Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Ишлаб чиқарувчилар учун яратиб берилаётган шарт-шароитлар, жорий этилаётган имтиёзлар ва преференциялар муваффақиятли фаолият юритишга интилаётган хусусий корхоналар, тадбиркорлик субъектлари учун ниҳоятда қўл келмоқда. Буни узлуксиз тарзда модернизация жараёни кечаётган «Қўқонспирт» акциядорлик жамияти мисолида ҳам кўриш мумкин.
Барча шароитлар яратилиб, замонавий дастгоҳлар билан жиҳозланган корхонада ишлаб чиқарилаётган сифати юқори ҳамда тиббиёт нуқтаи-назаридан халқаро талабларга мослиги билан ажралиб турадиган маҳсулотлар харидорларга манзур. Бу эса, ўз навбатида, корхонадаги ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш ҳамда сифатини янада яхшилаш имкониятини оширмоқда. Тармоқларнинг таркибий тузилишини ўзгартириш, модернизациялашни такомиллаштириш ва ислоҳотларни чуқурлаштиришда босқичма-босқич амалга оширилаётган ишлар корхона ривожида муҳим роль ўйнамоқда. Қолаверса, юртимизда қулай ва жозибадор сармоявий муҳит яратилиб, тадбиркорлик субъектлари фаолияти тизимли равишда қўллаб-қувватланаётгани, уларнинг рақобатбардошлигини оширишга устувор йўналиш сифатида қаралаётганлиги ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
Қувонарлиси, амалга оширилаётган мана шундай ислоҳотлар корхона ютуқларида, унинг иқтисодий даражаси юксалишида намоён бўлмоқда. Ҳудудга саноатни олиб кириш, сифатли маҳсулот билан ички бозорни таъминлаш, экспорт ҳажмини кўпайтириш, муқим иш жойлари яратишда ҳам мазкур корхонанинг иштироки сезиларли даражада бўлмоқда. Айниқса, истиқболли лойиҳалар татбиқ этилаётгани, замонавий технологиялар асосида мамлакатимиздаги хомашё манбаларидан оқилона фойдаланиб, юқори қўшимча қиймат яратилаётгани ҳамда сифатли маҳсулот ишлаб чиқаришга эришилаётгани ҳам корхона ривожланишига янада жадаллик бахш этаяпти.
Ушбу акциядорлик жамияти 1995 йилда қайта ихтисослаштирилгач, унинг биринчи навбати ишга туширилиб, ишлаб чиқариш қуввати йилига 1642,8 минг декалитрни ташкил қилди. «Қўқонспирт» акциядорлик жамияти қўллаб-қувватланаётгани сабабли, фаолияти тобора кенгайиб, иқтисодий самарадорликка эришаётган бизнес субъектларидан бирига айланди. Кўриниб турибдики, мана шу зайлда ишлаб чиқаришни ривожлантириш бўйича кўрилган чоралар самараси маҳсулот тури, сифати ва ҳажмининг ортишида ҳам ўзининг ёрқин ифодасини топди.
«Қўқонспирт» акциядорлик жамияти фаолиятининг аҳамиятли жиҳати шундаки, бу ерда асосан маҳаллий хомашёдан маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда, шунга қарамай уларнинг сифати юқори, нархи эса нисбатан арзон. Маҳсулотнинг арзонлиги, рақобатбардошлиги корхона фаолиятининг тобора кенгайиб боришига хизмат қилмоқда. Ўтган вақт ичида мазкур жамият ишлаб чиқариш фаолиятида катта тажриба орттиришга муваффақ бўлди. Шу боис, 2000 йилда корхонанинг иккинчи навбати ишга туширилиб, озуқа этил спирти ишлаб чиқариш 821,4 минг декалитрни, жами йиллик куввати 2464,2 минг декалитрни ташкил этди. Бу, ўз навбатида, корхона даромадларини ошириб, янги иш ўринлари яратилишига ижобий таъсир кўрсатди.
Корхонада ходимларнинг самарали меҳнат қилишлари учун барча шарт-шароитлар яратиб берилаётгани, ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватланаётгани ҳам ўзига хос ютуқлар омили бўлмоқда. Бу эса, корхона ишчи жамоаси ўз меҳнат самарасидан баҳраманд бўлиб, кўтаринки кайфиятда самарали меҳнат қилишини таъминламоқда. Бу ерда ҳар бир ишчига ўз вазифасини бажаришига қараб ҳақ тўланади. Улар қанча унумли ишласа, корхонанинг даромадлари шунча ортишини, пировардида ўзларининг ҳам меҳнат ҳақлари янада кўпроқ бўлишини яхши англашади.
Меҳнат жамоаси бозор талабларини чуқур ўрганган ҳолда янгича кўринишга эга, экологик тоза маҳсулот тайёрлаш бўйича тинмай изланяпти. Бунинг натижасида хомашёларга бўлган эҳтиёжни маҳаллий маҳсулотлар ҳисобига қондириш масаласи ижобий ҳал этилмоқда. Айниқса, ҳозирги кунда ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш, соф фойдани кўпайтириш, янги иш ўринлари яратиш бўйича «Қўқонспирт» акциядорлик жамияти буғдойни чуқур қайта ишлаш лойиҳаси устида иш олиб бормоқда. Жумладан, Германиянинг «Flottweg SE», «VetterTec» ҳамда Чехиянинг «Zavkom international» Sro компаниялари билан жами 11,4 млн евро миқдоридаги шартномалар имзоланиб, ушбу инвестицион лойиҳани молиялаштириш учун «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБга ҳужжатлар топширилди. Албатта, ушбу мақсад рўёбга чиқарилиши натижасида мазкур соҳага миллий инновацион ишланмалар кенг миқёсда татбиқ этилиши жадаллашаётгани намоён бўлади.
Зеро, бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан бири инновацион ишланмаларни ҳаётга кўпроқ татбиқ этиш ҳисобланади. Бу эса, қайта ишлаш тармоқларининг замонавий ускуналар билан жиҳозланиши маҳсулотлар турини мунтазам равишда янгилаб бориш, сифат даражасини янада яхшилаш имконини беради. Халқаро андозалар талабларига тўла жавоб берадиган сифатли ва замонавий маҳсулотлар тайёрлаш корхонанинг юксалишида муҳим ўрин тутади. Мазкур жиҳатни чуқур ҳис этган корхона жамоаси, биринчи навбатда, талабчан харидорлар манфаатини ҳисобга олади. Бу каби ишларнинг барчаси юртимизда қўшимча иш ўринлари яратиш, рақобатбардош маҳсулотлар тайёрлашга хизмат қилмоқда.
Бундан ташқари, маҳсулотлар сифатига тўғри баҳо бериш, бозорларни энг мақбул нархли маҳсулотлар билан тўлдиришда технологик янгилаш вазифаси муваффақиятли ҳал қилингани ижобий таъсир кўрсатмоқда. Хусусан, 2012–2015 йилларда Италиянинг «FrilIi Impianti s.r.i.» ҳамда «MDT.ing» компаниясидан технологик линиялар сотиб олиниб, спирт ишлаб чиқариш цехлари модернизация қилинди. Натижада, корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 4015,0 минг даллни ташкил қилди.
Шу билан бирга, «Қўқонспирт» акциядорлик жамияти таркибида меваларни қайта ишлайдиган «Қўқон-консерва», текстиль маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган «Барака файз импекс текстиль» ва қорамоллар боқишга мўлжалланган «Хавоқанд Қўқон» МЧЖлари фаолият кўрсатади. Мазкур акциядорлик жамиятида кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижаларидан бу ерда замонавий инфратузилма яратилгани яққол акс этиб турибди. Шунингдек, жамият Ўзбекистон Олий лигасида қатнашаётган «Қўқон-1912» футбол клубининг таъсисчиси ҳисобланади.
Ҳақиқатан ҳам, «Қўқонспирт» акциядорлик жамияти мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантириш, аҳолининг турмуш фаровонлигини юксалтириш, қишлоққа саноатни олиб кириш ва муқим иш жойларини яратиш жараёнларида фаол иштирок этмоқда.
Анваржон ҚОБИЛОВ,
«O‘zIA» мухбири