(O´zbek) Mehnat salohiyatidan samarali foydalanish

5-6/2017

Sorry, this entry is only available in Uzbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

     Мамлакатимизда амалга оширилаётган ис­лоҳотлар самарадорлигини юксалтириш­да, энг аввало, давлатни ижтимоий-иқтисодий жиҳат­дан ривожланишини таъминлаш учун шарт-шароитлар яратишдан иборат. Миллий иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш, янги босқичга кўтариш, меҳнатга лаё­қатли аҳолини иш билан таъминлаш ҳамда ишсизлик даражасини сезиларли даражада пасайтириш ва меҳ­нат бозорини тартибга солишда жиддий чора-тадбирлар қўлланмоқ­да. Яъни, бундан кўзланган асосий мақ­сад – меҳнат салоҳиятидан самарали фойдаланиш миллий иқтисодиёт рақобатбардошлигини, аҳоли турмуш даражасини ривожланган давлатлар даражасига етказишнинг асосий омиллари ҳисобланади.
     Иқтисодий тараққиётимизнинг ҳо­зирги босқичида республикамиз барча ҳудудларида ортиқча ишчи кучи мавжуд бўлиб, бу ҳолат меҳнат бозоридаги мувозанатсизликни келтириб чиқармоқда. Шу билан бирга, меҳнат салоҳиятидан фойдаланишда ҳудудларимизда етарли даражадаги фарқларнинг мавжудлиги иқтисоди­ётда рўй бераётган қатор ўзгаришлар билан боғлиқ бўлмоқда. Шу боис, республика иқтисодий ривожланишининг барқарор суръатлари ва мак­роиқтисодий мувозанатни таъминлашда меҳнат салоҳиятидан самарали фойдаланиш зарурлигини тақозо этмоқда. Барча соҳаларда давлат ва жамият тараққиётини янги босқичга кўтариш, яъни соҳаларни либераллаштириш, мамлакатимизни модернизация қилиш бўйича энг муҳим ус­тувор йўналишларни амалга ошириш мақсадида Президентимизнинг 2017 йил 7 февралда «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳара­катлар стратегияси тўғрисида»ги фар­мони қабул қилин­ди. Қайд этилга­нидек, ҳудудлар, туман ва шаҳарлар­ни комплекс ҳамда мувозанатли иж­тимоий-иқтисодий ривожлантириш, улар салоҳиятидан самарали, оптимал тарзда фойда­ланишга ало­ҳида эътибор қаратиш ­зарур.
     Ҳаракатлар стратегиясида аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда даромадларни ошириш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган бўлиб, 2017 йилда республика бўйи­ча 789,5 минг кишини ишга жойлаш­тириш мақсади кўзланиб, январь-август ойларида 521,5 минг на­фар фуқаронинг бандлиги таъминланди. Ҳозирги вақтда саноат корхоналарининг юқори малакали кадр­ларга бўл­ган эҳтиёжларини қонди­риш мақса­дида Кореянинг «Кoica» ташкилоти билан биргаликда ташкил этилган Тошкент ва Самарқанд шаҳарлари­даги касб-ҳунарга ўргатиш марказларида 3,5 минг нафардан зиёд ишсиз фуқаролар автомобилларга техник хизмат кўрсатиш, металларга иш­лов бериш, электротехника, ахборот – коммуникация технологиялари сингари меҳнат бозорида талаб юқо­ри бўлган касб-ҳунар­ларга ўқитилди. Бундай марказ Шаҳ­рисабз шаҳрида ҳам очилади. Бу ал­батта, бежиз эмас. Чунки, Қашқада­рё вилояти ортиқча меҳнат ресурсларига эга бўлган ҳу­дудлардан бири ҳисобланади.
     Айни пайтда ишсизлар, айниқса, ёшларнинг бандлигини таъминлаш, касбга тайёрлашда меҳнат бозоридаги ҳақиқий вазиятдан келиб чиққан ҳолда, ишчи кучига талаб ҳамда так­лиф мутаносиблигини уйғунлашти­риш масаласи ҳам ўз долзарблигини йўқотгани йўқ.
     Коллеж битирувчилари иш билан бандлигини таъминлашни назорат қилиш мақсадида 74 мингдан ортиқ иқтисодий комплекс ходимлари масъ­ул этиб белгиланди. Ишга жойлашган битирувчилар учун иш берувчи томонидан ижтимоий суғурта бадаллари тўланганидан сўнг уларни ишга жойлашган, деб ҳисобланиши янги тизим сифатида киритилди. Мазкур тизимда қайд этилган маълумотларга асосан, ҳисобот йилининг сентябрь ҳолатига кўра 115,3 минг нафар коллеж битирувчиси бандлиги таъминланди. Таҳлил натижаларига кў­ра, республикада жами банд 13,3 млн нафар аҳолининг 4,2 млнга яқини ёки 32 фоизи норасмий секторда, шу жумладан, қишлоқ хўжалиги, умумий овқатланиш, транспорт, қурилиш ва бошқа хизмат кўрсатиш соҳаларида фаолият юритмоқда. Қишлоқ хўжалиги миллий иқтисодиётнинг муҳим тармоқларидан бири бўлиб, респуб­лика аҳолисининг озиқ-овқат маҳсу­лотига, қайта ишлаш саноатини хом ашёга бўлган талабини қондириш ҳамда экспорт салоҳиятини мустаҳ­камлаш, меҳнат салоҳиятидан фойдаланиш ва халқимиз турмуш сифатини яхшилашга хизмат қилади.
     Агарда жаҳонда юз бераётган тенденциялар таҳлилига эътибор қа­ратсак, ривожланган мамлакатларнинг деярли барчасида қишлоқ хўжалиги қайсидир маънода давлат то­монидан рағбатлантирилиб, уларга ҳар йили давлат бюджетидан субвенция, дотациялар ажратилади. Аграр соҳанинг бошқа соҳаларга нис­батан инвестицион жозибадорлиги пастлиги туфайли, инвесторлар ўз маблағларини юқори даромад бе­рувчи соҳаларга йўналтиради. Шундан келиб чиқиб, инвестицияларни йўналтиришда ҳар бир ҳудуднинг ин­вестицион жозибадорлигини ҳи­собга олиш ва қарор қабул қилиш мақсадга мувофиқ. Шу муносабат билан Президентимиз «энг муҳим ижтимоий-иқтисодий вазифалар, тар­моқ ва ҳудудлар бўйича мақсадли дастурлар, устувор инвестиция лойи­ҳалари ва бошқа долзарб вазифалар бажарилишини танқидий таҳлил қилиш юзасидан амалдаги мавжуд тизим самарадорлигини оширишимиз лозим», деб таъкидлаган эдилар.
     Узоқ муддат давомида қишлоқ хў­жалиги соҳасига ихтисослашиб қол­ган ҳудудларнинг ижтимоий-иқ­ти­содий ривожланишини таъминлаш борасида қуйидаги йўналишларга устувор аҳамият қаратиш зарур, ­яъни:
     ● аграр соҳада таркибий исло­ҳотларни янада чуқурлаштириш, ЯҲМ­да саноат улушини кўпайтириш;
     ● қишлоқ хўжалиги ва саноат ко­операциясини интенсив ривожлантириш;
     ● ҳар бир ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатидан келиб чиқиб, ишлаб чиқариш кучларини жойлаш­тиришга алоҳида эътибор бериш;
     ● меҳнат бозоридаги вазиятни барқарорлаштириш, айниқса, ҳуду­дий тафовутларнинг олдини олиш мақ­садида юқори меҳнат талаб қила­диган ишлаб чиқариш корхоналарини ишга тушириш;
     ● ишлаб чиқариш ва бозор ин­фратузилмалари ривожланишини йўлга қўйиш;
     ● қишлоқ хўжалиги соҳасини тех­ник ва технологик жиҳатдан қайта қу­роллантириш ҳамда модернизация жараёнларини тезлаштириш;
     ● ишлаб чиқаришни диверсификациялаш, хизмат кўрсатиш соҳалари ривожланишини таъминлаш;
     ● қишлоқ жойларда касаначиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиш, чунки, касаначи­лик – корхоналарни иқтисодий ривожлантириш масалаларида энг кам маблағ талаб қилиши ҳамда энг кўп фойда келтиришидан ташқари, меҳ­натга лаёқатли аҳоли бандлигини таъминлашда, мавжуд меҳнат сало­ҳиятидан самарали фойдаланишда оила бюджети барқарор бўлишининг муҳим омилидир.
     Қишлоқ хўжалиги ривожланишини янги босқичга кўтариш, унда мавжуд бўлган меҳнат салоҳиятидан самарали фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтириш имконини беради.
     КБХТни ривожлантириш меҳнат салоҳиятидан самарали фойдаланиш­нинг асосий омилига айланиб бораётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Глобаллашув ва жаҳон иқтисодиё­тидаги ин­тег­рациялашув жараёнлари жадаллашиб, рақобат муҳити тобора кес­кинлашмоқда. Булар, ўз навбатида, меҳнатга яроқли аҳоли қатламини иш билан бандлигини таъминлашнинг янги, давр талабларига хос ва мос йўлини кашф этишни талаб эт­моқда. Жаҳон тажрибасига назар ташласак, аҳоли бандлигини таъминлаш меҳнат салоҳиятидан самарали фойдаланишнинг асосий йўли – кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш эканлиги маълум бўлади.
     КБХТ ўрни жаҳоннинг ривожланган мамлакатлари иқтисодиётида жу­да катта салмоққа эга. Хусусан, Гер­манияда иш билан банд аҳолининг 60 фоизини, АҚШда 50 фоиздан зиёдини, Европа Иттифоқида 70 фоизини, Японияда 80 фоизни ташкил этади. Айни пайтда ривожланган мамлакатларда фаолият юритаётган КБХТ жами корхоналарнинг ўртача 80 фо­из­дан зиёдини ташкил этиши маълум хулосалар чиқаришимизга асос бў­лади.
     Миллий иқтисодиётимизнинг мус­тақиллик йилларидаги ривожланиш таҳлиллари шуни кўрсатмоқдаки, ки­чик бизнес ва хусусий тадбиркорликдаги муаммо ижобий ҳал этил­моқда. Ўзбекистонда амалга оширилаётган чора-тадбирлар, ислоҳотлар натижасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини ЯИМ­даги улуши 2016 йил якуни бўйича 56,9 фоизни ташкил этди. Ушбу натижалар кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни давлат томонидан доимий қўл­лаб-қувватланаётганлиги, янги бос­қичга кўтарилаётганлиги билан боғ­лиқ. Айни пайтда мазкур фаолият иқтисодиётнинг барча соҳа­лари ҳам­да тармоқларида ишлаб чи­қариш ва хизмат кўрсатиш салмо­ғининг ортиб боришига замин ярат­моқда.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қув­ватлашга тижорат банклари ажратаётган кредитлар ҳажми барқарор тарзда ортиб бормоқда. Банкларнинг ушбу соҳани кредитлаш ҳажми охирги беш йилда тўрт баробарга, мик­рокредитлар 4,4 баробарга ошди. 2016 йил якунларига кўра, ушбу мақ­садда ажратилган кредитлар умумий ҳажми 2015 йилга нисбатан 31 фоиз кўп бўлди. Шу билан бирга, кичик бизнес субъектлари инвестицион ло­йиҳаларини молиялаштиришда хал­қаро молиявий институтлар кредитларидан самарали фойдаланиб кел­моқда. Хусусан, 2016 йилда 206,7 млн доллар миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилди. Ушбу маблағларнинг республикамиз ҳудудларида ўзлаш­тирилиши натижасида 200 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилди.
     Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини ривожланганлик даражаси республикамиз барча ҳу­дудларида бир хил эмас ва бу борада ўз ечимини кутаётган муаммолар ҳам етарли.
     Истиқлол йилларида Қашқадарё вилоятида ҳам янги корхоналарни ташкил этиш, эскиларини қайтадан ихтисослаштириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб- қув­ватлашга алоҳида эътибор қара­тил­моқда. Фақатгина 2016 йилда вилоятда 1700 дан зиёд янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилди. Улар ҳозирги пайтда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида самарали фаолият кўрсатмоқда. КБХТ субъектларининг вилоят ялпи ҳуду­дий маҳсулотдаги улуши 51,6 фоизни ташкил этди, бу иш билан банд аҳо­лининг қарийб 80 фоизи мазкур тар­моқда фаолият юритаётганлигини анг­латади. Тадбиркорликнинг кўплаб турлари билан шуғулланиш учун етарли ресурс ва хомашё базаси мавжудлиги, корхоналарни замонавий технологиялар билан жиҳозлаш натижасида сифатли, харидорбоп, ра­қобатбардош маҳсулотлар ишлаб чи­қаришга эришилмоқда.
     Вилоятимизда чарм-пойабзал са­ноатини ривожлантириш мақса­дида 2017–2018 йилларга мўлжалланган умумий қиймати 12,9 млн долларлик 18 та инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган. Унга мувофиқ, Қарши шаҳри, Деҳқон­обод, Китоб ва Нишон туманларида бешта пойабзал, Китоб туманида чарм-атторлик маҳсулотлари, «Қар­ши лазер» корхонасида тайёр чарм ишлаб чиқариш лойиҳалари амалга оширилади. Бу вилоятда йилига 1 млн дона терини қайта ишлаш, 460 минг жуфт пойабзал ва 100 минг дона чарм-атторлик маҳсулотлари тайёрлаш ҳамда 200 дан ортиқ янги иш ўринлари яратиш имконини беради.
     Республикамиз ҳудудларида саноат маҳсулотларини ишлаб чиқа­ришда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари улуши ортиб бораётганлиги яққол кўзга ташлан­моқда. Вилоятимизда бунёдкорлик ишлари жадал суръатлар билан амалга оширилиши муносабати билан қурилиш материалларига бўлган талаб ҳам ортиб бормоқда. Қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни ри­вожлантириш учун маҳаллий ресурс­лар, ишчи кучлари етарли бўлса-да, аммо қурилиш материалларини ишлаб чиқаришда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг улуши унча юқори эмас. Вилоятда саноат маҳсулотлари ишлаб чи­қаришда КБХТ корхоналарини иш­лаб чиқариш имкониятларини ошириш бўйича фойдаланилмаётган захиралар мавжуд. Фикримизча, кичик тадбиркорлик корхоналарини қу­рилиш материаллари ишлаб чиқа­риш фаолиятига салбий таъсир кўрсатувчи омиллар ҳам бор, улар қуйи­дагилар:
     ● материаллар баҳосининг тезкор ортиб бориши;
     ● буюртмачиларнинг тўловга қо­билиятсизлиги ортиши;
     ● қурилиш материаллари бозорида ҳақиқий рақобат муҳити шаклланмаганлиги;
     ● қурилиш ишларини амалга оши­­риш учун зарур бўлган техника ва технологияларнинг кўплаб қис­мини хорижий мамлакатлардан харид қи­линиши ва бошқалар.
     Қашқадарё вилоятида тадбиркорлик соҳасида енгил саноат, озиқ-овқат ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳ­сулотларини қайта ишлашда ҳам фой­даланилаётган захиралар мавжуд. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришда фойдаланилмаётган асосий омиллардан бири ташқи савдо айланмасидаги фарқлар ҳисобланади, яъни импорт ҳажмининг экспорт ҳаж­мига ҳажмига нисбатан устунлигидир. Вилоятда экспорт улушини ошириш учун катта имкониятлар бор. Яъни, янги кичик саноат зоналарини ташкил этиш ҳамда фаолият юритаётганлари самарадорлигини ошириш асосида ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш ҳажмини ошириш, аҳо­ли бандлиги, меҳнат салоҳиятидан самарали фойдаланиш мумкин.
     Республикамизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривож­лантириш учун барча меъёрий-ҳуқу­қий асослар ва уларни амалга оширишнинг ташкилий механизмлари яратилган. Бироқ, КБХТ таркибини тартибга солишнинг институционал меъёрларини яратиш давр талабларидан орқада қолмоқда. Уларнинг ривожланиш кўрсаткичлари ҳудуд­ларда аҳолининг зич ёки сийрак жойлашувига қараб нормативларини иш­лаб чиқиш ҳамда ҳуқуқий жиҳат­дан қонунларда мустаҳкамлашни йўлга қўйиш лозим.
     Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш учун вилоят, туман ва ша­ҳар­ларни комплекс, мутаносиб иж­тимоий-иқтисодий ривожлантириш, уларнинг мавжуд меҳнат салоҳияти­дан самарали ва комплекс тарзда фойдаланиш талаб этилади.
 
 
Машҳура ОСТАНОВА,
мустақил илмий изланувчи

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Make an Order

    Make an Order
  • AFFICHE

  • Advertising

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Contacts

    32, Matbuotchilar Street, Tashkent 100000 Uzbekistan

  • Subscribe To News

    (Русский) Чтобы подписаться на наши новости, впишите свой e-mail
  • Any reproduction or use of excerpts from publications can be made only with the written consent of the publisher; when reprinting materials, a link to the source is required.