Sorry, this entry is only available in O´zbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Анъанавий тарзда ташкил этиб келинаётган Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ўтказилган “Ташаббус-2015” кўрик танлови ҳам мамлакатимизда қулай сармоявий ва бизнес муҳитини яратиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни изчил тараққий эттиришга катта ҳисса қўшаётир. «Ташаббус» кўрик танлови мамлакатимиз иқтисодиётидаги муҳим воқеалардан бўлиб, айниқса кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш борасида катта аҳамиятга эга.
Мазкур танловнинг тартибига кўра уч босқичда: 1-босқич туман ва шаҳар босқичида жами 6228 нафар тадбиркорлик субъектлари иштирок этган бўлса, уларнинг 2538 нафарини тадбиркорлар, 1558 нафарини фермер ва 2132 нафарини ҳунармандлар ташкил этди. 2-босқич, яъни вилоят босқичидаги иштирокчиларнинг 193 нафари тадбиркор, 159 нафари фермер ҳамда 192 нафари ҳунармандлардан иборат эди. Маълумки, ана шу босқичларда «Энг яхши тадбиркор», «Энг яхши фермер» ва «Энг яхши ҳунарманд» йўналишлари бўйича ғолиб бўлган 14 нафар тадбиркор, 14 нафар ҳунарманд ва 13 нафар фермер, 2015 йил 28-29 май кунлари муҳташам «Туркистон» санъат саройига таклиф этилди.
Уларни тадбирнинг асосий ташкилотчилари ҳисобланган Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Фермерлар кенгаши, Ўзбекистон халқ усталари, ҳунармандлари, мусаввирлари «Ҳунарманд» уюшмаси вакиллари тантанали равишда қарши олишди. Шундан сўнг, вилоят босқичи ғолибларининг қишлоқ хўжалик ва озиқ-овқат маҳсулотлари кўргазмаси ташкиллаштирилди. Унда иштирокчилар юртимиз тадбиркорлари, фермер хўжаликлари ва ҳунарманд усталар ишлаб чиқарган маҳсулотларнинг сифат кўрсаткичлари хориж маҳсулотларидан асло қолишмаслигига гувоҳ бўлишди. Тадбирда «Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори», «Энг яхши тадбиркор аёл», «Энг яхши инновацион лойиҳа»,«Ёшларга энг кўп иш ўрнини яратган тадбиркор», «Менинг юртим-менинг ифтихорим», «Кекса тадбиркор – Ташаббус эъзозида, «Энг яхши оилавий бизнес соҳиби» сингари яна бир қатор қўшимча номинациялар бўйича ҳам баҳс олиб борилди.
Ташкилотлар, айни жараёнда ташаббус кўрсатишда мутлақо янгича ёндашилгани, илғор ғоялар илгари сурилганини, иқтисодиётни либераллаштириш, бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштириш масалалари тўғрисида атрофлича маълумот бериб, бу йўлдаги изчил саъй-ҳаракатларни кучайтириш, уларни юқори босқичга кўтаришни кўзда тутиш лозимлигини қайд этдилар.
Тадбир давомида сўзга чиққанлар мамлакатимизда фермерлик, кичик бизнес, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳалари ҳамда жойларда ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, касаначиликнинг барча турларини кенгайтириш учун зарур ҳуқуқий асослар ишлаб чиқилгани, уларнинг мазмун-моҳиятини аҳоли, айниқса, келажагимиз ворислари бўлмиш ёш авлод вакиллари ўртасида кенг тарғиб этишга катта эътибор қаратиш зарурлиги хусусида тўхталиб, ёшларнинг маънавий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, уларнинг уйғун ривожланишига қаратилган таълим жараёни сифатини ошириш, хусусан, тадбиркорлик қобилиятлари ва кўникмаларини шакллантириш, замонавий фикрлай оладиган, жамиятда муносиб ўрин эгаллашга қодир бўлган навқирон авлоднинг камол топиши учун барча имкониятлар сафарбар қилиниши лозимлигини эътироф этишди.
–Зеро, танловни ўтказишдан мақсад ҳам ҳудудларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожланишини рағбатлантирувчи бизнес муҳит яратиш, мамлакат иқтисодиётида хусусий секторнинг улуши ва аҳамиятини ошириш, тадбиркорларнинг касбий маҳорати ва билим даражасини ошириш учун зарурий шарт-шароит яратиш, тадбиркорлик фаолиятидаги илғор тажрибаларни оммалаштириш, тадбиркорлар ўртасида хўжалик алоқаларини кенгайтириш ва улар ишлаб чиқараётган маҳсулотларни реклама қилишга кўмаклашиш, тадбиркорлик фаолиятида корпоратив бошқарув тамойилларини жорий этишга кўмаклашиш ҳисобланади, – дейди Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси мутахассиси Нодира Шотурсунова. – Кўрик танловнинг дастлабки, даврида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқараётган, қурилиш соҳасида хизмат кўрсатаётган тадбиркорлар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштираётган илғор фермерлар ва кулолчилик соҳасидаги ҳунармандларгина иштирок этган бўлса, бугунги кунда иштирокчиларнинг фаолият йўналишлари кенгайиб, ривожланиб бормоқда. Жумладан, экспортга мўлжалланган маҳсулотлар ишлаб чиқараётган, ички ва ташқи бозорда ўз товарларининг машҳур брендига эга бўлган, фармацевтика, тўқимачилик, текстиль маҳсулотлари ишлаб чиқараётган тадбиркорлар ҳам фаол иштирок этмоқда. Шуниси қувонарлики, ўтган йилги кўрик-танловда 3 та экспортга мўлжалланган маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъекти иштирок этган бўлсалар, бу йилда уларнинг сони 8 тага етди.
Ҳайъат аъзолари намойиш этилган маҳсулотларни кўздан кечириш ва қатнашувчилар томонидан тақдим қилинган ҳужжатларни ўрганиш давомида тадбиркорлик ва фермерликни янада ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда ернинг тупроқ унумдорлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратган ҳолда, қишлоқ хўжалигини модернизациялаш, техник жиҳатдан янгилаш билан боғлиқ масалалар ҳақида ўзаро фикр алмашишди. Қайд этилдики, тадбиркорлар ва ишбилармонлар, яъни ўрта синф вакиллари сафини кенгайтириш, уларнинг истиқболли лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, амалий фаолиятларини рағбатлантириш айниқса, оилавий тадбиркорликка имконият яратиш мамлакатимизда мулкий муносабатларни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Кўрик танлов ўз ишини эртага давом эттиради.
Анвар Қобилов,
O‘zIA мухбири