(O´zbek) Har kunimiz navro‘zdek zavqli bo‘lsin

Sorry, this entry is only available in O´zbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

   Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғида Наврўз умумхалқ байрамига бағишланган тантаналар бўлиб ўтди
 
    Баҳорни севмайдиган, соғиниб кутмайдиган одам бўлмаса керак. Чунки у оламга илиқлик, тиниқлик олиб келади. Қуёш чарақлаб кўнгилларни ёриштиради. Табиат уйғониб, атроф гўзалликка бурканади. Қушлар чуғури жилғалар овозига жўр бўлади. Майин шаббода гулларнинг тотини олиб қочади…
 
    Баҳор севимли ва ардоқли байрамимиз Наврўзни бошлаб келади.
Давлатимиз раҳбарининг “2015 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, юртимизнинг барча ҳудудларида бу айёмга ҳар томонлама пухта ҳозирлик кўрилди. Халқимиз бу кунни янги муваффақиятлар ва янги умидлар билан кутиб олмоқда. Шундай фаровон кунларга, байрамларга етганига шукроналар айтиб, хурсандчилик қилмоқда.
 
    21 март. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи байрамона безатилган.
Бу ерга сенаторлар ва депутатлар, ҳукумат аъзолари, фан, маданият ва санъат намояндалари, ишлаб чиқариш илғорлари, тадбиркорлар, табаррук кексалар, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган хорижий давлатлар элчихоналари ва халқаро ташкилотлар ваколатхоналарининг вакиллари ташриф буюрган.
 
    Соат 10:00. Майдонга Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов кириб келади.
Байрам тантанасига йиғилганлар давлатимиз раҳбарини қарсаклар билан кутиб олади.
 
     Чорлов мусиқаси янграйди.
Сўз Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовга берилади.
Президентимиз халқимизни Наврўз байрами билан муборакбод этади.
 
    Майдон узра ҳаёт мўъжизаси – табиат уйғонишини мадҳ этувчи наво таралади. Улкан мониторларда юртимизнинг гўзал манзаралари – ям-яшил боғлар, пурвиқор тоғлар, замонавий иншоотлар, бунёдкор замондошларимиз қиёфаси намоён бўлади.
 
    Юракларни энтиктириб қадим ва қадрдон наволар янграйди. Миллий қадриятларимизни асраб-авайлаб, аждодларимиз маънавиятини мужассам этиб асрлар қаъридан келади бу қўшиқ.
Истиқлол йилларида халқимизнинг бой қадриятлари, маънавий ва маданий мероси тикланди. Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Жалолиддин Мангуберди, Алишер Навоий ва бошқа улуғ боболаримизнинг юбилейлари кенг нишонланди. Абдухолиқ Ғиждувоний, Имом Бухорий, Баҳоуддин Нақшбанд, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Аҳмад Фарғоний, Бурҳониддин Марғиноний каби буюк аждодларимиз қадамжолари обод этилди, ҳаёти ва бебаҳо мероси ўрганилмоқда.
 
    Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз, Қарши, Термиз, Тошкент, Марғилон сингари муаззам шаҳарларимиз юбилейи халқаро миқёсда тантана қилинди. “Авесто”нинг 2700 йиллиги, “Алпомиш”нинг 1000 йиллиги, Хоразм Маъмун академиясининг 1000 йиллигини нишонлаш асносида тарихимиз янада теран ўрганилди, шаҳарсозлигимиз, маданиятимиз илдизлари тадқиқ этилди.
 
    2014 йил 15-16 май кунлари Самарқандда ўтган “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзусида халқаро конференция дунёда буюк аждодларимизнинг даҳосига ҳурмат-эҳтиром, уларнинг бой илмий меросини ўрганишга қизиқиш ҳамиша баланд бўлганини кўрсатди. Унда иштирок этган олимлар, нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари, илмий марказлар ва институтлар мутахассислари Ўзбекистон алломаларининг дунё илм-фани ва маданияти ривожига қўшган ҳиссасини яна бир бор эътироф этди.
 
    Наврўз мамлакатимизда яшаётган миллати, тили ва динидан қатъи назар, барча юртдошларимиз учун севимли байрамга айланган. Чунки у тинчлик, омонлик, аҳиллик байрами.
Бу ҳамжиҳатлик байрам саҳнасида ҳам ўз ифодасини топади. Турли тиллардаги куй-қўшиқларда юртимиздаги миллатлараро тотувлик, умумбашарий қадриятлар намоён бўлади. Ўзбекистонимизнинг озодлиги ва тинчлиги, халқимизнинг бирлиги ва бағрикенглиги, дўстлик ва муҳаббат тараннум этилади.
 
    Тинч-осойишта элда байрамлар бўлади, ҳаловатли халққа хурсандчилик ярашади. Мамлакатимиз мустақилликнинг илк йилларидан тинчликпарвар сиёсат юритиб келмоқда. Ўзбекистон ҳеч қандай ҳарбий блокларда иштирок этмайди. Давлатимиз ташқи сиёсати миллий манфаатларнинг устуворлиги, халқаро ҳуқуқ меъёрларига риоя этиш, баҳсли масалаларни тинч йўл билан ҳал қилиш тамойилларига асосланади.
 
    Мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги обрў-эътибори тобора ошиб бормоқда, барча соҳаларда улкан ютуқ ва марраларга эришилмоқда. Энг ривожланган давлатлар, дунёга донғи кетган компаниялар юртимиз билан ҳамкорликка интилмоқда.
 
    Иқтисодиётни таркибий ўзгартириш борасида амалга оширилган ислоҳотлар самарасида автомобилсозлик, нефть ва газни қайта ишлаш, замонавий маиший техника, компьютер ва мобиль телефонлар ишлаб чиқариш каби янги саноат тармоқларига асос солинди. Озиқ-овқат, енгил саноат, кимё, қурилиш материаллари саноати корхоналари модернизация қилинди. Бугун уларда тайёрланган маҳсулотлар аҳоли эҳтиёжини тўла таъминлаб, дунё бозорларини ҳам забт этмоқда.
Истиқлол йилларида Ўзбекистон иқтисодиёти 5 баробардан зиёд ўсди. Аҳоли даромадлари жон бошига ўртача 8,7 баробар кўпайди. Мамлакатимизнинг экспорт ҳажми ва олтин-валюта захиралари барқарор суръатлар билан ошиб бораётгани бугун ривожланган давлатларнинг ҳам ҳавасини тортмоқда.
 
    Жаҳон миқёсидаги глобал молиявий-иқтисодий инқироз давом этаётганига қарамасдан, саноқли мамлакатлар қаторида Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулотнинг йиллик ўсиш суръатлари кейинги 10 йил давомида 8 фоиздан зиёд бўлиб келмоқда. Жорий йилда ҳам ана шундай юксак ўсиш суръатлари кутилаётир.
 
    Бу мустақилликнинг илк йилларида асос солинган ва халқимиз кенг қўллаб-қувватлаган тараққиётнинг “ўзбек модели” самараларидир. Иқтисодиётнинг мафкурадан холилиги ва сиёсатдан устунлиги бозор эркинлигини таъминламоқда. Давлатнинг бош ислоҳотчи вазифасини бажариши барча соҳаларни изчил ва уйғун ривожлантириш имконини бермоқда. Қонун устуворлиги инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, барқарорликни мустаҳкамлашда муҳим омил бўлмоқда. Кучли ижтимоий сиёсат халқимизга моддий ва маънавий мадад бераётир.
…Саҳнага болакайлар чопиб келади. Майдон шўх-шодон кулгуга тўлади. Уларнинг беғубор чеҳраси, ёниб турган кўзлари, жарангдор куй-қўшиқлари
барчага завқ-шавқ бағишлайди.
 
    Халқимиз аввало фарзандлар камолини ўйлаб, эзгу орзулар билан яшайди. Бу менталитет давлатимиз сиёсати, мамлакатимизнинг стратегик мақсадларида ҳам ўз ифодасини топган.
Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур, қудратли юртнинг фарзандлари соғлом бўлур, деган ғоя асосида мамлакатимизда баркамол авлодни тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
 
    Соғлом бола йили, деб эълон қилинган 2014 йилда бу борадаги ишлар кўлами янада кенгайди. “Соғлом она – соғлом бола” лойиҳаси доирасида жами 13 миллион 600 мингдан зиёд аёллар ва болалар тиббий кўрикдан ўтказилди. Шифохоналар, поликлиникалар замонавий тиббиёт асбоб-ускуналари билан жиҳозланди. Жамиятимизда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, соғлом болаларни дунёга келтириш ва соғлом ўстириш, оилаларни мустаҳкамлаш борасидаги ишлар изчил давом этмоқда.
 
    Президентимизнинг 2014 йил 1 августдаги “2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида”ги қарори болаларимизни жисмоний ва маънавий жиҳатдан камол топтириш, ёшларга оид давлат сиёсатини янги босқичга кўтаришга хизмат қилмоқда.
 
    Таълим тизими изчил ривожлантирилиб, ёшларимизнинг замонавий асосда билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Мактабни тамомлаган ёшлар ўрта махсус таълим тизимига, лицей ва коллеж битирувчилари иш ва ўқишнинг кейинги босқичларига тўлиқ қамраб олинмоқда.
 
    2014 йилда мамлакатимизда 1 миллионга яқин иш ўрни ташкил этилди. Таълим муассасаларининг 600 мингдан зиёд битирувчиси иш билан таъминланди.
 
    Ёшларимиз камолоти халқаро мусобақаларда яққол намоён бўлаётир. Хитойнинг Нанкин шаҳрида бўлиб ўтган ўсмирлар ўртасидаги иккинчи Олимпия ўйинларида 28 нафар ёш спортчимиз 4 олтин, 3 кумуш, 3 бронза медални қўлга киритди. Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида ўтказилган XVII Осиё ўйинларида спортчиларимиз 44 медалга сазовор бўлиб, Ўзбекистон ёшлари ҳеч кимдан кам эмаслиги ва ҳеч кимдан кам бўлмаслигини яна бир бор исботлади.
 
    …Наврўз томошалари кўтаринки руҳда давом этади. Фольклор-этнографик ансамблларнинг чиқишлари, халқ ўйинлари байрамни янада қизитади. Уларда халқимизнинг бой маданияти, турмуш тарзи ва қадриятлари ўз аксини топади. Куйлар қўшиқларга, қўшиқлар жўшқин рақсларга уланади.
 
    Наврўз қадимдан деҳқончилик мавсумининг бошланиши ҳисобланган. Ота-боболаримиз айни шу паллада эл-юрт дастурхони тўкин бўлсин, деган ниятда ерга барака уруғини сочганлар.
 
    Қишлоқ хўжалигида бозор муносабатлари жорий этилгани, ерларнинг мелиоратив ҳолати яхшилангани, фермерлик ҳаракатига кенг йўл очилгани, уларнинг меҳнатга муносабати юксалгани самарасида озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. Саноат, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожи уларни қайта ишлаш, элимиз дастурхонига етказиб беришда муҳим омил бўлаётир.
 
    Бугун бозорларимизда йўқ нарсанинг ўзи йўқ. Дастурхонларимиз тўкин ва фаровон, уйларимиз обод, файзли.
 
    Мамлакатимиздаги бундай фаровонлик, мўл-кўлчиликка бутун дунё ҳавас қилмоқда. 2014 йил 6 июнда пойтахтимизда бўлиб ўтган “Ўзбекистонда озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари” мавзусидаги халқаро конференцияда қатнашган хорижлик мутахассислар ва ишбилармонлар буни алоҳида эътироф этди.
 
    Ўтган йили мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги тарихида биринчи марта 8 миллион 50 минг тонналик ғалла, 3 миллион 400 минг тоннадан зиёд пахта хирмони бунёд этилгани элу юртимизга файзу барака ёғилаётганидан яна бир далолат бўлди.
 
    Бу файзу тароват шаҳару қишлоқларимиздаги ободликда ҳам намоён. Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари, айниқса, қишлоқларда намунавий лойиҳалар асосида барпо этилаётган уй-жойлар Ватанимиз чиройига чирой қўшмоқда. Халқимизнинг миллий ҳаёт тарзи, юртимиз табиатига мос равишда, замонавий муҳандислик коммуникациялари асосида кенг, ёруғ ва қулай этиб қурилган ушбу уй-жойлар оилаларнинг ҳаёт сифатини оширмоқда, айниқса, хотин-қизларнинг оғирини енгил, мушкулини осон қилмоқда.
 
    Ёшларни қўллаб-қувватлашга оид дастурларга мувофиқ, ёш оилаларга топширилаётган «Камолот» уйлари уларнинг оёққа туриб олиши, ҳаётда ўз ўрнини топиши ва фарзандларини баркамол этиб тарбиялаши учун рағбат, катта мадад бўлмоқда.
 
    Мамлакатимиздаги тинчлик ва барқарорлик барча соҳалар қатори туризм ривожида ҳам муҳим омил бўлмоқда. Дунёга машҳур ўзбекона меҳмондўстлик, замонавий туризм инфратузилмаси ва юқори сифатли хизмат дунё сайёҳларини ўзига жалб этмоқда.
 
     2014 йилнинг октябрида Самарқандда БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Ижроия кенгашининг 99-сессияси ўтказилди. Бу халқаро майдонда Ўзбекистон обрўсининг тобора ошиб бораётгани, мамлакатимизнинг улкан сайёҳлик салоҳияти жаҳон ҳамжамияти томонидан юксак эътироф этилаётганининг яна бир далолати бўлди. Ушбу анжуман жаҳон жамоатчилигини мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳияти билан кенг таништириш, хорижнинг сайёҳлик компаниялари билан ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашга хизмат қилди.
 
    …Байрам тантанаси янада қизийди. Мониторларда улоқ-кўпкари, кураш, арқон тортиш, тош кўтариш, дорбозлик каби элимизнинг завқли анъаналари намойиш этилади. Дошқозонларда тўқчилик, мўл-кўлчилик рамзи сифатида сумалак, ҳалим ва гўжа тайёрланади. Ўланчию лапарчилар Ватан, Наврўз, табиат ҳақида қўшиқлар айтади.
 
    Наврўз фаслида инсон ўзини табиатнинг ажралмас, узвий бир қисми сифатида ҳис этади. Атроф-муҳитни, она заминни эъзозлаб, унинг неъматларини қадрлаб яшаш кераклигини теранроқ англайди.
 
Халқимиз азалдан табиатни севиб, ардоқлаб яшаган. Мамлакатимизда атроф-муҳитни асраш, барқарор ривожланишга эришиш борасида кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда.
 
    Урганч шаҳрида «Орол денгизи минтақасидаги экологик офат оқибатларини юмшатиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш» мавзусида ўтказилган халқаро конференция бу борада яна бир муҳим қадам бўлди. Унинг натижалари Оролбўйи минтақасида экологик ва ижтимоий-иқтисодий аҳволни яхшилаш, ушбу экологик офатнинг салбий оқибатларини камайтириш учун халқаро ҳамкорликни янада ривожлантиришда алоҳида аҳамият касб этди.
 
    Янгиланиш – нафақат табиатга, балки жамият ҳаётига ҳам хос жараён. Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясига мувофиқ юртимизда демократик янгиланишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, сайлов тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонунлар қабул қилинди, Конституциямиз ва қатор қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Бунинг самарасида сайловларнинг халқаро нормаларга тўла мос ҳолда ўтказилишини таъминлайдиган мукаммал қонунчилик базаси шаклланди.
 
    Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга сайловлар ана шундай ривожланган шароитда, демократик принципларга тўла мос равишда ўтди. 2014 йил 21 декабрда бўлиб ўтган ушбу тадбирда аҳолининг сиёсий онги ва фаоллиги ортиб бораётгани намоён бўлди.
 
    Шу кунларда халқимиз яна бир муҳим сиёсий воқеа – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови арафасида турибди. Мамлакатимизда бу тадбирга катта тайёргарлик кўрилди. Сайлов кампанияси миллий қонунчилигимиз ва халқаро демократик тамойилларга тўла мос равишда олиб борилмоқда. 29 март куни халқимиз ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этиб, мамлакатимиз тинчлиги ва тараққиёти, фарзандлари келажаги учун овоз беради.
 
    – Ҳиндистон ва Ўзбекистон халқларининг тарихи туташ, маданияти ўхшаш, – дейди Ҳиндистон Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Викрам Кумар Дораисвами. – Бундай яқинлик мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантиришда муҳим омил бўлмоқда. Наврўз шарқона йилбоши ҳисобланади. Шу боис бу кун ўзаро дўстлик ва ҳамкорлигимиз янада мустаҳкамланишини ният қилмоқдаман. Бу йил халқларимизга янги-янги муваффақиятлар, бахт ва фаровонлик олиб келсин. Наврўз барчамизга муборак бўлсин.
 
    Наврўзнинг руҳи ва фалсафасида тенглик ва тотувлик, меҳру оқибат, хайру саховат мужассам. Наврўз кунларида эл-улус очиқ юз билан бир-биридан хабар олади. Беморлардан ҳол-аҳвол сўрайди. Ёши улуғ инсонларни эъзозлаш, кўмакка муҳтожларга беғараз ёрдам бериш кенг тус олади.
Президентимиз ташаббуси билан 2015 йил мамлакатимизда Кексаларни эъзозлаш йили, деб эълон қилиниши ёши улуғ инсонларга алоҳида ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, уларнинг оғирини енгил қилиш, саломатлигини асраш, бой ҳаётий тажрибасидан ёшлар камолоти йўлида самарали фойдаланиш халқимизнинг эзгу қадриятига айланганини яна бир бор тасдиқлади.
 
    Иқтисодиётимизнинг жадал ва барқарор ривожланаётгани аҳоли турмуш даражаси ва сифатини муттасил оширишга асос бўлиб хизмат қилмоқда. Ҳар йили уруш қатнашчилари ва фронт ортида меҳнат қилганларга бепул тиббий хизмат кўрсатилмоқда, улар санаторий-курортларда даволанмоқда, бошқа зарур воситалар билан таъминланмоқда.
 
    Жорий йилда бу борадаги ишлар кўлами янада кенгаймоқда. Президентимизнинг 2014 йил 13 октябрдаги “1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони, “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурида жорий йилда амалга ошириладиган хайрли ишлар белгилаб берилган. Мазкур дастур кексаларнинг ҳаётини янада яхшилаш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтириш, ёши улуғ инсонлар, айниқса, уруш ва меҳнат фронти фахрийларига ижтимоий, пенсия таъминоти ва тиббий хизмат кўрсатишни такомиллаштириш, оила ва жамиятда уларнинг ўрнини мустаҳкамлашга қаратилган.
 
    Наврўз ободлик, орасталик, меҳр-оқибат, хайру саховат айёмидир. Халқимиз бу йил ҳам байрамни ана шу эзгу тамойилларга мувофиқ кутиб олмоқда. Баҳорнинг дастлабки кунларидан юртимизда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари авжига чиқди.
 
    Байрам арафасида янги уй-жойлар, корхоналар, тиббиёт ва ўқув муассасалари, хизмат кўрсатиш шохобчалари фойдаланишга топширилди. Бу иншоотлар Ватанимиз чиройига чирой қўшади, юртдошларимизнинг турмуш тарзини янада яхшилашга хизмат қилади.
 
    Майдон узра таралган куй-қўшиқларда Наврўз, Ватан, тинчлик, ёшлик, севги ва садоқат тараннум этилади…
 
    Қиру адирларда, кўча ва хиёбонларда дилларни эркалаб баҳор сабоси таралмоқда, юртимиз бўйлаб Наврўз нашидаси кезмоқда. Шаҳар ва қишлоқларимизда, бепоён дашту далаларда байрам шодиёналари, сайиллар давом этмоқда.
 
Анвар САМАДОВ,
Дилшод КАРИМОВ,
ЎзА мухбирлари

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Make an Order

    Make an Order
  • AFFICHE

  • Advertising

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Contacts

    32, Matbuotchilar Street, Tashkent 100000 Uzbekistan

  • Subscribe To News

    (Русский) Чтобы подписаться на наши новости, впишите свой e-mail
  • Any reproduction or use of excerpts from publications can be made only with the written consent of the publisher; when reprinting materials, a link to the source is required.