(O´zbek) Молиявий трансформация — иқтисодий ривожланишнинг асоси

4/2025

Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

 
     – Аброр Мирзо Муҳаммадқосимович, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинган «Ўзбекистоннинг 2030 йилга қадар ривожланиш стратегияси»да молия бозорини трансформация қилиш ислоҳотларнинг асосий йўналишларидан бири сифатида белгилаб берилган. Марказий банк ке­йинги 3–5 йил учун қайси устувор мақсадларни белгилаган ва молия тизимини янгича шакллантиришда бугунга қадар эришилган қайси натижаларни муҳим, деб ҳисоблайсиз?
     – Марказий банк яқин 3–5 йиллик истиқболда молия тизимини тубдан янгилашга қаратилган аниқ ва ўрта муддатли устувор мақсадларни белгилаган. Ушбу мақ­садлар марказида молия тизимини анъанавий банк фаолиятидан рақамли, инновацион ва экотизимга асосланган моделга ўтказиш вазифаси туради. Хусусан, 2026–2030 йилларда мамлакатда рақобатбардош ва халқаро молия бозорлари билан интеграциялашган финтех экотизимини шакллантириш, молиявий технологиялар со­ҳасига йирик хорижий инвестицияларни жалб қилиш, бозордаги иштирокчилар ва стартаплар сонини ошириш ҳамда юқори малакали кадрлар тайёрлаш устувор йўналиш сифатида белгиланган. Бу мақсадлар Марказий банкнинг нархлар ва молия тизимининг барқарорлигини сақлаш каби асосий вазифалари билан бир қаторда инновацияларни қўллаб-қувватлаш, тартибга солиш муҳи­тини янада шаффоф қилиш ҳамда бозор иштирокчилари билан очиқ мулоқотни кучайтиришга қаратилган.
     Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 27 ноябрдаги «Ўзбекистонда молиявий технологиялар соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғ­рисида»ги ПҚ-359 сонли қарори орқали 2026–2030 йилларга мўлжалланган аниқ мақсадлар ва уларни амалга ошириш механизмларининг белгиланиши эса давлат сиёсатининг тизимли ва узвий тус олганини кўрсатади. Шу билан бирга Сингапур Марказий банки ҳузуридаги «Global Finance and Technology Network» ҳамжамияти билан йўлга қўйилган ҳамкорлик халқаро тажриба ва илғор билимларни миллий молия тизимига татбиқ этиш учун муҳим институционал асос яратди. Ушбу омиллар молия тизимида маълумотларга асосланган бошқарув, очиқлик ва инновацияларга мослашувчанлик каби янги сифат кўрсаткичлари шаклланаётганини кўрсатади.
     – Амалдаги ислоҳотлар шароитида хусусий ва хорижий инвестицияларни жалб қилиш муҳим аҳа­миятга эга. Бугунги кунда молия бозорининг қайси йўналишлари энг юқори инвестициявий салоҳиятга эга, деб ҳисоблайсиз?
     – Амалдаги ислоҳотлар шароитида хорижий инвес­тицияларни жалб қилишда энг фаол ва йирик молия бозори иштирокчиси сифатида айнан банк соҳаси етак­чи ўринни эгаллаётганини кузатиш мумкин.
     Бу аввало, банклар томонидан инвестицион ҳамда кичик бизнес ва тадбиркорлик лойиҳаларини хорижий капитал ҳисобидан молиялаштириш жараёнларининг фаоллашгани билан изоҳланмоқда.
     Хусусан, 2025 йилда банклар томонидан ташқи манбалардан жалб қилинган 6,6 млрд. доллар ресурслар ҳисобидан иқтисодиётнинг саноат, хизмат кўрсатиш, савдо ва умумий овқатланиш, қурилиш, қишлоқ хўжалиги ҳамда транспорт-коммуникация соҳаларида 3 минг­дан ортиқ лойиҳалар молиялаштирилди.
     – Яқинда эълон қилинган маълумотларга кўра Ўзбекистоннинг ташқи қарзи 68,4 млрд. доллар ат­рофида, корпоратив қарздорликнинг ўсиши эса хавотир уйғотмоқда. Бу ҳолат молиявий барқарорлик учун қандай хатарларни келтириб чиқариши мумкин ва Марказий банк бу борада қандай чораларни кўрмоқда?
     – Йиллар давомида таркибий ислоҳотлар, замонавий модернизация жараёнлари, ҳудудлар­ни ижтимоий-иқ­тисодий ривожлантириш ва инфратузилмани янгилашга қаратилган дастурларнинг амалга оширилиши Ўзбекистон иқтисо­диётининг барқарор ўсишини таъминлади. Ушбу жараёнлар ички имкониятлар билан бир қа­торда ташқи сармоялар ҳисобига ҳам молиялашти­рилмоқда.
     Сўнгги беш йилда мамлакатга ташқи манбалардан қарз маблағларининг фаол жалб этилиши иқтисодиёт­нинг ўсиш суръатлари билан мутаносиб тарзда кечди. Натижада 2025 йил 1 октябрь ҳолатига умумий ташқи қарз миқдори 75,4 млрд. долларни ташкил қилиб, шундан 37,4 млрд. доллари давлат ташқи қарзи ҳамда 38 млрд. доллари корпоратив ташқи қарз ҳиссасига тўғри келди (68,4 млрд. доллар – 2025 йил 1 апрель ҳолатига).
     Қайд этиш жоизки, ташқи қарз юки бўйича Ўзбекис­тон кўрсаткичлари қўшни мамлакатларга нисбатан мақ­бул даражада (ЯИМга нисбатан 53 фоиз) шакллан­моқда.
     Корпоратив ташқи қарз ҳақида тўхталадиган бўлсак, мазкур қарз таркибида хусусий сектор, жумладан, тадбиркорлик субъектлари томонидан давлат кафолатисиз жалб этилган қарз маблағлари акс эттирилиб, улар бўйича тўловлар корхоналарнинг ўз маблағлари ҳисобига амалга оширилади, яъни давлат бюджети маблағлари йўналтирилмайди.
     Корпоратив қарз асосан иқтисодий лойиҳаларни молиялаштириш, инфратузилмаларни яратиш ва кенгайтириш, корхоналарни айланма маблағлар билан таъминлаш, аҳоли бандлиги ва тадбиркорлик фолиятини молиявий қўллаб-қувватлашга қаратилган.
     Банклар ҳиссасига тўғри келган корпоратив ташқи қарз уларнинг асосий фаолияти доирасида тадбиркорлик субъектларининг қурилиш, саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларини қайта молиялаштиришга йўналтирилган.
     Бундан ташқари давлат-хусусий шериклик асосида мамлакат бўйлаб қайта тикланадиган энергетика бўйича йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Мисол учун, Саудия Арабистонининг «ACWA POWER», Бирлашган Араб Амирликларнинг «MASDAR», Туркиянинг «Aksa Energy», Франциянинг «Total Eren SA», Нидерландиянинг «Stone City Energy» ва Хитойнинг «China Gezhouba Group Overseas Investment Co. LTD» компаниялари билан бирга хорижий инвестициялар ҳисобидан ишлар олиб бо­рилмоқда.
     Корпоратив қарз жалб қилиш ва улар келтириб чи­қариши мумкин бўлган хатарларни доимий равишда таҳлил қилиб бориш мақсадида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Марказий банк ва бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида «Ўзбекистон иқти­содиёти учун тизимли аҳамиятга эга йирик корхоналар томонидан банк кредити ва ташқи қарзларни жалб қи­лишда хатарларни баҳолаш тизими» ишлаб чиқилган. Бу борада Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 24 октябрдаги 670-сонли қарори қабул қилинди.
     Шунингдек, 2026 йил 1 январдан йирик корхоналар билан боғлиқ хатарларни бошқариш бўйича мувофиқ­лаштирувчи комиссия (Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Марказий банк ва бир қатор вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирокида) ташкил этилиши белгиланган. Эндиликда тизимли аҳамиятга эга йирик қарздорлар томонидан қарз маблағлари жалб қилиниши даврий равишда мониторинг қилиб борилади.
     Умумий олганда, бугунги кунда корпоратив ташқи қарзнинг ўсиши билан боғлиқ хатарлар мавжуд, деб ҳи­собламаймиз. Хусусан, корпоратив ташқи қарз миқдо­рининг фақатгина номинал ўсиш суръатига асосланиб хулоса чиқариш ҳолатга бир томонлама баҳо беришга олиб келади. Бунда ташқи қарзнинг қай даражада иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлаётгани ҳамда улардан фойдаланиш самарадорлигини таҳлил қилиш орқали ҳолатга тўлиқроқ баҳо бериш мумкин.
     Кредит ажратиш узлуксизлигини таъминлаш мақсадида қўшимча ресурслар, жумладан, ташқи молиявий маблағлар жалб этилиши табиий жараён ҳисобланади. Шу билан бирга номолиявий корхоналар томонидан ташқи молиялаштириш кўламининг ортиши мамлакатда инвестицион жозибадорликнинг яхшиланганлиги, тадбиркорликни ривожлантириш бўйича давлат исло­ҳотларининг самараси ва молиявий барқарорликка бўл­ган инвесторлар ишончининг ортиб бораётгани билан изоҳланади.
     Жалб этилган ташқи молиявий ресурслардан самарали ва мақсадли фойдаланиш ҳисобига ишлаб чиқариш қувватларининг кенгайиши ҳамда хизмат кўрсатиш со­ҳасининг ривожланиши мамлакат иқтисодиётининг ўси­шига бевосита ижобий таъсир кўрсатади.
     – Чегаралараро пул ўтказмалари ҳажмининг ўсиши Марказий банк сиёсатининг қайси йўналишларига таъсир кўрсатмоқда, улар валюта бозорига қандай таъсир этиши мумкин?
     – Халқаро пул ўтказмалари ҳажмининг барқарор ўсиши, аввало, Марказий банкнинг, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, молиявий инклюзияни кенгайтириш ҳамда аҳоли даромадларини расмий молиявий тизимга жалб этишга қаратилган сиёсатига бевосита таъсир кўрсатмоқда.
     Сўнгги йиллар динамикаси шуни кўрсатмоқдаки, халқаро пул ўтказмалари ҳажми изчил ўсиш тенденция­сини сақлаб келмоқда. Хусусан, 2023 йилда мамлакатга келиб тушган пул ўтказмалари 11,4 млрд. долларни ташкил этган бўлса, 2025 йилда ушбу кўрсаткич қарийб 19 млрд. долларга етди. Шунингдек, келиб тушган ва юборилган пул ўтказмалари ўртасидаги ижобий салдо ҳам йилдан-­йилга ошиб бормоқда. Ушбу кўрсаткич 2023 йил­да 9,1 млрд. долларни ташкил этган бўлса, 2025 йилда 16,2 млрд. долларга етди.
     Пул ўтказмалари салдосининг ортиши аҳоли истеъмолини қўллаб-қувватлаб, ички талаб ва иқтисодий фаолликни рағбатлантирмоқда ҳамда банк тизими орқали инвестиция жараёнлари учун қўшимча молиявий ресурслар шаклланишига хизмат қилмоқда. Бу эса Марказий банкнинг пул-кредит сиёсати инструментларини самарали амалга ошириш имкониятларини кен­гайтирмоқда.
 
 
Сиз интервьюнинг тўлиқ матнини журналнинг босма нашрида ўқишингиз мумкин.

РЕКОМЕНДОВАТЬ ДРУЗЬЯМ

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

  • АФИША

  • PR

  • АРХИВ НОМЕРОВ ЖУРНАЛА

  • Контакты

    Узбекистан, 100000, г. Ташкент, ул. Алайская, 1

  • Подписка на новости

    Чтобы подписаться на наши новости, впишите свой e-mail
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.