Sorry, this entry is only available in O´zbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Пойтахтимизда Ўзбекистон экологик ҳаракатининг 2014 йилда амалга оширган ишлари сарҳисоби ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Экоҳаракат депутатлик гуруҳи олдида турган долзарб вазифаларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Ўзбекистон экологик ҳаракати марказий кенгаши ижроия қўмитаси раиси Б.Алихонов, Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди директори А.Тўраев ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, маънавий-ахлоқий тарбияни янада такомиллаштириш, аҳолининг экологик дунёқараши ва маданиятини шакллантириш доимий эътиборда эканини таъкидлади.
Ҳисобот даврида Ўзбекистон экологик ҳаракати жойларда кўплаб амалий-таҳлилий тадбирлар ўтказди. Хусусан, аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш, экологик таълим ва тарбия тизимини ривожлантириш йўналишида юзга яқин учрашув ташкил этилди. Экоҳаракат ҳузуридаги “Ишонч телефони” фаолияти янада жонлантирилди. Фуқаролардан келиб тушган беш юзга яқин мурожаатни ўрганиш мақсадида қатор рейдлар ўтказилди. Натижада мурожаатларнинг аксарияти ижобий ҳал қилинди.
Экоҳаракат ўз атрофида 122 экологик ва 132 тиббиёт соҳасидаги нодавлат нотижорат ташкилотини бирлаштирган, улар сафини янада кенгайтириш борасида ишлар давом эттирилаётир. Атроф-муҳит ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш соҳасидаги устувор вазифаларини амалга ошириш бўйича 2015-2016 йилларга мўлжалланган ҳаракат дастури ҳаётга татбиқ қилинмоқда.
Тадбир доирасида оммавий ахборот воситалари ходимларининг экология мавзусини ёритишдаги профессионал салоҳиятини ошириш, эколог журналистлар ижодини кўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган 13-Республика экожурналистика танлови ғолибларини тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтди.
Мазкур танлов Ўзбекистон экологик ҳаракати, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ахборот хизмати, Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари экофоруми ҳамкорлигида ўтказилди.
“Телевидение”, “Радио”, “Босма ОАВ”, “Интернет нашрлари” номинациялари бўйича ўтказилган танловга юзга яқин муаллифнинг 2013 йилнинг 1 декабридан 2014 йилнинг 30 ноябрига қадар оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган ва эфирга узатилган 400 дан ортиқ ижодий иши тақдим этилди.
Танлов доирасида Ўзбекистон экологик ҳаракати томонидан Глобал сув ҳамкорлиги ташкилотининг Марказий Осиё ва Кавказ тармоғи билан ҳамкорликда “Сув – бу ҳаёт” махсус номинацияси ва Экожурналистика танлови ташкилий қўмитаси Халқаро тоғлар куни муносабати билан эълон қилган «Тоғ аёллари» махсус номинацияси ғолиблари ҳам аниқланди.
Танлов ғолибларига диплом ва совғалар топширилди.
С.ШОЕВА,
ЎзА мухбири