(O´zbek) Деҳқонобод калий заводи истиқболлари

4/2020

Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

Марказий Осиёда ягона корхона
     Қашқадарё вилоятида кимё индустрияси субъектлари ни­ҳоятда кам бўлиб, энг кўзга кўрингани Деҳқонобод калий заводидир. У 2010 йил ёзида Тепақўтон кони негизида ташкил этилган. Дастлаб хлорли калий ва техник туз ишлаб чиқа­ришга ихтисослашган масъулияти чекланган жамият шаклида фаолият юрита бошлаган.
     Албатта, ортда қолган давр мобайнида корхона ўзига хос йўлни босиб ўтди. Ана шу жараёнда уни тубдан ривожлантириш ва фаолият доирасини кенгайтириш масалалари ҳамиша диққат марказида бўлди. Чунончи, Президентимизнинг 2019 йил 3 апрелдаги «Кимё саноатини янада ислоҳ қилиш ва унинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига биноан, у акциядорлик жамиятига айлантирилди. Шунга кўра, устав капиталидаги 51 фоиз ва ундан ортиқ акцияларни потенциал инвесторлар мавжуд бўлганда ва улар томонидан гранулаланган хлорли калий, калий сульфати ва калий тузларининг бош­қа турларини ишлаб чиқаришни ҳам йўлга қўйишни охирига етказиш учун инвестициялар киритиш, шунингдек, ижтимоий мажбуриятларни қабул қилиш шарти билан тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш орқали танлов савдоларида бозор қийматида сотиш жоизлиги қайд этилди. Бу ўринда жалб этилажак сармояларни корхонада ишлаб чиқаришни диверсификациялашни кескин жадаллаштиришга, заводнинг тоғ-кон ва ишлаб чиқа­риш мажмуаларини ўзаро боғлаш, хомашёни келтириш харажатларини камайтириш ва оралиқ масофани қис­қартириш имконини берадиган маҳо­батли осма йўл ҳамда ташқи электр таъминоти линиялари қурили­шини якунлашга сарфлаш кўзда тутилди.
     Қарорда корхона акцияларини потенциал инвесторларга тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш ёки қўшимча акциялар чиқариш орқали, жумладан, уларга инвестиция мажбуриятларини юклаган ҳолда сотишдан тушган маблағлар жамиятнинг Ўзбекистон Республикаси Тик­ланиш ва тараққиёт жамғармаси ол­ди­даги кредитларини сўндиришга йўналтирилиши алоҳида уқтирилди.
     Табиийки, бу каби дастуриламал ҳужжатлар ва улар асосида кўрилган чора-тадбирлар ўз ижобий самарасини берди. Нисбатан қисқа фурсатда завод ҳар томонлама ривожланиб, на­фақат мамлакатимизда, балки Мар­казий Осиёда ҳам калийли ўғит­лар ишлаб чиқарадиган энг йирик ва ягона корхона мақомини олди. Энг муҳими, унинг барпо этилиши туфайли миллий кимё саноатимизда муҳим воқелик рўй берди. Аниқроғи, юртимизда калийли ўғитлар ишлаб чи­қариш маҳаллийлаштирилди.
     Вақт ўтгани сайин соҳада қўлга киритилаётган ютуқлар салмоғи ҳам ошди. Мисол учун, 2011 йили корхонада 180 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқарилган бўлса, бурноғи йили бу кўрсаткич 300 минг тоннадан ортди. Шу давр оралиғида уларни хорижга сотиш 143 минг тоннадан 246 минг тоннага қадар ўсди.
     Эндиликда эса корхона маҳсулот­ларининг асосий қисми Жанубий ҳамда Жануби-Шарқий Осиё, Кавказ­орти, Болтиқбўйи ва Африкадаги ўттизга яқин давлатга экспорт қилинмоқда. Чунончи, Қозоғистон, Туркманистон, Хитой, Эрон, Ҳиндистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Сингапур, Малайзия, Япония, Шри-Ланка, Ироқ, Озарбайжон, Грузия, Арма­нис­тон, Туркия, Молдова, Вьетнам, Украинага узлуксиз етказиб берил­моқда. Шу асно ҳар бир мижозга индивидуал нуқтаи назардан ёндашиб, уларнинг хоҳиш-истаклари инобатга олинмоқда, калийли ўғитлар­нинг сифати, энг мақбул нархлари, тез етказиб берилиши ҳақидаги ва бошқа маълумотлар изчил тақдим этилмоқда.
     Натижада агрокимё маҳсулотлари бозорида заводнинг доимий харидорлари ва ишончли ҳамкорлари сафи кенгаймоқда. Бундан руҳланган жамоа аҳли ўзлари тайёрлаётган маҳсулотлар тури ва миқдорини кў­пайтиришга, сифатини янада яхшилашга интилаяпти. Айни мақсадда қатор технологияларни янгилаш, ишчи-ходимлар сонини уч минг нафарга етказиш борасидаги саъй-ҳаракат­ларини қизғин давом эттираяпти.
     2019-2030 йилларда кимё саноа­тини ривожлантириш дастурида Деҳ­қонобод калий заводида амалга оширилажак истиқболли лойиҳалар ҳам ўз ифодасини топган. Улардан бири хорижда ясалган замонавий технологиялар асосида калий сульфати ва калий тузининг бошқа турларини ишлаб чиқаришни ўзлаштиришга тааллуқли. Қиймати 61 миллион долларга тенг бу лойиҳа бажарилгач, янги тармоқ ҳар йили 120 минг тонна маҳсулот тайёрлаш имконини қўлга киритади.
     Навбатдаги лойиҳага кўра корхонанинг мавжуд қуввати негизида гранулаланган калий хлорид ишлаб чиқариш жорий этилади. Бунинг учун 15 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфланади. Пировардида ҳар йили қўшимча 180 минг тонна кимё маҳсулоти олиш учун мустаҳкам замин яратилади.
     Иккала лойиҳа ҳам 2023 йили тўлиқ ишга туширилади. Шунга муво­фиқ тарзда соҳанинг ишлаб чиқариш қамрови кенгайиб, иш ўринлари кўпаяди. Ҳудуд инфратузилмасининг ривожи тезлашиб, маҳалла-гузарлар янада обод ва гўзал гўшаларга айланади.
 
 
Сиз мақоланинг тўлиқ матнини журналнинг босма нашрида ўқишингиз мумкин.

РЕКОМЕНДОВАТЬ ДРУЗЬЯМ

  • сделать заказ

    сделать заказ
  • АФИША

  • Реклама

  • АРХИВ НОМЕРОВ ЖУРНАЛА

  • Контакты

    chekIn г. Ташкент, ул. Ислама Каримова, 55.

    mailSmall info@evu.uz

    phone+99871 239-11-25, +99897 773-22-91.

  • Подписка на новости

    Чтобы подписаться на наши новости, впишите свой e-mail
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.