2019 йил 4 декабрь куни Тошкент давлат шарқшунослик институтида тантанали равишда Японшунослик факультети очилди. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги хабар бермоқда.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов, Япониянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Фуджияма Ёшинори жаноблари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
1992 йилда Тошкент давлат шарқшунослик институтида ташкил этилган Япон филологияси кафедраси нафақат Ўзбекистонда, балки бутун Ўрта Осиёда япон тилини ўқитиш бўйича очилган биринчи ўқув маскани саналади.
Охирги йилларда ТошДШИда японшунослик соҳасида қилинган илмий-тадқиқот ишлари натижалари янги факультет шаклланишига асос бўлди.
ТошДШИда янги факультетнинг ташкил топиши японшунослик бўйича ўқув жараёни ва илмий-тадқиқот ишларини бир ерга тўплаш ҳамда ушбу соҳа йўналишларини мувофиқлаштириш имкониятини бериш билан бир қаторда, ўзбек японшунослигини янги поғонага кўтаришга хизмат қилиши айтилади.
Манба: Kun.uz