(O´zbek) 2020 йил чақириқлари: ҳар қандай қийинчиликларни енгиб ўтиш мумкин

4/2020

Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

     Ватанпарварлик, жонажон заминга муҳаббат ва она юртга фидокорона хизмат қилиш қадриятлари авлоддан-авлодга ўтиб, ҳа­мон Ўзбекистон халқини жипслаштириб келмоқда. Биз қийин­чиликларни енгиб, ҳар қандай шароитда ўз мақсадларимизга эришишга қодирмиз. Мамлакатимизнинг бугуни ва келажаги қандай бўлиши фа­қат бизга, ҳар биримизнинг умумий саъй-ҳаракатларимизга боғлиқ.
     Агар жамиятда одамлар саломатлигига алоҳида эътибор берилса, тинчлик ва барқарорлик таъминланса, бундай жамият албатта, ўз мақ­садларига эришади. Афсуски, жорий 2020 йилда ушбу вазифаларни бажариш бир мунча қийинлашди. 2020 йилнинг бошиданоқ кўплаб кутилмаган кўнгилсиз ҳодисалар содир бўлишига қарамай, улар тарих кечмишини тубдан ўзгартириб юборди, десак муболаға бўлмайди. Давлатимиз олдида юзага келган инсон саломатлигига оид жиддий таҳдид, хавфсизлик, иқтисодиётнинг турғун­лигига эришиш, умуман жамият бар­қарорлигини таъминлаш каби масалалар ҳар биримизнинг одатий ҳаёт тарзимизни ўзгартириб, режаларимизга таъсир этмай қолмади. Бироқ юзага келган инқироздан чиқиб кетиш йўлида қилинган бир қанча саъй-ҳаракатлар туфайлигина бу борада ижобий динамика кузатилмоқда, демак юзага келган вазиятга тўғри баҳо берилди, қўлланилган чора-тадбирлар эса ўз вақтида ва самарали бўлди.
     Бироқ олдимизда ҳали қилиниши керак бўлган улкан ва кенг кўламли вазифалар турибди. Коронавирус пандемиясини бутунлай енгиш, иқти­содий ўсишни тиклаш, фалокатдан зарар кўрган ҳудудларга янги ҳаёт бахш этиш ва ижтимоий муаммолар билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш учун ҳали кўп ишлар қилиниши ­керак.
 
 
Бухоро, Навоий, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларидаги ноқулай об-ҳаво оқибатлари
 
     27 апрелдан 28 апрелга ўтар кечаси ушбу тўрт вилоят аҳолисининг хотирасида ҳали узоқ вақт сақланиб қолади. Қўшни Туркманистон ҳуду­дидан келган кучли шамол 9-40 м/с тезликда ҳаракатланиб, ўз йўлидаги ҳамма нарсани ер билан яксон қилди. Афсуски, одамлар орасида қурбонлар ва жабрланганлар ҳам бўлди.
     Табиий офат айниқса Бухоро вилоятига кўп талофотлар келтирди, кўплаб объектлар зарар кўрди. Тўфон қўшни ҳудудларга ҳам катта зарар етказди. Кучли шамол оқибатида 41 мингдан ортиқ уй-жой ва 842 та ижтимоий объект, шу жумладан, 359 та мактаб, 163 та болалар боғчаси ва 96 та соғлиқни сақлаш объекти зарар кўрган. Қишлоқ хўжалиги, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш соҳаси ва инфратузилмага жиддий зиён етди. Газ ва электр таъминоти тизимида 295 та авария ҳолати юз берди.
     Фалокат оқибатларини бартараф этишга Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ички ишлар ва Мудофаа вазирликларининг 32,5 мингдан ортиқ ишчи- ходимлари, шунингдек, Миллий гвардия хизматчилари жалб этилди. Шикастланган объектларнинг аксарияти қисқа вақт ичида таъмирланиб, қайта тикланди. Барча зарар кўрган уйларда электр ва газ таъминоти қайта тикланди.
     Табиий офат оқибатларини бартараф этиш мақсадида Бош вазирнинг биринчи ўринбосари бошчилигидаги ҳукумат комиссияси тузилди. Комиссия Қурилиш вазирлиги, «Ергеодезкадастр» давлат қўмитаси, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги экспертлари жалб қилин­ган ҳолда турар-жой бинолари, ижтимоий объектлар, муҳандислик-коммуникация тармоқларига етказилган зарар миқдорини аниқлади. Тўфон оқибатларини бартараф этиш учун давлат бюджетидан 100 млрд. сўм (9,8 млн. доллар), Бухоро вилояти бюджетидан эса 82 миллиард сўм (8 млн. доллар) ажратилди. Мамлакатнинг бошқа минтақалари зарар кўрган ҳудудларга хайрия ёрдами кўрсатиб, пул маблағлари, қурилиш материаллари ва мева-сабзавот маҳ­сулотлари жўнатилди.
     Ишлаб чиқилган механизмлар ва кўрсатмаларни ижро этиш, шунингдек, янги лойиҳаларни амалга ошириш ва ташкил этилаётган корхоналарни ишга тушириш муддатлари белгиланган ҳолда тегишли идоралар, тижорат банклари ва маҳаллий ҳокимият органларининг раҳбарлари тимсолидаги аниқ ижрочилар ўртасида тақсимланди. Тўфон оқибатлари билан боғлиқ чора-тадбирлар ва кўр­сатмаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини назорат қилиш Бош прокуратура томонидан қатъий ва мунтазам мониторинг тизими ҳисо­бидан амалга оширилди.
     Бу табиий офатдан асосан қишлоқ хўжалиги катта зарар кўрди, чунки тўфондан кейинги кучли жала 6,5 минг гектар пахта далалари ва 12 минг гектардан ортиқ буғдой майдонларини пайҳон қилди. Қарийб 200 гектар иссиқхона ва 2 минг гектардан ортиқ боғларга талофот етказилди. Фермерлар пахтани қайта экишди, буғдой учун мўлжалланган ерларнинг зарарланган қисмига бошқа экинлар – маккажўхори, буғдой, кунга­боқар, соя экилди. Шундай қилиб, мавжуд 97 900 гектар пахта майдонларидан 6 451 гектарида экин экиш ишлари қайта ўтказилди. 12 минг 619 гектар ғалла майдонлари зарар кўрди. Пайҳон бўлган 680 га ғалла майдонларининг 248 гектарига пахта, қолган 185 гектарига соя, 120 гектарга кунгабоқар экилди. Бундан таш­қари 19 гектар заминга қовун экилиб, 68 гектарга мош, 40 гектарга эса маккажўхори уруғи қадалди.
     Жорий йилнинг 8-10 май кунлари Бухоро вилоятининг Олот, Қоракўл ва Жондор туманларига Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг муовини С.Умурзоқов бошчилигидаги турли вазирликлар, идоралар, тижорат банклари ва маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарларидан иборат ишчи гуруҳ ташриф буюриб, унда маҳаллий тадбиркорлар, шу жумладан, тўфондан зарар кўрган иссиқ­хона эгалари билан учрашувлар ўтказилди. Гуруҳ аъзолари томонидан зарар кўрган ҳудудлардаги ишлаб чиқарув­чилар ва экспортчилар фаолиятини қайта тиклаш мақсадида уларни молиявий қўллаб-қувватлаш механизмлари ва алгоритми ҳамкор­ликда, бамаслаҳат ишлаб чиқилди.
     Айрим тадбиркорларга мавжуд кредитлар бўйича қарзларни реструктуризация қилиш, етказилган зарарни баҳолашни жадаллаштириш ва суғурта компаниялари томонидан суғурта полислари бўйича тўловлар тартибини тезлаштиришда кўмаклашилди. Кредитни қайтариш муддати 1 йилдан 3 йилгача узайтирилди. Олот, Қоракўл ва Жондор туманларидаги 16 та иссиқхонага кредитларни қайтариш учун 33,8 млрд. сўм берилди. 114 та зарарланган иссиқ­хонага 71,6 млрд. сўмлик фоизсиз кредитлар топширилди.
     Банклар иштирокида мева-сабзавотчилик, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳала­рида 170 та лойиҳа бўйича янги молиялаштириш масалалари ишлаб чи­қилди, бу 2 мингга яқин янги иш ўрни ташкил этилиши билан кузатилади.
     Зарар етган ва ишлаб турган инфратузилмани тиклаш ва мустаҳкам­лашга алоҳида эътибор қаратилди – Жондор, Когон, Қоровулбозор, Ромитан, Пешку, Бухоро туманларида ичимлик суви таъминоти тизимларини ривожлантириш, шунингдек, Қоракўл, Олот, Ғиждувон, Ромитан ва Қоровулбозор туманлари марказларида канализация тизимларини қуришга қаратилган лойиҳаларни шакллантириш ишлари амалга оширилди.
     Шунингдек, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки билан биргаликда Бухоро вилоятида минта­қавий, давлат ва халқаро аҳамиятга эга бўлган автомобиль йўлларини реконструкция қилиш лойиҳасини амалга оширишни жадаллаштириш масалалари келишиб олинди.
 
 
Сардоба сув омбори тўғонининг ёрилиши
 
     Жорий йилнинг 1 май куни Сардоба сув омборида рўй берган техноген авария оқибатида юзага келган сув тошқини Сирдарё вилояти аҳо­лиси учун катта синов бўлди. Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларининг 24 маҳалласидан 90 мингга яқин киши зудлик билан хавфсиз ҳу­дудга кўчирилди. Улар энг зарур буюмлар, озиқ-овқат, кийим-кечак ва бош­қа маҳсулотлар билан таъминланди.
     Республикада зудлик билан барча вазирликлар, идоралар, ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотларнинг кучлари ва имкониятларини зарар етган ҳудудларга ёрдам беришга қаратилган мувофиқлашти­рувчи махсус ҳукумат комиссияси тузилди. Комиссия шунингдек, сув тошқини сабабларини текшириш бўйича ҳам ишлар олиб бормоқда. Сув тошқинидан кейинги дастлабки соатларда, 1 май кунидан бошлаб Фавқулодда вазиятлар вазирлиги «1205» шошилинч линия телефонини ишга туширди. Эътиборлиси, шошилинч линия телефонига қўнғироқ қилган юзлаб одамлар фавқулодда ҳодиса жойига кўнгилли қутқарувчи сифатида бориш истагини билдиришган.
     Ишнинг ташкил этилиши устидан назорат қилиш ва маълумотни бевосита Сирдарё аҳолисидан олиш учун мамлакат Президенти минтақага бир неча марта ташриф буюрди, ҳар соатда, ҳар дақиқада вазият ҳақида сўраб турди ва республика минта­қаларини зарарни бартараф этиш ва минтақани тиклаш учун ёрдам беришга чақирди. Пировардида бундай кутилмаган офатлар қаршисида ҳеч ким эътибордан четда қолмади. ­Кейинчалик Президент топшириғига кў­ра эрозияга учраши мумкин бўлган барча тегишли гидроэнергетика иншоотлари, тўғонлар ва гидроэлектростанциялар тегишли давлат органлари томонидан текширилди.
     Қийинчиликларга қарамай ўзбек халқи синовлар олдида ўзини йў­қотиб қўймади, балки янада жипс­лашди. Сирдарё, Жиззах ва Тошкент вилоятлари аҳолиси ихтиёрий равишда Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод вилоятларидан эвакуация қи­линганларга ўз уйидан бошпана ­берди.
     Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги ва Миллий гвардия ходимлари ҳудудни тўпланган ахлатлардан тозалашди. Бундан таш­қари хавфсиз жойларга эвакуация қилинган ҳудудлар аҳолиси ўртасида ёнғинлар ва бошқа фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича эҳтиёт чоралари кўрилди.
     Бузилган уй-жойларни қайта тик­лаш биринчи навбатдаги вазифага айланди. Табиий офат оқибатида аксарият уйларнинг тўлиқ яроқсиз ҳол­га келиб қолгани сабабли Мирзаобод, Сардоба ва Оқолтин туманларида бугунги кунда 66 та беш қаватли 2 640 хонадонли уйлар қурилмоқда. Сирдарёга энг кўп зарар кўрган ҳу­дудларнинг 11 маҳалласида ўтган асрнинг 60-йилларида қурилган 1 минг 800 та бетон панель уйни таъмирлаш учун бутун Ўзбекистондан 305 та қурилиш компанияси ва 11,5 минг нафар қурувчи келди. Сентябрдан бошлаб аҳоли янги кўп қаватли уйларга ва таъмирланган ҳовлиларга кўчирилади.
 
 
Сиз мақоланинг тўлиқ матнини журналнинг босма нашрида ўқишингиз мумкин.

РЕКОМЕНДОВАТЬ ДРУЗЬЯМ

  • сделать заказ

    сделать заказ
  • АФИША

  • Реклама

  • АРХИВ НОМЕРОВ ЖУРНАЛА

  • Контакты

    chekIn г. Ташкент, ул. Ислама Каримова, 55.

    mailSmall info@evu.uz

    phone+99871 239-11-25, +99897 773-22-91.

  • Подписка на новости

    Чтобы подписаться на наши новости, впишите свой e-mail
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.