Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Бозор муносабатлари шароитида қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг иқтисодий самарадорлиги ва ривожланиш барқарорлигини таъминлаш истиқболи, энг аввало, мавжуд ресурслардан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш ҳамда ресурсларни тежовчи техника (қайта тикланмайдиган углеводород манбалари, металл, сув, меҳнат ресурслари каби)лар ва инновацион агротехнологияларни жорий этиш билан бевосита боғлиқ бўлмоқда.
Бугунги кунда қишлоқ хўжалигида илм-фан ва техника тараққиёти ютуқлари, илғор тажрибалардан кенг кўламда фойдаланиш зарурати – биринчи навбатда, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигига ва чорва моллари маҳсулдорлиги оширилишига ҳамда маҳсулот сифати яхшиланишига, етиштирилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари инсон саломатлигига салбий таъсир этмаслиги каби вазифаларга жиддий эътибор берилмоқда.
Озиқ-овқат маҳсулотлари миқдори сайёрамиз аҳолиси сонига нисбатан мутаносиб равишда ортиб бориши баробарида, қишлоқ хўжалигида фойдаланиш мумкин бўлган ер майдонларининг мутлақ миқдори бошқа мақсадларда (аҳоли яшаш манзиллари, саноат ва хизмат кўрсатиш объектларини қуриш, янгидан йўллар барпо қилиш каби) фойдаланиш учун олиб қўйилиши ҳисобига камайиб бормоқда.
Айни пайтда глобал иқлим ўзгариши, саноатнинг ривожланиши туфайли, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда фойдаланиш мумкин бўлган сув ресурсларининг ҳам танқислиги кучаймоқда. Техника ва технологияларнинг, саноатнинг ривожланиши, ўз навбатида, экологик муаммолар кўламининг ортишига олиб келмоқда.
Республикамиз шароитида аграр соҳадаги экологик муаммолар – қишлоқ хўжалиги экин майдонлари тупроғи зичлашиши, тупроқнинг ҳайдов қатламида чиринди миқдори камайиши, мелиоратив ҳолатлари ёмонлашуви, тупроқ, атмосфера ва сув ҳавзаларининг минерал ўғитлар ҳамда заҳарли кимёвий воситалар бирикмалари билан ифлосланиши, алоҳида экинларга хос бўлган касаллик ва ҳашаротлар кўпайиши экинлар ҳосилдорлигининг камайишига, етиштириладиган маҳсулотлар сифатининг ёмонлашишига сабаб бўлмоқда. Бу эса, ўз навбатида, тупроқнинг мелиоратив ҳолати ёмонлашувини бартараф этиш ҳамда экологик хавфсизликни таъминловчи янги технология, агротехник услублар ва иқтисодий, ҳуқуқий механизмларни амалиётга доимий равишда жорий этишни талаб этмоқда.
Масалан, қишлоқ хўжалиги асосини ташкил этувчи пахтачилик соҳаси кўп миқдорда минерал ўғитлар, касаллик ва зараркунандаларга қарши қўлланиладиган заҳарли кимёвий воситалар, гербицид ва дефолиантлар ишлатилиши билан ажралиб туради. Шунингдек, ғўзанинг бошқа экинларга нисбатан сув сарфи ҳамда техникалар ёрдамида ишлов берилиши нисбатан кўпроқ (1,5–2 марта) талаб этиши тупроқ қатламларини зичлашишига, механик таркиби бузилишига олиб келиши натижасида экологик муаммолар пайдо бўлади.
Ёки плёнка остига чигит экиш технологияси ўзининг қатор иқтисодий афзалликларидан ташқари, ерни плёнка қолдиқлари билан ифлослантиради. Шунингдек, бугунги кунда жуда тез суръатлар билан ривожланиб бораётган, иқтисодий жиҳатдан юксак самарали ва мамлакатнинг экспорт салоҳиятини оширишда беқиёс аҳамиятга эга бўлаётган интенсив боғдорчилик соҳасида сифатли маҳсулот етиштириш учун мавсум давомида энг камида 7–8 марта ҳашарот ва касалликларга қарши кимёвий препаратлар билан ишлов бериш талаб этилади. Ушбу ҳолатнинг ҳам экологик томонларини изоҳлаш шарт эмас.
Шунинг учун, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши муаммолари ечимини, жумладан, экологик муаммолар мураккаблигини бартараф этиш учун, энг аввало, илм-фан ютуқлари ҳамда илғор тажрибаларни жорий этиш билан соҳа тараққиётини қуроллантириш талаб этилади. Ушбу масалаларни ҳаракатга келтирувчи куч ва ижрочилар, бу – юқори малакага эга, экологик онг шаклланишига ҳисса қўшишга қодир мутахассислар ҳисобланади.
Айни пайтда қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантириш имкониятидан тўлиқроқ фойдаланиш масалалари асосан деҳқонлар зиммасига юкланмоқда. Жумладан, деҳқон ва фермер хўжаликларининг иқтисодий эркинлигини кенгайтириш, ресурслар ва хизматлар бозорида истеъмолчи ва сотувчи сифатидаги фаолиятининг эркинлаштирилиши билан юз бермоқда. Аммо, иқтисодий эркинликлар ортиши, ўз навбатида, улар зиммасига ишлаб чиқаришнинг якунлари учун масъулият ҳиссини ҳам юкламоқда. Яъни, фермер тадбиркор сифатида ишлаб чиқаришни самарали қишлоқ хўжалиги техникалари, эҳтиёт қисмлар ва минерал ўғитлар, сифатли уруғликлар, мевали дарахтлар кўчатлари, юқори маҳсулдор ва зотдор чорва моллари, бозор талаби доирасида маҳсулот етиштириш имконини берадиган экин навларини танлаши ҳамда уларга мос келадиган агротехник тадбирларни амалга ошириш имкониятларини қидириб топиши лозим.
Аммо, бу борада қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантиришни ўз зиммасига олаётган тадбиркорларга кўмаклашиш – давлатнинг зиммасидаги вазифа, яъни фермерларга хизмат кўрсатувчи инфратузилмаларни ривожлантириш учун зарур бўладиган ташкилий, ҳуқуқий масалаларни ҳал этишдан иборат.
Бу борада республикамизда 2016 йил ҳолатига 1487 та муқобил машина-трактор парки, 1503 та СИУлар, 987 та нефть маҳсулотлари шохобчалари, 952 та минерал ўғитлар сотиш шохобчаси, 2616 та зооветеринария хизмати кўрсатувчи шохобчалар, 299 та фермер ва деҳқон хўжаликларига консалтинг ва маркетинг хизматлари кўрсатиш субъектлари фаолият кўрсатмоқда. 2016 йил ҳолатига барча тоифадаги хўжаликларда 11637 мингтадан зиёд қорамол мавжуд бўлиб (шундан 4173 минг боши сигирлар), уларнинг асосий қисми, 94 фоиздан зиёди деҳқон хўжаликларида парвариш қилинишини ҳисобга оладиган бўлсак, бунда зооветеринария хизматларига бўлган талабнинг жуда юқорилигини кузатиш мумкин.
Зооветеринария хизматларини ривожлантириш зарурати шундаки, чорва моллари бош сони кескин ортишига қарамай, сигирлар маҳсулдорлиги 1800–2000 литр атрофида сақланиб қолмоқда. Фақатгина илғор чорвачилик фермер хўжаликларида 5500–6000 литрлик сут маҳсулдорлигига эришилмоқда. Агарда қорамолларнинг асосий қисми деҳқон хўжаликларида парваришланишини ҳисобга оладиган бўлсак, деҳқон хўжаликлари учун мос келадиган зооветеринария хизматлари кўрсатиш тизимини ривожлантириш, сервис хизматлари кўрсатиш сифатини яхшилаш ва ассортиментини кенгайтириш лозим бўлади.
Қишлоқларда хусусий зооветеринария хизмати кўрсатиш субъектлари фаолиятини ривожлантиришда микрокредитлаш, зооветеринария хизматларини лицензиялашнинг самарали механизмларини жорий этиш муҳим аҳамиятга эга, яъни:
● гўшт, сут ва қоракўлчилик тармоқларини ривожлантириш, қайта жиҳозлаш ҳамда модернизация қилиш, соҳага инвестицияларни жалб этишни рағбатлантириш;
● айниқса, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик ва пиллачилик соҳаларини ривожлантиришга эътибор бериш, гўшт маҳсулотлари бозори барқарорлигини таъминлаш долзарб масалалардан бири ҳисобланади.
Бу борадаги муҳим йўналишлардан бири, бу – чорвачилик тармоғининг ем-хашак базасини янада мустаҳкамлаш ва озиқлантириш сифатини яхшилаш масаласини алоҳида кўрсатиб ўтиш зарур. Яъни, бугунги кун технологиялари ва билимлари даражасида чорва моллари бош сони ва маҳсулдорлигини оширишда ем-хашак базасини ривожлантиришга эътибор бериладиган бўлса, 1 гектар озуқа майдонидан икки марта ҳосил олинган ҳолда, 12–15 тонна ем-хашак етиштириш имкониятлари мавжуд. Фермер хўжаликларида ем-хашак таъминотини яхшилаш учун суғориладиган ерларда бошоқли дондан сўнг такрорий озуқа экинлари экиш ҳисобига қўшимча равишда ем-хашак жамғаришга жиддий эътибор берилмоқда.
Йирик аҳоли яшаш манзиллари ва чорвачилик тармоғи ривожланган ҳудудларда хусусий тадбиркорлик асосида омихта ем, дағал хашак, озуқа ва наслли молларни сотишга ихтисослаштирилган аукцион, зооветеринария ва наслчилик ишлари, кушхона ва бошқа турдаги хизматлар кўрсатувчи субъектлар фаолиятини янада ривожлантириш лозим.
2017 йил 10 октябрда қабул қилинган Ўзбекистон Президентининг «Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори чорвачилик хўжаликлари учун муҳим аҳамиятга эга бўлганлигини таъкидлаш лозим. Шу билан бирга, ушбу қарорга мувофиқ қайта ташкил қилинган Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг асосий вазифалари сифатида қуйидагилар қайд этилди, жумладан:
● фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштириш, қайта ишлаш, сақлаш ва сотишда, шу жумладан, агротехник тадбирларни амалга оширишда ҳамда шартномалар тузишда, маҳсулотларни ташқи бозорларга экспорт қилишда ҳар томонлама кўмаклашиш;
● шартнома интизомини мустаҳкамлаш, фермер, деҳқон хўжалиги раҳбарлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқий саводхонлиги ва маданиятини ошириш, аграр соҳада меҳнат муносабатларини такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;
● соҳада замонавий ресурс тежовчи илғор агротехнологияларни, муқобил энергия воситаларини, шунингдек, инновация ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг кўламда жорий этишга кўмаклашиш;
● чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик соҳаларига ихтисослашган фермер хўжаликларини ривожлантириш ҳамда мазкур йўналишларда фаолият юритаётган намунавий фермер хўжаликларининг тажрибаларини кенг кўламда оммалаштириш;
● соҳада ҳуқуқий, иқтисодий, молиявий, агротехник ҳамда бошқа масалалар бўйича консалтинг хизмати, шунингдек, маҳсулот ишлаб чиқариш, харид қилиш, қайта ишлаш, сотиш, таъминот ва хизмат кўрсатиш бўйича фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг бошқа ташкилотлар билан кооперациясининг турли шаклларини ташкил этиш ва кенгайтириш, илғор хорижий тажрибаларни чорвачилик соҳасига ҳар томонлама татбиқ этиш.
Маълумки, чорвачилик ривожланган ҳудудлар асосан сув билан кам таъминланган яйлов, чўл ҳудудларидан иборат бўлиб, ушбу жойларда аҳолининг доимий иш ўринлари, шунингдек, ичимлик суви, табиий газ, электр энергияси каби кундалик эҳтиёжларини яхшилаш учун шарт-шароитлар яратиш чорвачилик тармоғини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади. Мазкур ҳудудларда қудуқлардан сув тортувчи насос, мобиль электр энергияси таъминоти манбаи, жумладан, қуёш панеллари асосида ишлайдиган тизимларни жорий қилиш ўта долзарб ижтимоий ва иқтисодий масалалардан ҳисобланади.
Фермер ва деҳқон хўжаликлари ривожланган ҳудудларда сервис хизмати кўрсатувчи субъектлар фаолиятини тубдан яхшилашда деҳқон ёки фермер хўжалиги ерини шудгор қилиш учун замонавий юқори унумдор трактор, ғалла ўриш комбайнини харид қилиш, техника воситаларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш натижасида катта фойда кўриш мумкин. Бу ҳам сервис тизимининг фаол бўғинларидан бири ҳисобланади.
Аммо, бу каби хизматларни ривожлантириш учун тадбиркорнинг хусусий мулкдор сифатидаги ҳуқуқини таъминлаш лозим. Шунингдек, инфратузилмаларни ривожлантириш ҳамда сервис хизматлари кўрсатувчи объектларни ташкил этишда маъмурий ёндашувга барҳам бериш, жойлардаги реал талаб ва таклифдан, тадбиркорлик ташаббусидан келиб чиққан ҳолда ишни ташкил этиш зарур. Шу билан бирга, хизмат кўрсатувчи корхоналарда ишловчи ходимлар малакасини мунтазам ошириб бориш, маркетинг, менежмент ва бошқа замонавий билимга эга бўлган мутахассислар тайёрлаш зарурати ортиб бораётганини ҳам унутмаслик лозим.
Қайд этиб ўтилган жиҳатлар республикамизда мавжуд ер, сув, меҳнат ресурсларидан самарали фойдаланиш асосида экинлар ҳосилдорлигини, чорва моллари маҳсулдорлигини ошириш ва озиқ-овқат маҳсулотлари бозорининг барқарорлигини таъминлаш билан бирга, аграр тармоқнинг экспорт салоҳиятини оширишга ҳам салмоқли ҳисса қўшади.
Норқул ХУШМАТОВ,
и.ф.д., профессор;
Улуғбек САДУЛЛАЕВ,
илмий-тадқиқотчи