Sorry, this entry is only available in O´zbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Мазкур мақола “Фарғона ҳақиқати”-“Ферганская правда” газеталари бирлашган таҳририяти сайтидан олинган ҳолда тақдим қилинмоқда
Президентимизнинг 2015 йил 28 апрель кунги “Иқтисодиётда хусусий секторнинг ўрни ва ролини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида корхонамиз томонидан кенг кўламли саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.
Айни жараёнда ушбу муҳим ҳужжатнинг моҳияти, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун яратилаётган имконият ва имтиёзлар хусусида жойларда юзма-юз мулоқотлар ўтказилиши доимий эътиборда.
Бунинг самараси сифатида давлат мулкидаги бўш турган бинолар ва қурилиши тугалланмаган объектлар хусусий секторда фаолият кўрсатаётган тадбиркорларга ижарага берилиб, янги иш ўринлари яратилиши таъминланаётир. Шу йилнинг ўтган тўққиз ойида вилоятимиз шаҳар ва туманларида умумий майдони 248, 2 минг кв. метр бўлган 1830 та фойдаланмай бўш турган объектлар аниқланди ҳамда тадбиркорлик соҳалари бўйича умумий майдони 227,8 минг кв. метр бўлган 1776 та ижара шартномалари рўйхатга олинди.
Бу борада тузилган ижара шартномаларининг умумий қиймати 3 млрд. 688 млн. 258,6 минг сўмни ташкил этиб, ижарага берилган объектларда жами 2493 та ишчи ўринлари яратилди. Муқим иш жойларининг 625 таси янгитдан яратилган иш ўринлари эканлигини алоҳида эътироф этиб ўтиш ўринлидир.
Таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбарининг “Иқтисодиётда хусусий секторнинг ўрни ва ролини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, давлат мулки объектларидан ижара асосида фойдаланиб, ижара шартномаси бўйича ўз мажбуриятларини зарур даражада бажариб келаётган тадбиркорлик субъектлари бу борада маълум бир имтиёзларга эга бўлишади. Қарорда тадбиркорларга ўзлари ижарага олган ишлаб чиқариш майдонларини сотиб олишда ва “ноль” харид қийматида олишда устунлик ҳуқуқи берилиши белгиланган.
Ҳуқуқий ҳужжат ижросини таъминлаш мақсадида вилоятимиздаги инвестиция киритиш шарти билан “ноль” харид қийматда берилиши кўзда тутилган 20 дан зиёд давлат мулки объектларидан ижара шартномаси асосида фойдаланиб келаётган тадбиркорлар ана шундай имтиёздан фойдаланишди. Бу тадбиркорларга ижара келишуви бўйича фойдаланиб келаётган объектлари танлов шартлари асосида “ноль” қийматда берилди. Мазкур тадбиркорлик субъектлари томонидан киритиладиган инвестиция мажбуриятлари жами 16702,5 млн. сўм бўлиб, 720 та янги иш ўринлари яратиш режалаштирилган.
Қўқон шаҳридаги “Ширинтой” дам олиш маскани 180 та янги иш ўрни яратиш, икки йил ичида 1 млрд. 800 млн. сўм инвестиция киритиш шарти билан “Мангу Умид” МЧЖга “ноль” қийматда тақдим этилди. Фарғона шаҳар, Қиргули мавзеида жойлашган “Нефтзаводмонтаж” МЧЖ бино ва иншоотларини “ноль” қийматда олган “Арголид” фирмаси бундай имтиёз эвазига икки йилда 3 млрд. сўмдан зиёдроқ инвестиция киритиши ҳамда 112 та янги иш ўринлари яратиши зарур. Қувасой шаҳар, “Дўстлик” МФЙ ҳудудидаги бўш турган гараж биносини “Қувасой ишлаб чиқариш савдо” МЧЖ “ноль” қийматда сотиб олди. Белгиланган режага кўра, мазкур объектга икки йил мобайнида 1 млрд. 970 млн. сўм инвестиция киритилиши ва 40 та янги иш ўрни яратилиши керак.
Тадбиркорлик субъектлари бу каби объектларда енгил саноат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш, миллий ва халқ амалий санъати намуналарини тайёрлаш, савдо, хизмат кўрсатиш ва сервис тармоқларини ишга тушириш бўйича истиқболли бизнес-режаларига эга. Шу боис тадбиркор манфаати устуворлиги нуқтаи назаридан олиб борилаётган бундай изчил ҳамда доимий ҳаракатлар, пировардида, вилоятимизда хусусий ва кичик бизнес ривожи учун хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.