Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Эркин Зокиров, фахрий журналист, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси. Матбуот, телевидение ва радиода узоқ йиллар фаолият олиб борган ижодкор кўп йиллик фаолияти давомида халқимиз ҳаёти билан яқиндан танишган, бой ва қимматли маълумотлар тўплаган. Мухбиримиз Муқаддас ЮСУПОВА саксон ёшни қаршилаётган отахон билан «Биз ким эдигу, ким бўлдик?» мавзуида суҳбатлашди.
Маълумки, ҳар бир инсоннинг ёшига ёш қўшилгани сайин билими, фикри ва дунёқараши янада кенгайиб, ҳаёт ва жамиятга бўлган муносабати, қарашлари ўзгаради. Аммо ўтган умрининг яхши ва ёмон томонлари, ташвишли ва оғриқли паллалари кўз олдида намоён бўлганда эса ёдига кўпроқ болалик даври тушади. Сўнг беихтиёр ўтган даврини ҳозирги кун, турмуш тарзи, атрофда бўлаётган воқеа-ҳодисалар билан қиёслай бошлайди.
Уруш йиллари эди. Тошкентнинг Хастимом маҳалласида истиқомат қилардик, отам урушга кетган. Онам, мен ва бир яшарлик укам хола ва аммаларимиз кўмагида кун кўрардик. Куз фаслининг сўнгги ойи, изғиринли кунлар эди… Онам бир куни бизни колхозда яшайдиган аммамникига олиб борди. Уйнинг ҳали қуриб улгурмаган деворидан чиқаётган зах ҳиди, эски матолар билан тўсиб қўйилган деразалар ўрни, бир чеккага ўрнатилган сандал, уй сатҳидаги кўсак уюми умрбод хотирамга муҳрланиб қолган. Ўшанда ҳаммамиз тун ярмигача ҳолдан тойгунча кўсак чувидик. Сўнгра, бир бурдадан зоғора нон билан қаноатланиб, уйқуга кетдик. Бундай ачинарли ҳолатлар шўро замонига хос оддий воқеа эди.
Яна бир манзара – талабалик йиллари (чамаси 1955 йиллар эди). Қишнинг қорли-қировли кунида ҳам биз пахта теримида эдик. Ниҳоят, изғирин совуққа инсон бардош беролмай қолгандан кейингина юқори идорадан талабаларни шаҳарга қайтариш ҳақида буйруқ бўлди. Шундай қаҳратон совуқда туман марказигача бўлган 10–12 чақиримдан зиёд йўлни яёв босиб ўтдик. Афсуски, автобуслар ҳали етиб келмаган экан, шу боис яна 12–14 соат чамаси совуқда кутишга мажбур бўлдик. Талабаларнинг аксарияти ўшанда соғлиқларидан айрилиб, анча вақтгача азият чекишган эди.
Куни-кеча юз бергандек туюладиган яна бир воқеа ҳеч ёдимдан чиқмайди. Пойтахтимиз туманларидан бирида ўтаётган йиғилишда райком секретари илмий текшириш институти раҳбари фикрига қулоқ солмасдан туриб, галстугига ёпишди ва пахтага одам юборишни кечиктираётгани учун куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақоратлай бошлади. Тасаввур қиляпсизми, таниқли олим бир зумга бўлса ҳам нигоҳини ердан узолмади. Бу одам ниҳоятда журъатли инсон эди, аммо сиёсатнинг шафқатсиз «қуроли» олдида жуда ожиз эди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг янги тарих китоби (2-жилд)да шундай сўзлар ёзилган: «1917 йил октябрида большевиклар зўрлик билан амалга оширган тўнтариш собиқ иттифоқ халқлари тарихида салкам 75 йил давом этган янги мустамлакачилик саҳифасини бошлаб берди. Натижада, чор мустамлакачилик империяси ўрнини «қизил империя» эгаллади. Янги мустамлакачилик зулми остида яшаган ўлка халқлари большевиклар «социалистик тажрибаси»нинг барча мушкулотларини бошдан кечирдилар. Энг ачинарлиси шундаки, республикадаги ижтимоий-сиёсий, тарихий жараённинг ўта мураккаб ва зиддиятли кечиши кўплаб қурбонлар берилиши, маданий ва маънавий йўқотишларга олиб келди». Шўро даврида республика раҳбарлари Москвадан тайинланиб, ўз ўрнида улар «марказ» манфаатларини кўзлаб сиёсат юритарди. Компартия ягона ҳокими мутлақ бўлиб, унинг айтгани айтган эди.
Марказнинг мустамлакачилик сиёсати туфайли юртимиздаги маънавий ҳаёт сал қолса издан чиқаёзди. Ҳаттоки, ўзбек халқининг миллий байрами «Наврўз»ни йўқ қилиб, ўрнига замонавий «Навбаҳор» байрами ўтказиш керак, деган таклифлар пайдо бўлди. Халқимизнинг қадимий урф-одати, эзгу анъаналари оёқости қилинди. Ўзбек тилига иккинчи даражали тил деб қаралиб, рус тили давлат ва асосий муомала тилига айлантирилди. Фожеа шу даражага бордики, вафот этган яқинининг жанозасида қатнашган киши, агар у коммунист бўлса партиядан ўчирилиб, ишдан ҳайдалди. Йирик илмий нашр – Қомуслар бош таҳририятида ишлаганим боис, бу хусусдаги ишлардан яхши хабардор эдим. Масалан, Қуръон, Ислом дини ёки миллатнинг улуғ фарзандлари – Амир Темур, Навоий, Бобур ҳақида ёзилган мақолалар марказга – москвалик олимларга тақриз учун жўнатилар, нашрга рухсат улар хулосасига кўра амалга ошириларди. Барча соҳада режалаштириш ва молиялаштириш марказ қўлида бўлгани сабабли, ўз хоҳишинг ёки ташаббусинг билан бирон хайрли ишни амалга оширишинг амри маҳол эди.
Аммо, даврнинг шунча эврилиш ва қийинчиликларига қарамай, халқимиз фидокорона меҳнати эвазига улкан моддий ва маънавий бойликлар яратишда давом этди. Афсуски, бу бойликлар халқ фаровонлиги ва миллат равнақи йўлида хизмат қилмади. Касбим тақозосига кўра вилоятларни кезиб, ўз кўзим билан кўрган манзаралар – хароб қишлоқлар, лойсувоқ уйлар, инсоннинг яшаши ва кун кечириши учун номуносиб турмуш шароитлари, ночорлик, эрксизликка дуч келар эдим. Хайриятки, ойнинг қоронғу кунлари ортда қолиб, ундан бугун аччиқ хотира, элас-элас эсланувчи воқеалар қолди, холос. Буларнинг бари шўролар замонида биз ким эдик, деган саволга жавоб эмасми?!
Энди, «Ким бўлдик?» деган саволга мустақил Ўзбекистоннинг эркин ва озод, ҳуқуқлари Конституцияда мустаҳкамланган, ўз ҳаёт тарзини ўзи белгилашга қодир эркин фуқаросимиз, дея оламиз. Мустақиллик ўзбек миллати қадрини юксакларга кўтарди. Ёдимда, 1991 йил сентябрь ойининг боши, яъни Ўзбекистон ўз мустақиллигини эълон қилган кунлар. Республикамизнинг барча вилоят ва туманларида кўтаринки байрам руҳи, ишда юқори кайфият, ҳамма бир-бирини қутлаган, ҳаяжондан кўзларда ёш…
Сир эмас, дастлабки даврларда биз учун ниҳоятда оғир, бениҳоя кўп синовли йиллар бошланди. Кичкинагина оиласининг юкини кўтаролмай, сабр-бардоши етмасдан, охири йўқ кўчаларга кириб кетганлар бўлди. Миллати шаънини, ўзининг инсоний қадр-қимматини оёқости қилганлар-чи? Шу ўринда ўзингга савол бериб, ўйланиб қоласан. Ўзбекистон, дея аталмиш катта оиланинг юкини кўтариш учун қанчалар метин ирода, Оллоҳ берган қанчалар куч-қувват, буюк ақл-заковат керак экан Инсонга?! Сабру бардош билан бирин-кетин марралар, чўққилару довонлар забт этилди. Аста-секин оилаларимизга қут-барака, турмуш тарзимизга фаровонлик кирди. Асрлар давомида кутилган фараҳбахш кунларга сабр-матонат билан етиб келдик.
Юртбошимизнинг узоқни кўзлаб олиб борган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлари ва бозор иқтисодиёти муносабатларига босқичма-босқич ўтиш сиёсати, ривожланишнинг машҳур беш тамойили асосидаги «ўзбек модели» республикамизда сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий барқарорликни таъминлашга хизмат қилди.
Давлат сиёсатининг бош мақсади – инсон манфаатларига йўналтирилиб, юртимиз қисқа даврда ғалла ва нефть мустақиллигига эришди, халқ фаровонлиги юксалиши учун ишбилармонлик ва тадбиркорлик йўллари очиб берилди. Соғлиқни сақлаш ҳамда таълим тизими, қишлоқ хўжалиги ва ижтимоий ҳимоя, маданият ва илм-фан соҳалари замонавий андозалар даражасида ривожланиши учун етарли шарт-шароитлар яратиб берилгани эса, Ўзбекистонни ҳар жабҳада жадал тараққий этаётган мамлакатлардан бирига айлантирди.
Биргина матбуот соҳасини олайлик. Президентимизнинг алоҳида ғамхўрлиги, матбуотни ривожлантириш ва такомиллаштиришга оид ўнга яқин қонун, кўплаб қарорлар туфайли қалам аҳлига эркин ижод қилиш, нашр этиш ва ахборот олиш учун кафолатлар тизими яратиб берилди. Ўша олис мустабид замонини бугунги имконият ва имтиёзлар, эркинлик даври билан қиёслаб кўриш инсон табиатига хос жиҳат. Чунки, мендек кекса журналистни бир нарса беҳад қувонтиради. У ҳам бўлса, айнан мустақилликнинг дастлабки 15 йилида – радио ва матбуотда ишладим. Ўша йиллари бутун борлиғим билан фаолият юритдим, десам асло муболаға бўлмас. Мазкур йилларда Мустақиллик эндигина куртак ёзаётган ва жамиятимизда кўплаб ижобий ўзгаришлар, янгиланишларга энди-энди биринчи қадамлар қўйилаётган эди. Мустақиллигимизни мустаҳкамлашга сидқидилдан ҳисса қўшаётган турли касб эгалари, замонамиз қаҳрамонлари билан ҳамсуҳбат бўлдим, улар ҳақида баҳоли қудрат мақолалар ёзиб, репортажлар тайёрладим.
Бугунги журналистларга яратилган ижодий ва техник шарт-шароитлар, соҳадаги жиддий ўзгаришларни кузатар эканман, ўтмиш билан бугунги кун орасида жуда катта фарқ борлигига, мустақиллик даврида беқиёс ва залворли ишлар қилинганига гувоҳман. Инсон омилига эътибор, унинг эркин яшаши ва тўлақонли ҳаёт кечириши учун яратилган шароит, аҳоли фаровонлик даражасининг юқорилиги бугун нафақат менда, балки ҳар бир ёшу қарида шукроналик ҳиссини оширади. Баъзан рўй бераётган давомли янгиликлардан тўлқинланиб, беихтиёр қўлга қалам оламан.
Аммо, бир нарса кундек равшан. Бугунги дориламон кунларга осонликча, ўз-ўзидан етиб келганимиз йўқ. Ўзбекистоннинг мустақиллик учун кураши ва ўтган йиллар мобайнида эришган ютуқлари ҳақида фикр юритганимизда, албатта унинг замирида улкан ирода, мислсиз меҳнат, катта куч ва беқиёс салоҳият ётгани, бунда энг аввало, халққа йўл кўрсатган, улуғ ишларга бошлаган, раҳнамолик қилган шахснинг ролини чуқур англаш зарур.
Юртбошимиз собиқ шўро тузумидан кейинги беқарор, нотинч даврда республикада барқарорликни мустаҳкамлаб, халқда буюк келажакка нисбатан ишончни пайдо қилди, олдимизга миллат шаънини юксакликка кўтарувчи улкан мақсад ва вазифалар қўйди. У Ўзбекистонда амалга оширилган тарихий ўзгаришларнинг ташаббускори ва раҳнамоси, истиқлол дастурини ишлаб чиққан ва миллий тараққиёт йўлини белгилаб берган давлат арбоби сифатида дунё миқёсида тан олинди.
Ислом Каримов халқаро мезонларга тўла жавоб берувчи Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг асосий муаллифи ва уни ҳаётга татбиқ этишнинг кафолатидир. У Марказий ҳокимият ва унинг жойлардаги бўғинларини ислоҳ қилиш, инсон, жамият ва давлат муносабатларини уйғунлаштиришга қаратилган янги сиёсий-ижтимоий тизим тамойилларини яратишга муваффақ бўлган, дунёда бармоқ билан санарли шахслардан бири сифатида бутун дунёга танилди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг ҳудудий яхлитлиги, сарҳадларимиз дахлсизлигини ҳимоя қилишга қодир қуролли кучлар, чегара ва ички қўшинларни замонавий ислоҳотлар асосида ташкил этди. Ўзбекистонда адолатсизлик ва тазйиқ авж олган йилларда ўзбек номини ноҳақ таҳқирлардан ҳимоя қилиб, халқнинг ор-номусини, миллий ғурурини тиклашда фидойилик кўрсатди.
Дарҳақиқат, халқимиз бугун барча соҳаларда улкан ғалабаларни қўлга киритмоқда. Бугунги ёшлар кенг дунёқараш, эркин тафаккурга таяниб мустақил яшаш, ўз ҳаёт йўлини ўзи белгилаш салоҳиятига эга бўлди.
Биз, бугун демократик фуқаролик жамияти барпо этиш йўлидан дадил бораяпмиз. Эзгу ниятга элтувчи йўлимиз, саъй-ҳаракатларимиз ўз мевасини бермоқда. Ўтган чорак аср давомида буюк мақсад сари қўйилган ҳар бир қадамимиз халқимизни юксалиш ва тараққиёт сари етаклаётгани шубҳасиз. Келажак наслимиз асрларга тенг бўлган кураш, интилиш, эврилиш ва янгиланишларга тўлиқ 25 йилни улуғ мақсадлар сари қўйилган буюк ва мустаҳкам пойдевор сифатида эслашига, эзгу ишларнинг муносиб давомчиси бўлишига ишонаман!