Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Ўзбекистон ва Туркия бир-бирини қўллаб-қувватлаб, технопаркларни ривожлантириш борасидаги мавжуд амалий тажрибани баҳам кўрган ҳолда юқори технологиялар соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни фаол ривожлантирмоқда. Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳманов Туркиянинг йирик ахборот агентликларидан бири – “Anadolu”га берган интервьюсида алоҳида тўхталиб ўтди.
Вазирнинг таъкидлашича, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2017 йилда ташкил этилган Инновацион ривожланиш вазирлиги вазифаси асосан илмий-тадқиқот ва илғор технологияларнинг устувор ҳамда истиқболли йўналишларини аниқлаш, илмий-техник ишлаб чиқаришни кўпайтириш, шунингдек, илмий-технологик паркларни такомиллаштиришдан иборат. Ўз навбатида, Ўзбекистон ҳукумати илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишланмалар (ИТТКИ)нинг анъанавий усуллари билан бир қаторда мамлакатда замонавий технопаркларни барпо этиш ва ривожлантиришга катта аҳамият бермоқда.
Масалан, ушбу стратегия доирасида Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида «Яшнобод» технопарки ташкил этилди. «Бу йил Ўзбекистоннинг биринчи марта Глобал инновацион индексга киритилиши кутилмоқда. 2021 йилда ушбу индексда ўн поғона кўтарилишни, 2030 йилда эса инновацияларнинг ривожланиш даражаси кўрсаткичи бўйича ТОП-50 та мамлакат қаторидан жой олишни режалаштирганмиз», – деди вазир.
Иброҳим Абдураҳманов Туркиянинг технопаркларни яратиш ва ривожлантириш масаласида катта тажрибага эгалигини назарда тутиб, Туркия технология парклари раҳбариятини Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга таклиф этди. Вазир, шунингдек, Ўзбекистон турк сармоядорлари ва тадбиркорлари билан юқори технологиялар соҳасида конструктив ҳамкорлик қилишга тайёр эканини билдирди.
Унинг сўзларига кўра, ҳозирги кунда икки мамлакатнинг етакчи илмий-конструкторлик муассасалари ўртасида бир қатор қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг Туркия илмий-техник тадқиқотлар Кенгаши (TÜBİTAK), Истанбул технопарки, Истанбул университети ҳузуридаги “Entertech” технопарки билан ҳамкорлиги ривожланмоқда, бошқа турк тузилмалари ва ташкилотлари билан ҳам шерикликни кенгайтириш саъй-ҳаракатлари изчиллик касб этмоқда.
Бундан ташқари вазир мазкур соҳада икки томонлама ҳамкорликнинг янги механизмига урғу берди. Чунончи, вазирлик билан TÜBİTAK ўртасида имзоланган Ҳамкорлик тўғрисидаги баённомага мувофиқ, томонлар икки мамлакат саноат корхоналари томонидан амалга оширилаётган қўшма илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ва инновацион лойиҳаларини қўллаб-қувватламоқда.
«Шу билан бирга Туркия Савдо-саноат палаталари ва товар биржалари уюшмаси венчур капитали ассоциацияси билан Ҳамкорлик меморандуми доирасида туркиялик ҳамкорлар иштирокида Ўзбекистонда инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун 2 миллион АҚШ доллари миқдоридаги бошланғич капиталга эга бўлган Ўзбекистон-Туркия венчур фондини ташкил этиш режалаштирилган», дея қайд этди вазир. Иброҳим Абдураҳманов туркиялик инвесторлар билан Ўзбекистонда «ақлли шаҳар» концепциясини амалга ошириш борасида ҳам келишувга эришилганини маълум қилди.
– Ривожланган давлатлар, жумладан, Туркия тажрибаси Ўзбекистон учун жуда муҳим, – дейди И. Абдураҳманов. – Шу билан бирга ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар ҳам туркиялик ҳамкорларда амалий қизиқиш уйғотадиган лойиҳаларини таклиф этмоқда.
Вазирнинг фикрича, ўзаро ҳамкорлик ҳар икки томон манфаатларига жавоб беради ва икки давлатнинг стратегик шериклигидаги янги йўналиш бўлиб хизмат қилади.
Бахтиёр АБДУКАРИМОВ,
Анадолу янгиликлар агентлигининг Ўзбекистондаги мухбири