумладан, “Ми” русумидаги вертолётларнинг таъмирланаётган жиҳозлари номенклатураси ортди, Су-25 русумли самолётларни таъмирлаш ўзлаштирилмоқда.
“Восток” ИИБ ДУКда бугунги кунда ўқотар қуроллар учун ўқ-дорилар ишлаб чиқарилмоқда. Амалга оширилган тадбирлар натижасида 2020 йилнинг биринчи ярмида янги турдаги патронлар ишлаб чиқарувчи линиянинг ишга туширилиши режалаштирилмоқда.
Ҳарбий кийим-анжомларни ишлаб чиқариш бўйича ўзбек-турк қўшма корхонаси тузилиб, 2019 йилда дастлабки цех фаолияти йўлга қўйилди, 2020 йил II кварталда корхона тўлиқ қувватда ишга туширилиши режалаштирилган.
2020 йилда Мудофаа саноати бўйича давлат қўмитаси томонидан қўмита тасарруфидаги (“Восток” ИИБ ДУК, “Чирчиқ авиация таъмирлаш заводи” ДК, “Инновацион технологиялар маркази”, MS TexMash ва MS RemTex МЧЖлар) ҳамда маҳаллий корхоналар (KRANTAS, ISUZU ва бошқалар)да ишлаб чиқарилаётган ҳарбий ва икки мақсадда қўлланадиган маҳсулотлар ва хизматлар кўрсатиш кўрсаткичларини 2 баробарга ошириш режалаштирилган.
Юқорида белгиланган натижаларга эришиш, мамлакат мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш мақсадида 2020-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси мудофаа саноатини янада ривожлантиришга қаратилган амалий ҳаракатлар режаси (“Йўл харитаси”) ишлаб чиқилмоқда.
Ушбу режада Ўзбекистон Республикаси президенти – Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасидан келиб чиққан ҳолда 2020 ва кейинги йилларда асосий эътибор Қуролли Кучларни замонавий қурол-аслаҳа, ҳарбий ва махсус техника, ҳамда бошқа маҳсулотларга бўлган эҳтиёжларини тўлиқ таъминлашга, маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналари фаолиятини такомиллаштиришга, ишлаб чиқарилаётган ҳарбий ва икки мақсадли маҳсулот турлари ва номенклатурасини кўпайтиришга, корхоналарга турли имтиёзлар яратган ҳолда маҳсулотлар таннархини тушириш ва уларнинг экспортбоплигини оширишга қаратилади.
Манба: Kun.uz