Sorry, this entry is only available in Uzbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Сўнгги ўн йилликда дунёда IT эволюцияси, мобиль телефон ва смартфонлар ҳамда технологияларнинг автоматлаштирилиши жамият ҳаётини, ижтимоий-иқтисодий ривожланишни тубдан ўзгартирди. Айниқса, интернетга уланиш мутлақо янги босқичга кўтарилди ва бундан буён биз «ҳақиқий» ва «виртуал» олам билан параллел равишда яшаймиз. Кенг қамровли уланиш туфайли ҳатто масофа ҳам бундан кейин долзарб муаммо бўлмай қолади. Рақамлаштириш билимга асосланган ва марказлаштирилмаган ишлаб чиқаришга олиб келади ва осонлаштиради, шунингдек, технологик жиҳатдан ривожланган хизматларни («смарт–ақлли хизматларни») ривожлантириш имкониятини беради.
Рақамли иқтисодиётнинг меҳнат бозорига таъсирини ўрганиш ва бунда тўртинчи саноат инқилобининг (The Fourth Industrial Revolution) тутган ўрни катта аҳамиятга эга. Маълумки, биринчи саноат инқилоби – бу буғ двигатели, иккинчиси – электрлаштириш ва оммавий ишлаб чиқариш, учинчиси – компьютер ва тўртинчиси «Саноат 4.0» – АКТдан иборат бўлган рақамли инқилоб, киберфизик тизимларни ишлаб чиқариш ва саноатга оммавий киритиш ёки бошқача айтганда, оммавий тарзда қўл меҳнатидан машинага ўтишни билдиради. Ҳар қандай технологик ўзгаришлар каби тарихдаги ушбу технологик ишланмалар меҳнат бозорлари учун катта таъсир кучига эга. Бу эса АКТни кенг жорий этиш орқали норасмийдан расмий иқтисодиётга ўтишни соддалаштириш ва енгиллаштиришни қўллаб-қувватлаётган мамлакатлар сонини оширмоқда.
2020 йил мамлакатимизда «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» деб номланиши, «Рақамли Ўзбекистон–2030» стратегиясининг қабул қилиниши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 28 апрелдаги «Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори рақамли иқтисодиётни шакллантириш, электрон ҳукумат тизимини такомиллаштириш, ахборот технологиялари соҳасида инсон капиталини ривожлантириш; давлат хизматларини рақамли шаклга трансформация қилиш ва ахборот экотизимини яхшилаш; давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш ҳамда коррупция ва бюрократиянинг олдини олишга қаратилган.
«Boston Consulting Group» компанияси маълумотларига кўра, рақамли иқтисодиёт – бу онлайн-алоқа ва инновацион рақамли технологиялардан иқтисодий тизимнинг барча иштирокчилари – айрим одамлардан тортиб йирик компаниялар ва давлатлар томонидан фойдаланишларидир.
Рақамли иқтисодиётнинг кенгайишига асосий сабаб – давлат бошқаруви, консалтинг ва ахборот хизматлари, молия, улгуржи ва чакана савдо, турли коммунал хизматлар, шахсий ва ижтимоий хизматларда транзакция сегментининг ўсиши ҳисобланади. Ўрганишлар рақамли иқтисодиёт турли соҳаларнинг 50 фоиздан ортиғи учун улкан ўзгаришларни келтириб чиқаришини кўрсатади. АКТ ва платформалари бизнес-моделларни тубдан ўзгартириши, воситачиларни олиб ташлаш ва оптималлаштириш орқали уларнинг самарадорлигини оширади.
Нобель мукофоти лауреати О. Уильямсоннинг сўзларига кўра, пост-индустриал иқтисодиёт ўзини горизонтал (иерархик бўлмаган) тармоқлар ҳамкорлиги кўринишида қуради, улар қаттиқ вертикал иерархияларга қараганда ўз конфигурациясига кўра анча мослашувчан ва шу билан бирга атомистик бозорларга қараганда кўпроқ интеграциялашган.
Рақамли иқтисодиёт тадбиркорлик ва ностандарт бандлик, жумладан, ўзини ўзи иш билан банд қилиш учун янги имкониятлар яратади. Кўп ҳолларда АКТни ривожлантиришга йўналтирилган инвестициялар иқтисодий ўсиш кўринишида дивидендлар олиш, янги иш ўринларин яратиш, аҳоли ва бизнес учун янги хизмат турларининг пайдо бўлиши, электрон ҳукумат лойиҳалари доирасида давлат бошқаруви харажатларини қисқартириш учун хизмат қилади. Горизонтал тармоқларнинг иерархик тармоқларга нисбатан ўзаро муносабатларининг афзалликлари – бу доимо алмашинув тезлиги ва хилма-хиллигига боғлиқ бўлган янги иқтисодий ўсиш асосидир.
Халқаро Меҳнат Ташкилоти охирги ўн йилликда расмий секторга ўтиш учун мақсадли сиёсатни олиб бораётган мамлакатларнинг кўпайиб бораётганини ва ушбу сиёсат иқтисодий ўсиш ва таркибий ўзгаришлар билан бир қаторда мазкур мамлакатларда норасмийликни камайтиришга ёрдам бераётганлигини таъкидлайди.
Беҳзод ТАГАЕВ,
иқтисод фанлари номзоди