Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
2018 йилда Президентимиз томонидан давлат бошқарув ва ижрочи органлари ҳамда ташкилотларнинг инновацион ривожланишдаги саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга қаратилган муҳим ҳужжат – «2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. Ушбу фармон билан Ўзбекистон Республикасини 2019-2021 йилларда инновацион ривожлантириш стратегияси тасдиқланди. Стратегиянинг бош мақсади этиб инсон капиталини ривожлантириш белгиланди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси 2030 йилга келиб Глобал инновация индекси рейтингида жаҳоннинг 50 илғор мамлакати қаторидан ўрин олиши асосий вазифалардан бири ўлароқ кўрсатилди.
Республикада сўнгги йилларда инновацион фаолият борасида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон 2020 йилда Глобал инновацион индекси халқаро рейтингига беш йиллик танаффусдан сўнг 2015 йилга нисбатан 29 поғонага кўтарилган ҳолда қайта киритилди.
Ҳозирда эса Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан 2022-2030 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилди ва ҳозирда тегишли ташкилот, муассасалар билан муҳокама қилинмоқда. Ушбу стратегия Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилга қадар Глобал инновация индексида дастлабки ривожланган етакчи 50 давлат қаторидан ўрин эгаллашида ҳозирга қадар амалга оширилган изчил ислоҳотларнинг мантиқий давоми ҳисобланади.
Хўш, ўтган қисқа даврда мамлакатда илм-фан ва инновациялар соҳасида қандай фундаментал ишлар амалга оширилди?
Аввало, олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида фан доктори илмий даражасига эга профессорларнинг базавий лавозим маошлари 2016 йилга нисбатан 3,2 баробар ҳамда илмий-педагогик ва меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи илмий даражага эга ходимларга қўшимча ҳақ тўлаш тартиби жорий этилиши муносабати билан республикадаги олимларнинг ойлик маоши 5 баробар оширилди.
Илм-фан ва инновацион фаолиятни янада ривожлантириш ҳамда кадрлар илмий салоҳиятини мустаҳкамлашнинг қонуний асосларини белгиловчи 3 та муҳим ҳужжат – «Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида», «Инновацион фаолият тўғрисида» ва «Таълим тўғрисида» қонунлар қабул қилинди.
Ҳозирда юртимизда илғор хорижий тажрибалар асосида илмий- тадқиқот ишларига давлат буюртмаси механизми жорий этилди. Янги тартиб сифатида, якуний маҳсулот ва молиялаштириш ҳажми аниқ бўлган тематик лойиҳаларга давлат буюртмаси мунтазам равишда эълон қилинмоқда. Натижада рақобат муҳити шаклланди, доимий грант маблағларини олиш имкони яратилди. 2017 йилга нисбатан битта лойиҳани молиялаштириш 3,5 баробарга ошди ҳамда маблағларнинг камида 40 фоизи илмий-тадқиқот фаолиятидаги зарурий асбоб-ускуналар, реагент ва материаллар харидига йўналтирилди.
Мамлакатда илмий ҳажмдор стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлашда ғоядан истеъмолчигача бўлган барча босқичларни қамраб олган стартап экотизими йўлга қўйилди. Илк бор давлат грант маблағлари ҳисобидан стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва молиялаштириш тизими шакллантирилди, умумий қиймати 40,5 млрд. сўмлик 48 та стартап лойиҳа молиялаштирилди ва рақобатбардош янги маҳсулотларни ишлаб чиқариш ташкил этилди.
Мамлакат иқтисодиётига илмий ҳажмдор янги технологияларни тезкор жорий қилиш учун технологиялар трансфери амалиётга киритилди. Хориждаги илғор технологиялар трансфери асосида умумий қиймати 3,3 млн. АҚШ доллари бўлган инвестиция лойиҳалари амалга оширилди.
2018-2020 йилларда 18 та илмий ташкилот, 10 та илмий марказ ва 4 та технопарк ташкил этилди. Илмий ишланмаларни тижоратлаштиришда манфаатдорликка асосланган «Олим–банк–тадбиркор» учлиги иштирокида илмий ишланмаларни тижоратлаштиришнинг янги тизими йўлга қўйилди. Илмий ишланмаларни тижоратлаштириш доирасида умумий қиймати 149,5 млрд. сўм миқдордаги лойиҳалар тайёрланди ва ишлаб чиқарилган илмий ҳажмдор маҳсулотлар ҳажми 62 млрд. сўмдан ошди.
Илмий лаборатория ускуналарини харид қилишнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилди. 2018 йилдан ҳозирга қадар 9 та илмий-тадқиқот муассасасига 69 та лаборатория ускуналари ўрнатилди ҳамда харид қилишнинг янги соддалаштирилган тартиби бўйича 2020 йилда 15 та илмий-тадқиқот муассасасига 200 дан ортиқ лаборатория ускуналари харид қилинди. Илмий- тадқиқот муассасаларига замонавий лаборатория асбоб-ускуналари харид қилиш учун 30,4 млн. АҚШ доллари ҳамда бино-иншоотларни таъмирлаш учун 116 млрд. сўм ажратилди. Бундан ташқари илмий фаолиятни амалга оширувчи бюджет ташкилотлари томонидан реактивлар ва реагентларни харид қилиш давлат буюртмачилари томонидан тўғридан-тўғри шартномалар асосида харид қилинадиган товарлар рўйхатига киритилди.
Иқтидорли ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг илмий салоҳиятини ривожлантириш мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида Ёшлар академияси ташкил этилди. Ҳозирда ушбу академияга республиканинг барча вилоятларида ўзининг 15 нафар лидерига эга бўлган 2000 нафардан ортиқ ёшлар аъзо бўлган.
2020 йилда ёш олимларнинг амалий ва инновацион лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Ёшлар академияси томонидан 30,2 млрд. сўмлик амалий ва инновацион лойиҳалар танлови эълон қилинди.
2021 йил апрель ойида иқтисодиётнинг реал сектори ва ижтимоий соҳа эҳтиёжларидан келиб чиқиб, илмий фаолият натижаларини тижоратлаштириш самарадорлигини юксалтириш, шунингдек, хорижий технологиялар трансферини амалга ошириш ва маҳаллийлаштиришга кўмаклашиш мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида Инновацияларни жорий қилиш ва технологиялар трансферининг миллий офиси ташкил этилди.
Ҳудудларда инновацион фаолиятни янада жадаллаштириш, мавжуд ижтимоий-иқтисодий муаммоларга илмий-техник ечимлар таклифини шакллантириш, ҳудудий илмий-тадқиқот лойиҳаларининг тижоратлаштирилишини таъминлаш, аҳолининг, хусусан, ёшларнинг «маҳаллабай» тарзда ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш тизимини тўлиқ ташкил этиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг инновацион ривожланиш бошқармалари ташкил этилди.
Иброҳим АБДУРАҲМОНОВ,
инновацион ривожланиш вазири, академик