(O´zbek) Ўзбекистонда хотин-қизларнинг интеллектуал меҳнат билан бандлиги: муаммолар ва имкониятлар

2-3/2020

Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

     Ҳар бир тарихий давр аёллар меҳнатидан фойдаланишнинг ўзига хос хусусиятарига эга бўлади. Шунга кўра вақт ўтгани сайин аёллар меҳнати­нинг мазмун-моҳияти ҳам ўзгариб боради. Кўплаб олимлар фикрларига таяниб айтиш мумкинки, аёллар меҳнати ўзининг шахсий биосоциал хусусиятларидан келиб чиқиб, аёл томонидан бажарилиши мумкин бўлган миқдор ва сифат кўрсаткичларини жамлаган меҳ­нат функциялари ҳисобланади.
     Бугунги кунда бутун жаҳонни лар­зага солган COVID-19 короновируси ижтимоий меҳнат муносабатларини қайта кўриб чиқишга, интеллектуал меҳнатга асосланган иш билан бандлик турларига кўпроқ эътибор қаратишга, уй шароитида масофадан ишлашга мўлжалланган иш ўринлари яратишга туртки бўлди.
     Аёллар меҳнат бозори шусиз ҳам маълум чекловларга эга эди. Эндиликда эса мактабгача таълим, умумий ўрта таълим, олий ва ўрта махсус таълим муассасалари ёпилди ҳамда шаҳар бўйлаб бемақсад юриш чек­ланди. Табиийки, бундай умумий карантин даврида хотин-қизларнинг ҳам аксарияти меҳнат даромадидан ва иш жойидан мосуво бўлдилар.
     Аслида ишчи кучидан, жумладан, аёллар ишчи кучидан ҳам самарали фойдаланиш замонавий тараққиёт­нинг энг муҳим шартидир. Аёллар меҳнат фаоллигининг асосий кўрсаткичлари, аниқроғи, хотин-қизларнинг ижтимоий ишлаб чиқариш жараёнида миқдор жиҳатидан ўсиши, меҳ­натларининг мазмуни ва характери ўзгариши, интеллектуаллашуви, ижодий, ташкилотчилик ва бошқарув­чилик функциялари кўпайиши уларнинг шахс сифатида шаклланишларида беқиёс аҳамиятга эга.
     Инновацион иқтисодиёт шаклланиши даврида аёллар бандлигини уларнинг шахсий салоҳиятини ривожлантиришга мотивациялашган ижодий интеллектуал меҳнат орқали амалга ошириш мумкин.
     Бугунги кунда иш билан бандлик таркибидаги ўзгаришлар яққол кўзга ташланмоқда. Бу иқтисодиёт тар­моқларида аёллар улуши ўзгараётганини билдирмоқда. Уларнинг аксарияти (27,8 фоизи) қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалигида банд. Қишлоқ хўжалигидаги ишлар эса асосан жисмоний меҳнатга боғлиқ. Бу аёллар саломатлигига салбий таъсир кўрсатади, кўп вақт сарфлашга, жисмоний зўриқишга сабабчи бўлади. Бундан ташқари, у натижасидан қониқиш даражаси паст, монотон, янгиликларни ўз ичига олмайдиган, паст малакали меҳнат саналади.
     Қишлоқ аёллари учун иш жойини, ижтимоий мақомини, иш билан бандлик турини танлаш доимо муайян даражада чегараланган бўлган. Шу боис улар деҳқончилик ва чорвачилик тармоқларида паст малака талаб қиладиган, асосан қўлда бажа­риладиган, оғир ва ёқимсиз, но­қулай ҳолатдаги ва меҳнат шароитлари ҳа­минқадар юмушлар билан шуғулла­нишга мажбур бўлишади. Буларнинг барчаси охир-оқибат жисмоний зў­риқишни келтириб чиқаради.
     Инновацион иқтисодиёт шаклланиши шароитида эса ишчи кучидан юқори маълумот, юксак малака, қў­шимча билимлар талаб этилади ва ходимлар фаолияти интеллектуал меҳнатга асосланади. Бинобарин, ҳо­зирги даврда қишлоқ хўжалиги учун ҳам худди ана шундай юқори малакали мутахассислар, агрономлар, селекционерлар, ветеринарлар ва бошқа зарур касб эгалари керак.
     Энг ачинарлиси, инновацион иш билан бандлик соҳаларида интеллектуал меҳнатга асосланган тармоқлар­да аёллар бандлиги жуда паст. Масалан, уларнинг улуши ахборот ва алоқа соҳаларида атиги 0,3 фоизга, молиявий ва суғурта фаолиятида, шунингдек, санъат, кўнгил очиш ва дам олиш соҳаларида 0,5 фоизданга тўғри келади, холос. Анъанавий тарз­да аёллар кўпроқ таълим (13,6 фоиз), соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш (8,7 фоиз) ва савдо (12,8 фоиз) тармоқларида фаолият юритишмоқда.
     Мамлакатимизда ижтимоий меҳ­нат муносабатлари трансформа­цияси натижасида аҳолининг иш билан бандлиги ва унинг таркибида ўзгаришлар рўй берди. Оқибатда иқтисо­диёт тармоқлари «аёлларбоп» ва «эркакларбоп» турларга бўлинди. Бу бир тарафдан аёлларнинг касб танлаши ўз хоҳишига боғлиқлигини билдирса, бошқа тарафдан уларнинг рақобатбардошлиги пасайганини ва маълум маънода касбий сегрегацияси (камситилиши)ни акс эттиради.
     Таҳлилларнинг кўрсатишича, қу­рилиш, ташиш ва сақлаш каби тар­моқларда эркаклар бандлиги 90 фоиздан ҳам ортиқ. Булар асосан кўп жисмоний куч талаб этадиган соҳа­лардир. Лекин ахборот ва алоқага, молиявий ва суғурта фаолиятига боғ­лиқ тармоқларда ҳам эркаклар ва аёлларнинг иш билан бандлиги ўртасида кескин фарқ кузатилмоқда. Мазкур тармоқлар юқори маълумотни, катта жавобгарлик ва масъулиятни талаб қилади. Шунингдек, таълим ва соғлиқни сақлаш тармоқлари айнан «аёлларбоп»лигини кўришимиз мумкин. Иқтисодиёт тармоқла­рида ишчи кучининг жинс бўйича таркиби узоқ вақт давомида шаклланиб келган қонуниятни тасдиқла­моқда: нуфузли ва иш ҳақи юқори тармоқларда кўпроқ эркаклар меҳ­нат қилишади.
     Иш билан бандлик соҳасидаги касбий сегрегация, аввало, эркаклару аёлларнинг соҳа ва тармоқлар бўйича нотекис тақсимланиши, иккинчидан, масъулиятли ва муҳим қарорлар қабул қилишга доир касб-лавозимларда ишлаш учун аёллар имконияти чегаралангани билан боғлиқ.
     Иқтисодиётда иш ҳақи дифференциациясига солиққа тортиш тизими, иқтисодиёт тармоқларининг жадал ривожланиши, иш берувчиларнинг маош ва қўшимча тўловларни тўлашдаги эркинлиги, давлатда ўрнатилган минимал иш ҳақи миқ­дори ва шу каби бошқа бир қатор иқтисодий, ижтимоий ва ҳуқуқий омиллар таъсир кўрсатади. Иш ҳақи дифференциацияси энг кам миқдорда бюджет ташкилотларида кузатилади.
     Бугунги кунда эркаклар аёлларга нисбатан кўпроқ иш ҳақи олаётгани бор гап. Албатта, бунинг ўзига хос сабаблари мавжуд. Эркаклар оила боқувчиси ҳисобланиши, маълум қисми юқори ва раҳбарлик вазифаларини бажараётгани, шунингдек, ўртача ойлиги катта тармоқларда ҳам асосан эркаклар ишлаётгани шулар жумласидандир.
     Статистика иш ҳақидаги тафовутларни жинс кесимида олиб бормайди, лекин биз тармоқлардаги ўртача иш ҳақи миқдоридан умумий хулоса чиқариш мумкин, деб ҳисоблаймиз. Шу боис иқтисодиёт тармоқлари кесимида иш ҳақи миқдори таҳлилини амалга оширдик. Унга кўра, 2018 йилда аёллар эркакларга нисбатан салкам 1,8 баравар кам иш ҳақи олишган. Яъни, эркакларнинг ўртача иш ҳақи 3487,5 минг сўмни, аёлларники эса 1982,1 минг сўм ташкил қилган. Давомини суриштирсангиз, «эркак­ларбоп» тармоқларда иш ҳақининг ўсиши ҳам юқорироқ кўрсаткичларга эга.
     Бизнингча, иқтисодиётимиз бар­қарор ривожланиши, оилалар янада фаровонлашиши ва даромадлари ошиши учун аёлларнинг иш билан бандлиги таркибига ўзгартиришлар киритиш вақти келди. Бунинг учун уларни юқори даромадли, меҳнат ва вақт кам сарфланадиган, уй шароитида ҳам бажариш мумкин бўлган касблар ва тармоқларга жалб этиш мақсадга мувофиқ.
     Шубҳасиз, бу ўринда аёлларнинг маълумоти ва малакаси ҳам муҳим аҳамият касб этади. Масалага шу жиҳатдан ёндашганда, республикамиз аёлларининг маълумот даражасини паст, деб бўлмайди. Иш билан банд бўлганлари орасида олий маъ­лумотлилари сони тобора ортмоқда, чунончи, 2018 йилда 34,8 фоизга етди. Ўрта махсус маълумотга эга хотин-қизлар эса эркакларга нисбатан кўп­роқ. Умумий ҳисобда маълумоти аёл­лар маълумотли эркакларга нис­батан кўплиги, олий маълумотлилик даражаси бўйича эса унчалик катта фарқ йўқлиги аниқланди. Шунга қа­рамай, аёлларнинг аксарияти ишчи ва оддий мутахассис лавозимларида ишлаб келишган. 2018 йилда иш билан банд аёлларнинг 2,9 фоизи раҳ­барлик лавозимларида, 56,4 фои­зи мутахассис, 13,6 фоизи техник ходим сифатида ишлагани, 27,2 фоизи ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш йўналишларида фаолият юрит­гани ачинарли ҳолдир.
     Умумий ходимлар тоифаларида раҳбар аёллар 27 фоизни ташкил этди, яъни, ҳар икки раҳбар эркакка бир нафар аёл раҳбар тўғри келди. Қизиғи, таълим, соғлиқни сақлаш, савдо каби хотин-қизларнинг иш билан бандлиги 70 фоиздан ортиқ «аёлларбоп» тармоқларда ҳам раҳбарлик лавозимида ишлаётганлари атиги 0,6-4 фоиз атрофида эканлиги аёнлашди. Молиявий ва суғурта фаолияти, қурилиш ҳамда ахборот ва алоқа соҳаларида фаолият кўрсатаётган аёлларнинг умумий сони камроқ бўл­са-да, раҳбарлик вазифасини адо этаётганлари салмоғи нисбатан юқо­ри бўлиб, мос равишда 5,6 фоизга, 4,4 ва 3,5 фоизга тўғри келди. Ёки бошқа далил: меҳнат қилаётган аёлларнинг қарийб 40 фоизини ишлаб чиқариш ходимлари, ярмидан орти­ғини мутахассислар ташкил қилди. Раҳбарлик вазифасини бажараётган аёллар салмоғи эса, афсуски, жуда паст даражада қолди.
     Иш билан бандлик сиёсати таркибий ўзгаришлар ҳамда мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий равнақи умумий стратегияси доирасида хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш дастурлари билан чамбарчас боғлиқ бўлиши ло­зим. Чунки айнан шу соҳа эркаклар ва аёлларнинг меҳнат салоҳиятидан максимал даражада самарали фойдаланиш ва аҳолининг турли қатлам­ларини иш билан таъминлаш имкониятларини кенгайтириши керак.
Илмий-техник тараққиётнинг замонавий шароитларда рақамли иқ­тисодиётга ўтиши босқичида инновацион иш билан бандликнинг устуворлигини билдирувчи меҳнат ижодкорлиги ва интеллектлиги ошиши ахборотларни тўплаш, қайта ишлаш ва қабул қилишга кетган вақт кўпайи­ши билан белгиланмоқда.
     Меҳнатнинг интеллектлашиши ходимларнинг умумий техник маданияти юксалиши, улар маҳсулот ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш жараёнида ўз ўринларини аниқ билишлари, технология қоидаларига қатъий риоя қилишлари, пировардида иқтисодий натижаларга эришиш таъминланиши билан ажралиб туради. Барча ходимлар ахборот ва компьютер техникаларини билишлари, улардан фойдаланиш малакасига эга бўлишлари эса рақамли иқ­тисодиётнинг ажралмас шарти ҳи­собланади.
     Бугунги кунда меҳнатнинг асосий шакли интеллектуал меҳнат бўлиб, у катта амалий касбий билимларга, ахборот оқимларига эга бўлишни, мукаммал интеллектуал техника ва технологиялар воситасида уларни қайта ишлашни ҳамда бу меҳнат натижаларини ҳуқуқий ҳимоялашни талаб этмоқда. Натижаларига кўра, у олдинги ақлий меҳнатдан бутунлай фарқ қилмоқда.
     Ўзбекистонда 2018 йилда 31835 киши илмий изланишлар ва тадқи­қотлар олиб борган. Уларнинг 40,8 фоизи аёллардан иборат бўлган. Бу кўрсаткич 2015 йилгига нисбатан бироз камайган ва иш билан банд жами аёллар таркибида атиги 0,2 фоизни ташкил қилган. Таҳлил натижасида аён бўлдики, охирги 4 йилда аёллар орасида фан номзодлари улуши 50 фоизга, фан докторлари улуши 8,1 фоизга ошган. Сирасини айтганда, илмий изланишлар ва тад­қиқот ишлари олиб борган аёллар эркакларга нисбатан анча оз бўлган. Ҳозир ҳам илм-фан, илмий изланишлар билан машғул тадқиқотчи аёллар салмоғи паст. Масалан, докторантураларда таҳсил олаётган 2 минг нафардан ортиқ тадқиқотчининг 35–36 фоизи аёллардир.
     Докторантларнинг 68 фоизи айнан олий таълим муассасаларидан фаолият юритишмоқда. Бугунги кунда олий таълим муассасалари интеллектуал капитални шакллантирувчи, интеллектуал мулк турларини вужуд­га келтирувчи асосий масканга айланган. Афсуски, фан соҳасига жалб қилинаётган инвестициялар миқдори ачинарли даражада жуда кам. Ваҳо­ланки, иқтисодий ривожланган давлатларда илм-фан соҳаси ва унинг ютуқлари меҳнат бозорига, иш билан бандлик таркибига катта таъсир кўр­сатмоқда. Талай давлатлар шуни эъти­борда тутиб, халқаро инновацион ишлаб чиқариш циклида ўз ўрнини эгаллашга интилмоқда.
     Янги билимларни ва аниқ масала­лар ечимини амалиётга жорий этишни илмий-тадқиқот ва тажриба конст­рукторлик ишланмалари (ИТТКИ) ор­қали амалга ошириш мумкин. Бунда мамлакат ЯИМдан ИТТКИга сарф­ланаётган улуш катта аҳа­миятга эга. Шунга мувофиқ, 2012 йилда Исроил уларга ЯИМнинг 4,4 фоизини, Финляндия 3,88 фоизини, Жанубий Корея 3,74 фоизини, Швеция 3,4 фоизини, Япония 3,36 фоизини, АҚШ 2,9 фоизини инвестиция қилган.
     ИТТКИ маҳсулотлари сирасига ахборот тизимлари, маълумотлар базалари, ташкилий тузилмалар, технологиялар, ихтиролар, маълумотлар, уларга патент олиш, муаллифлик ҳуқуқини расмийлаштириш ёки уларни ишлаб чиқариш сирларини муҳо­фаза қилиш тўғрисидаги қонун билан ҳимоялаш мумкин бўлган жараёнлар ва мақолалар киради. Уларни сотиш мумкин, айримлари инновациялар саналади.
     Патент статистикаси мамлакатнинг инновацион салоҳиятини акс эттирувчи, технологик ривожланишини билдирувчи асосий кўрсаткичлардан биридир. Халқаро интеллектуал мулк ташкилоти тадқиқоти натижаларига биноан, патент фаоллиги бўйича Ўзбекистон 104 та давлат ичида 57-ўринни эгаллаб турибди. Бу рейтингда Хитой (526412 талабномаси билан), АҚШ (503582), Япония (342610), Жанубий Корея (178924) кескин фарқ билан етакчилик қил­моқда.
     Аёлларнинг илмий даражаси эркакларникига нисбатан пастроқ бўлса-да, тадқиқот фаолияти билан шу­ғулланаётган аёллар салмоғи юқо­ри. Муҳими, охирги 4 йилда уларнинг сафи бирмунча кенгайди. Айтайлик, 2015 йилда тадқиқотчи аёллар 41 фоизни ташкил этган бўлса, 2018 йил­га келиб, бу кўрсаткич 42,5 фоизга кўтарилди.
     Ўрганишларимиз асноси аёллар сафида фан докторлари сезиларли даражада – 171,2 фоизга кўпайгани, фан номзодлари эса 10 фоиз камайгани кузатилди. Буни айни даврдаги олий таълимдан кейинги босқич ис­лоҳотлари билан изоҳлаш мумкин. Шунингдек, давлат (83,3 фоиз) ва хусусий нотижорат (69 фоиз) секторларида изланишлар озайганига бу тармоқлар илмий изланишларга зарур миқдорда маблағлар ажратмаганини ва илмий изланишлар аҳа­миятини етарлича баҳоламаганини сабаб қилиб кўрсатиш жоиз. Тадбиркорлик янгиликка, инновация ва янги ғояларга интилувчан бўлгани боис бу сектордаги изланувчилар сони кескин (131 фоиз) кўпайди.
     Замонавий шароитларда меҳнат иқтисодий категорияси эволюцион трансформация жараёнида тобора кўпроқ интеллектуал мазмун билан бойитиб борилса, юқори ижтимоий-иқтисодий натижалар қўлга киритилиши кўзда тутилмоқда. Бугунги кунда хотин-қизларнинг самарали иш билан бандлигини таъминлашнинг асосий йўналишларидан бири уларнинг меҳнатини интеллектлаштиришдир. Негаки, бу жараён орқали на­фақат шахсий салоҳият юксалишига, балки бутун жамият ва мамлакат ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан бар­қарор ўсишига, ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларига юқори технологияларги оммавий равишда жорий этишга эришиш мумкин.
 
Сиз мақоланинг тўлиқ матнини журналнинг босма нашрида ўқишингиз мумкин.

РЕКОМЕНДОВАТЬ ДРУЗЬЯМ

  • сделать заказ

    сделать заказ
  • АФИША

  • Реклама

  • АРХИВ НОМЕРОВ ЖУРНАЛА

  • Контакты

    chekIn г. Ташкент, ул. Ислама Каримова, 55.

    mailSmall info@evu.uz

    phone+99871 239-11-25, +99897 773-22-91.

  • Подписка на новости

    Чтобы подписаться на наши новости, впишите свой e-mail
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.