Главная |
Новости |
2020 йилда энг кўп зарар ва энг кўп фойда кўрган давлат корхоналари очиқланди
2020 йилда энг кўп зарар ва энг кўп фойда кўрган давлат корхоналари очиқланди
«Ўзтрансгаз» 2020 йилда 3,5 трлн сўмлик зарар билан йилнинг энг кўп зарар кўрган давлат корхонаси бўлди. Олмалиқ кон-металлургия комбинати эса энг кўп фойда кўрган давлат корхонаси бўлди.
Давлат активларини бошқариш агентлиги 2020 йилда энг кўп зарар кўрган ва энг кўп фойда кўрган давлат иштирокидаги корхоналар рўйхатини эълон қилди. Унга кўра, «Ўзтрансгаз» энг кўп зарар кўрган, Олмалиқ кон-металлургия комбинати эса энг кўп фойда кўрган давлат корхонаси бўлди.
2020 йилда энг кўп зарар кўрган давлат корхоналари ўнталиги:
1. «Ўзтрансгаз» — 3,5 трлн сўм;
2. Uzbekistan Airways — 755,7 млрд сўм;
3. «Тошиссиққуват» — 605,2 млрд сўм;
4. Тошкент металлургия заводи — 380 млрд сўм;
5. «Янги Ангрен» ИЭС — 245,6 млрд сўм;
6. «Ўзбеккўмир» — 183,8 млрд сўм;
7. «Ангрен» ИЭС — 177,7 млрд сўм;
8. Grand Road Tashkent — 89,8 млрд сўм;
9. ФК «Пахтакор» — 82,7 млрд сўм;
10. «Ангрен иссиқлик энергияси» ДУК — 54,6 млрд сўм зарар кўрган.
Умумий ҳисобда ушбу 10 та давлат корхонасининг кўрган зарари 6 трлн 150 млрд сўмни ташкил этди.
Маълумот учун, «Ўзтрансгаз» 2019 йилни 2,1 трлн сўм зарар билан якунлаган.
2020 йил май ойи охирида пандемия таъсирини юмшатиш мақсадида карантиндан энг кўп зарар кўрган «Uzbekistan Airways» ва «Uzbekistan Airports»га 122 млн долларлик кредитларни кечиктириш ва 60 млрд сўмдан ортиқ солиқ имтиёзлари берилган эди.
Бундан ташқари, Инқирозга қарши кураш фонди «Uzbekistan Airways»га айланма капитал сифатида 50 млн доллар миқдорида фоизсиз кредит ажратди.
Шунингдек, ишончли бошқарувга берилган «Янги Ангрен» ИЭС (246 млрд сўм зарар), «Ўзбеккўмир» (184 млрд сўм зарар) ва «Ангрен» ИЭС (178 млрд сўм зарар) ҳам энг кўп сарар кўрган давлат корхоналари рўйхатига кирган. Бунга иқтисодчи Бакировнинг эътибор қаратди. «Зарар кўриб ишлаётган ўнта давлат корхонасининг 3 таси, балки 5 таси ишончли бошқарувга берилган», — дея ёзди у.
«Солиштириш учун 2019 йилда «Янги Ангрен» ИЭС 55 млрд сўм, «Ўзбеккўмир» АЖ 80 млрд сўм зарар кўрган, «Ангрен» ИЭС эса кичик бўлсада, 338 млн сўмлик фойда қайд этган. Бошқача айтганда, ишончли бошқарувга ўтгандан кейин корхоналарнинг самарасизлиги, зарари каррасига ошган»,- дея ёзмоқда иқтисодчи Бакиров.
2020 йилда энг кўп фойда кўрган давлат корхоналари ўнталиги:
1. ОКМК — 3,9 трлн сўм;
2. «Ўзбекнефтегаз» — 3,4 трлн сўм;
3. «Фарғонаазот» — 292,6 млрд сўм;
4. Ўзметкомбинат — 218,5 млрд сўм;
5. «Ҳудудгазтаъминот» — 211,2 млрд сўм;
6. Coca-Cola Uzbekistan — 205,7 млрд сўм;
7. Ucell — 199,8 млрд сўм;
8. «Ўзшаҳар қурилиш инвест» — 168,8 млрд сўм;
9. «Ўзавтосаноат» — 160,3 млрд сўм;
10. Товар хомашё биржаси — 94,8 млрд сўм фойда кўрган.
Умумий ҳисобда ушбу 10 та давлат корхонасининг кўрган фойдаси деярли 8 трлн 930 млрд сўмни ташкил этди.
Манба: gazeta.uz