Sorry, this entry is only available in Uzbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
– Жаҳонгир Обидович, Тошкент шаҳар ҳокими этиб тайинланганингиздан бери мана бир ярим йил ўтди. Айтинг-чи, тадбиркорга шаҳар ҳокими бўлиш қийинми? Муваффақиятли тадбиркорнинг қандай хусусиятлари катта шаҳарни бошқаришда қўл келади?
– Сизнинг саволингизга бир сўз билан жавоб беришим мумкин: бу жуда қийин. Бизнесда сиз мол-мулкингизни, бизнес обрўсини хавф-хатарга қўясиз ва якуний натижалар фақат сизга таъсир қилади.
Ҳоким эса қатор вазифаларни ҳал қилиши керак. Бу ижтимоий муаммоларни ҳал этиш, шаҳарликларнинг ижтимоий-маиший ва уй-жой шароитларини яхшилаш, муҳандислик коммуникациялари, йўлларнинг сифатли ишлашини таъминлаш, янги объектлар қуриш, шаҳарга инвестициялар киритиш ҳақида қайғуриш, бюджет ва бошқа кўплаб масалалар. Бу ерда устувор йўналишларни ажратиб кўрсатиб бўлмайди, уларнинг ҳар бири ўз ечимини талаб қилади
– Тадбиркорнинг бошқарув услуби мансабдор шахснинг услубидан сезиларли даражада фарқ қилади, чунки тадбиркор қўл остидагилар билан бевосита алоқада бўлади. Ҳокимият аппаратининг бошқарув тузилмаси сизнинг бошчилигингизда қандай ўзгарди?
– Сиз тўғри айтдингиз, бевосита алоқа тамойили бизнесда жуда самарали ишлайди. Лекин мен яна шуни қўшимча қилмоқчиманки, тадбиркор ўз ваколатларини топширишни, ишонишни билиши керак.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги тузилмасида ҳокимнинг йўналишлар бўйича ўринбосарлари раҳбарлик қиладиган 8 та комплекс, ҳоким аппарати, шунингдек, пойтахт туманларининг 11 та ҳокими кўзда тутилган.
Биз ўринбосарлар билан асосий вазифаларни норасмий вазиятда мунтазам равишда муҳокама қиламиз, ғоялар яратамиз, қандайдир масалалар бўйича позицияни шакллантирамиз, муаммолар ечими ҳақида бош қотирамиз. Бу жамоа томонидан қарорлар қабул қилинадиган фаолиятнинг муҳим жиҳати, чунки ана шунда улар янада чуқур ўйланган ва тўғри бўлади.
Менинг ишим давомида биз ҳокимликнинг тузилмасини қайта кўриб чиқдик, янги бўлим ва бошқармаларни очдик. Шунингдек, биз халқ билан жонли мулоқотни таъминлаш учун ҳокимлик ҳузурида Жамоатчилик кенгашини ташкил этдик.
– Бугунги кунда Тошкент бир йирик қурилиш майдончасига ўхшайди. Шаҳарнинг турли қисмларида янги метро линиялари, йўллар, бизнес марказлари ва бошқа объектлар барпо этилмоқда. Буларнинг барчаси катта ҳажмдаги инсон ресурслари, ишлаб чиқариш-техник ресурсларни талаб қилади. Ҳокимият ушбу ресурсларнинг етишмаслиги масаласини қандай ҳал қилмоқда?
– Ҳа, Тошкент бугунги кунда ҳақиқий қурилиш майдонига айланган. Ва бу модага эргашиш эмас, балки объектив реаллик – шаҳарда ўзгаришларга, янги объектларни қуришга бўлган талаб юзага келди. Зеро, охирги йилларда Тошкентда янги йўллар ва чорраҳаларнинг кескин тақчиллиги кузатила бошлади, жамоат транспорти инқирозга юз тутган эди, ёш оилалар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари учун арзон уй-жой етишмаслиги муаммоси тобора сезила бошлаган эди. Ҳозирда мамлакат раҳбарияти республикани, шу жумладан, Тошкентни ҳам модернизация қилиш жараёнига катта эътибор қаратмоқда.
Катта биноларни зарур ресурслар билан таъминлашдан олдин бу ерда республика ва шаҳар бюджетлари маблағларига қурилаётган объектлар (метро, йўллар, транспорт чорраҳалари)ни хусусий инвесторлар маблағларига қурилаётган объектлар (янги уй-жой ва савдо мажмуалари, бизнес марказлари, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналари)дан аниқ ажратиш керак. Албатта, давлат томонидан молиялаштириладиган майдонларда барча зарур ресурслар мавжуд. Хусусий объектларда ресурслар билан таъминланганликни эса инвесторларнинг ўзлари назорат қилишлари зарур. Шу билан бирга давлат қурилиш тўхтаб қолмаслиги ва барча қурилаётган бинолар ва инфратузилма объектлари ўз муддатида топширилиши учун барча имкониятларни ишга солмоқда.
– Урбанизация замонавий объектларнинг фаол қурилишини назарда тутади: бунда шаҳарнинг бетакрорлиги ва тарихини сақлаб қолишда муҳим аҳамиятга эга бўлган шаҳарнинг эски қисмлари – маҳаллалар сақланиб қолаяптими?
– Жуда долзарб савол. Бугунги кунда Тошкент Марказий Осиёдаги энг йирик мегаполис ва МДҲдаги энг аҳоли зич жойлашган шаҳарлардан бири ҳисобланади. Экспертларнинг фикрича, Тошкентнинг доимий аҳолиси қарийб 3 миллион кишини ташкил этади. Бундан ташқари ҳар куни иш, бизнес, ўқиш учун, шахсий иш бўйича ва сайёҳлар сифатида Тошкентга кўплаб одамлар келади. Ушбу омилларни ҳисобга олган ҳолда биз ҳар бир тоифадаги фуқаролар учун шаҳарни қулай қилишимиз керак. Мен Тошкент ҳудудида тарихий ёдгорликларни асраш тарафдориман, чунки уларда бой ва хилма-хил маданиятимиз сақланади. Шу билан бирга биз шаҳар аҳолининг ўсишига мос равишда ривожланиши кераклигини инкор этмаслигимиз зарур.
Албатта, шаҳар маъмурияти олдида шаҳарни нафақат юқорига, балки энига ҳам ривожлантириш масаласини ишлаб чиқиш вазифаси турибди. Бу йил Англиянинг Benoy бюроси Тошкентни ривожлантириш консепцияцини эълон қилди. Концепция доирасида Тошкент ҳудудини шимолий-шарққа томон қарийб 1,8 марта кенгайтириш ва шу тариқа шаҳарнинг сиғимини яна 2–2,5 млн. кишига ошириш мўлжалланмоқда. Шуни таъкидлашни истардимки, бу масала ҳали ҳам ишлаб чиқилмоқда, аммо келажакда транспорт коллапси ва ижтимоий инқирозга йўл қўймаслик учун офис ва тижорат биноларининг аксарияти Нурафшон ҳалқа йўли доирасида жойлашгани каби Тошкентнинг кераксиз марказлаштирилишидан узоқлашишимиз керак. Биз бир неча марказли шаҳарни яратишга эътибор қаратишимиз лозим. Бу юкни шаҳар бўйлаб тенг равишда тақсимлаш имконини беради.
– Катта объектларни қуришда кўплаб вазифаларни ҳал қилишга тўғри келади, улар ичида аҳоли учун энг муҳим муаммолардан бири – эски уй-жойларни бузиш. Бу масалани ҳал қилишда аҳолини қониқтирадиган оптимал ёндашув мавжудми?
– Тошкент ривожланмоқда, Тошкент ўсиб бормоқда. Халқнинг фаровонлиги яхшиланмоқда, автомобиллар сони ортиб бормоқда, туғилиш даражаси ошмоқда. Шу муносабат билан олдимизда янги иш ўринлари ташкил этиш, янги кўп қаватли уйлар, болалар боғчалари, мактаблар қуриш, шаҳарнинг барча ҳудудларида инфратузилмани янгилаш вазифаси турибди.
Бироқ шаҳар майдони аҳоли ўсишига мос равишда ўсмаяпти, Тошкент кенгаймаяпти. Айнан шунинг учун эскиларини бузмасдан туриб янги объектларни қуриб бўлмайди. Шуни ишонч билан айтишим мумкинки, уй-жойлар бузилишидаги аҳоли норозилигининг асосий сабаби – бу тўланадиган компенсация миқдори. Бироқ агар мулк эгасига мол-мулкнинг ҳақиқий бозор қийматига тенг миқдорда компенсация тўланса, у бундай бузилишларга деярли ҳар доим рози бўлади.
– Ўзбекистон-Франция муносабатларига бағишланган журнал сонини тайёрлашда Ўзбекистон шаҳарларининг сув таъминоти ва сув чиқариш тизимларини модернизациялашда иштирок этаётган Франциянинг SUEZ компанияси раҳбарияти билан учрашдик. Учрашувда пойтахтимиз тузилмалари билан ўзаро ҳамкорлик тўғрисида сўз юритилди. Ҳозирда ушбу тизимларни янгилаш жараёни қандай кетмоқда? Тошкент инфратузилмасини ривожлантиришга яна қайси хорижий компаниялар жалб қилинган?
– Ўтган йиллар давомида Тошкентнинг сув таъминоти ва сув чиқариш тизими жиддий эскирган бўлиб, имкон қадар тез модернизация қилинишни талаб этмоқда. Биз бир нечта компаниялар ишини ўрганиб чиқдик, шунингдек, майдони ҳамда аҳоли сони ва зичлиги кўрсаткичлари бўйича Тошкентга ўхшаш бошқа шаҳарларнинг тажрибасини таҳлил қилдик ва Франция компанияси билан ҳамкорлик қилишга қарор қилдик. Айни пайтда ҳамон музокаралар давом этмоқда. Агар биз аниқ келишувларга эришсак, Тошкентнинг сув таъминоти тизими яқин йилларда янгиланади. Демак, шаҳар аҳолиси сифатли ичимлик суви билан таъминланади. Бундан ташқари биз сув ресурсларини иррационал сарфланишини оптималлаштириш, пойтахтимиздаги ўсимликларни суғориш самарадорлигини ошириш, шунингдек, шаҳарнинг дренаж тизимини яхшилаш имкониятига эга бўламиз.
– Дунёнинг кўплаб мегаполисларида «енгил» шаҳарлар ҳисобланган ўрмонзор парк зоналари ташкил этилган. Пойтахтимизда мавжуд боғларни сақлаш ва янгиларини барпо этиш режалаштирилаяптими?
– Жорий йилнинг баҳорида биз «Яшил Ташаббус – 2019» акциясини ўтказдик, унинг доирасида фаол шаҳар аҳолиси томонидан 400 минг туп дарахт экилди. Октябрь ойида 3 500 туп дарахт ва буталар ўсадиган Tashkent City парки очилди.
Албатта, дарахтлар ва буталарни сақлаш, шунингдек, уларнинг сонини кўпайтириш Тошкент ҳокимлиги фаолиятининг асосий устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Аҳоли, тадбиркорлар ва йирик компанияларнинг дарахтлар ва буталар экиш ташаббуси билан чиқиши минтақа экологияси учун жуда муҳим.
Кўпинча аҳоли браконъерлик муаммосининг етарлича назорат қилинмаслиги учун ҳокимиятни танқид қилади. Ҳа, рухсатномаларни беришда ноқонуний кесиш ва ваколатларни ошириб юбориш ҳолатлари мавжуд. Биз дарахтларнинг кесилиши факти бўйича шошилинч рақам орқали мурожаат қилиш мумкин бўлган хизматни яратдик, ҳар бир ҳолатни ўрганадиган мобиль гуруҳ тузилган.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан эълон қилинган жорий йилнинг 1 ноябридан 2020 йилнинг 31 декабригача дарахтларни кесишга мораторий ҳам шаҳарнинг яшил қопламасини сақлаб қолишга қаратилган. Мораторий ҳар бир киши учун мажбурийдир. Бинолар қурилишида мораторийни бажариш учун котлован қазиладиган ҳудуддаги дарахтлар кўчирилади ва бунинг учун бизда махсус техника мавжуд. Котлован қазиладиган ҳудудга кирмайдиган дарахтлар сақлаб қолиниши керак.
– Охирги вақтда сиз хорижлик ҳамкасбларингиз – пойтахтлар ҳокимлари билан кўплаб мулоқотлар қилаяпсиз, мазкур учрашувлар ҳақида қисқача гапириб берсангиз?
– Сиз ҳақсиз, Тошкент дунёдаги бошқа пойтахтлар ва мегаполислар билан алоқаларни фаол йўлга қўймоқда. Умуман олганда, бу дунёга ва хорижий капиталга очилаётган Ўзбекистоннинг янги сиёсати билан боғлиқ. Йирик шаҳарлар биз билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор. Москва, Берлин, Сеул ва жаҳондаги бошқа пойтахтлар билан алоқалар ўрнатилган. Сўнгги ойларда, хусусан, Вена вице-мэри ва Анқара мэри билан бир қатор учрашувлар ўтказилди. Бундай учрашувлар, масалан, тажриба алмашиш ҳамда шаҳарни режалаштириш ва бошқариш соҳасидаги энг янги ишланмалар нуқтаи назаридан фойдали.
– Сиз хорижий давлатлар пойтахтлари ва йирик шаҳарларида тез-тез бўлиб турасиз, қайси шаҳарнинг ривожланиш намунаси Тошкент учун бошқалардан кўра кўпроқ маъқул келади?
– Юқорида айтиб ўтганимдек, Тошкент ўзининг бетакрорлиги ва ўзига хослигини сақлаб қолиши керак. Шу билан бирга биз замонавий шаҳарсозлик тенденцияларини ҳам инкор этмаслигимиз даркор. Ўтган йили биз шаҳар муҳитини яхшилаш ва жамоат жойларини яратиш бўйича етакчи компаниялардан бири ҳисобланган «Стрелка» КБни таклиф қилдик. Ҳамкорлик натижаларидан мамнунмиз, «Стрелка» бизга Тошкентни замонавий урбанизация трендлари руҳида реконструкция қилиш бўйича бой тажрибасини инъом этди. Ривожланиш намунасига келсак, идеал шаҳарлар мавжуд эмаслигини айтмоқчиман, шунинг учун биз кимнингдир тажрибасидан кўр-кўрона нусха кўчирмаслигимиз керак. Менинг назаримда биринчи навбатда, биз ўз хатоларимизни ҳам, бошқа шаҳарларда йўл қўйилган хатоларни ҳам тўғри баҳолашимиз ва келажакда уларнинг такрорланишига йўл қўймаслигимиз лозим.
– Келажакда Тошкентнинг янги қиёфасини қандай тасаввур қиласиз?
– У ерда инсонларнинг қулай яшаши учун ҳамма нарса муҳайё этилган замонавий «ақлли» мегаполис. Ривожланган транспорт тизимига, шаҳар аҳолиси ва меҳмонларининг дам олиши ва ривожланиши учун кўплаб жойларга эга бўлган яшил кўркам шаҳар.
Блиц-саволлар:
– Сиз Тошкентни бир сўз билан қандай таърифлай оласиз?
– Она шаҳрим.
– Пойтахтнинг асосий ресурси нима?
– Тошкентнинг асосий ресурси – бу ҳар куни шаҳримиз равнақи учун ўз куч-ғайратини сарфлашга тайёр турган меҳнатсевар ва ташаббускор инсонларимиз. Ва биз уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашимиз керак.
– Шаҳар ҳокими лавозимида ишлашда нима муҳим?
– Интизом, меҳнатсеварлик, ҳалоллик, муроса йўлини топа билиш.
– Сиз учун нима энг қадрли?
– Оила, Ватанга муҳаббат, ватанпарварлик, ҳалоллик.
– 2020 йил учун режаларингиз?
– Шаҳар инфратузилмасини ривожлантириш ишларини давом эттириш, ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш, жумладан, Тошкент шаҳар ҳокимининг талабалар учун, биринчи навбатда, техник олий ўқув юртлари талабалари учун махсус стипендиясини жорий этиш.