Sorry, this entry is only available in O´zbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Маълумки, ватанимиз мустақилликка эришгач, 1992 йилнинг 8 декабрида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган эди. Мана йигирма уч йилдирки, Бош қомусимиз ватанимиз мустақиллиги ва унинг ҳудудий яхлитлигини таъминлашда муҳим ўрин тутмоқда. Шу маънода, айни кунларда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 23 йиллиги муносабати билан жойларда турли давра суҳбатлари, учрашувлар, амалий мулоқотлар ташкил этиб келинмоқда.
O’zLiDeP Тошкент шаҳар кенгаши томонидан “Конституция – мамлакатимиз тараққиётининг ҳуқуқий асоси” мавзуида ёшлар иштирокида ўтказилган давра суҳбатида ҳам айни жиҳатларга алоҳида урғу берилди.
Партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, ҳуқуқшунос олимлар, профессор-ўқитувчилар ҳамда ёшлар иштирок этган мазкур тадбирда Конституциямизда барча фуқароларга тааллуқли меъёрлардан ташқари, айнан ёшларга тегишли бўлган ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга эканлиги, бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланиши, мактаб ишлари давлат назоратида экани каби қатор қоидалар белгилаб қўйилгани эътироф этилди.
Таъкидландики, асосий қонунимизда Ўзбекистонда яшаётган барча фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, давлат, жамият олдидаги бурч ва масъулияти алоҳида мустаҳкамлаб қўйилган. Айниқса, ёшларнинг таълим олиши учун берилган имтиёзлар келажак авлоднинг униб-ўсишига ғамхўрликдан далолатдир. Айтиш жоиз, ҳозирги кунда ўғил-қизларимизнинг сифатли таълим-тарбия олиши, билим ва қобилиятини рўёбга чиқариши, соғлом ўсиши, келгусида касб-ҳунар эгаллаб, моҳир мутахассис бўлиб етишишида Конституциямизда белгиланган қоидалар муҳим асос бўлиб хизмат қилмоқда.
– Мустақил тараққиётимиз даврида Ўзбекистонда ёшларга доир юзга яқин қонун ҳужжатлари қабул қилинди, – дейди Тошкент меҳмонхона хўжалиги касб-ҳунар коллежи талабаси Камрон Мусаев. – Бу, ўз навбатида, бугун мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган эътибор ва ғамхурликлар кун сайин ортаётганини, шу билан бирга, уларнинг таълим олиш, касб эгаллашга бўлган иштиёқини янада юқори босқичга олиб чиқишга замин яратмоқда. Шуни фаҳр билан айтишим керакки, ҳозирда ёшларга доир давлат сиёсати йўналишидаги қонунчиликни ривожлантиришга бу қадар жиддий эътибор берилаётганлиги, юртимизда биз ёш авлодларга бўлган эътибордан, қолаверса, мазкур йўналишдаги давлат сиёсатининг ҳуқуқий асослари нечоғлик мустаҳкам эканидан ниҳоятда бахтиёрмиз. Шу сабабдан, бугунги тадбирда ҳам ёшларни Конституциямизга бўлган ҳурматини янада ошириш, ёшларга оид ишлаб чиқилаётган қонун лойиҳаларига ёшлар таклифларини олиш тизимини шакллантириш ва қабул қилинган қонунларни чуқур ўрганишни тарғиб қилиш масаласига кенг эътибор қаратилди.
Тадбир сўнггида Конституциямизда муҳрланган демократик тамойиллар ва умуминсоний қадриятларнинг ҳаётимизга янада чуқурроқ кириб бориши учун таълим муассасалари ва фуқаролик жамияти институтларининг ўзаро ижтимоий ҳамкорлигини таъминлаш, ёшлар орасида Конституциямиз ғоя ва қоидаларини кенг тарғиб қилиш масалалари бўйича амалий таклифлар билдирилди.O’zLiDeP Матбуот хизмати билдиришича, Бош қомусимизга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалардан аҳоли, айниқса, ёшларни хабардор қилиш зарурлиги таъкидланди.
Мазкур мақола 12news.uz сайтидан олинган ҳолда тақдим қилинмоқда