(O´zbek) O‘zbekiston mebel sanoatining rivojlanish strategiyasi

1-2/2018

Извините, этот техт доступен только в “O´zbek”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

     Тадқиқотлар шундан далолат берадики, мебеллар сотиб олишга қилин­ган хара­жатлар узоқ муддатли товарлар орасида уй сотиб олишдан кейин иккинчи ўринда туради, шу туфайли мебель маҳсулот­лари динамикасини ўрганиш катта аҳа­миятга эга. Шунингдек, мебеллар сотиб олиш динамикаси аҳоли турмуш даражасини ифодаловчи кўрсаткичлар сирасига киради. Мамлакатимизда амалга оширилаётган Ўзбекистон Рес­публикасини 2017–2021 йилларда ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳара­катлар стратегиясида иқтисо­диётни янада ривож­лантириш ва либераллаштириш ва шу асосда аҳоли­нинг моддий фаровонлигини ошириш, яшаш ша­рои­тини яхшилаш вазифалари белги­ланган.
     Жаҳонда юз бераётган технологик ўзгаришлар, глобализация жараёни, ижтимоий оммавий воситалари ролининг ортиши, демографик ўзгаришлар ва аҳоли харид қобилият­ларининг кўтарилиши мебель ишлаб чиқарувчилар ва чакана сотувчилар учун катта имкониятлар очиб бер­моқда. Маълумки, алоҳида мамлакатлар ва минтақалар иқтисодиёт­ларининг шаклланиши ва ривожланишига узоқ муддатли фойдаланиладиган товарлар бозорининг барқа­рор ўсиши жиддий таъсир кўрсатади. Узоқ муддатли фойдаланиладиган товарлар ишлаб чиқариш жаҳондаги интеграцион жараёнлар омилларидан бири ҳисобланади, узоқ муддатли фойдаланиладиган товарлар бозорлари эса иқтисодиётнинг энг му­ҳим секторларидан бирига айланади. Жаҳон иқтисодиётидаги глобал мо­йилликларнинг кўпчилиги айнан узоқ муддатли фойдаланиладиган товарлар бозорларига киради. Айнан шундай бозорлардан бири бу мебель бозоридир.
     Глобализация таъсирида бозорлардаги рақобат муҳити ўзгариб туриши бир томондан, мебель ишлаб чиқарувчилар ўз маҳоратлари ва қо­билиятларини оширишни тақозо этса, иккинчидан, истеъмолчиларнинг янги маҳсулот ва ассортиментга бўл­ган талабининг кучайиши мебель саноатида янги инновациялар жорий этишни талаб қилмоқда.
     Ўзбекистон Республикаси Статистика Қўмитасининг маълумотларига кўра 2014 йилда республикамизда 2336 та мустақил балансга эга корхоналар бўлган бўлса, 2015 йилда бу кўрсаткич 2385 донани ташкил этди. Уларни учта гуруҳга ажратишимиз мумкин: кичик корхоналар (ишчилар сони 50 кишидан кам), ўрта (51–200 киши) ва катта корхоналар (ишчилар сони 200 кишидан юқори). Кичик ва хусусий тадбиркорлик корхоналари кўпчиликни ташкил этади ва уларнинг жами ишлаб чиқаришдаги улуши 60 фоизга тенг. Аксарият кичик корхоналар маҳаллий технология ва кам капитал билан иш юритади. Йирик корхоналар (Файз холдинг компанияси, Тошкент мебель, Кенг макон ва бошқа.) бозордаги асосий ва етак­чи мебель таклиф этувчилар ҳисобланади. Йирик корхоналар замонавий технология ва йирик капитал асосида иш юритади. Уларнинг айримлари ўз мебель марка ва бренд­ларига эга.
     Мебель саноатининг ривожланиш одимлари юқори бўлишига қа­рамасдан унинг экспорт потенциалидан тўлалигича фойдаланилмаяпти. Ўзбекистоннинг ташқи (экспорт) мебель бозори унча ривожланмаган. Таҳлил­лар 2015 йилда мебель экс­портининг улуши паст эканлигини кўрсатди, аммо у ўсиш тенденциясига эга. Таш­қи бозорга Ўзбекистон ёғочдан ва металлдан ишланган мебелларни со­тади. Экспорт мебелидаги асосий харидорлар жумласига Қозоғистон, Тожикистон, Қир­ғизис­тон, Озарбойжон, Миср, Туркия ва Россия Федерацияларини киритиш мумкин. Ўзбекистон мебель саноати қўшни мамлакатлар мебель саноатидан устун­ликкга эга. Бунга бетакрор маданият ва турмуш тарзига маҳсулот­ларнинг мослиги, саноатда қўлла­нилаётган материалларнинг ўринбосарлик хусусиятлари, ҳукумат­нинг маҳаллий ишлаб чиқа­рувчи­ларни қўл­лаб-қувватлашидир. Ма­ҳаллий иш­лаб чиқа­рувчилар ички ва халқаро талабни қондириш учун хизмат қи­ладилар. Ижтимоий муҳит­нинг ўзгариши, бозор иқтисо­диётида яшаш турмуш тарзининг кўп аъзолик оиладан кичик оилаларга ўтиш мебель саноатининг ривожланиши, уй жой жиҳоз­ларига бўлган талабнинг ошишини тақозо этмоқда. Жаҳон мо­лиявий иқтисодий инқи­рози мебель бозори динамикасига ҳам ўз таъсирини ўт­казмоқда. Хомашё материаллари, электроэнергия ва ёқилғи­нинг қим­матлашуви ишлаб чиқариш харажатларининг ошишига сабаб бўл­моқда ва бу шароитда локализация дастурини жадал суръатларда амалга ошириш зарур.
     Халқаро мебель ишлаб чиқарув­чилар (Италия, Туркия, Миср, Бельгия, Франция, Руминия ва б.) томонидан ишлаб чиқарилган ва Ўзбекис­тонга импорт қилинган мебеллар даромади юқори бўлган истеъмолчиларга мўлжалланган бўлиб, улар Тошкент, Самарқанд, Фарғона, Навоий сингари шаҳар марказларидаги дўконларда сотилади. Хитойдан импорт қи­линган мебеллар аҳолининг даромади паст қатламига мўлжалланган.

10_Ostonakulova1_uz

Ўзбекистон Республикасининг мебель маҳсулотлари экспорти ҳам барқарор ўсиш тенденциясига эга. Мебель экспорт ҳажми 2010 йилда 1818 минг АҚШ долларини ташкил этган бўлса, 2013 йилда эса 4205 минг АҚШ долларини ташкил этган. Бу кўрсаткич 2014 йилда мебель саноатида 2010 йилга нисбатан 2 баробардан зиёд ўсганлигини кўрсатади, аммо 2015 йилда бу кўрсаткич бир неча фоизга камайди (1-расм).
Мамлакатимизда мебель ишлаб чиқариш ҳажмининг барқарор ўсиши мебель импортининг 2015 йилда 2011 йилга нисбатан 30 % га камайишига сабаб бўлди (2-расм).

10_Ostonakulova2_uz

Ҳар қандай тармоқнинг барқарор ривожланиши фақат маълум харид талабига эга бўлган товарларни ишлаб чиқариш ва сотиш билан тўғ­ридан-тўғри боғлиқдир. Бу эса тар­моқ истеъмолчиларининг хатти-ҳа­ракатини, уларнинг харидни амалга ошириш қарорини қабул жараёнига таъсир этувчи омилларни батафсил ўрганишини тақозо этади.
Мебель бозорини асосий икки гуруҳга, яъни маиший ва ташкилотлар учун мебелларга ажратиш мумкин. Ташкилотлар учун мебеллар бо­зори ичида ҳам ўзларининг ўзига хос хусусиятларига эга бўлган бир нечта махсус соҳаларни ажратиб кўр­сатиш мумкин: офис мебели, ўқув муассасалари, шифохоналар, рес­торанлар, дўконлар, омборхона бинолари кабилар учун махсус мебеллар.
Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган мебель маҳсулот­ларини турларига кўра ишлаб чиқа­риш таркибини таҳлил қиладиган бўл­сак, жами ишлаб чиқаришнинг 58 фоизи маиший мебелга, 39 фоизи таш­килотлар учун мебелларга ва 3 фоизи бошқа мебелларга тўғри келади. Ёғочдан ясалган мебелларнинг улуши 2015 йилда 61,3% ни ташкил этди.
Янги ахборот технологиялари мебель ишлаб чиқариш ва маркетингни тубдан ўзгартириш потенциалига эга. Бу технологиялар бозорларнинг глобаллашувини тезлаштиради, жумладан, улар жаҳон бозорларидаги ишлаб чиқарувчилар бозор ҳукмрон­лигини истеъмолчиларга ўтказиши мумкин.
Илгариги даврда Ўзбекистон мебель ишлаб чиқарувчи компаниялар халқаро бозорлардан холи бўлганлиги туфайли улар маҳаллий бозорларда ҳукмронлик позициясида бўлиб, етарлича ва юқори сифатли хом­ашё материаллари, истеъмолчилар кўплиги ва мебелларни ташишда транспорт тўсиқлари борлигидан наф кўрганлар.
Ҳозирги пайтда маҳаллий мебель бозорлари умуман олганда халқаро рақобатли (халқаро бозорда рақобат­бардош) бўлиб, уй-жиҳозлари импорти уларнинг экспортига нисбатан тез ўсиб бормоқда. Мебель жиҳоз­ларини экспорт қилишда фаоллик кўрсатган вилоят ва ҳудудлар жумласига, Андижон, Бухоро, Навоий, Самарқанд, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳри киради. Чет эллик мебель маҳсулотлари ҳаридорларига асосан, Россия Федерацияси, Қозоғистон, Тожикистон ҳамда Афғонистон киради. Аммо Республикамизнинг мебелларини экспорт қилиш сало­ҳияти энди шаклланмоқда. Шу туфайли, ҳозирги пайтда республикамиз ма­ҳаллий бозорида чет элда ишлаб чи­қарилган мебель маҳсулотлари ҳукм­ронлик қилмоқда. 2015 йилда республикамизга 162,9 млн. АҚШ долларига тенг бўлган мебель маҳ­сулотлари импорт қилинди. Маълу­мотларга кўра республикамизга асосий мебелларни экспорт қилаётган мамлакатлар қаторига Туркия, Хитой, Россия Федерацияси, Германия, Польша, Латвия, Чехия фирмалари киради.
Мебеллар импорти ошиши таш­қи савдонинг эркинлашуви, логистика ва ахборот коммуникацияси технологиядаги ютуқлар ҳисобига амалга ошди. Аммо глобализиция ва хал­қаро рақобат туфайли мебель ишлаб чиқа­рувчи фирмалар доимо инновацияларни кенг жорий қилмоғи, хомашё етказиб берувчилар, тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчилар, мебель дистрибютерлари ва сотувчилари янги маркетинг янгиликларини қўллаши лозим. Юқори рақобатли бозорларда, жумладан, мебель маҳ­сулотлари бозо­рида, ишлаб чиқарув­чиларнинг «яшов­чан»лиги учун ўзгаришлар, яъни янгиликлар қилиш ўта муҳим­дир.
Давр талабига жавоб бериш, тўх­товсиз инновацияларни яратиш ва қўллаш, янги технологияларга, тренд­ларга, шароитга мослашиш фирмаларнинг узоқ муддат «яшов­чан»лиги гаровидир.
Мебель маҳсулотлари экспорти ва импортининг Ўзбекистонда кейинги йилларда ортишига бир неча ижобий омиллар сабаб бўлмоқда:
● биринчидан, ахборот технологиялари истеъмолчилар ва ишлаб чиқарувчилар, мебель ишлаб чиқа­рув­чилар ва уларга хомашё етказувчилар алоқаларини кучайтирди, глобал ахборот алмашуви харидорлар танловидаги фарқларни ҳам пасай­тирди;
● мебелларни контейнерларда ташиш халқаро транспорт харажат­ларини пасайтирди, уларнинг ташиш­даги шикастланишига барҳам берилди. Истеъмолчиларнинг мебеллар қис­мини осонгина йиғиш мумкин бўл­ган хилларига харидорларнинг та­лабини оширди;
● бугун мебель ишлаб чиқариш ва маркетингдаги янги технологиялар халқаро кўргазма ва ярмаркалар туфайли кенг қўлланишига сабаб бўл­моқда. Ўзбекистонда кейинги йилларда уч марта мебель маҳсулотла­рининг халқаро ярмаркаси ўтка­зилди;
● халқаро савдодаги мамлакатлар орасидаги тўсиқлар олиб ташланди ёки юмшатилди.
Юқоридаги ўзгаришлар Ўзбекистон Республикасида мебель бозорининг тез ўсиши ва кенгайиши даврига мос келди. Мустақиллик йилларида аҳоли сонининг ортиши, турмуш шароитининг яхшиланиши, да­ромадининг ортиши мебель маҳсу­лотларига бўлган талабни оширди. Бу эса мебель ­бозорининг ривожланишига сабаб ­бўлди.
Республикамизда тадбиркорлар ва инвесторлар учун яратилган қу­лай муҳит худудлар кесимида ҳам мебель ишлаб чиқаришнинг жойлашуви ва структурасига ижобий таъсирини ўтказмоқда. Бу соҳадаги тадбиркорлик ай­ниқса, Андижон, Самарқанд, Наманган, Фарғона, Сурхондарё вилоятларида ҳам кенг тараққий этмоқда. Мебель саноатини янада тезкор ривожлантириш учун маҳсулот сифатини янада ошириш, таннархини па­сайтириш, товар ва хизматларни ди­версификациялаш, инновацияларни кенг жорий этиш, аҳолининг талабини маркетинг тад­қиқотлари асосида ўрганиш соҳа­нинг биринчи галдаги вазифалари қа­торига киради.

 
 
Гулсарахон ОСТОНАҚУЛОВА,
иқтисод фанлари номзоди

РЕКОМЕНДОВАТЬ ДРУЗЬЯМ

  • сделать заказ

    сделать заказ
  • АФИША

  • Реклама

  • АРХИВ НОМЕРОВ ЖУРНАЛА

  • Контакты

    Узбекистан, 100000, г. Ташкент, ул. Матбуотчилар, 32

  • Подписка на новости

    Чтобы подписаться на наши новости, впишите свой e-mail
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.