(O´zbek) Boy tariximiz va ma‘naviyatimiz ko‘zgusi

Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

    Ўзбекистон тарихи давлат музейи очилганига 20 йил тўлди
 
   Истиқлол йилларида мамлакатимизда музейлар фаолиятини тубдан такомиллаштириш, уларнинг моддий-техник базасини яхшилаш, нодир осори-атиқаларни асраб-авайлаш масаласига қаратилаётган алоҳида эътибор Ўзбекистон тарихи давлат музейи фаолиятида ҳам яққол ифодасини топмоқда.
 
    Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 21 апрелдаги «Ўзбекистон тарихи музейини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Фанлар академияси ҳузурида Ўзбекистон тарихи музейи ташкил этилди. Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 5 августдаги «Ўзбекистон тарихи давлат музейини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорига биноан мазкур музейга давлат музейи мақоми берилди. 1995 йил 21 мартда Ўзбекистон тарихи давлат музейининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
 
    Бугун ушбу маскан ўқувчилар, талабалар, турли ёшдаги юртдошларимиз, сайёҳлар билан доимо гавжум. Бу ерда Ватанимизнинг шонли ўтмиши, миллий давлатчилик тарихимизнинг тараққиёт босқичлари, илм-фан, маданият ва санъат, ҳунармандликнинг ривожланиши, ўзига хос мактаблари ҳақида тўла, холис ва ҳаққоний маълумот олиш имконияти мавжуд.
 
    – Халқимиз маънавиятини юксалтириш, ёшларни буюк аждодларимизга муносиб, баркамол авлод этиб тарбиялаш масаласи давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади, – дейди музей директори, тарих фанлари доктори Жаннат Исмоилова. – Бу йўналишдаги эзгу саъй-ҳаракатларда тарихимизни мукаммал ўрганиш, жаҳон илм-фани ривожига улкан ҳисса қўшган улуғ мутафаккирларимизнинг ҳаёти ва фаолиятини чуқур тадқиқ этиш, бебаҳо илмий-маънавий хазинасидан навқирон авлод тарбиясида кенг фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади.
 
    Музейда халқимизнинг бой тарихи, бетакрор маданияти ва маънавияти, жаҳон тамаддунига қўшган улкан ҳиссаси ҳақида ҳикоя қилувчи 300 мингга яқин археологик, этнографик, нумизматик экспонатлар, нодир буюмлар, бадиий асарлар, фотосуратлар, ҳужжатлар ва бошқа тарихий ашёлар сақланмоқда. Кўплаб ноёб осори-атиқалар халқимизнинг энг қадимги даврдан то ҳозирги кунгача бўлган тарихи ҳақида сўзлайди. Жумладан, биринчи қаватдаги экспозиция тош асридан (милоддан аввалги 1,5 миллион йил) то XIX асрнинг дастлабки йилларини қамраб олган.
 
    Юртимизнинг турли ҳудудларидаги археологик мажмуалар, шаҳристонлар, қадимий ёдгорликлардан топилган нодир ашёлар, металл ва сопол буюмлар, либос ва зийнатлар, деворий безаклар, уй-рўзғор анжомлари, меҳнат қуроллари, тарихий материаллар муайян даврга оид манзараларни, ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос тарихи, этнографик хусусиятларини кўз ўнгимизда яққол тасвирлайди.
 
    Айниқса, Селунғур (милоддан аввалги 1,5 миллион йил), Тешиктош ва Обираҳмат ғорларидан топилган қадимги одам қолдиқлари, Фарғона водийсидан топилган икки бошли илон шаклидаги тош тумор (милоддан аввалги II минг йиллик), Сурхондарё вилоятидаги Фаёзтепадан топилган будда ибодатхонаси ёдгорликлари, Варахша саройининг деворий суратларидан лавҳалар халқимизнинг қадим илдизларга эга эканини ифодалайди.
 
    Милоддан аввалги V асрдан милодий XIX асргача бўлган даврни қамраб олган нумизматика фонди тўплами ҳам ғоят ранг-баранг. Бу ерда Аҳамонийлар, Юнон-Бақтрия, Кушон, Хоразм, Сўғд ва Чочда зарб қилинган тангалар билан бирга, ўрта асрларга тааллуқли Тоҳирийлар, Қорахонийлар, Темурийлар сулолалари томонидан зарб қилинган пул бирликларини учратиш мумкин. Бу диёримизда савдо-иқтисодий муносабатлар илдизи жуда қадим даврларга бориб тақалишидан дарак беради.
 
    Қадимий қўлёзма китоблар, нодир нашрлар бу табаррук заминда илм-фан, адабиёт, санъат гуллаб-яшнаганидан ҳикоя қилса, нақшинкор ўйма устунлар, меъморлик ашёлари, безакдор бош кийимлари, либослар, турли зийнатлар миллий анъана ва қадриятларимиз, юртимиздаги ҳунармандлик мактабларининг чуқур ва мустаҳкам асосга таянишидан дарак беради.
 
    – Ушбу музейда ўзбек халқининг қадимий ва бой маданиятга, жаҳон тамаддунига улкан ҳисса қўшган бебаҳо илмий-маърифий меросга эга эканига гувоҳ бўлдим, – дейди хитойлик сайёҳ Чан Дан Хуа. – Бу ердаги нодир экспонатлар, Ўзбекистоннинг ўзи танлаган тараққиёт йўлидан дадил одимлаётганини ифодаловчи далилий ашёлар билан танишиб, халқингизнинг ўтмиши бой, келажаги буюк эканига ишонч ҳосил қилдим.
 
    Музейда кўплаб илмий тадқиқотлар, истиқболли лойиҳалар, кўҳна қадамжоларга экспедициялар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Бу музей фондини янада бойитиш, таълим масканлари учун янги қўлланмалар, адабиётлар яратиш, навқирон авлоднинг Ватанимиз тарихига бўлган қизиқишининг ортишига ҳисса қўшмоқда. Шу билан бирга, музей фаолиятини янада такомиллаштириш, экспозицияларни янги топилмалар билан бойитиш, мавжудларини консервациялашга оид амалий ишлар олиб борилмоқда.
 
    Ўзбекистон тарихи давлат музейи коллекциялари асосида “Тарихий ва маданий ёдгорликлар” электрон базасини яратиш бўйича амалга оширилган тадқиқот натижасида мозийгоҳнинг археология, нумизматика, этнография, ноёб буюмлар, бадиий асарлар, қурол-аслаҳа фондларидаги ашёларнинг электрон маълумотлар базаси яратилди. “Ўзбекистонда музейшунослик асослари” дарслик қўлланмасини нашрга тайёрлаш ва чоп этиш лойиҳаси асосида музейлар фаолиятини ўрганиш, ашёларни сақлаш ва консервациялаш, кўргазмалар ташкил қилиш, экскурсиялар олиб бориш, тарғибот-тушунтириш ишлари таҳлил қилиниб, бир қатор китоб ва қўлланмалар чоп этилди.
 
    Ўзбекистон Фанлар академияси таркибидаги ушбу маскан ўз фаолият йўналишига кўра илмий-тадқиқот институти, тарихий-маданий бойликларни сақловчи хазина ҳисобланади. Айни пайтда музей олимлари Токио университети музейи билан ҳамкорликда Ўзбекистон ҳудудида тош даври ёдгорликларини ўрганиш бўйича изланиш олиб бормоқда. Унга кўра, Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ, Чироқчи туманлари ва Навоий вилоятининг Нурота тумани ҳудудларидаги ўрта тош даври ёдгорликлари ўрганилмоқда.
 
    Музейнинг мустақиллик даврига бағишланган қисми ғоят бой, қизиқарли ва ранг-баранг. Халқимиз ҳаётида туб бурилиш ясаган истиқлол, тарихий сана – 1991 йил 31 августда мамлакатимиз мустақиллигининг эълон қилинишига оид қимматли манбалар, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг чиқишлари акс этган фотосуратлар, лавҳалар экспозицияга қадам қўйган ҳар бир кишида катта таассурот уйғотади.
 
    Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикасининг Мустақиллик декларацияси ва Ўзбекистон Республикасининг Давлат мустақиллиги тўғрисидаги Баёнотга асосланиб, 1991 йил 31 августда имзолаган «Ўзбекистон Республикасининг Давлат мустақиллиги асослари тўғрисида»ги қонунга оид ҳужжатни кўздан кечирамиз. Ушбу ҳужжатда бугунги жадал тараққиётимизнинг илдизлари, тинч-осойишта, тўкин ва фаровон ҳаётимизнинг ҳуқуқий асослари ўз ифодасини топган. Мамлакатимизда сиёсий мустақилликнинг қўлга киритилиши, давлат тизими ҳақидаги қимматли маълумотлар, юртимизнинг маъмурий-ҳудудий тузилишига оид улкан харита истиқлолнинг қандай машаққатлар эвазига қўлга киритилгани ҳақида ҳикоя қилади.
 
    Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи, Герби ва Мадҳияси тўғрисидаги қонунларни кўрган юртдошларимиз халқимизнинг асрий орзу-интилишлари, эзгу ва олижаноб мақсад-муддаолари муқаддас рамзларимизда ўзининг ёрқин ифодасини топганига гувоҳ бўлади.
 
    Яна бир ҳужжат – Ўзбекистон Республикаси Конституциясини тайёрлаш комиссиясининг раиси, Президент Ислом Каримовнинг Бош қомусимиз лойиҳаси устидаги ишларининг асл нусхаси ҳам ғоят қимматли.
 
    Ўзбекистон Республикасининг Мудофаа тўғрисидаги қонунига оид ҳужжат Ватанимизнинг ҳудудий яхлитлиги, унинг манфаатларини ҳимоя қилиш ва халқимизнинг тинч ҳаёт кечиришини таъминлашга қаратилган сиёсий, иқтисодий, ҳарбий ва ижтимоий-ҳуқуқий тадбирлар мажмуасидан иборатлиги келтирилган. Шу билан бирга, иқтисодий, ижтимоий, маънавий-маърифий янгиланиш жараёнига оид материаллар бугунги фаровон ҳаётимизнинг тарихий, ҳуқуқий асосларидан сўзлайди.
 
  Ватанимиз мустақиллигининг 24 йиллиги арафасида мазкур маърифат масканида Ўзбекистоннинг мустақил тараққиёт йўли, бу йўлда қўлга киритилган улкан ютуқлар ҳақида маълумот берувчи янги экспозиция устида иш олиб борилмоқда. «Мустақил Ўзбекистон: озод ва обод Ватан» деб номланган ушбу экспозиция 21 йўналишдан иборат бўлиб, Ватанимиз тарихидаги буюк ва ўчмас сана – истиқлолимизнинг қандай машаққатлар билан қўлга киритилгани, бугунги озод ва обод, фаровон ҳаётимиз ҳақида турли ҳужжатлар, фотосуратлар, китоблар, бошқа тарихий ашёлар ёрдамида ҳикоя қилинади.
 
    Халқимиз ўзи танлаган тараққиёт йўлининг ҳар томонлама тўғри ва ҳаётий йўл эканини, демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамияти барпо этишда эришилган барча ютуқларнинг маъно-мазмунини юртимиз аҳолиси ва хорижий меҳмонларга етказиш, уларнинг қадр-қимматини чуқур англашда «Сиёсий мустақилликнинг қўлга киритилиши», «Тошкент – Ўзбекистоннинг пойтахти», «Ўзбекистоннинг сиёсий партиялари ва жамоат ташкилотлари» каби стендлардаги материаллар муҳим аҳамият касб этади.
 
    Музей залларини кўргазмали воситалар, суратлар, видеороликлар, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, сенсорли ва инфо-киосклар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани бу ерга ташриф буюраётганларга кенг маълумот беришга хизмат қилади. Экспозицияларнинг мактаб, коллеж ва лицей, олий таълим даргоҳларининг ўқув дастурларига ҳамоҳанглиги музейда ҳафтанинг сешанба ва жума кунлари болалар учун бепул экскурсиялар билан бирга, олимлар, соҳа мутахассислари, ёзувчи ва шоирлар иштирокида очиқ дарслар, маҳорат сабоқлари, ўқув-семинарлар, илмий-амалий конференциялар ўтишда ғоят асқотмоқда. Агар 2009 йилда музейга ташриф буюрганлар 45 минг 721 нафар бўлса, 2014 йилда бу кўрсаткич 110 мингдан ошиб кетган.
 
   Музейни айланган инсон қалбида жонажон Ватанимизга, бунёдкор, танти ва саховатли халқимизга бўлган меҳр янада ортади. Шу юрт фарзанди эканидан қалби чексиз фахр-ифтихорга тўлади. Ўзбекистонимизнинг тинчлиги ва осойишталиги, истиқлол берган имкониятларнинг нақадар буюк саодат эканини, юртимизнинг нурафшон истиқболи учун дахлдорликни, масъулиятни яна бир бор дилдан теран англайди.
 
Назокат УСМОНОВА,
ЎзА мухбири

РЕКОМЕНДОВАТЬ ДРУЗЬЯМ

  • Вышел в свет

    2/2019

    № 2/2019

  • сделать заказ

    сделать заказ
  • Купить журнал

    PodpiskaПо вопросам приобретения журнала обращайтесь в отдел распространения и подписки редакции.

    Адрес:  г. Ташкент,
    ул. Ислама Каримова, 55.

    • Телефон:
    • (99897) 773-22-91.

    Также вы можете приобрести журнал в киосках города.

     

  • Подписка на журнал

    Подписка на журнал
  • ЭЛЕКТРОННАЯ ВЕРСИЯ

    ЭЛЕКТРОННАЯ ВЕРСИЯ
  • АРХИВ НОМЕРОВ ЖУРНАЛА

  • Контакты

    chekIn г. Ташкент, ул. Ислама Каримова, 55.

    mailSmall info@evu.uz

    phone+99871 239-11-25, +99897 773-22-91.

  • Подписка на новости

    Чтобы подписаться на наши новости, впишите свой e-mail
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.