Sorry, this entry is only available in Uzbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Саҳифамиз меҳмони – Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи жамоаси билан ишлаш фаолиятида ўзига хос тажриба йўлини босиб ўтган, корхона ходимларининг аксариятини кўп йиллардан буён яқиндан биладиган инсон – Бухоро НҚИЗ Кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўлими бошлиғи Гулхумор МИРЗАЖОНОВАнинг фикрига кўра корхона муваффақиятининг гарови айнан ходимлар, ёшлар билан ишлаш самарадорлигига, юқори малакали мутахассисларни тайёрлашга бевосита боғлиқ.
Ушбу суҳбатда нефтни қайта ишлаш заводининг кадрлар сиёсати ҳақида сўз боради.
– Маълумки, кадрлар тайёрлаш масаласида кўп ҳолларда илғор хориж тажрибаларидан фойдаланилади. Завод кадрлар сиёсатининг асосий йўналишлари ва унинг самарадорлиги ҳақида батафсилроқ сўзлаб берсангиз.
– Бизнинг вазифамиз заводнинг барча таркибий бўлинмаларини малакали кадрлар билан таъминлашдан иборат. Ушбу мақсадга эришиш учун биз учта асосий йўналишда ишламоқдамиз. Ишга қабул қилинган янги ходим, биринчи навбатда, меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик техникаси, газ ва электр хавфсизлиги, ёнғин хавфсизлиги ва саноат хавфсизлиги асослари бўйича бирламчи билимларни олади, шунингдек, завод ва асосий ишлаб чиқариш жараёнлари ҳақида умумий тасаввурга эга бўлади. Ходим томонидан олинган билимлар амалиёт билан мустаҳкамланади, амалда ишлаб чиқаришга иш ҳақи сақланиб қолинган ҳолда 4 ҳафта мобайнида ўқитилади. Фақат амалий фаолият билан бирга олиб борилган ўқув курси ниҳоясига етказилиб, махсус имтиҳонлар топширилгач, цехда иш жойини эгаллаб, ходимлар жамоасига қўшилган ҳолда тўлақонли ишлаб чиқариш жараёнига киришади.
Кейинги босқич – бу ўз мутахассислиги бўйича мустақил ишларга тайёрлаш. Бунинг учун ўз ихтисослиги бўйича стажёр ва мураббий сифатида чуқур ўқитадиган, профессионал тажриба ва билимлари билан ўртоқлашадиган малакали мутахассислар, ишлаб чиқариш усталари, бошлиқлар ва бошлиқ ўринбосарлари, муҳандислик-техник ходимлар жалб этилади.
Тор касбий тайёргарликдан ташқари биз мамлакат Президентининг янги фармонлари, меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунлар ва қоидалардаги ўзгаришларнинг ижроси доирасида завод ходимларини ўқитиш ва қайта тайёрлашнинг бошқа йўналишларини амалиётда қўллаяпмиз. Ушбу семинарларда нафақат ишчи-ходимлар, балки корхонанинг раҳбар бўғини ҳам янги билимларга эга бўлади. Масалан, ҳар бир раҳбар Саноат хавфсизлиги қўмитасида тайёргарлик ва аттестациядан ўтиб, у ерда шаҳодатнома олиши шарт.
Ёш авлод – олий ўқув юртлари ва касб-ҳунар коллежлари битирувчилари билан ишлаш ҳам завод учун муҳим ҳисобланади. Биз асосан И.М. Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкент филиали билан ҳамкорлик қиламиз. Битирувчилар бизда стажировка ўташади. Эрталабдан ёшлар ўқитувчилар билан бирга онлайн шуғулланиб, ўз мутахассисликлари бўйича назарий билимларга эга бўлишади, тушликдан сўнг улар биздаги ишлаб чиқаришга боришади, цехлар бўйлаб тарқалишиб, олинган билимларни амалиётда қўллашади. Ўқитиш-стажировканинг бундай формати улар учун йилида икки марта ташкил этилади. Шунингдек, Тошкент кимё-технология институтининг нефть ва газ факультети билан 20 йилдан буён, Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетининг нефть ва газ факультети билан, мана, иккинчи йилдирки (унгача эса назорат-ўлчов асбоблари ва автоматика факультети билан бирга ишлаганмиз), ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз.