Маълумот учун, Туркий кенгаш туризм масалалари вазирларининг VI йиғилиши 24 июнь санасида бўлиб ўтади.
Таъкидланишича, тадбирда туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов, вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, Туркий кенгаш бош котиби Бағдат Амреев, Туркия маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой, Қозоғистон маданият ва спорт ишлари вазири Актоти Раимкулова, Қирғизистон иқтисодиёт ва молия вазири Акилбек Жапаров, Озарбайжон давлат туризм агентлиги раиси Фуад Нагиев иштирок этган.
Муассасада 600 нафар уста фаолият бошлаб, 200 ортиқ турдаги атлас ва адрас тўқиш, гиламчилик, маиший хизмат, тикувчилик, ҳунармандчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган бўлиб, улар томонидан 2 мингга яқин хотин-қиз, ёшлар ишга жалб этилди.
Бинонинг юқори қаватида гилам цехи жойлашган. Бу ерда барча маҳсулотлар тўлиқ қўл меҳнати ёрдамида, 100 фоиз тоза ипакдан тўқилади.
Ҳунарманд Иброҳим Султоновнинг «Исмоилжон гиламлари» корхонаси маҳсулотлари бутун дунёга машҳур. Ҳунармандлар марказида ҳам маҳсулотларнинг сифати юқори. Асл ипакка табиий бўёқлардан гул чизиб, мато тўқилади. Шу боис бу маҳсулотларга ҳозирдан харидор тайёр. Гиламлар, асосан, Туркияга, атлас, адрас матолар АҚШ, Италия, Франция, Россия, Қозоғистон, Тожикистон каби мамлакатларга экспорт қилинади.
Икки қаватли марказнинг қўйи қаватида атлас, адрас, шойи, бахмал, беқасам матолар тўқилади. Биринчи қаватдан тайёр маҳсулотлар кўргазмаси, подиум, чевархона ўрин олган. Бу ердаги дўконда матога гул чизиш, боғлаш, давра, қад тайёрлаш жараёнлари кўргазмали тарзда намойиш этилади.
Ҳунармандлар маркази ушбу шаҳарнинг сайёҳлик салоҳиятини оширишга хизмат қилади. Осори атиқалар билан танишган сайёҳлар бу ерга келиб атлас, адрас тўқиш жараёнини бевосита кузатиш имконига эга бўлади, ҳам ўзи хоҳлаган маҳсулотни харид қилади, шу ердаги чевархонада ўз дидига мос либос тиктириб кийиб кетаверади. Марказ биносида банк шохобчаси фаолият кўрсатади, фотогалерея ташкил этилган.
Бундан кейин ОАВ вакиллари вилоятнинг Риштон туманига бориб, у ердаги Халқаро кулолчилик марказига ташриф буюрди. Бу ерда 20 та икки қаватли кулоллар хонадони, Риштон тарихи музейи, банк хизматлари маркази бунёд этилган. Уйларнинг биринчи қаватида устахона ва савдо дўкони жойлашган, иккинчи қаватда ҳунармандлар оиласи яшайди.
Хонадонларда 6 ўринли меҳмонхона ҳам мавжуд. Чет эллик сайёҳлар бу ерда яшаб, кулолларнинг иши билан танишиши мумкин. Марказ фойдаланишга топширилиши билан 250 га яқин иш ўрни яратилган. Кулолчилик маҳсулотлари Бирлашган Араб Амирликлари, Чехия, Туркия, Россия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон каби давлатларга экспорт қилинмоқда.
Ўзбекистон халқ устаси Алишер Назиров мазкур устахона раҳбари ҳисобланади. Халқаро кулолчилик марказида «Ҳунарманд» уюшмасининг туман бўлими, ўқув маркази ҳам жойлашган. Қурилиш жараёнида шу ердаги Хўжа Рушноий мақбараси обод қилинган. Тадбир иштирокчилари ушбу мақбарани ҳам зиёрат қилди.
Турнинг биринчи кунини вилоятнинг Учкўприк туманига қилинган ташриф якунлаб берди. «Меҳригиё» хусусий корхонасида доривор ўсимликларни етиштириш, тайёрлаш ва бирламчи қайта ишлаш, кластерлар билан ҳамкорлик қилиш йўлга қўйилган бўлиб, ОАВ вакиллари ушбу корхонага қарашли 5 гектар майдонда жойлашган лаванда даласи билан таништирилди. Уларга ушбу ўсимликнинг фойдали хусусиятлари ва афзалликлари корхона ходимлари томонидан тушунтирилди.
Тадбир сўнгида маданият вазири Озодбек Назарбеков ҳам мазкур корхонага ташриф буюрди.
Маълумот учун, Туркий кенгаш туризм масалалари вазирларининг VI йиғилиши 24 июнь санасида бўлиб ўтади.