Sorry, this entry is only available in O´zbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Мамлакатимизда ижобий ўзгаришларнинг янада изчил ва муваффақиятли давом этиши учун жамиятда ўзаро ҳурмат, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик ҳукм суриши ғоят муҳим. Мазкур йўналишда Ўзбекистон узоқ йиллар давомида маънавий ва умуминсоний қадриятларни мустаҳкамлаш ишига, барқарорлик ва хавфсизликни сақлашга қаратилган ташқи сиёсий мулоқотлар, маданиятлар ва динлар ўртасидаги алмашинувга салмоқли ҳисса қўшган халқаро ташкилотлар билан фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Конрад Аденауэр номидаги жамғарма Тошкентда 1994 йилдан фаолиятини йўлга қўйган бўлиб, Германия билан Ўзбекистон ўртасидаги яқин шериклик муносабатларининг ўзига хос тарғиботчиси сифатида хизмат қилмоқда.
Бугун журналимиз меҳмони – ушбу жамғарманинг Марказий Осиё бўйича ваколатли вакили Ронни ХАЙНЕдан ўзимизни қизиқтирган долзарб саволларга жавоб беришини сўрадик.
– Конрад Аденауэр номидаги жамғарма ташкил этилганига, мана, 65 йилдан ошибди. Уни ташкил этишдан мақсад христиан-демократик маърифий-таълим ишларини олиб бориш бўлган. Ушбу ташкилотнинг ҳозирги кунда Германия ва хориждаги фаолиятининг асосий йўналишлари нималардан иборат?
– Жамғарма 1955 йилда христиан-демократик маърифий ишлар жамияти сифатида ташкил этилган. 1964 йилдан бошлаб жамғармага Германия Федератив Республикасининг биринчи федерал канцлери Конрад Аденауэр номи берилган. Шу тарзда у миллий ва халқаро даражалардаги сиёсий жамғарма сифатида фаолият юрита бошлаган.
Жамғармамиз кўп йиллардан буён халқаро рейтингда ижобий кўрсаткичга эга бўлиб келмоқда ва жаҳоннинг 20 та энг яхши таҳлилий марказлари қаторидан жой олган. Жумладан, «Global Go To Think Tank Index-2020» ҳисоботида биз 174 та марказ орасида 15-ўринни эгалладик ва энг яхши немис таҳлилий маркази сифатида эътироф этилдик.
Жамғарманинг фаолияти учта асосий йўналишга қаратилган: хавфсизлик, инновациялар, вакиллик ва иштирок. Улар доирасида биз экспертларимиз билан биргаликда семинарлар, амалий машғулотлар, конференциялар ва баҳс-мунозаралар ўтказамиз, тажриба алмашамиз ва нима учун биз демократия, қонун устуворлиги, тинчлик, эркинлик, тараққиёт ва тобора ўзаро боғлиқ бўлиб бораётган оламда ҳамжиҳатликни ёқлаётганимиз, биз ҳаммамиз қандай муаммоларга дуч келаётганимиз, ушбу қадриятларни ҳимоя қилиш ва ривожлантириш учун ўзимизни қандай намоён этишимиз ҳақида фикрлар алмашамиз. Ўз миссиямизда миллий ҳамкорларимиз билан биргаликда дунёнинг турли минтақаларидаги одамларни демократия ва қонун устуворлигини ҳимоя қилишга, инновацион ва рақамли ривожланиш жараёнларига нисбатан оқилона муносабатда бўлиш, масъулиятли ва онгли равишда ҳаракат қилишга ундашни истаймиз. Давлат ва жамият одамларнинг, масъул фуқароларнинг ўзи учун ҳам, давлати ва жамияти учун ҳам масъулиятни ўз зиммасига олганидагина яхши ривожланиши мумкин.
Ўзбекистонда кўплаб малакали ва ишончли шериклар билан ишлаймиз. Қўшма тадбирларимиз демократия ва қонун устуворлигини ривожлантиришга, илм-фан ва таълим, оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий бозор иқтисодиётини юксалтиришга қаратилган. Биргина ўтган йил давомида таълим, иқтисодиёт, коммунал соҳа, атроф-муҳит, энергетика, ташқи сиёсат ва хавфсизлик сиёсати бўйича ҳам онлайн, ҳам гибрид форматда 20 дан ортиқ тадбирлар ўтказдик.
Бундан ташқари 2020 йилда Европа Иттифоқи ва жамғармамизнинг 2020-2022 йилларга мўлжалланган Марказий Осиёда муросаи мадора ва тинчлик учун минтақавий трансчегаравий мулоқотни илгари суриш бўйича қўшма лойиҳани амалга оширишга киришилди ва у Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистондаги миллий шерикларимиз билан биргаликда олиб борилмоқда. Ўзбекистонда «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати лойиҳа бўйича шерик ҳисобланади. Лойиҳа умумий минтақавий муаммоларни самарали бартараф этиш, ННТ ва журналистларнинг трансчегаравий тармоғини мустаҳкамлаш, уларнинг қўшма ташаббусларини ва ҳамкорлик платформаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида мулоқотнинг турли форматларини ривожлантиришга, ёшлар, педагоглар, ННТ, журналистлар, жамоат тартибини муҳофаза қилиш органлари, диний жамоалар ва давлат органларининг вакиллари каби мақсадли гуруҳлар салоҳиятини оширишга йўналтирилган.
– Ўзбекистон Марказий Осиёдаги стратегик муҳим давлат ҳисобланади. Жамғарманинг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси айнан Тошкентда очилишига шу сабаб бўлганми?
– Ўзбекистонда офисимизнинг очилиши тарихи 1990-йиллар бошига бориб тақалади. Германия 1992 йилда Ўзбекистон мустақиллигини тан олган ва у билан дипломатик алоқаларни ўрнатган дунёдаги илк давлатлардан бири бўлди. 1993 йилнинг апрель ойида Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов Германияга расмий ташрифни амалга оширди. Ушбу ташриф доирасида кўплаб юксак даражадаги учрашувлар, жумладан, жамғармамизнинг ўша вақтдаги раиси Герд Ланггут билан ҳам учрашув бўлиб ўтди. Мазкур учрашувда жамғарма вакиллари маслаҳат ва амалий ёрдам кўрсатиш учун Ўзбекистонга таклиф этилди. 1993 йилнинг ноябрь ойида Конрад Аденауэр жамғармаси билан Ўзбекистон ҳукумати ўртасида доиравий битим имзоланди, 1994 йилнинг июль ойида эса жамғарма Тошкентда ўзининг минтақавий ваколатхонасини очди.
Минтақавий ваколатхонамиз Марказий Осиёнинг тўрт давлати – Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон учун масъул. Биз ўзининг ижтимоий масъулиятини англаб етадиган кишиларни бирлаштирган ҳолда марказий осиёлик шерикларимизни қўллаб-қувватлаймиз. Тадбирларда янги билимларни ўрганиш ва бир-биримиз билан ғоялар алмашиш имконияти тақдим этилади. Асосий эътибор одамларнинг қадр-қиммати, ҳуқуқлари ва масъулиятини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилишга қаратилади. Биз учун бу ижтимоий адолат, эркин демократия ва барқарор бизнеснинг бошланғич нуқтасидир. Ушбу миссияда ўзимизни Европа билан Марказий Осиё ҳамда минтақадаги барча иштирокчилар ўртасидаги боғловчи кўприкнинг қурувчилари сифатида кўрамиз.
– Мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган ижобий ўзгаришлар динамикаси ортиб бормоқда. Конрад Аденауэр буюк давлат арбобларидан бири сифатида Германияни Иккинчи Жаҳон уруши натижасидаги етти йиллик вайронагарчиликлардан халос этиб, мамлакатни жаҳондаги қудратли иқтисодий давлатга айлантиришга муваффақ бўлди. Сиз Ўзбекистонда охирги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?
– Ҳозирги вақтда Ўзбекистон ўзининг ривожланиш суръати ва очиқлиги билан халқаро ҳамжамиятнинг эътиборини жалб этмоқда. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бошлаган ислоҳотларнинг ҳаётга фаол татбиқ этилаётганини бутун мамлакат бўйлаб, Тошкентда ҳам, мен ташриф буюрган вилоятларда ҳам кўриш ва ҳис этиш мумкин. Ўзбекистоннинг босқичма-босқич модернизация қилинаётгани ва демократлашаётгани – факт ҳамда бошланган бу йўл изчил давом эттирилишига умид қиламиз. Бу эса нафақат мамлакатга, балки бутун Марказий Осиё минтақасига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.
Охирги тўрт йил мобайнида муҳим иқтисодий ва сиёсий ўзгаришларнинг тамал тошлари қўйилди. Ўзбекистон валютаси 2017 йилнинг сентабрь ойидан бошлаб эркин конвертация қилинмоқда. Давлат ҳам корхоналардаги ўз улушини камайтиришни мақсад қилиб қўйган. Бундан ташқари мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш учун шарт-шароитлар яратилиши керак. Ўзбекистонга халқаро инвесторлар зарур, шунинг учун мамлакат уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш чораларини кўрмоқда. Бу соҳадаги энг самарали янгиликлардан бири – бу хорижий инвесторларнинг низоларни кўриб чиқишда бевосита Олий судга мурожаат қила олиши бўлиб, бу мамлакат инвестиция сиёсатига бўлган ишончни оширади. Иқтисодиётнинг барқарор ишлаши учун яхши ривожланган профессионал банк тизими ҳам катта аҳамиятга эга. Ўзбекистон биринчи навбатда банк тизимини рақамлаштиришни ва сўнгра бир қатор банкларни хусусийлаштиришни кўзлаётгани ҳам миллий, ҳам халқаро ишбилармон доиралар учун яхши сигнал. Йигирмадан ортиқ эркин иқтисодий зоналарнинг ташкил этилгани Ўзбекистон иқтисодий тараққиётининг яна бир омили бўлиши мумкин. Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашга катта эътибор қаратилаётгани ва Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг ташкил этилгани узоқ муддатли истиқболда инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича мақсадларнинг жиддийлигини исботлаб турибди. Бироқ ислоҳотларни давом эттириш ва минтақадан ташқаридаги бошқа жозибадор бозорлар билан рақобатбардошликни ошириш зарур.
Ташқи сиёсат нуқтаи назаридан Ўзбекистоннинг қўшнилар билан, жумладан, иқтисодий ривожланиш фонида муносабатларни яхшилаш борасидаги қадамлари муҳим аҳамият касб этади. Кўп йиллар давомида деярли ёпиқ турган чегаралар очилди, виза талаблари бекор қилинди, ҳаво ва темир йўл алоқалари тикланди. Жаноб Президент Шавкат Мирзиёев Парламентга йўллаган Мурожаатномасида таъкидлаганидек, чиндан ҳам Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари билан яхши қўшничилик муносабатлари ва стратегик шерикликни янада ривожлантиришга интилмоқда.
– Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессияси минбаридан туриб илгари сурган ташаббуслари, шунингдек, Ўзбекистон Парламентига Мурожаатномаси халқаро экспертлар ҳамжамиятида катта резонансга сабаб бўлди. Бизга ушбу чақириқлар ва республика тараққиётининг истиқболдаги устувор йўналишлари борасидаги фикрларингиз ҳам қизиқ.
– Ўзбекистон Президентининг БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқида ва унинг Парламентга Мурожаатномасида маҳаллий, минтақавий ва халқаро даражадаги қатор долзарб масалалар кўтарилди. Ўзбекистонда тугаётган йил охирида келгусидаги вазифаларни белгилаб олиш анъанаси мавжуд бўлиб, шу асосида махсус Давлат дастури ишлаб чиқилади. Янги вазифалар ва ташаббуслар, одатда, аввалги ривожланиш дастурларининг мантиқий давоми ҳисобланади. Ушбу мақсадда эксперт даражасида биз иштирок этадиган жамоатчилик муҳокамалари ва баҳс-мунозаралар бўлиб ўтади. Масалан, жорий йилнинг 20 январь куни узоқ йиллик ҳамкоримиз – Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти билан халқаро экспертлар мунозараси онлайн форматда бўлиб ўтди. Кун тартибидан Шавкат Мирзиёев томонидан белгиланган вазифалар ва ташаббуслар, уларни амалга ошириш механизмлари, мамлакатни янада ривожлантириш давлат дастурларининг аҳамияти жой олди. Тадбирда етакчи таҳлилий марказларнинг 30 нафардан ортиқ халқаро экспертлари иштирок этди. Экспертлар Ўзбекистон Президентининг давлат ва жамият қурилиши, қонун устуворлиги, иқтисодиётни эркинлаштириш, ижтимоий сиёсат, очиқ, прагматик ва конструктив ташқи сиёсатни олиб бориш соҳаларидаги ташаббус ва таклифлари юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Бундан ташқари биз «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати билан биргаликда 2017 йилда ислоҳотлар жараёни бошланган вақтдан буён мамлакат тараққиёти таҳлил қилинган мақолани чоп этдик.
– Германия Федератив Республикаси Марказий Осиёда тобора муҳим стратегик аҳамият касб этиб бораётган Ўзбекистон билан шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Сизнингча, минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш, барқарорлик ва фаровонлик ҳудудини яратишда Ўзбекистон қандай роль ўйнайди?
– Минтақа марказида жойлашган Ўзбекистон Марказий Осиёнинг қолган республикалари ва Афғонистон билан чегарадош. Ўзбекистоннинг янги ривожланиш стратегияси доирасида Давлат раҳбари ўз қўшнилари билан қалин ўзаро ҳамкорлик ва яхши муносабатларни сақлаб қолиш, шунингдек, трансмиллий лойиҳалар ёрдамида ҳамкорликни кенгайтиришга интилмоқда. Кўзланган яна бир мақсад Марказий Осиё давлатлари ўртасида ташқи сиёсат масалалари бўйича кўпроқ якдилликка эришишдан иборат. 2019 йилнинг январь ойида қабул қилинган Ўзбекистоннинг янги мудофаа доктринаси ҳам ўз қўшнилари билан конструктив алоқаларни ўрнатиш ва кенгайтиришга қаратилган. У ядро ва бошқа оммавий қирғин қуролларини ишлаб чиқариш ҳамда тарқатишдан воз кечиш, ҳарбий иттифоқларда иштирок этмаслик, мамлакат ҳудудида хорижий ҳарбий базаларни тақиқлаш, шунингдек, чет элдаги ҳарбий миссияларда иштирок этмасликни ўз ичига олади.
Афғонистон ва бошқа қўшни давлатлардан кириб келадиган диний экстремистлар ва террорчилар миллий хавфсизликка энг катта таҳдид ҳисобланади. Ўзбекистонда жамият тараққиётининг дунёвий моделига, бинобарин, барқарорлик ва тинчликка қарши кайфиятда бўлган радикал исломий гуруҳлар ҳам мамлакат хавфсизлигига таҳдид солади. Шундай қилиб, Афғонистонда тинчликнинг ўрнатилишига кўмаклашиш, расмий Қобул билан дўстона муносабатларни сақлаб туриш ва ривожлантириш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий устувор йўналишлари ҳисобланади.
– Бундан бир йил аввал жамғармангиз томонидан «Ўзбекистон Республикасида давлат ва жамият қурилишининг янги босқичи, мамлакатни демократик модернизация қилишда парламент ва вакиллик ҳокимияти органларининг ролини ошириш» мавзуида халқаро конференция ташкил этилди. Сиз Ўзбекистоннинг мазкур йўналишда қайси энг муҳим ҳаракатларини эътироф этган бўлардингиз?
– Ҳа, бир йил аввал Олий Мажлис палаталари ва «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати билан ҳамкорликда халқаро анжуман ўтказдик. Кун тартибида ислоҳотларнинг муҳим йўналишлари – парламентнинг ролини кучайтириш, ҳукумат устидан парламент назоратини ўрнатиш, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, аҳолининг фаровонлигини ошириш, таълим ва илм-фанни юксалтириш масалаларига эътибор қаратилди. Шунингдек, мазкур тадбир келгусида минтақаларда мониторинг бўйича ташкиллаштириладиган туркум семинарларимиз учун ўзига хос синов вазифасини ўтади.
Ҳозирги вақтда Ўзбекистон демократик-ҳуқуқий давлатни шакллантиришдаги янги босқични бошдан кечирмоқда: мамлакат сўнгги йилларда халқаро даражада очилди; давлат бошқарувида ўзгаришлар рўй бермоқда; халқ манфаатларини таъминлашга қаратилган ошкора сиёсатни амалга оширишга ҳаракат қилинмоқда; парламент давлат ва давлат харидлари тизими устидан назоратни кучайтириш зарурлигини таъкидламоқда; бутун мамлакат бўйлаб коррупцияга қарши чоралар жадаллашмоқда. Бунинг натижасида мамлакатга халқаро ишонч даражаси ошди, “Transparency International”нинг 2020 йил учун эълон қилган Коррупцияни идрок этиш индексида Ўзбекистон 180 мамлакат орасида 146-ўринни эгаллади.
Суд-ҳуқуқ тизимида ҳам салмоқли ислоҳотлар олиб борилмоқда, парламентаризмни янада профессионаллаштириш ислоҳотлар кун тартибидан жой олган. Сиёсий партиялар давлат ва жамиятнинг муҳим масалалари ва муаммолари юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришга чақирилган, бу уларнинг аҳоли ишончини қозонишига таъсир кўрсатмоқда.
Мамлакатингиз Конституцияси ва қонунларида мустаҳкамланган мустақил журналистиканинг эркинликлари ва кафолатларини таъминлаш Ўзбекистоннинг демократик ислоҳотлар йўлидаги навбатдаги дадил қадами ҳисобланади. Давлат томонидан молиялаштириш йиллик дастурлари кўплаб долзарб ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этишга қаратилган. Мазкур дастурларнинг мақсадли, пухта ва аниқ режалаштирилган ижроси мамлакат равнақи ва аҳоли фаровонлиги учун хизмат қилади. Бу йил беш йиллик ривожланиш стратегиясининг натижалари ва баҳолари сарҳисоб қилинади, бунинг асосида мамлакат тараққиётининг яқин йилларга мўлжалланган кейинги курси ва устувор йўналишлари белгиланади.
– Ўзбекистон – кўп миллатли мамлакат ва бу ерда яшаётган турли миллату элат вакилларининг маданиятлари, қадриятлари тенг ҳимоя қилинади. Биз учун албатта, ислом цивилизацияси алоҳида аҳамиятга эга. Жаҳон глобаллашуви шароитида цивилизациялараро мулоқот ва анъанавий қадриятларни сақлаб қолиш масалаларида қандай тенденцияларни кузатиш мумкин ва мамлакатимиз менталитети ҳамда диний бағрикенглигининг қандай миллий хусусиятларини Сиз алоҳида таъкидлаган бўлардингиз?
– Марказий Осиё минтақаси кўплаб асрлар давомида Евроосиё маданиятларининг ривожланиши ва ўзаро таъсирида муҳим роль ўйнади. Амударё ва Сирдарё дарёлари ўртасидаги ушбу минтақа қадим замонлардан буён дунёнинг ўзига хос мультимаданиятли чорраҳаси бўлган, бу ерда ҳамиша Эрон, Евроосиё-кўчманчи, қадимий Сурия, Ҳиндистон, Юнон, Хитой, мусулмон ва Шарқий славян цивилизациялари мавжуд бўлиб, фаол ўзаро ҳамкорлик қилган. Буюк ипак йўлининг муҳим қисми Марказий Осиёдан ўтган бўлиб, милоддан аввалги II асрда мавжуд бўлган Шарқ ва Ғарбнинг алоҳида минтақаларини боғлаган. Шу туфайли бу минтақада кўплаб асрлар давомида Евроосиё дунёсининг турли халқлари ўртасида техник ютуқлар, билимлар, диний ва маданий қадриятларнинг жадал ва самарали алмашинуви юз берган.
Марказий Осиё халқлари маданиятларининг бойлиги ва ўзига хослиги уларнинг глобал алмашувдаги муҳим роли билан боғлиқ. Уларнинг инсоният маънавий тараққиётидаги ўрни эса жуда катта. Жаҳондаги барча динлар – зардуштийлик, буддавийлик, христианлик, ислом ва бир қатор минтақавий диний анъаналар минтақа халқлари меросининг мураккаб тарихий-маданий мозаикасида ўз ифодасини топган.
Жаҳон цивилизацияси ривожланишининг кенг контекстида Марказий Осиё минтақасининг тарихини ва ундаги халқларнинг умуминсоний қадриятларни шакллантириш ҳамда ривожлантиришга қўшган ҳиссасини тушуниш, уларнинг маданияти турли таъсирларнинг кўп асрлик маҳсули эканлигини англаш нафақат маънавий қадриятларга, балки диний анъаналарга нисбатан ҳам бағрикенгликни ривожлантириш имкониятини тақдим этади. Бу айниқса, этноцентризм, диний муросасизлик, экстремизм ва терроризмнинг, шовинизмнинг ҳалокатли оқибатларини ҳисобга олсак, умумий мафкуравий нуқтаи назардан муҳим аҳамият касб этади. Шу билан бирга бу қадим замонларга бориб тақаладиган, ҳар бир миллатнинг руҳини ташкил этадиган миллий, тарихий ва маданий хусусиятлардан воз кечишни англатмайди. Аксинча, бошқа маданий анъаналарга ҳурматнинг муҳимлигини эътироф этишга асосланган ҳақиқий бағрикенглик жонсиз космополитизм ва халқнинг этник-маданий хусусиятларини менсимаслик билан ҳеч қандай умумийликка эга эмас. Марказий Осиё тарихи, сўзсиз, миллий ўзлик туйғусининг этноцентристик чегараланганлик ва диний муросасизликка айланишига йўл қўймайдиган ушбу мўрт хусусиятни топишга ёрдам бериши мумкин.
Ўзбекистон ўзининг яхлит тарихий меросига таянган ҳолда ривожланиш стратегиясини миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик тамойиллари асосида қурмоқда. 35 миллион аҳолига эга бўлган Ўзбекистон дунёдаги энг кўп миллатли ва кўп конфессияли давлатлардан биридир. Бу ерда умумий тарихий тақдири бир-бирига боғланган 136 миллат ва 16 конфессия вакиллари истиқомат қилади.
Ўзбекистоннинг давлат сиёсати миллатлараро ва динлараро тинчлик-тотувликни сақлашга қаратилган. Инсонларнинг маънавий бирлиги ва бу ерда асрлар давомида шаклланган умумий ахлоқий қадриятлар мамлакат тараққиётининг муҳим омилларидан ҳисобланади.
– Конрад Аденауэр номидаги жамғарма жаҳон майдонида сиёсий таълим билан ҳам шуғулланади, интеграцияни мустаҳкамлаш тарафдори ҳисобланади, санъат ва маданиятни ривожлантиришга кўмаклашади, иқтидорли талаба ва аспирантлар унинг стипендиатларига айланишади. Ташкилот фаолиятининг ушбу йўналиши ҳақида ҳам сўзлаб берсангиз.
– Жамғарма сиёсий таълимининг чора-тадбирлари ижтимоий, илмий, сиёсий ва экологик мавзуларнинг кенг доирасини қамраб олади. Иқтисодий тематик соҳаларда биз ривожланиш омиллари ва иқтисодий юксалиш имкониятларини аниқлаш учун форумлар ташкил қиламиз ва миллий ҳамкорларимиз билан биргаликда мамлакатларнинг иқтисодий ишончлилигини мустаҳкамлашга ҳисса қўшамиз. Бундан ташқари биз минтақа тарихчилари билан биргаликда энг янги тарихни ўрганиш тадбирларини ўтказамиз, бу эса тарихий воқеаларга, уларнинг бугунги кундаги долзарблиги ва аҳамиятига назар ташлаш имконини беради. Бунда таълим муҳим роль ўйнайди. Шу мақсадда университет ландшафтини байналмилаллаштириш ва ислоҳ қилиш, шунингдек, истеъдодли ёшларни рағбатлантириш бўйича турли форматдаги тадбирларни таклиф этамиз. Минтақа олдида турган яна бир муаммо – бу одамларга иқлим ўзгаришининг таъсири ҳақида маълумот бериш ҳамда энергия ва сув ресурсларини самарали бошқаришдан иборат. Жамғарма томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар қарор қабул қилувчи шахслар, экспертлар ва фуқаролик жамияти вакилларини, шунингдек, журналистларни долзарб мавзулар бўйича фикр алмашиш учун очиқ ва ишончли мулоқотда бирлаштиради. Халқаро мунозара клуби доирасидаги семинарларда Марказий Осиё билан Европа ўртасидаги ҳамкорлик, рақамлаштириш ва атроф-муҳит масалалари каби мавзулар батафсил кўриб чиқилиб, муҳокама қилинади.
Билим ва тажрибамизга талаб мавжуд экан, Конрад Аденауэр номидаги жамғарма Ўзбекистондаги кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида амалий ёрдам кўрсатишда давом этади.