Sorry, this entry is only available in O´zbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларида ишлаб чиқарилиб, хорижга экспорт қилинаётган маҳсулотлар ҳажми, уларнинг хилма-хиллиги ва рақобатбардошлигини ошириш, тадбиркорларни ушбу жараёнга кенгроқ жалб қилиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилаяпти. Шу мақсадда уларга кўплаб қулайлик ва имтиёзлар яратиб берилмоқда.
Фаолиятини ўтган йили бошлаган Китоб туманидаги “Китоб неъмати” масъулияти чекланган жамияти ҳам мазкур шароитлардан самарали фойдаланиб келаётган корхоналардан биридир. Тегишли дастурга асосан 2014 йилда ушбу корхонада мевани қайта ишлаш йўлга қўйилганди. Хусусан, Италия давлатидан келтирилган замонавий ускуналар ёрдамида узумни қайта ишлаб, ундан узум суви (сульфо-сусло) ишлаб чиқариш ташкил қилинди.
– Бунинг учун тижорат банкидан 300 миллион сўм кредит олгандик, – дейди корхона иш юритувчиси Ғулом Асомов. – Жорий мавсумда маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан 1328 тонна узум сотиб олдик. Мавжуд ускуналар ёрдамида бир соатда 15 тонна узумни қайта ишлаш имконига эгамиз. Бу йили 121 минг дал (бир дал 10 литрга тенг) сульфо-сусло ишлаб чиқардик. Тайёр маҳсулотнинг асосий қисмини хорижга экспорт қилишни мўлжаллаб турибмиз. Хусусан, қозоғистонлик ҳамкорлар билан қиймати 308 минг АҚШ долларилик маҳсулот етказиб бериш бўйича шартнома имзоладик. Бошқа мамлакатлардан ҳам талаб тушаяпти. Келгусида маҳсулот турини кўпайтириш ниятидамиз. Шунингдек, маҳсулотнинг экспортбоплигини ошириш учун уни турли ўлчамдаги идишларга қадоқлашни ҳам жорий этмоқчимиз. Ҳозирги кунда 20 нафарга яқин кишини иш билан таъминлаганмиз.
Ғулом Асомовнинг айтишича, корхонада бир қатор истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган. Мисол учун, келгусида чет эл технологияси асосида қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни ташкил қилиш режалаштирилган.
Мазкур мақола qashqadaryogz.uz сайтидан олинган ҳолда тақдим қилинмоқда