БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан амалга оширилаётган “Балиқчилик тармоғини миллий шарҳи ва аквакультура тармоғининг стратегияси ҳамда балиқ маҳсулотларида қўшимча қиймат занжири” лойиҳа доирасида Балиқчилик илмий-тадқиқот институтининг балиқ касалликларини таҳлил қилишга мўлжалланган “Ихтиопатология” лабораторияси ташкил этилиб, жиҳозлаш ишлари амалга оширилди.
Жиҳозланган лабораторияда институт олимлари томонидан сувнинг гидрокимёвий таркибини аниқлаш бўйича замонавий мосламалар (термоксиметр), балиқлар қон таркибидаги гемоглобин миқдорини аниқловчи ускуналар, рақамли микроскоплар, гистологик кесмаларни тайёрлашда фойдаланиладиган анжомлар ва бошқа замонавий асбоб ускуналар ҳалқаро грант маблағлари ҳисобига жиҳозлаб берилди.
Бу асбоб ускуналар институт олимлари томонидан ўтказиладиган балиқ касалликларига доир тадқиқотлар, жумладан: тери, сузгичлар, оғиз бўшлиғи, ойқулоқлар, кўзлар, қорин бўшлиғи тўлақонли илмий диагностика ишларини ташкил этиш имкониятини яратди.
Шунингдек, балиқларни озиқлантиришда пробиотикларни ўрни, селекция ва наслчилик бўйича амалий изланишларни бажариш, хорижий грантларни жалб этиш орқали илмий изланишларни кенгайтириш ҳамда дунёнинг етакчи илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорликни жадаллаштириш мақсадида Балиқчилик илмий-тадқиқот институти ҳамда Беларусь Республикасининг Балиқчилик хўжалиги институти билан ўзаро ҳамкорлик шартномаси имзоланди. Мазкур шартномага асосан Институтлар ҳамкорликда халқаро илмий лойиҳалар танловларида иштрок этиб боради ва соҳада малакали ихтиопатолог олимларни тайёрлаш ишлари ташкил этилади.
Лабораториянинг очилиш маросимида Беларусь Республикасининг Балиқчилик хўжалиги институти Ихтиопатолог ва балиқлар озуқаси бўйича юқори малакали олимлари иштирок этдилар.
ФАОнинг «Аквакультура сектори ва балиқ қиймат занжири бўйича Миллий тадқиқот ва стратегияси» техник ҳамкорлик дастурининг мақсади мавжуд муаммоларни аниқлаш, шунингдек, балиқ маҳсулотларини ишлаб чиқариш кўламини ошириш, қайта ишлаш ва сотиш имкониятларини аниқлаш мақсадида ишлаб чиқарувчидан истеъмолчига қадар балиқ маҳсулотлари қиймат занжири бўйлаб аквакультура соҳасини таҳлил қилишдир. Лойиҳа доирасида хорижий илғор тажрибалар асосида ва ФАО экспертлари иштирокида Аквакультурани ривожлантириш миллий стратегияси ишлаб чиқилади. Лойиҳани амалга ошириш аквакультура соҳасида юқори самарадорликка эришишни таъминлаши, бу эса ўз навбатида шу соҳа билан шуғулланувчи фермерларнинг турмуш даражасини яхшилашга, шунингдек, Ўзбекистон аҳолисини соғлом ва фойдали озиқ-овқат билан таъминлашга хизмат қилиши кутилмоқда.