Sorry, this entry is only available in O´zbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий сиёсат аввало, юртимизда фаровон ҳаёт қуришга, аҳолининг турмуш даражасини оширишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Халқимиз дастурхонининг сифатли озиқ-овқат билан таъминланганлик даражаси эса, ўз навбатида, ҳаётимизнинг фаровонлик даражасини белгилайди. Айтиш жоизки, Президентимизнинг оқилона сиёсати, ҳукуматимиз томонидан аниқ мақсадга йўналтирилган иқтисодий дастурлар босқичма-босқич изчил ҳаётга жорий қилинаётгани туфайли, юртимизда етиштирилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари ҳажми йилдан-йилга ортиб, нафақат ички бозорни тўлдирмоқда, балки хорижий бозорларда ҳам ўз ўрнини мустаҳкам эгалламоқда.
Дунё аҳолисини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш масаласи кескинлашиб бораётган ҳозирги даврда маҳсулот етиштириш ҳажмини муттасил ошириб бориш билан бирга, уни нест-нобуд қилмай истеъмолчига етказиб бериш ҳам долзарб вазифалардан бирига айланиб бормоқда. Чунки, маҳсулотларнинг сезиларли қисми истеъмолчига етказиш жараёнида нобуд бўлмоқда. Мазкур муаммони ижобий ҳал этиш эса, жуда катта ташкилий-иқтисодий тадбирларни амалга оширишни талаб қилади. Президентимиз ўз маърузаларида: Озиқ-овқат маҳсулотларини «даладан дастурхонга» схемаси бўйича истеъмолчига етказиб беришда улкан йўқотишларга йўл қўйилаётганини алоҳида таъкидлаб, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг қуйидаги маълумотларини келтириб ўтган эдилар. Унга кўра, ҳар йили дунё бўйича қарийб 1,3 миллиард тонна миқдоридаги салкам бир триллион долларлик озиқ-овқат маҳсулоти шу тариқа бой берилар экан. Кўриниб турибдики, мазкур муаммо аллақачон инсоният олдида долзарб масалага айланиб улгурган бўлиб, Халқаро ҳамжамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида бизнинг мамлакатимизда ҳам ушбу масалани ҳал этиш кечиктириб бўлмайдиган вазифалардан ҳисобланади. Чунки, бутун дунёда унумдор ерларнинг тақчиллиги, ер захираларининг чекланганлиги шароитида етиштирилган маҳсулотларнинг нобуд бўлишига йўл қўйиш барча учун ҳам кечирилмайдиган ҳолатдир.
Ҳозирги пайтда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сақлашда анъанавий усуллар билан бирга жуда кўп ноанъанавий усуллар ҳам жорий қилинмоқда ва ўз самарасини бермоқда. Бироқ, шуни эътироф этиш керакки, маҳсулотни бир киши етиштиради, иккинчи киши уни тайёрлаш билан машғул бўлади. Яна бир субъект уни сақлаш билан шуғулланса, тўртинчи киши бозорга чиқаради. Бу ерда кетма-кетлик узилади. Табиийки, тўлиқ бир тизим мавжуд бўлмаган жойда уларни сақлаш ва сотиш жараёнида кўзланган мақсадга эришиб бўлмайди. Шу туфайли, ҳозирги пайтда жаҳон амалиётида сақлашнинг совуткичларда амалга оширилишига алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Биз, ўзимизнинг иқлим ва иқтисодий шарт-шароитимиздан келиб чиқиб, маҳсулотларни сақлашда «Боғдан дастурхонгача» усулидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ, деган хулосага келдик.
Бу усул етиштирилган ҳосилни йиғиштириш пайтидан бошлаб сифати ва хафсизлигини таъминлаган ҳолда якуний истеъмолчигача бўлган бутун жараённи тизимли равишда амалга ошириш, турли табиий ва механик йўқотишларни минимал даражага тушириш имконини беради. Бу қуйидаги жараёнларни ўз ичига олади:
● ҳосилни йиғиштириш;
● саралаш ва қадоқлаш;
● бир қисмини қайта ишлаш;
● транспортда ташиш;
● совуткичларга жойлаштириш;
● совутиш жараёни;
● транспортда ташиш;
● сотиш (чакана ва улгуржи савдо бозорлари орқали).
Ушбу жараён давомида, яъни боғдан дастурхонгача усулининг барча босқичларига тўлиқ амал қилинса, етиштирилган тез бузиладиган маҳсулотнинг хавфсизлиги, сархил кўриниши ва сифатининг сақланиб қолиши таъминланади.
Бу усулнинг бир қанча афзалликлари мавжуд бўлиб, биринчидан, маҳсулот сифати тўлиқ сақланиши туфайли талаб ўсади, иккинчидан, нобудгарчиликка йўл қўйилмайди, учинчидан эса, аҳоли саломатлигини сақлаш билан бирга мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш имконини беради. Шу туфайли, мазкур усул нафақат иқтисодий, балки муҳим ижтимоий аҳамиятга ҳам эга. Далаларимизда етиштирилаётган маҳсулотларнинг деярли барчаси шу усул билан аҳолига етказиладиган бўлса, бу масалада мамлакатимизда янги бир тежамкор ва самарали тизим яратилган бўлар эди.
Маълумки, кўплаб мамлакатларда, хусусан, ўзимизда ҳам етиштирилган маҳсулотлар анъанавий тарзда уй хўжалигида сақланади. Бунинг ўзига хос қулайликлари бор. Биринчидан, уй хўжаликларининг совуқ омборларида сақланадиган озиқ-овқат маҳсулотлари бир қадар арзон бўлганлиги учун талаб юқори. Иккинчидан, уй хўжаликларининг оладиган даромадлари ўзларида қолади. Учинчидан, маҳсулотни сотишнинг қулайлиги, янгилиги, мазаси ва бошқа афзалликлари мавжудлигидир.
Тадқиқотларимиз натижасида «Боғдан дастурхонгача» усулини қўллаб, тизимли равишда таҳлил қилиб қуйидагиларни аниқладик. Биринчиси, етиштирилган маҳсулотни сақламасдан туриб тўғридан-тўғри даладан сотиш усули. Бу етиштирилган маҳсулотни йиғиштириш ва уни сақламасдан истеъмолчига етказишни кўзда тутади. Мазкур усул боғбонларга ҳам жуда қулай. Чунки, ҳеч қандай ортиқча харажат ва қўшимча ташвиш йўқ. Аммо, бу пайтда маҳсулот арзон бўлади ва олинадиган даромад ва фойда миқдори унчалик юқори бўлмайди.
Иккинчи усул, етиштирилган маҳсулотни уйда табиий шароитда анъанавий усулда сақлаб сотиш. Яъни, етиштирилган маҳсулотни йиғиштириб уй шароитида анъанавий тарзда сақлаш ва истеъмолчига сотиш.
Кўриниб турибдики, уй шароитида маҳсулот сақлаш масаласи боғбонга бир қадар қўшимча «ташвиш» туғдиради. Яъни, даладан уй омборига олиб келиш, саралаш каби жараёнлар билан боғлиқ қўшимча харажатларга йўл қўйилади. Лекин, вақт ўтиши билан сақланган маҳсулотлар қимматга сотилиши, барча харажатларни қоплаб, қўшимча даромад олиш имконини беради. Шунга қарамай, анъанавий усулда сақлаш жараёнида бир қанча йўқотишларга сабаб бўлиш билан бирга, маҳсулотнинг сифати ҳам бироз бузилади, товар кўриниши ҳам ўзгаради ва ҳ.к.
Ушбу камчиликларни бартараф қилиш учун етиштирилган маҳсулотларни совуткичларда сақлаб сотиш мақсадга мувофиқ. Чунки, бу усул жаҳон амалиётида ҳам, ўзимизда ҳам кенг кўламда қўлланилмоқда.
Маҳсулотларни совуткичларда сақлашнинг ўзига хос талаблари мавжуд. Бунда, энг асосий масалалардан бири тегишли моддий-техника таъминоти билан таъминланиш даражасидир. Таассуфки, бу борада бизда ҳали қилинадиган ишлар талайгина.
Яна бир жиҳат. Ҳозирги пайтда совуткичлар эгалари етиштирилган маҳсулотни даладан сотиб олиб, сўнгра ўзлари сотишни маъқул кўрмоқдалар. Буларнинг фаолияти самарадорлигини ҳам ўргандик. Бу қуйидаги кетма-кетликда амалга оширилади. Ҳосил йиғиштирилгач тадбиркор, яъни совуткич эгаси уни сотиб олади ва совуткичларда сақлаб, кейин истеъмолчига етказади.
Мазкур ҳолатда тадбиркор маҳсулотни етиштиришда умуман иштирок этмаса ҳам, аммо уни харид қилиб, омборга олиб келгунча ва саралаш-сақлаш жараёнида қўшимча харажатлар қилади. Шунга қарамай, нархнинг ўзгариши эвазига барча харажатлари қопланиб қўшимча фойда олишга муваффақ бўлади.
Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда кўплаб миқдорда етиштирилаётган маҳсулотларни нест-нобуд қилмай истеъмолчига сифатли тарзда етказиб бериш учун «Боғдан дастурхонгача» усулидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Бу усулдан фойдаланилганда янада самарали натижаларга эришиш учун маҳсулотни етиштиришдан тортиб уни сотишгача бўлган жараёнда иштирок этувчилар манфаатдорлиги тенг таъминланиши лозим. Шундагина етиштирилган маҳсулотни имкон қадар нобуд қилмасдан омборга олиб келишга, сифатли сақланишига, маҳсулотнинг пешма-пеш савдо расталарига чиқарилишига эришилади. Бунда нобудгарчилик минимум даражага туширилади. Тўғри, бу жараёнда бошқа қўшимча ташвишлар ва улар билан боғлиқ харажатлар кўпаяди. Бироқ, товар сифатининг сақланиб қолиши ва нархнинг ошиб бориши эвазига мазкур харажатлар қопланиб қўшимча фойда олишга эришилади.
Юқоридаги самарадорликнинг ҳолатига янада чуқурроқ ёндашиб, унга амалий жиҳатдан қарайдиган бўлсак, боғбоннинг анъанавий усулда омборда сақлаб сотишдан олган фойдаси 2010–2014 йиллар давомида 235,3 фоизга, сақламасдан сотган фойдаси 250,9 фоиз, тадбиркор етиштирилган маҳсулотни харид қилиб, совуткичда сақлаб ўзи сотгандан олган фойдаси 130,9 фоиз ошганига гувоҳ бўлдик. Бевосита фермер (деҳқон)нинг ўзи етиштирган маҳсулотини совуткичда сақлаб сотишдан олган фойдаси эса 166,7 фоизни ташкил этган. Булардан кўриниб турибдики, маҳсулотни анъанавий усулда омборда сақлаб сотишдан ва сақламасдан сотганда қилинган фойда суммаси жадаллик билан ўсган. Аммо совуткичда сақлаб сотган маҳсулотдан олинадиган фойданинг миқдори юқори.