(O´zbek) O‘zbekiston — ulkan imkoniyatlar mamlakati!

3/2016

Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

     Халқимиз мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йил­лигини катта шодиёналар, улкан меҳ­нат зафарлари билан ни­шон­ламоқда. Чорак аср – тарихан жуда қисқа вақт бўлса-да, мамлакат ва халқнинг ҳаё­тида асрга татигулик ўзгаришлар содир бўлди. Яъни, энг аввало, кучли сиёсий ирода, мавжуд муаммоларнинг чуқур талқини, ривожланишнинг аниқ стратегияси ҳамда давлат ва жамият манфаатлари уйғунлигига эришилиши натижасида кўзланган аниқ мақсаднинг рўёбга чиқиши таъминланди.
     Ўтган асрнинг 90-йилларини кўз олдимизга келтирайлик: Ўзбекистон ноёб табиий-иқлим шароитларига, улкан минерал хомашё ресурсларига, саводхон ва меҳ­наткаш, тартибли халқига эга бўлишига қарамай, аҳоли жон бошига оладиган даромади бў­йича дунёдаги энг камбағал давлатлардан бири эди. Бунинг асосий сабаби шунда эдики, марказлаштирил­ган режали тизимнинг умумий қусур­ларидан бири бедаво касаллик­ка ча­линган иқтисодиёт бўлиб, у кўп йил­лар давомида қишлоқ хўжалигига, фақат пахта хомашёси етиштиришга урғу берган ҳолда ривожлантирилди. Ҳозир бу гаплар кишига ға­лати туюлар, аммо республикамиз катта миқдорда пахта хомашёси етиштиришига қарамай, ундан тайёрланган маҳсулотлар бошқа республикалардан келтирилар эди. Бу ҳолат саноат, минерал хомашёлари ишлаб чиқа­ришда ҳам кузатилар, умуман, рес­публикада қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи корхоналар сони жуда кам бўлган. Ра­қамлар билан мулоҳаза юритганда, 90-йиллар бошида республика иқти­содиётида қишлоқ хўжалиги энг устувор соҳа ҳисобланиб, ялпи ички маҳ­сулотдаги улуши учдан бирни, пахта тозалаш ва қишлоқ хўжалиги машинасозлигини қамраб олувчи саноат соҳасининг улуши эса, бор-йўғи 14 фоизга яқин эди.
     Ана шундай шароитда Ўзбекистон ўз тараққиёт йўлининг бошидаёқ, ик­ки муҳим ва долзарб иқтисодий транс­формацияни амалга оширишни ол­дига мақсад қилиб қўйди. Биринчиси – хўжалик юритишнинг марказлашган – режали тизимидан бозор иқ­тисодиётига ўтиш, иккинчиси – хом­ашё етиштирувчи аграр тизимдан юқори технологияли индустрияга эга бўлган замонавий иқтисодиётни шакл­лантириш. Бунда ўз-ўзидан аҳолининг асрлар давомида шаклланган ўзига хос менталитетини, миллий анъ­ана ва урф-одатларини ҳамда тур­ли элат, миллат ва эътиқодга мансуб кишилар турмуш тарзини инобатга олиш ни­ҳоятда муҳим эди.
     Тан олиб айтиш керак, Ўзбекистон шунга ўхшаш муаммоларга дуч кел­ган тоталитар тузумдаги ягона рес­публика эмас эди. Бироқ, бизнинг омадимиз шунда эдики, ўша пайтда республика бошқарувига уни ҳар жи­ҳатдан ривожланиши учун ҳисса қў­шишга, замонавий тараққиёт йўлидан дадил қадам ташлашини таъ­минлаш­га қодир бўлган, катта ҳаётий тажриба тўплаган Шахс келди.
     Ҳа, гап мамлакатимиз раҳбари Ислом Каримов ҳақида. Айнан уларнинг саъй-ҳаракатлари билан респуб­ликамиз «шок терапияси», ваучерли хусусийлаштириш ҳамда халқаро мо­лия институтлари ва мутахассисла­рининг бир хил қолипдаги тавсияларини амалда қўлламай четлаб ўтди. Ушбу йўлдан борган республикалар эса улкан бойликларга, етарли даражадаги мутахассисларга, юқори маданиятга, заҳматкаш аҳолиси бўлишига қарамай, иқтисодий юксалиш босқичига чиқа олмади.
     Ўзбекистон Президенти томонидан ишлаб чиқилган, кейинчалик хал­қаро эътироф бўйича «ўзбек модели» деб номланган ижтимоий йўналтирилган эркин бозор иқтисоди­ётига ўтиш модели бешта тамойилга асос­ланади: иқтисодиётнинг сиёсатдан устуворлиги, қонунчилик устуворлиги, давлат бош ислоҳотчи, кучли ижтимоий сиёсат, бозор муносабатларига босқичма-босқич ўтиш.
     Ушбу моделга қатъий риоя қили­ниши туфайли 1996 йилда мамлакатимизда бошқа давлатларга нисбатан иқтисодий таназзулга қисқа муддатда барҳам берилиб, макроиқтисодий мувозанат таъминланди ва иқтисоди­ётнинг тизимли ўзгаришлари билан боғлиқ, бозор тамойиллари асосида ривожланаётган устувор иқтисодий масалаларнинг ҳал этилишига ўтилди. Яъни, бу аҳоли манфаатларини ҳи­собга олган ҳолда ижтимоий консенсус асосида олиб борилди.
     «Ўзбек модели»нинг барқарор­лиги ва муваффақи­ятини объектив фактлар ҳам тасдиқлайди, масалан: мамлакатимиз минтақавий ва жаҳон иқтисодиётининг 1997–1998, 2008–2009 йиллардаги ва ҳозирги кунгача давом этаётган инқироз даврининг барча «стресс-тест­лари»дан муносиб тарзда ўтди. Ушбу даврларда Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш суръатларининг пасайиши кузатилмади. Бундан ташқари, сўнгги 11 йил давомида ўсишнинг йиллик ўртача суръатлари 8 фоиздан кам бўлмади ва мам­лакатимиз иқтисодиёти жаҳон конъюнктураси ва ҳамкор мамлакатлардаги иқтисодий шароитнинг энг но­мувофиқ ўзгаришларига юқори мос­лашувчанлигини намоён этди.
     Даставвал мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий транс­формация стратегияси билан чуқур таниш бўлмаганларга 1996 йилда бош­ланган Миллий дастурлардан би­ри бўл­ган таълим ислоҳоти биринчилар қаторида турганлиги қизиқ ҳо­латдек туюлган бўлса керак. Эндиликда кўпчиликка дунёда энг кучли рақобат юқори малакали меҳнат ресурслари учун олиб борилиши аён бўлди. Би­роқ, эндигина оёққа тураётган мамлакатнинг таълим учун миллиардлаб маблағ ажратиши бошқа­лар учун кутилмаган ноодатий қарор эди.
     Амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида Ўзбекистонда уч йиллик касбий таълимни қамраб олувчи маж­бурий 12 йиллик бепул умумий таълим тизимига ўтилди. Айни пайтда 1,5 мингдан зиёд касб-ҳунар коллежларида таҳсил олаётган ёшлар энг етакчи ва долзарб мутахассисликлар бўйича тайёрланяпти. Коллежлар мод­дий-техник базаси нафа­қат яхши жи­ҳозланган ўқув жиҳоз­лари ва лабораториялар билан, балки энг замонавий ускуналарга эга ишлаб чиқа­риш устахоналари билан ҳам қамраб олинди.
     Бунда жами 8,2 мингдан зиёд замонавий лабораториялар ва компьютер синф хоналари мавжуд бўлган умумтаълим мактаблари қайта қури­либ, капитал реконструкция қилинди. Бугунги кунда ҳам, ислоҳотлар мактабгача таълим ва олий таълим тизимида давом эттирилаяпти. Бундан ташқари, мамлакатимизда бир қатор етакчи хорижий олий ўқув юртлари филиаллари фаолият юритмоқда: Россия (МДУ, Губкин номидаги Россия нефть ва газ институти, Плеханов академияси), Корея (Инҳа университети), Буюк Британия (Вестминстер университети), Италия (Турин политехника институти), Сингапур (Менежмент институти) шулар жумласидандир.
     Ўзбекистонда таълим соҳасига ҳар йили сарфланадиган маблағлар ҳажми ЯИМнинг 10–12 фоизини ташкил этади, бу ЮНЕСКО томонидан мамлакатнинг бар­қарор ривожлани­шини таъминлаш учун таълим соҳа­сига киритилиши тавсия қилина­диган инвестициялар ҳаж­мидан деярли ик­ки марта кўпроқдир.
     Шуни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, Президентимиз бошчилигида Болалар спортини ривож­лантириш жамғармасининг муваффа­қи­ятли фаолият кўрсатаётгани натижасида ҳозирги кунда республикамиздаги ҳар бир мактабда мажбурий тартибда ёзги спорт майдонларидан ташқари, тўлиқ спорт анжомлари би­лан жиҳозланган қишки спорт залла­ри ҳам фаолият кўрсатмоқда. Бар­ча ўқув юртларида спорт заллари ва ин­шоотларнинг бунёд этилаётгани боис умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг 98,9 фоиз ўқувчилари спорт машғулотларига жалб қилинган. Қо­ла­верса, сўнгги етти йил мобайнида мамлакатимизда 282 та мусиқа ва санъат мактаби қурилиб, қайта таъмирланди. Бу таълим масканлари ўсиб келаётган ёш авлодни камол топ­тиришга, уларнинг таълим ва маданий савияларини оширишга хизмат қилади.
     1996 йилдан эътиборан таълим ва спорт соҳасига эквивалентда 7,3 млрд АҚШ доллари миқдоридаги маб­лағ сарф қилинди. Ушбу инвестициялар, албатта эрта-индин катта наф келтиради, яъни ўсиб келаётган ёш авлод иқтисодиётнинг барча соҳасига жалб этилаётган энг замонавий технологияларни ўзлаштиришга қодир мутахассислар бўлиб етишади.
     Мамлакатимизда экспорт маҳсу­лотлари нархларининг номувофиқ халқаро конъюнктурасига қарамай, давлат бюджетининг 60 фоиз маб­лағлари ижтимоий заруратларга йўналтириляпти. Ушбу кўрсаткич 90- йил­лар бошида бюджет харажатларининг учдан бир қисмидан ошмаганлиги ҳали ёдимиздан кўтарилган эмас.
     Қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам муҳим ислоҳотлар амалга оширилди. Аграр сектордаги вазият жиддийлигига ва қишлоқ аҳолиси сонига нисбатан ер ресурслари чекланганлигига қарамай, Ўзбекистон ерни хусу­сийлаш­тириш йўлини танламади. Яъни, хўжалик юритишнинг замонавий фер­мерлик шаклига ўтилди, ер 49 йилга фойдаланувчига ижарага берилиши мақсадга мувофиқ, деб то­пилди. Аграр секторда замонавий технология­лар, жумладан, интенсив боғлар яра­тишга, томчилатиб суғо­ришга, юқори технологияли чорвачилик хўжаликлари ташкил этиш иш­ларига катта эътибор бериляпти. Буни қуйидаги мисолларда кўриш мумкин, масалан, 1990 йилгача Ўзбекистонга беш миллион тоннадан зиёд ғалла четдан олиб келинар, ўзимизда эса бир миллион тоннадан камроқ ғалла етиштириларди. Бугун респуб­ликамизда йилига саккиз миллион тоннадан ортиқ ғалла етиштириляпти. Бу эса, нафақат ғалла муста­қилли­гига эришдик дегани, балки экспорт қилишга ҳам имконият пайдо бўлди деганидир. Мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқа­риш­нинг йиллик ўсиш суръатлари 6–6,5 фоизни ташкил этиб, 15 йил ичи­да қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш қарийб 2,5 мартадан зиёдроққа ўсди.
     Ҳеч кимга сир эмас, Ўзбекистон – улкан имкониятлар мамлакати саналади. Шу билан бирга, юртимизда ҳали етарли даражада ишга солинмаётган кўплаб ички имкониятлар ҳам мавжуд. Улардан бири, бу – диё­римизда етиштириладиган хуштаъм, мазали, сифатли мева, полиз маҳсу­лот­ларимиздир. Бундай сархил меваларнинг сўз билан тушунтириб бўл­майдиган таъми ва чиройини дунёнинг бошқа бирор жойида учратиш амри маҳол.
     Мисол тариқасида шуни айтиш жоизки, Ўзбекистон Россияга йилига бир неча миллион тонна миқдорида мева ва сабзавотларни янги узилган ҳолда, қуритилган ва қайта ишланган тарзда экспорт қилиш салоҳиятига эга. Маҳсулотларимиз намлиги паст бўлган кескин континентал иқлим­нинг ноёб шароитлари туфайли бош­қа давлатларнинг маҳсулотларига нис­батан сифати ва таъмининг юқо­ри­лиги билан ажралиб туради. Фермерларимизга мева ва сабзавотларни экс­порт қилишда кўмаклашувчи, их­ти­сослаштирилган тарзда ташкил этил­ган «Ўзагроэкспорт» ташқи савдо ком­панияси самарали фаолият юрит­моқда.
     Пойтахтимизда илк маротаба 12–16 июлда бўлиб ўтган I Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси айнан уш­бу масалаларни ҳал этишга қаратилган­лиги билан аҳамият­лидир. Ярмаркада Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган бар­ча турдаги ҳўл ва қуритилган ме­ва-саб­завот, полиз ва дуккакли маҳ­сулотлар тақдим этилди. Унда 170 дан ортиқ маҳаллий мева-сабзавот маҳсулотла­ри ишлаб чиқарув­чилар, қай­та ишлаш корхоналари ва экспортёрлар иштирок этиб, ишлаб чиқарган тайёр маҳ­сулотларини намойиш этдилар.
     Шунингдек, 27 мамлакатдан хорижий қайта ишлаш ва савдо компаниялари, халқаро савдо ташкилотлари, логистика компанияларининг 200 дан ортиқ вакиллари ташриф бу­юриб, ушбу халқаро тадбирнинг юқо­ри савияда ташкил этилганлигини ало­ҳида эътироф этиб, маҳсулотла­римизнинг таъми, ширинлилик дара­жаси ва сифатига юксак баҳо бер­дилар. Маҳсулотлар намойиши даво­мида хорижий компаниялар билан уч миллион тоннага яқин мева-сабзавот маҳсулотлари етказиб бериш бў­йича 361 та экспорт шартномалари тузилди. Шарт­номаларнинг 46 фоизи Россия Федерацияси, 27 фоизи – Қозоғистон, 7,5 – Озарбайжон, 6,8 – Қирғизистон, 3,6 фоизи Корея давлатлари ҳисобига тўғри келди.
     Қолаверса, мамлакатимиз экс­порт географияси йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Масалан, Ўзбекистонда етиштирилган қишлоқ хўжалик маҳ­су­лотларини экспорт қилувчи давлат­лар сафига Шотландия (39,1 минг тон­на) ва Янги Зеландия (12,5 минг тонна) мамлакатлари ҳам қў­шилди.
 
Мақоланинг давоми

РЕКОМЕНДОВАТЬ ДРУЗЬЯМ

  • сделать заказ

    сделать заказ
  • АФИША

  • Реклама

  • АРХИВ НОМЕРОВ ЖУРНАЛА

  • Контакты

    Узбекистан, 100000, г. Ташкент, ул. Матбуотчилар, 32

  • Подписка на новости

    Чтобы подписаться на наши новости, впишите свой e-mail
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.