(O´zbek) Investitsiyalarni jalb qilishda moliya-kredit tizimi

Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

     Молия-кредит тизими ҳудудларга инвестициялар жалб қилишда муҳим аҳамиятга эга бўлган иқтисодиёт­нинг таркибий қисмларидан бири ҳисобланади. Жаҳон тажрибасига кўра, самарали молия-кредит тизимини яратиш барқарор иқтисодий ўсиш суръатларига эришишда муҳим омилдир. Ушбу фикримизни асослаш­дан олдин молия-кредит тизими тўғ­рисида қисқача тўхталиб ўтамиз.
     Academic интернет сайтида молия-кредит тизимига қуйидагича таъ­риф берилади, яъни: «молия-кредит тизими, бу – макроиқтисодий тизим­нинг муҳим элементи бўлиб, у давлатнинг молиявий ва кредит сиёсати амалга оширилишини таъминлайди ҳамда молия бозорини тўлиқ қамраб олади. Шу билан бирга, бирламчи ва иккиламчи бозорларни ўзаро боғ­лайди». Россиялик Н.И. Куликов, Л.С. Ти­шина ҳамда Е.Ю. Бабенколар таъри­фига кўра: «молия-кредит тизими – молия-кредит муносабатларининг тур­ли-туман бўғин­лари йиғиндиси сифатида пул маб­лағ­лари фондларини шакллантириш ва ишлатишда ўзига хос хусусиятлар ҳамда ижтимоий такрор ишлаб чиқа­ришдаги турлича вазифаларни бажа­ради. Молия-кредит тизими ўз ичига марказлашган ва номарказлаш­ган молиявий маблағларни, шунингдек, уй хўжалик­лари молиясини қамраб олади».
     Ушбу тизимларнинг ҳар бири со­ҳаларга, бўғин ва бўлинмаларга бўлинади. Молия-кредит тизимининг ҳар бир элементи ўз ташкилоти, фао­лият кўрсатиш механизми ҳамда ўз тартибига эга бўлишига қарамасдан, барчаси ўзаро бир-бири билан узвий боғланган шаклда миллий иқтисоди­ётнинг ривожланишига ижобий таъсир кўрсатади.
     Марказлаштирилган молия тизими давлат молиявий механизмларидан иборат бўлиб, улардан бутун мил­лий иқтисодиётни тартибга солиш мақсадида фойдаланилади. Яъни, хў­жалик субъектлари ва фуқаролар­нинг пул маблағлари давлат бюджети ва бюджетдан ташқари фонд­ларда ижтимоий эҳтиёжларни қон­ди­риш учун йиғилади. Номарказлашган молия бўлса, хўжалик субъект­ларининг пул маблағи, яъни: (даромад ва жам­ғармаларини) товарлар ва хизматларни ишлаб чиқариш ва со­тиш, шу­нингдек, капитал ва ишчи кучини так­рор ишлаб чиқаришга йўналтиради. Бу эса, номарказлашган молиявий тизимчанинг асосини ташкил этади. Молиявий ресурсларнинг асосий қисми корхоналарга тааллуқ­ли эканлиги сабабли, унинг барқарор­лиги корхоналарнинг молиявий ҳо­латига боғлиқ бўлади.
     Уй хўжаликлари молияси, бу – фу­қаролар пул маблағларидан иборат бўлиб, улар жамиятнинг алоҳида иқ­ти­содий ячейкаси доирасида амал қилади. Уй хўжаликларининг молия­сидан шахсий ва оилавий эҳтиёж­ларни қондириш мақсадида фойдаланилади ва у фуқаролар турмуш тарзининг моддий асосини ташкил этади. Ушбу молия даромадлар ва харажатларга ажратилади, яъни: оила аъзолари меҳнатига тўланадиган ҳақ; тадбиркорлик фаолиятидан келадиган даромадлар, шахсий мулк ҳам­да кредит-молия операцияси; дав­лат нафақалари, ёрдам пули, стипендия ва бошқа ижтимоий транс­фертлардан иборат бўлади. Уй хўжаликлари харажатлари учта гуруҳга бўлинади: истеъмол харажатлари (ис­теъмол товарлари, узоқ муддатли товарларни харид қилиш ҳамда хизматлар тўлови); солиқлар, мажбурий тўловлар ва ихтиёрий бадаллар; пул жамғармалари.
     Кредит тизимчасида Марказий банк асосий ўрин эгаллайди. Айнан Марказий банк пул банкноталарини мутлақ эмиссия қилиш ҳуқуқига эга. Бундан ташқари, Марказий банк давлат олтин ва валюта захиралари ва бошқа кредит муассасалари захира фондини сақлаш; иқтисодиётни пул-кредит орқали тартибга солиш; тижорат банкларини кредитлаш ва давлат муассасалари учун касса хизматларини амалга ошириш; ҳисоб-китоб операцияларини амалга ошириш; кредит муассасалари фаолиятини назорат қилади.
     Тижорат банклари эркин пул маб­лағларини йиғади ҳамда хўжалик субъектлари учун кредитлар беради. Шунингдек, ҳисоб-китобларни амалга ошириб, бутун миллий хўжалик кў­ламида тўлов айланмасини ташкил қилади ва бошқа операциялар (жумладан, комиссион ва воситачилик ҳамда фонд бозоридаги операциялар)ни бажаради. Эмиссия қилмай­диган банклар орасида фаолияти алоҳида операцияларни бажаришга қаратилган ихтисослашган банклар ўзига хос ўрин эгаллайди. Жумладан, инвестицион банклар қимматли қо­ғозларни чиқариш ва фонд бозорида жойлаштириш операцияларини ўтказади. Улар ўз капиталидан турли-туман хўжалик тармоқларини узоқ муддатли кредитлаш мақсадида фойдаланади. Ипотека банклари кўчмас мулкларни гаровга қўйиш асосида кредитлар беради.
     Молия-кредит тизимининг кредит тизимчалари банк соҳасидан ташқа­ри парабанк соҳасидан иборат бўлиб, ушбу соҳага кенг гуруҳдаги жамғариш муассасалари, яъни ўзаро жамғарма кассалари, ишончли жамғарма банки, ссуда – жамғарма ассоциациялари, кредит ширкатлари ва бошқа муас­сасаларнинг барчаси майда жам­ғармалар ҳамда даромадларни жалб қилишга ихтисослаштирилган тарзда кредит тизимининг ёрдамисиз ҳара­кат қилиш лаёқатига эга эмас.
     Умуман, молия-кредит тизимининг молиявий ва кредит тизимчалари бир-бири билан узвий боғлан­ган бўлиб, улар молия муассасалари, кредит ташкилотлари, тадбиркорлик ва бошқа фаолият турлари учун хизмат қилади. Марказий банк ҳамда тижорат муассасалари бюджет маб­лағ­ларини тўловчи ва қабул қилув­чилар учун нақд пулсиз ҳисоб-китоб­ларни амалга оширади. Марказий банк давлат бюджетини шакллантиришда ахборот маркази ролини ўтайди, яъни, давлат бюджети маблағла­рини қабул қилувчиларнинг тадбиркорлик ва бошқа фаолият турларидан олинган маблағлари тўғрисидаги маъ­лумотларни ҳукуматга тақдим этади, ҳукумат бюджет маблағлари ҳажми ва улардан фойдаланиш йўналишла­ри мониторингини амалга оширади.
     Молия-кредит тизими ҳудудлар­нинг инвестициялар оқими ва инвес­тицияларни жалб қилишга таъсир кўр­сатади. Яъни, ҳар қандай инвес­тор, жум­ладан, хорижий инвестор маъ­лум ҳудудга ўз инвестициясини киритиш ва ривожлантиришда молия ва кредит тизимчаси қай даражада ривожланганлигига эътибор қара­тади. Шуни алоҳида таъкидлаш жоиз­ки, молия-кредит тизими самарали ташкил этилганлиги ички ва ташқи инвесторларни жалб этади. Тараққий этган давлатларнинг кредит тизимчасидаги парабанк соҳаси яхши ривож­ланган. Ғарбий Европа ва жануби – шарқий Осиё мамлакатларидаги экс­порт-кредит агентликлари Эксимбанк­ларнинг кичик ва ўрта бизнес субъектлари экспорти учун ажратадиган кредит-суғурта хизматлари учун их­тисослаштирилган бўлиб, уш­бу ҳолат ҳу­дудлардаги суғурта хизматлари ра­қобатбардош эканлигидан далолат беради. Бу эса, ҳудуд­ларга инвесторлар қизиқишларини янада ошириш учун хизмат қилади.
     Биз, қуйидаги фикр-мулоҳазала­римиз орқали инвестицияларни жалб қилишда молия-кредит тизимлари фаолияти қай даражада ташкил этилиши керак, деган саволга жавоб бе­ришга ҳаракат қиламиз, яъни:
     ● ҳудудларда эркин тадбиркорликка асосланган бозор муносабатлари ривожлангани сари, ушбу субъектларга хизмат кўрсатадиган молия-кредит тизимининг институционал асослари ҳам ривожланиб боради. Бу эса, ҳудудларга ички ва ташқи инвестицияларнинг кириб келиши учун қулай шарт-шароитлар тизими яратилишига замин яратади;
     ● айни пайтда дунёдаги кўплаб ривожланган мамлакатлар маълум ҳудудларни эркин иқтисодий ҳудуд­ларга айлантириш орқали тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этишга эътибор бермоқда. Бу борада жаҳон тажрибаси шуни кўр­сатмоқдаки, бундай ҳудудларнинг му­ваффақиятли фаолият юритиши учун биринчи навбатда, улардаги молия-кредит тизимини ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади;
     ● ҳудудларда инновациялар ва юқори технологияларга асосланган замонавий ишлаб чиқаришларни ри­вожлантиришда ҳам молия-кредит тизими ўзидаги молиявий имтиёзлар билан инвестициялар жалб қилини­шини қўллаб-қувватловчи асосий ти­зим ҳисобланади. Масалан, АҚШда жойлашган юқори даражада ривож­ланган Силикон водийсида венчур, яъни, рискли капитал эгаларини қўл­лаб-қувватлаш сиёсати бир-неча йил­лардан буён ушбу ҳудуднинг дунёдаги машҳур инновацияларни яратувчи ҳудуд номини қозонишига сабаб бўлди.
     Дарҳақиқат, инвестицион имкониятлар ва инвестицион салоҳиятни оширишнинг энг муҳим шарти – мазкур ҳудуддаги молия-кредит тизимининг ривожланганлик даражаси билан боғлиқ. Яъни, ҳам молия, ҳам кре­дит тизимчаларининг барча соҳа ва бўғинлари бир хил даражада ривожланганлигида ўз ифодасини топади. Бу инвестицияларни жалб қилиш суръатларини янада оширишга хизмат қилади.
     Россиялик О.В. Беспалова ҳудуд­ларга инвестицияларни жалб қилиш­да молия-кредит тизими самарадорлигига таъсир қилувчи омилларни икки гуруҳга бўлади: яъни, молия-кредит тизими самарадорлигига кенг кўламда таъсир этувчи омиллар (бунда молия-кредит тизимининг қандай­дир битта элементига эътибор қара­тилмайди); молия-кредит тизими са­марадорлигига тор маънода таъсир қи­ладиган омиллар (бунда молия-кредит тизимининг қандайдир битта элементига эътибор қаратилади).
     Биринчи гуруҳ омиллари, яъни молиявий-иқтисодий омиллар гуру­ҳининг таркибини тадқиқ этишда М. Абрамова, М.Ю. Головнин, С.Е. Дубова, С.В. Кузнецова кабиларнинг ил­мий ишларидан фойдаланилди. Ушбу гуруҳ омилларидан бюджет соҳаси ҳолати омили ҳар қандай ҳу­дуд учун муҳим аҳамиятга эга. Бу на­фақат ҳу­дуднинг молиявий имконияти ва ҳу­дуддаги хўжалик субъектларини му­ваффақиятли иқтисодий ривожланиш даражаси, балки бюджетдан ҳу­дуд ривожланишига бериладиган эътибор, шунингдек, маҳаллий бюджет маблағларидан фойдаланишдаги эркинлик даражасини билдиради.
     Иккинчи гуруҳ омиллари, яъни ташкилий-иқтисодий омилларни ўрганишда Ю. Ф. Борисов, Г. Г. Фетисов, О. И. Лаврушин ва И. Д. Мамоновалар илмий ишларидаги молия-кредит ти­зими шаффофлиги омилларига эътибор қаратадиган бўлсак, бу инвесторларни ҳудуд иқтисодиётига жалб қи­лишдаги энг муҳим омиллардан бири ҳисобланади.
     Молиявий-иқтисодий омиллар гуруҳини тадқиқ этиш жараёнида Т.Г. Ильинава, О. П. Овчинниковалар илмий ишларида қайд этилган асосий жиҳатларга эътибор қаратилди. Ҳу­дуд­лардаги банк тизими барқарор­лиги ҳар қандай инвестицияни жалб қилишда муҳим аҳамият касб этади. Инвестициялар оқими барқарорли­гини таъминлашда банклар ўзининг кўплаб функциялари, шу жумладан, инвестициялар кафолатини ўташ функцияси билан энг фаол институционал объектлар ҳисобланади.
     Учинчи гуруҳ – ижтимоий омиллар гуруҳини тадқиқ этишда америкалик Зви Боди, Алекс Кейн ҳамда Алан Маркусларнинг «Инвестициялар» асарида, молия-кредит тизими фаолиятини таъминлашга қаратилган тадбирлар натижасида юзага келиши мумкин бўлган ижтимоий ҳолатлар­нинг ҳисобга олиниш даражаси му­ҳим ижтимоий омил эканлиги қайд этилади. Дарҳақиқат, иқтисодиётни модернизациялаш шароитида ҳудуд­лар молия-кредит тизими замонавий талабларга жавоб бериши, яъни тадбиркорлик муносабатларини ҳар то­монлама қўллаб-қувватлашга қара­тил­ганлиги билан ажралиб туриши зарур.
     Масалан, Ҳиндистондаги «Bank of India», яъни Ҳиндистон Банки тадбиркорлик билан шуғулланишни ис­таган юридик ҳамда жисмоний шахс­ларни қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилади. Банкнинг муҳим тадбиридан бири – тадбиркорлик билан шуғулла­надиган шахсларга ҳеч қандай гаровларсиз энг яхши бизнес-лойиҳалар учун имтиёзли кредитлар беришдан иборат. Бу эса, табиий равишда, тадбиркорлик билан шуғулланишни ис­таган шахслар учун қулай имкониятларни яратиб беради. Банкнинг бундай сиёсати ҳудуддаги ижтимоий-иқ­тисодий ҳолатни яхшилаш учун шарт-шароит яратмоқда.
     Умуман, ҳудудларга инвестицияларни жалб қилишда молия-кредит тизимига таъсир қилувчи кенг маънодаги ҳамда тор маънодаги омиллар гуруҳлари ўртасидаги асосий фарқларни қуйидагилар орқали ифодалаш мумкин, яъни:
     ● молия-кредит тизимига таъсир этувчи кенг маънодаги омиллар – макродаражадаги омиллар бўлиб, улар нафақат давлат молия-кредит тизими билан ҳудудлар молия-кредит тизимлари ўртасидаги ўзаро боғ­лиқликни ифода этади, балки ҳудуд­лардаги молия-кредит тизимига таъсир кўрсатадиган ташқи, яъни халқа­ро бозорлардаги иқтисодий омиллардан ҳам иборат бўлади;
     ● молия-кредит тизимига тор маъ­нода таъсир қиладиган омиллар асосан ҳудудлар даражасида татбиқ этилади. Улар бевосита ҳудудларнинг ўзида инвестицияларни жалб қилиш­да ҳудудий молия-кредит тизимига таъсир қиладиган омилларни қамраб олади.
     Биз, юқорида ҳудудларга инвес­тицияларни жалб қилишда молия-кредит тизимига, яна ҳам аниқроқ қилиб айтганда, молия-кредит тизими самарадорлигига таъсир қилади­ган омиллар таснифини россиялик ҳамда хорижлик мутахассисларнинг фикр-мулоҳазаларини илмий-назарий таҳлил қилиш асосида келтириб ўтдик. Шундай қилиб, ушбу омиллар жумласига қуйидагиларни киритишни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблай­миз: ҳудудларнинг ижтимоий-иқти­со­дий ривожланиш ҳолати; ҳудудлар­га инвестициялар жалб қилишнинг ҳо­лати; ҳудудларга инвестицияларни жалб қилишда молия-кредит тизимининг тутган ўрни.
     Ҳудудларнинг ривожланиш ҳола­ти инвестицияларни жалб қилишда молия-кредит тизимига таъсир этади­ган барча ижтимоий-иқтисодий омил­ларни ифода этади. Шу ўринда айтиш жоизки, инвестицияларни жалб қилиш оқимининг кўпайиши, молия-кре­дит тизимининг ривожланиши би­ринчи навбатда ҳудуддаги иқтисо­дий ри­вожланиш даражасига боғлиқ бў­лади. Ҳудудларга инвестицияларни самарали жалб қилиш туфайли, янгидан-янги ишлаб чиқариш субъ­ект­лари, бино ва иншоотлар ҳамда ри­вожланаётган инфратузилмалар ву­жудга келади.
 
 
Зулкуфиддин ЧОРИЕВ,
ТДИУ тадқиқотчиси

РЕКОМЕНДОВАТЬ ДРУЗЬЯМ

  • Вышел в свет

    2/2019

    № 2/2019

  • сделать заказ

    сделать заказ
  • Купить журнал

    PodpiskaПо вопросам приобретения журнала обращайтесь в отдел распространения и подписки редакции.

    Адрес:  г. Ташкент,
    ул. Ислама Каримова, 55.

    • Телефон:
    • (99897) 773-22-91.

    Также вы можете приобрести журнал в киосках города.

     

  • Подписка на журнал

    Подписка на журнал
  • ЭЛЕКТРОННАЯ ВЕРСИЯ

    ЭЛЕКТРОННАЯ ВЕРСИЯ
  • АРХИВ НОМЕРОВ ЖУРНАЛА

  • Контакты

    chekIn г. Ташкент, ул. Ислама Каримова, 55.

    mailSmall info@evu.uz

    phone+99871 239-11-25, +99897 773-22-91.

  • Подписка на новости

    Чтобы подписаться на наши новости, впишите свой e-mail
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.