Sorry, this entry is only available in Uzbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Энг аввало шуни таъкидлаш лозимки, кластерлаштириш ўтган асрнинг охирги чорак қисмида оммавий тус олиб, унга нафақат давлат бошқарувчилари, балки, тадқиқотчиларнинг ҳам қизиқиши орта бошлади.
Ушбу соҳанинг асосчиларидан бири Гарвард бизнес мактабининг профессори Майкл Портернинг фикрига кўра, ривожланган ва ривожланаётган соҳа ёки тармоқлар айнан кластерни татбиқ этиш ёки унинг баъзи бир элементларидан фойдаланиш орқали юқори натижаларга эришади. Юздан ортиқ тармоқларни таҳлил қилган олим шундай хулосага келади, яъни, юқори рақобатбардошликка эга бўлган трансмиллий компанияларнинг ривожланиши бир неча давлатларда мавжуд бўлган ташкилотларнинг мустақил ҳаракат қилиши орқали эмас, балки тизимли равишда битта давлат ёки битта минтақада концентрациялашуви муҳим аҳамият касб этади. Натижада, мазкур компаниялар ўз ютуғи орқали истеъмолчилар, хомашё етказиб берувчилар ва рақобатчиларга ижобий таъсир ўтказган. Ўз навбатида, атрофдагиларнинг имкониятлар кенгайиши компаниянинг рақобатбардошлигини янада оширган. Ушбу ўзаро манфаатдорлик туфайли кластерларнинг шаклланиши юзага келади. М. Портернинг мулоҳазаларига кўра, «кластер» бу – бир-бирига боғлиқ бўлган бир нечта корхоналар жамламасидан иборат бўлган, яъни асосий воситаларни етказиб берувчилар, махсус хизмат кўрсатувчи инфратузилмалар, мол етказиб берувчилар, илмий-тадқиқот институтлари, таълим муассасалари ва бошқа барча бир-бирининг рақобатбардошлигини оширишга хизмат қиладиган ва ўз навбатида, кластернинг ҳам ривожланишини таъминлайдиган ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатувчиларнинг уюшмасидир. Портернинг таъкидлашича, қайси давлат ёки минтақада кластерлар ривожланган бўлса, ўша ҳудуд аҳолисининг турмуш фаровонлиги ва компанияларнинг рақобатлашуви ҳам юқори бўлади.
Шундан келиб чиқиб, кластер «биргаликда юксалиш» тушунчасини ҳам англатади. Кластерлар вертикал интеграцияланган тузилмалардан, биринчи навбатда, ишлаб чиқаришни ташкил этишга инновацион ёндашув, ихтисосликнинг эгилувчанлиги, шунингдек, алоҳида корхоналар фаолиятини ўзаро мувофиқлаштириш ва ишлаб чиқариш занжири доирасида мослаштирилиши билан фарқланади.
Ушбу соҳани тадқиқ қилган яна бир олим Ю.Гусевнинг фикрича, «кластерлар ўз-ўзини мустақил ташкил этиш усули билан тажрибада синалган ва назарий жиҳатдан қайта ишланган фаолият ҳисобланади. Кластерли фаолият самарасиз тармоқ ёндашувидан ишлаб чиқаришни ташкил этишнинг такомиллашган шаклларига ўтишнинг кучли воситасига айланиши мумкин».
Ижтимоий ривожланишнинг информацион иқтисодиётга ўтиш босқичида товарлар эмас (уларнинг сифати кўпинча бир хил бўлади), балки ташкилотлар рақобатлашади, оқибатда асосий рақобат устунлиги товарнинг хусусияти билан эмас, фирманинг товарларни сотиш харажатларини қисқартириш имкониятлари ва ваколатлари билан белгиланади.
Ҳудудларни ривожлантириш учун кластерли тузилмаларни шакллантириш қўшимча иш ўринларини яратиш, маҳаллий бюджет даромадларини ошириш, ваколатларни тақсимлаш, тадбиркорлик тузилмалари билан ўзаро таъсирлашиш, ахборот айирбошлашни жадаллаштириш ва янгиликларни тарғиб этиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг инновацион фаоллигини ошириш, ҳудуднинг инновацион жозибадорлигини жадаллаштириш ҳамда ҳудудий иқтисодиётни диверсификация қилиш бўйича янги имкониятларни тақдим этади.
Тадбиркорлик тузилмалари учун кластерлар – бу йирик инвестиция лойиҳаларида иштирок этиш, қўшимча даромад олиш, янги бозорларга чиқиш, инновацияларни жорий этиш бўйича харажатларни қисқартириш, инновацион фаолиятни инфратузилмавий таъминлаш, ходимлар малакасини ошириш, кичик корхоналарни инновацион фаолиятга жалб этиш ва пировардида рақобатбардошликни ошириш учун имконият ҳисобланади. Бунда, ҳар бир кластер иштирокчиси – корхона ўз мақсадини кўзлаган ҳолда нафақат ўз хўжалик фаолияти самарадорлиги ва рақобатбардошлигини оширади, балки тадбиркорлик инфратузилмасини шакллантиришга кўмаклашгани ҳолда, ҳудудда фаолият юритаётган турли хилдаги бошқа корхоналарнинг самарадорлиги ва рақобатбардошлигининг ўсишига хизмат қилади.
Ҳудудий кластерда иштирок этиш фан ва таълим муассасалари учун ҳам жозибадор, чунки бу, илмий тадқиқотлар ва ишланмаларни молиялаштириш ҳажми ва сифатини ошириш, илмий тадқиқот ишларининг техник таъминоти даражасини юксалтириш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва ташқи лойиҳаларда иштирок этиш, илмий-педагог кадрлар малакасини оширишнинг янги имкониятларидан ҳисобланади.
Ҳудудий кластерларни шакллантиришнинг хориж тажрибаси таҳлилига кўра, иккита асосий модель мавжуд бўлиб, унинг доирасида «либерал» ва «дирижист» кластер сиёсати амалга оширилади. «Либерал» сиёсатнинг асосий тамойили шундаки, бунда бозор муносабатлари ҳукмрон кучга эга бўлади, давлатнинг роли фақатгина табиий ривожланишдаги тўсиқларни бартараф этишдан иборат бўлади. «Дирижист» кластер сиёсатида давлат иқтисодий кластерлаштиришнинг минтақавий ва тармоқли устунликларини танлаши, кластернинг инфратузилмавий таъминотини ривожлантириши ва кластер ташкил қилинаётган ҳудудни танлаш жараёнида фаол иштирок этиши мумкин.
Ҳозирда олимлар ўз тадқиқотларида ҳудуднинг рақобат устунликларини шакллантириш, минтақавий ривожлантириш стратегиясини амалга ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ҳамда корпоратив секторнинг ўзаро таъсирини қулайлаштириш, минтақавий таълим тизимида таълим сифати ва инновацион фаолликни оширишда кластерларнинг ўрнига кўпроқ эътибор қаратишмоқда.
Ҳозирда саноат кластерларининг барча таркибий бўғинлари бўйича ишчи кучи қиймати тақсимотини тадқиқ этиш, ҳудудий тармоқларда фирмалараро юқори технологик кластерларнинг ўрни ва аҳамиятини ўрганиш, ҳудудий кластерларнинг инфратузилмавий таъминот тизимини шакллантириш бўйича тадқиқотларни амалга оширишни тақозо этади.
Бизнинг фикримизча, бошқарувга кластерли ёндашувни фақат бир қатор инфратузилмавий ва ноинфратузилмавий шарт-шароитлар мавжуд бўлгандагина татбиқ этиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Булар;
1. Инфратузилмавий шарт-шароитлар:
● кластерларни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришга қаратилган давлат сиёсатини кластер иштирокчиларининг салоҳияти ва тадбиркорлик тизимини ривожлантириш хусусиятлари, ҳудуднинг ўзига хослигини ҳисобга олган ҳолда расмийлаштириш. Кластерларни ривожлантиришнинг устуворликлари ва вазифаларини белгилаб олиш;
● илмий-таълим асоси, малакали ишчи кучи, давлатнинг ИТТКИ (илмий техника тараққиёти ва конструкторлик ишлари)дан тадбиркорлик тузилмаларининг фойдаланиш имкониятининг мавжудлиги, таълим секторига эга бўлган йирик ташкилотлардан бизнеснинг манфаатдорлиги;
● кластер иштирокчилари ўртасида коммуникацияни расмий ва норасмий ахборот, билим ва касбий тажриба алмашиш асоси сифатида ривожлантириш. Кластерларни умумий бошқариш тамойиллари манфаатдор томонлардан ҳамкорликдаги ҳаракатланиш учун ишонч ва ошкораликни талаб этади. Кластерли ёндашувдан фойдаланиш бизнес-ҳаракатларни узоқ вақт режалаштириш ва стратегик башоратлашни кўзда тутади;
● кластерли тузилмаларни ривожлантириш воситаси сифатида давлат буюртмалари ҳамда давлат-хусусий ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш;
● тадбиркорлик субъектларига тажриба алмашиш ва ўз манфаатларини ҳимоя қилиш имконини берувчи ҳудудий кластерларни шакллантиришда ижтимоий бирлашмаларнинг иштироки.