Сурхондарё вилояти халқ таълими бошқармаси томонидан туман ва шаҳарларда ўтказилаётган меҳнат ярмаркаларида 2 минг 500 дан ортиқ бўш иш ўринлари таклиф этилди. Унда педагоглар ва жорий йилда олий таълим муассасаларини битирган ёш мутахассислар иштирок этмоқда. Жумладан, Термиз шаҳрида ташкил этилган шундай ярмаркада 140 киши ўз мутахассислиги бўйича ишга қабул қилинди. Халқ таълими бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, вилоятда 658 умумтаълим мактаби фаолият юритмоқда. Янги ўқув йили арафасидаги таҳлиллар жараёнида умумтаълим мактабларида инглиз тили, бошланғич таълим, рус тили ва адабиёти, кимё, информатика, она тили ва адабиёт фанлари бўйича педагог-мутахассисларга эҳтиёж борлиги маълум бўлди. Жойларда ўтказилаётган бу каби бўш иш ўринлари ярмаркалари мазкур муаммоларни бартараф этишда муҳим омил бўлмоқда.
Манба: «ЎзА»