Sorry, this entry is only available in Uzbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Бугунги кунда мамлакатимизда аҳолининг турли қатламларини уй-жой билан таъминлаш масаласига устувор аҳамият қаратиб келинмоқда. Бу борада бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, фуқароларнинг турар жойга, зарур қулайликларга эга бўлиши учун шарт-шароит яратиш, енгилликлар, имтиёзлар бериш борасида муайян чора-тадбирлар кўрилмоқда. Хусусан, аҳоли вакилларига қулай шартлар асосида ипотека кредитлари ажратилишига алоҳида эътибор билан ёндашилмоқда.
Шу ўринда қайд этиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида ҳам мазкур масалага алоҳида тўхталиб ўтилди – «Аҳоли эҳтиёжидан келиб чиқиб, иқтисодиётда энг катта талаб яратадиган уй-жой ипотекасига 2026 йилда 23 триллион сўм ресурс ажратамиз. Уй-жой сотиб олишда бошланғич тўлов ва фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун 2,700 трлн. сўм субсидия берилади. Шунингдек, битта квартира учун ажратиладиган имтиёзли ипотека кредити миқдори 15 фоизга оширилади», деди давлатимиз раҳбари.
Дарҳақиқат, йилдан-йилга аҳоли сони ошиб бораётган бир пайтда юртдошларимизга уй-жой учун қулай шартлар асосида ипотека кредитлари ажратилиши, аввало, халқимиз фаровонлиги, оилалар тинчлиги ва хотиржамлигига хизмат қилади. Келажагимиз эгалари бўлган фарзандларимизга муносиб шароит яратиш, уларнинг бекаму-кўст улғайиши ва тарбия олишига замин бўлади.
Республикамизда аҳолини уй-жой билан таъминлашда тижорат банклари, жумладан «Бизнесни ривожлантириш банки» АТБ томонидан ҳам қулай шартлар асосида ипотека кредитлари ажратилиши борасида тизимли ишлар амалга ошириб келинаётгани эътиборга молик.
Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида 2025 йил 23 январь куни ипотека дастури доирасида 2024 йилда амалга оширилган ишлар ва 2025 йил учун режалар тўғрисида кенгайтирилган тарзда ўтказилган видеоселектор йиғилишида 70 минг аҳолини уй-жой билан таъминлашда тижорат банклари томонидан ипотека кредитлари ажратилиши, бунда 30 минг нафар фуқароларга давлат бюджети маблағлари ҳисобидан субсидия тўловлари тўланиши борасида мутасадди вазирликлар ва тижорат банкларига топшириқлар берилган эди.
21 февралда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Уй-жой ва ипотека бозорини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-26 сонли фармони қабул қилиниши мазкур йўналишдаги ишларни янада жадаллаштиришда мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлди. Мазкур фармонга асосан 2025 йилда тижорат банклари томонидан аҳолига ипотека кредитлари ажратиш ва субсидиялар тўланишининг мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланди.
Юқорида қайд этиб ўтилганидек, мазкур йўналишда «Бизнесни ривожлантириш банки» АТБ тизимида ҳам изчил ишлар амалга ошириб келинмоқда. Жумладан, фармон ижроси юзасидан банк томонидан 2025 йил давомида барча манбалар ҳисобидан аҳолига уй-жой сотиб олиш, таъмирлаш, реконструкция қилиш мақсадлари учун 6 минг 919 нафар фуқароларга 1 891,81 млрд. сўм миқдорида ипотека кредитлари ажратилди ва 2024 йилга нисбатан 202 %га ортган.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, аҳоли вакилларига қулайлик яратиш мақсадида уй-жойларни таъмирлаш учун ҳам ипотека кредитлари ажратилмоқда. Бу турдаги кредитнинг муддати 10 йилгача бўлиб, 412 млн. сўм миқдоригача маблағ ажратиш кўзда тутилган. Бу эса юртдошларимизнинг оғрини енгил қилиб, уларга янада қулай имконият яратишга хизмат қилади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маблағлари ҳисобидан 5 530 нафар фуқароларга 1 581,9 млрд. сўмлик ипотека кредитлари ажратилган бўлса, мазкур кредитлар бўйича 3 039 нафар фуқароларга 909,53 млрд. сўмлик ипотека кредитлари субсидия тўловлари асосида ажратилди.
Таъкидлаш жоиз, бугунги кунда банк томонидан фуқароларга ипотека кредитлари ажратилишида бир қатор қулайликлар жорий қилинди. Жумладан:
● банкнинг ўз маблағлари ҳисобидан 72 ёшгача бўлган фуқароларга ипотека кредитлари ажратилиши;
● расмий даромад манбаига эга бўлмаган фуқаролар учун уларнинг банк картаси тушуми асосида ипотека кредитлари ажратиш;
● уй-жой қийматини бошланғич бадал ва ипотека кредитининг энг кўп миқдоридан ортган қисмини молиялаштириш учун қўшимча ипотека кредити ажратиш;
● ўзини-ўзи банд қилган фуқаролар учун ҳам ипотека кредити ажратилиши;
● хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини олиб бораётган фуқароларга улар томонидан ўтказилган пул маблағлари асосида ипотека кредитларини ажратиш;
● биргаликда қарз олувчи фуқароларнинг кредит тарихини ўрганмасдан кредит ажратиш;
● фуқароларнинг шахсий деҳқон хўжалиги, якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти бўйича асосий ҳисобварағидаги пул тушумлари асосида ипотека кредитлари ажратиш каби имкониятлар яратилди.
Ушбу имкониятлар аҳоли вакиллари учун қулайлик яратиш баробарида ўзларининг эзгу мақсадлари йўлида ҳаракат қилишга, замонавий уй-жойларга эга бўлишларига хизмат қилади.
Ўз навбатида, «Бизнесни ривожлантириш банки» АТБ томонидан келгусида ҳам аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастури доирасида фаол иштирок этиши ва бу борада барча зарурий чоралар кўриб борилиши таъминланади. Банк ҳар доим ўз мижозларига қулай шартлардаги таклифларни тақдим этишда давр билан ҳамнафас равишда иш олиб боради.
Ипотека кредитлари ажратилиш билан боғлиқ барча маълумотларни банкнинг расмий веб-сайти ёки 1254 телефон рақами орқали олиш мумкин.
Алишер РАВШАНОВ, «Бизнесни ривожлантириш банки» АТБ Ахборот хизмати ходими
Leave a Reply