Кўзланган мақсадларга тўла-тўкис эришиш учун, энг аввало, жамиятимизнинг барча соҳалари, хусусан, соғлиқни сақлаш тизимида чуқур ислоҳотлар ўтказилишига катта эътибор берилди. Мазкур соҳани ривожлантириш талабларидан келиб чиқиб, унинг ҳуқуқий асослари яратилди. Бугунги кунда 14 та қонун, 120 дан зиёд қонун ости ҳужжатлари соҳадаги ишларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
«Соғлом она – соғлом бола» мақсадли дастури ишлаб чиқилиб, узвийлик билан ҳаётга татбиқ этилмоқда. Энг илғор тажрибалар асосида она ва бола скрининг хизмати, перинатал муассасалар тармоғи ишга туширилди. Аҳолини репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш бўйича махсус марказларга асос солинди.
Юртимизда аҳолига шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишнинг дунёда ўхшаши бўлмаган ноёб тизими йўлга қўйилди. Ҳозирги кунда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, унинг ҳудудий филиаллари, шаҳар ва туманлардаги бўлинмалари, тез тиббий ёрдам хизматининг жойлардаги шохобчалари ва санитар авиация хизмати орқали аҳолига жаҳон андозалари даражасида тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Болаларни юқумли касалликларга қарши эмлаш ишларини такомиллаштириб боришга алоҳида эътибор қаратилаётгани сабабли, сўнгги уч йил мобайнида ротавирус ва пневмококк инфекциясига қарши иккита янги вакцина амалиётга жорий этилди. Бугунги кунда 12 турдаги юқумли касалликларга қарши қўлланиладиган вакциналар давлат бюджети ҳисобидан харид қилинмоқда. 2016 йилда ушбу мақсадларга 18,5 млрд сўм ажратилди. Эмлаш қамрови қарийб 99 фоизни ташкил этмоқда. Таъкидлаш жоизки, бу жаҳондаги энг юқори кўрсаткичдир. Буни халқаро ГАВИ ташкилоти ҳам алоҳида эътироф этиб, миллий эмлаш тақвимимизни янада такомиллаштириш учун махсус грант ажратди.
Юртимизда ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш тизими ҳам йилдан-йилга ривожланмоқда. Бугунги кунда кардиология, жарроҳлик, кўз микрохирургияси, урология, терапия ва тиббий реабилитация, эндокринология, пульмонология ва фтизиатрия, акушерлик ва гинекология, дерматология ва венерология, педиатрия соҳасида махсус илмий-амалий тиббиёт марказлари ташкил этилиб, аҳолига мазкур йўналишларда юксак савияда тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Ушбу тиббиёт муассасаларида ҳар йили эллик мингга яқин юқори технологияли мураккаб операциялар бажарилади. 600 мингдан кўпроқ беморга амбулатор хизмат кўрсатилади.
Ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт муассасаларида катта илмий салоҳият жамланган бўлиб, ўзбек олимларининг долзарб масалаларга оид изланишлари натижасида тиббиётнинг йигирмадан зиёд йўналишлари бўйича 1000 дан ортиқ даволаш-диагностика стандартлари ишлаб чиқилди. Кардиожарроҳлик, урология, педиатрия, акушерлик-гинекология, дерматология, кардиология, кўз микрохирургияси каби соҳаларда қўлга киритилган муҳим ютуқлар бунга мисол. Ушбу илм-фан янгиликларини тиббиётимизнинг барча бўғинларига татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда жойларда мунтазам равишда «Маҳорат дарслари» ташкил этилмоқда. Ўтган йиллар давомида ташкил этилган ана шундай тадбирлар мобайнида юрак, қон-томир, урологик, кўз микрохирургияси соҳаларида 110 га яқин юқори технологияли диагностика ва даволаш усуллари ҳудудий тиббиёт муассасалари амалиётига татбиқ этилди. Бундай янги технологияларнинг жорий этилгани илгари даволаш ўта қийин бўлган кўплаб оғир касалликларни кам жароҳатли усулларда соғломлаштириш, ногиронликнинг олдини олишда муҳим омил бўлмоқда.
Бироқ, тиббиёт ҳар қанча ривожланмасин, касалликни даволашдан кўра унинг олдини олган афзал, деган тамойилнинг ҳаётимиздаги ўрни ҳам чуқурлашаётгани сир эмас. Шу боис, бирламчи тиббий-санитария тизимига эътибор ҳам тобора ривожланиб, бу борада катта ютуқларга эришилмоқда.
Мамлакатимизда замонавий тиббий-профилактика хизмати тиббиётимизнинг узвий бўғини сифатида шакллантирилиб, жаҳон андозалари талабларига тўлиқ жавоб берадиган замонавий тизимга айлантирилди. Айни пайтда уч мингга яқин қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий поликлиникалар, амбулатор-поликлиника муассасалари, туман ва шаҳар марказий кўп тармоқли поликлиникалари халқимизга сифатли тиббий хизмат кўрсатмоқда.
Бугунги кунда ҚВПлари бирламчи тиббий кўрикни ўтказиш учун лаборатория таҳлил воситалари ҳамда бир қатор диагностика аппаратлари билан жиҳозлангани аҳоли учун катта қулайлик яратаётган бўлса, иккинчидан эса мамлакатимиздаги етакчи илмий-амалий тиббиёт марказлари, клиника ва шифохоналарнинг малакали олимлари ва шифокорлари иштирокида саломатлик ҳафталикларини ўтказиш имконини бермоқда. Яъни, ушбу ҳафталиклар ташкил этилганидан буён 26 миллиондан зиёд аҳоли чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. «Ҳеч ким меҳр-эътибордан четда қолмасин» акцияси аҳоли саломатлигини асрашда юксак самара бермоқда. Бугунги кунгача ўнга яқин шундай тадбирлар ташкил этилиб, бу жараёнда чекка ҳудудларда яшайдиган аҳоли, илк марта никоҳдан ўтувчи ёшларни тиббий кўрикка жалб этиш, аниқланган касалликларни ўз вақтида даволашга эришилмоқда.