Мустақиллик йилларида амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар энг аввало, инсон манфаатларини ҳимоя қилишга, мамлакатимиз иқтисодий қудратини тараққий эттиришга ва халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтиришга қаратилган. Шу боис, жойларда улуғ мақсадларни теран англаган бунёдкор халқимиз ҳар бир жабҳада фидокорона ва самарали меҳнат қилмоқда. Ҳукуматимиз яратиб бераётган кенг кўламли имкониятлардан унумли фойдаланаётган янгиқўрғонликлар ҳам давлатимиз иқтисодиётини янада юксалтириш, ўзларининг турмуш даражасини оширишга астойдил интилмоқда. Яъни, қабул қилинаётган истиқболли лойиҳалар, ҳаётий дастурлар ижросини таъминлашда ижобий натижаларга эришилмоқда. Бундай дейишимиз бежиз эмас, зеро, 2015 йил якунларига эътибор қаратсак, юқорида келтирилган таърифлар ижобатини топаётганини кўрамиз. Масалан, 2015 йилда ўтган йилга нисбатан саноат 111,3 фоиз, аҳоли истеъмол моллари 111,9 фоиз, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш 107,7 фоиз, пудрат ишлари 113,2 фоиз, чакана савдо 102,7 фоиз, пулли хизмат кўрсатиш 114,4 фоизни ташкил этди. Янгиқўрғонликлар ўз маҳсулотларини хориж бозорларига чиқариш масалаларида ҳам яхши натижаларга эришмоқда. Хусусан, ўтган йили 19,4 млн долларлик саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилингани, 4,8 млн долларлик импорт амаллари бажарилганини инобатга оладиган бўлсак, бу борада ҳам сезиларли муваффақиятларга эришаётганимиз маълум бўлади.
Таъкидлаш лозимки, бугунги кун талаб-эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, туманда аграр соҳанинг барча йўналишларига катта эътибор қаратилмоқда. Аслини олганда, Янгиқўрғон аҳли табиий муҳитга мос равишда азал-азалдан мева-сабзавот етиштириш ҳадисини олишган. Айтиш мумкинки, туманимиз мева-сабзавотга ихтисослашган ҳудудлардан саналади, яъни, бу заминда авлоддан-авлодга ўтиб келаётган тажрибалар даврлар оша бойитиб борилади. Шу боис ҳам, бу имкониятлардан самарали фойдаланишга астойдил ҳаракат қилинади. Мисол учун, 2015 йилда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш натижаларини таҳлил қиладиган бўлсак, қуйидаги манзара ҳосил бўлади. Яъни, умумий сумма 586,9 млрд сўмдан зиёд бўлиб, барча хўжаликлар томонидан 40,4 минг тонна дон (100,7 %), 104,5 минг тонна сабзавот (104,3 %), 92,8 минг тонна картошка (104,2 %), 36 минг тонна полиз (106,4 %), 54,7 минг тонна мева (107,7 %), 37,2 минг тонна узум (104,6 %), 12,9 минг тонна гўшт (111,2 %), 67,6 минг тонна сут (111,1 %), 34,4 млн дона тухум (137,2 %), 187,5 тонна пилла (116,7 %), 176 тонна жун (107,3 %), 51 тонна асал (153,6 %) ва 41,4 тонна балиқ (172,5 %) етиштирилди. Бюджет даромадлари 25,6 млрд сўм (режадан 29,6 млн сўм кўп)ни, харажатлар 89,4 млрд сўм (режадан 271 млн сўм кам)ни ташкил этди. Солиқ ва мажбурий тўловлар учун 37 млрд сўм (режадан 43,3 млн сўм зиёд) ундирилиб, шундан 25,6 млрд сўми туман маҳаллий бюджетида қолдирилди.
Шу ўринда айтиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг бунёдкорлик ғоялари асосида қиёфаси тубдан ўзгариб бораётган ҳудудлар қатори бизнинг туманда ҳам бирин-кетин замонавий корхоналар, ишлаб чиқариш мажмуалари бунёд этилмоқда, мавжудлари замонавий техника ва технологиялар билан жиҳозланмоқда. Шунингдек, хусусий тадбиркорликка, кичик бизнесга янада кенг имкониятлар очиб берилмоқда. Буларнинг барчаси алал-оқибат тўкин-сочинликка, фаровон турмуш тарзи асоси бўлган бандлик кўрсаткичлари ортишига сабаб бўлмоқда. 2015 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ҳудудий дастурига кўра, 6480 та янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган эди. Мақсадли дастурга мувофиқ, 90 таси саноат, 565 таси хизмат кўрсатиш, 320 таси қишлоқ хўжалиги, 325 таси ишламасдан турган корхоналар фаолиятини тиклаш ҳисобига амалга оширилди. Шунингдек, тижорат банкларининг кичик корхоналар ва микрофирмалар учун ажратиладиган кредитлари ҳисобига 1524 та, якка тартибдаги тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобига 652 та, уй меҳнатини ташкил этиш ҳисобига 2722 та ҳамда деҳқон ва фермер хўжаликлари ҳисобига 282 та иш ўрни яратилди.
Бу борада айниқса, мустақил ҳаётга қадам қўяётган ёшлар, коллеж битирувчиларини иш билан таъминлашга қаратилаётган эътибор ҳар қанча таҳсинга сазовор. Қайд этилганидек, 2015 йил якуни бўйича белгиланган режа 100,8 фоизга бажарилди. Ана шу мақсадда ўтган йили аҳоли бандлик даражасини ошириш мақсадида олти маротаба меҳнат ярмаркаси ўтказилди. Мазкур тадбирларда коллеж битирувчиларини ишга жойлаштириш масаласига алоҳида эътибор берилди. Хусусан, 2014–2015 ўқув йилида туман касб-ҳунар коллежлари битирувчилари сони 3053 нафарни ташкил этиб, 3043 нафари (99,7 %) ўзининг доимий иш ўрнига эга бўлди.
Бундан ташқари, туманнинг саноат салоҳиятини янада ривожлантириш дастурига асосан ўтган 2015 йилда умумий қиймати 11,5 млрд сўмлик 11 та саноат корхонаси ишга туширилди. Бунинг натижасида 204 та янги иш ўринлари ташкил этилди.
Жумладан, тумандаги «Натурал Джус» МЧЖ ўз маблағи ҳисобидан 800 млн сўм, банк кредити ҳисобидан 6,2 млрд сўмга Туркия ва Польша давлатларидан замонавий, мевани қайта ишлаш дастгоҳларини келтириб, йилига 50 минг тонна мевани қайта ишлашни йўлга қўйди. Ўтган даврда аҳоли жон бошига саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 491,4 минг сўмга, аҳоли истеъмол моллари ишлаб чиқариш 457,9 минг сўмга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш 2859,5 минг сўмга, пулли хизмат кўрсатиш 453,6 минг сўмга, чакана савдо айланмаси 1229 минг сўмга ва жами хизматлар 943,7 минг сўмга тўғри келди.
Бугунги кунда маҳаллий бюджет харажатларининг 63,6 фоизи мақсадли субвенциялар ҳисобига қопланмоқда ёки республика бюджетидан 56,9 млрд сўм субвенция олинаётганлиги туманнинг республика бюджетига боғлиқлиги юқори даражада эканлигини кўрсатмоқда. Шунга кўра, жорий йилда туманда ишлаб чиқилган субвенцияни қисқартириш юзасидан ишлар давом эттирилиб, йил якунига қадар режалаштирилган 63,6 фоиз ўрнига 60,2 фоизга тушириш ёки 3,5 фоизга камайтириш мўлжалланмоқда.
Яна шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, туманда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожига хизмат қиладиган ва аҳоли фаровонлигини оширишда самарали омил бўладиган ҳар қандай ташаббус қўллаб-қувватланмоқда. Натижада, иқтисодиёт тармоқлари бўйича хусусий тадбиркорлик субъектлари улуши ортиб, саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш 61,6 фоизни, ялпи қишлоқ хўжалик маҳсулоти етиштириш 99,7 фоизни, чакана савдо айланмаси 46,3 фоизни, аҳолига пулли хизмат кўрсатиш 60,1 фоизни, юк ташиш 71,4 фоизни, йўловчи ташиш 95,6 фоизни ва жами хизматлар 85 фоизни ташкил этди.
2015 йил давомида туманда фаолият юритаётган кичик бизнес субъектларига жами 18,9 млрд сўм кредит маблағлари ажратилиб, шундан 5,7 млрд сўми қисқа муддатли ва 13,2 млрд сўм узоқ муддатли кредитлардир.
Юқорида қайд этилган иқтисодий кўрсаткичларни 2010 йилга нисбатан таққослаганда, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 12,8 млрд сўмдан 100,9 млрд сўмга, яъни саккиз бараварга ўсган.Аҳоли истеъмол моллари ишлаб чиқариш етти бараварга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш 3,2 бараварга, чакана савдо айланмаси 111,5 фоизга, пулли хизмат кўрсатиш эса 131,2 фоизга ва жами кўрсатилган хизматлар 4,1 баравар ўсишига эришилди.
Бу кўрсаткичларни аҳоли жон бошига нисбатан таҳлил қилинганда қуйидаги манзара ҳосил бўлади. Яъни, 2010 йилда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 72,1 минг сўмга тўғри келган бўлса, 2015 йилга келиб 491,4 минг сўмга, яъни етти бараварга ўсди. Шунингдек, аҳоли истеъмол моллари ишлаб чиқариш 5,8 бараварга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш 2,8 бараварга, пулли хизмат кўрсатиш 6,6 бараварга, чакана савдо айланмаси қарийб тўрт бараварга ва жами хизматлар 3,2 бараварга ўсиши таъминланди.
Қолаверса, туманда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш, янги хизмат турларини ташкил этиш йўналишида ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлган махсус дастурлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга жорий қилинмоқда. Хусусан, ўтган йилнинг ўзида 54 та хизмат кўрсатиш ва сервис шохобчаси ташкил этиш режалаштирилиб, амалда 78 таси фойдаланишга топширилди. Уларнинг 30 таси чакана савдо, саккизтаси умумий овқатланиш, бештаси пойабзал тикиш ва таъмирлаш, ўнтаси автомобиль ва бошқа техникаларни таъмирлаш устахоналари ва 25 таси кийим тикиш ва таъмирлаш, суратхона, сартарошхона ҳамда гўзаллик салонлари ва бошқа хизмат кўрсатиш объектларидир.
Шу ўринда таъкидлаш лозимки, қурилиш ишлари ҳажми 2015 йил давомида 61,5 млрд сўм ёки ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 113,2 фоизни ташкил этди. Туманимизда ҳисобот даврида 82 минг кв/м. якка тартибдаги тураржойлар қурилди. Миллий ва замонавий архитектурани ўзида мужассам этган бир-биридан гўзал иншоотлар, гузарлар ҳамда спорт майдончалари, дўкон ва хизмат кўрсатиш объектлари Янгиқўрғон тумани қиёфасини тамомила ўзгартириб, аҳолига қўшимча қулайликлар яратмоқда. Кўриниб турибдики, туманда саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш, аҳоли истеъмол товарлари тайёрлаш, чакана савдо ва пулли хизмат, сервис ва маиший хизмат кўрсатиш салмоғи, пудрат ишлари ҳажми ўсиб бормоқда.
Туманимизда юқорида таъкидланган чора-тадбирлар билан бирга, жорий «Соғлом она ва бола йили» давлат дастури ижросига қаратилган устувор вазифалар ижросини таъминлашга ҳам астойдил киришилган. Булар, соғлом турмуш тарзини яратишга янада эътибор бериб, оналар ва болалар соғлиғини асраш, ижтимоий муҳофазасини кучайтириш, моддий ва маънавий жиҳатдан кўмак бериш орқали соғлом фарзандларни камолга етказиш ишларини тизимли тартибда йўлга қўйишдир. Юртимиздаги ҳар бир инсон самарали меҳнат қилиши, роҳат-фароғатда яшаши учун барчамиз бирдек масъулмиз. Бу жиҳатни катта-ю кичик яхши англаши ҳам муҳим масала!
Кўриб турганимиздек, Янгиқўрғон ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан юқори салоҳиятга эга, жадал ривожланаётган туманлардан. Ҳудуд аҳолисининг меҳнаткашлиги, юртни обод этишга, ёрқин келажак қуришга бўлган эзгу орзуси амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларида яққол намоён бўлмоқда.
Хуллас, саъй-ҳаракатлар ва интилишларимиз қанчалик муштарак ва ҳамоҳанг бўлса, бу – эртанги фаровонлик, ҳеч кимдан кам бўлмай тўкин яшаш, айтиш жоизки, мақсад-муддаоларимиз ушалиши демак!
Тоҳиржон РАПИҚОВ,
туман ҳокими