Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги кўмагида шўрланган тупроқлар бўйича Глобал симпозиум ўтказилди

     Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги кўмагида «Шўрланишни тўхтатиш – тупроқ унумдорлигини ошириш» мавзусида шўрланган тупроқлар бўйича Глобал симпозиум ўтказилди. Илмий-сиёсий тадбир Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ва унинг Глобал тупроқ ҳамкорлиги, Тупроқлар бўйича давлатлараро техник кенгаш томонидан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва бир қатор миллий ва хорижий ҳамкорлар билан биргаликда ташкил этилди.
 
 
   Шўрланган тупроқлар бўйича Глобал симпозиумнинг асосий мақсади – фан, амалиёт ва сиёсатни бирлаштириш, шўрланган тупроқларни бошқариш билан боғлиқ ҳолат ва муаммоларни таҳлил қилиш ва тупроқ ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича Ихтиёрий бошқарув тамойилларини амалга ошириш учун ҳаракатларни рағбатлантиришдир. Симпозиум шўрланган тупроқларни барқарор бошқариш учун мавжуд билим ва амалий ечимлар ҳақида фикр алмашиш, шунингдек, муваффақиятли амалиёт ва технологияларни кенгайтириш учун зарур бўлган ҳаракатларни муҳокама қилиш учун платформа яратади.
     Глобал симпозиум доирасида ФАО шўрланишнинг олдини олиш ва ҳосилдорликни оширишнинг асосий воситаси бўлган Шўрланган тупроқларнинг Глобал харитасини ишга туширди. Ушбу ҳужжатга мувофиқ, жаҳонда 833 миллион гектардан ортиқ шўрланган ерлар мавжуд (бутун ер юзининг 8,7 фоизи). Уларнинг аксарияти Африка, Осиё ва Лотин Америкасида жойлашган. Харита 118 мамлакат ҳамда маълумотларни қайта ишлаш ва таҳлил қилиш бўйича юзлаб мутахассислар иштирокидаги қўшма лойиҳадир. У мутахассисларга тупроқ шўрланишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар қаерда ва қачон ўтказилиши лозимлигини аниқлаш имконини беради, шунингдек, суғориш ва иқлим ўзгаришига мослашиш билан боғлиқ лойиҳаларни ишлаб чиқишда фойдали бўлади.
 
 
     Виртуал форматда ўтказилган Глобал симпозиум доирасида 2021 йил 20 октябрь куни Тошкентда «Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда шўрланган тупроқларнинг интеграллашган бошқаруви ва мелиорацияси: янги ёндашувлар ва инновацион ечимлар» мавзусида миллий симпозиум ҳам бўлиб ўтди. Тадбирда ФАО экспертлари, вазирлик ва идоралар вакиллари, Олий Мажлис Сенати аъзолари, олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси илмий-тадқиқот институтлари ходимлари иштирок этди.
     Миллий симпозиумда республикамиздаги суғориладиган ерларнинг иккиламчи шўрланишини олдини олиш, шўрланган тупроқларни муҳофаза қилишда рақамли технологияларни жорий қилиш, иқлим ўзгариши шароитида Орол денгизининг ижтимоий-экологик муаммоларини ҳал этиш ҳамда бошқа масалалар юзасидан маърузалар тингланди. Тадбир давомида ҳозирги замоннинг энг йирик экологик офатларидан бирига эътиборни қаратишга мўлжалланган «Орол денгизининг қуриган тубини тиклаш» видеофильми тақдим этилди.
     Шунингдек, Миллий симпозиум доирасида иқтидорли ёшларнинг энг яхши илмий ишларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
 

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.