(O´zbek) «Фуқаролар учун бюджет» ахборот нашри

2-3/2020

Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

     Давлат молиясини бош­қариш соҳасида ошкораликни ошириш, бюджет маълумотларининг очиқлигини ва фуқаро­ларнинг бюджет жараёнидаги иштирокини таъминлаш долзарб масалалардан биридир. Бу борада халқаро амалиётда илгари сурилаётган янги-янги ташаббуслар бюджетлаштиришни янада шаффофлаштиришнинг, адолатли ва ривожланган жамият барпо этишнинг муҳим омилига айланмоқда.
     Ҳозир мамлакатимиз давлат бош­қарувининг очиқлиги ҳамда шаффофлигига эришиш, республиканинг халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилаш, иқтисодий ва молиявий статистика маълумотларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва бюджет жараёни очиқлигини оширишнинг янги механизмларини жорий этиш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда. Бунда Президентимизнинг 2018 йил 22 августдаги «Бюджет маълумотларининг очиқли­гини ва бюджет жараёнида фуқаро­ларнинг фаол иштирокини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги, 2019 йил 25 февралдаги «Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинг­лар ва индекслардаги ўрнини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги, 2019 йил 9 апрелдаги «Давлат бош­қарувининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш ҳамда мамлакатнинг статистика салоҳиятини ошириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорлари дастуриламал вазифасини ўтамоқда.
     Дарвоқе, 2019 йилдан эътиборан бюджет маблағларини тақсимлашда фуқаролар иштирокининг туман (шаҳар)лар бюджетлари қўшимча манбаларининг камида 10 фоизини жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларга йўналтиришни назарда тутадиган механизми жорий этилди. Молия вазирлиги томонидан ҳар йили ишлаб чиқиладиган «Фуқаролар учун бюджет» ахборот нашри жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинадиган бўлди ва ушбу вазирликнинг «Очиқ бюджет» ахборот портали (www.openbudget.uz) ишга туширилди. Ўзбекистонда илк бор 2020 йилги Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари лойиҳаси қонун тарзида қабул қилинди (Президент томонидан 2019 йил 9 декабрда тасдиқ­ланган «2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун).
     Бундан ташқари мамлакатимизнинг халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилаш чоралари белгиланди. Улар орасида Бюджет очиқлиги индекси (Open budget index) ҳам мавжуд бўлиб, тузувчиси Халқаро бюджет ҳамкорлиги (International budget partnership) ҳисобланади. У давлат бюджети жараёнининг турли босқич­ларида чоп этилиши керак бўлган саккизта асосий бюджет ҳужжатлари ўз вақтида босилиши ва мазмунини кўриб чиқиш орқали жамоатчиликка бюджет маълумотларини тақдим этишни интернетда оммалаштириш учун баҳолайди. Бу ҳужжатлардан бири ҳукуматнинг тегишли органи (кўплаб давлатларда молия вазирлиги) томонидан нашр қилинадиган ва жамоатчиликка тақдим этиладиган «Фуқаролар учун бюджет» ахборот нашридир.
     Бугунга қадар «Фуқаролар учун бюджет – 2018», «Фуқаролар учун бюджет (лойиҳа) – 2019», «Фуқаролар учун бюджет – 2019», «Фуқаролар учун бюджет – 2019. Тошкент вилоя­ти», «2020 йилдаги фуқаролар учун бюджет лойиҳаси» ахборот нашрлари чоп этилиб, кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола қилинган, электрон версияси «Очиқ бюджет» ахборот портали (www.openbudget.uz)да (.pdf форматида) жойлаштирилган.
     «Фуқаролар учун бюджет» ахборот нашридан кўзланган мақсад бюджет сиёсатининг мазмун-моҳияти ва устуворликларини аҳолига яхшироқ тушунтиришга қаратилган бўлиб, фу­қароларни бюджет билан бевосита танишган ҳолда уни муҳокама қилиш, ижроси устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш жараёнига жалб этишдан иборат. Масалан, «2020 йилдаги фуқаролар учун бюджет лойиҳаси» ахборот нашрида Давлат бюджети ва давлат мақ­садли жамғармаларининг 2020 йил учун даромадлари ва харажатлари прогнозлари, шунингдек, 2021-2022 йиллар учун бюджет мўлжаллари тўғри­сидаги маълумотлар тақ­дим қилин­ган. Дастлаб бюджет жараёнига киритилаётган ўзгаришларга оид асосий маълумотлар келтирилган. Шунингдек, асосий макроиқ­тисодий кўрсаткичлар прогнози ва ҳукумат­нинг солиқ сиёсати соҳаси­даги мақ­садлари билан танишишлари ­мумкин.
     Агар Грузиянинг айни йўналишдаги тажрибасини кўриб чиқадиган бўлсак, 2018 йил учун Фуқароларнинг бюджети қўлланмасида ушбу мамлакат фуқароларига ҳукумат солиқ ва бошқа даромадлар орқали жалб қилинган маблағлардан қандай фойдаланишни режалаштираётгани, белгилаган мақсадлари содда тилда тушунтирилган, шунингдек, қўшимча маълумот олиш имкони яратилган. Қўлланма махсус сиёсат ва дастурларга нисбатан ишонч уйғонишига, аҳоли бюджет режасини қўллаб-қувватлашига, унинг ижроси жараёнида ҳукумат билан алоқада бўлишига ёрдам беради.
     Мазкур нашрни тайёрлашнинг Халқаро бюджет ҳамкорлиги тавсия­лари (талаблари) мавжуд. Бунга мисол тариқасида ахборот нашри учун умумий мезонлар ҳамда тавсия қи­линадиган таркибни кўрсатиш мумкин. Ҳукуматнинг Фуқаролар бюджети учун умумий мезонлар қуйидаги 1-расмда келтирилган.
     Халқаро бюджет ҳамкорлиги томонидан тавсия қилинган Фуқаролар бюджети таркиби 2-расмда ўз ифодасини топган.
     «Фуқаролар учун бюджет» ахборот нашри орқали фуқаролар бюджетни назорат қилиш, ҳукумат эса ўз мақсадлари ва сиёсатини халққа етказиш имконига эга бўлади. Шу тариқа ошкоралик ва фикр алмашиш таъминланади. Шаффофлик ва биргалашишга асосланган бошқарув модели эса замонавий давлат бош­қарувининг бош мақсадидир.
     Фуқаролар учун бюджетни шакллантиришда уларни нафақат бюджетнинг ҳолати, балки бюджет сиёсатининг устувор йўналишларини шакллантириш тўғрисида ҳам хабардор қилиш учун имконият яратиш, бюджет жараёнининг дастлабки бос­қичларида фуқаролар фикрини ҳисобга олишнинг институционал механизмларини яратиш лозим. Қа­тор мамлакатларда фуқароларнинг бюджет жараёнидаги иштирокини таъминлаш учун бюджет маблағла­рини сарфлашга алоҳида эътибор қарати­либ, бюджет шаффофлиги ва очиқ­лиги принципига устуворлик берилади. Масалан, Буюк Британияда ҳукуматнинг даромадлари ва харажатлари тўғрисидаги маълумотлар сайтда эълон қилинади. АҚШда веб-порталлар давлат харажатларини иложи борича аниқроқ кузатиб бориш учун ишлатилади. Шу мақсад­да ecovery.gov – бюджет харажатларини назорат қилиш тизими ҳамда USAspending.gov – давлат грантлари ва субсидияларни тақсимлаш тизими жорий этилган.
     Соддалаштирилган бюджет маъ­лумотларини, хусусан, «Фуқаролар учун бюджет»ни жорий этишда Афғонистон, Ботсвана, Бразилия, Гватемала, Ҳиндистон, Индонезия, Қозо­ғистон (МДҲда биринчи), Кения, Марокаш, Мексика, Словакия, Таиланд, Чили, Жанубий Африка ва Жанубий Корея фаол қатнашмоқда. Халқаро бюджет ҳамкорлиги турли мамлакатлар фуқаролари учун бюджетни шакл­лантириш ва тақдим этиш тажрибасини тизимлаштиради. Турли давлатларда фуқаролар учун бюджетлар бошқача шаклда ёки шакллар кесишмасида тақдим этилади (жадвал).
     Фуқароларнинг бюджетни шакллантириш жараёнида иштирокини таъминлаш учун бюджет тўғрисида аниқ маълумотлар олишлари керак. Шу боис «Фуқаролар учун бюджет» ахборот нашри ҳамма осон тушунадиган содда-равон тилда тайёрланиши лозим. Ана шунда фуқаролар ушбу ҳужжат орқали ўз мажбуриятларини билиб олишади, бюджет ло­йиҳаси бўйича саволлар бериш ва фикрлар билдириш имконини қўлга киритишади.
     Халқаро амалиётнинг кўрсатишича, «Фуқаролар учун бюджет» ахборот нашрининг мазмун-моҳияти турли мамлакатларда турлича баҳола­нади. Бизнинг назаримизда, уни тайёрлаш ва тақдим этишда қуйидаги жиҳатларга алоҳида эътибор қаратиш мақсадга мувофиқдир:
     ● Бюджет режалари бажарилишига ижобий таъсир кўрсатадиган асосий ташаббусларни батафсил тавсифлаш лозим;
     ● фуқароларга ўз мулоҳазалари­ни билдиришлари ва саволларига жавоб олишлари учун алоқа маълумотларини тақдим этиш зарур. Бундан ташқари, фуқаролик бюджетини тайёрлаш бўйича ишлар фуқаролар­нинг бюджет маълумотларига бўлган эҳтиёжларини баҳолашни ўз ичига олгани маъқул;
     ● «Фуқаролар учун бюджет» тўғрисидаги маълумотларни янада фаолроқ тарқатиш жоиз. Уларнинг нафақат давлат органлари веб-сайт­лари, балки электрон ва босма оммавий ахборот воситалари, радио, телевидение орқали эълон қилиниши ҳам муҳим ҳисобланади;
     ● бюджет жараёнига қўшилади­ган янги тушунчаларни «Фуқаролар учун бюджет» ахборот нашрининг «Асосий тушунчалар» қисмига киритиб, таърифини ёритиш фойдадан холи бўлмайди (масалан, 2020 йилдан бошлаб бюджет жараёнига киритилган «Биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилар», «Иккинчи даражали бюджет маблағ­ларини тақсимловчилар», «Парламент ажратмалари», «Умумий фискал баланс» каби янги тушунчалар мисолида);
     ● бюджет харажатларини қис­қар­тириш ва оптималлаштириш бўйича таклифларни тўплашни ўз ичига олган фикр-мулоҳазаларни ташкил этиш даркор;
     ● «Фуқаролар учун бюджет» ахборот нашрини фуқароларнинг ижтимоий муаммоларни ҳал этиш бўйича таклифларини кўриб чиқиш ва муҳокама қилиш натижалари бўйича тақсимланадиган бюджетнинг бир қисми сифатида шакллантириш керак (у асосан маҳаллий даражадаги ташаббуслар ва лойиҳалар шаклида амалга оширилади).
     Фуқаролар эътиборини кўпроқ маҳаллий даражадаги бюджетлаштиришга қаратиш, ҳудудларни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилашга жалб қилиш аҳоли фаровонлигини ошириш муаммоларини ҳал этишга комплекс ёндашувни такомиллаштиришга ва макроиқ­тисодий барқарорликнинг асоси си­фатида аҳолининг тегишли иқтисодий хулқ-атворини шакллантиришга қулай имкон яратади.
 
 
Сиз мақоланинг тўлиқ матнини журналнинг босма нашрида ўқишингиз мумкин.

РЕКОМЕНДОВАТЬ ДРУЗЬЯМ

  • сделать заказ

    сделать заказ
  • АФИША

  • Реклама

  • АРХИВ НОМЕРОВ ЖУРНАЛА

  • Контакты

    chekIn г. Ташкент, ул. Ислама Каримова, 55.

    mailSmall info@evu.uz

    phone+99871 239-11-25, +99897 773-22-91.

  • Подписка на новости

    Чтобы подписаться на наши новости, впишите свой e-mail
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.