Sorry, this entry is only available in O´zbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Тараққиёт стратегиясини амалга ошириш доирасида Ўзбекистон 2026 йил охиригача камбағаллик даражасини икки бараварга қисқартиришни режалаштирмоқда. Унга кўра, белгиланган мақсадга эришишнинг асосий шарти сифатида макроиқтисодий барқарорлик ва турғун иқтисодий ўсишни юқори суръатларда таъминлаш вазифаси белгиланган.
28 январь куни Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар вазирлик ва идоралари раҳбарларининг камбағалликни қисқартириш масалаларига бағишланган онлайн йиғилишини ўтказди.
Иқтисодий тараққиёт вазирлиги раҳбари пандемия шароитида мавжуд олтин-валюта захиралари Ўзбекистонга қисқа вақт ичида зарур ресурсларни жалб этиш ва Инқирозга қарши курашиш жамғармасини шакллантиришга катта ёрдам берганини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, бу мамлакатда учта асосий йўналиш: соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлаш, ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш ва иқтисодиётнинг реал сектори корхоналарини қўллаб-қувватлаш бўйича иш олиб бориш имконини берди.
«Инқироз табиатини ҳисобга олган ҳолда, пандемия даврида жабрланган оилалар ва одамлар рўйхатини шакллантириш учун қўлда, уйма-уй юриб ҳаракат қилишимизга тўғри келди. Бунга параллел равишда биз қашшоқликни қисқартириш бўйича янги дастурни амалга ошириш учун фундаментал институционал асосларни яратиш ва мустаҳкамлаш устида ишладик», — деди у.
Жамшид Қўчқоров 2020—2021 йилларда давлат бюджетидан нафақа олувчи оилалар сони икки баробарга ошгани ва уларнинг улуши қарийб 15 фоизга етганини айтди. Бундан ташқари, камбағаллик даражасини аниқлашнинг янги мезони — минимал истеъмол харажатлари миқдори жорий этилди.
Бу эса, бош вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, ижтимоий тўловлар ва нафақаларнинг энг кам даражасини қайта кўриб чиқиш имконини берди. Масалан, 2021 йилда ногиронлиги бўлган шахслар учун энг кам пенсия ва нафақалар, шунингдек, боқувчисини йўқотган оилаларга бериладиган нафақалар миқдори 10−50 фоизга оширилди.
Ўзбекистон 2022−2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясини амалга ошириш доирасида 2026 йил охиригача мамлакатда камбағаллик даражасини икки бараварга қисқартиришни режалаштирмоқда. Белгиланган мақсадларга эришишнинг асосий шартлари сифатида макроиқтисодий барқарорлик ва турғун иқтисодий ўсишни юқори суръатларда таъминлаш вазифаси қўйилди. Унинг сўзларига кўра, бу 2030 йилга бориб ўртача даромадли мамлакатларнинг юқори гуруҳига кириш учун замин яратади.
Бундан ташқари, стратегияга кўра, ушбу мақсадга эришиш учун норасмий ишлаётган 2,5 млн фуқароларнинг бандлигини қонунийлаштириш, уларга ижтимоий кафолат ва имтиёзлардан тўлиқ фойдаланиш имкониятини бериш, хотин-қизлар ўртасидаги ишсизликни икки баравар қисқартириш, 700 минг нафар ишсиз аёлларни давлат ҳисобидан ўқитиш, ногиронлиги бўлган одамлар бандлигини 3 баробар ошириш, Ижтимоий Кодексни қабул қилиш ва бошқа чора-тадбирларни амалга ошириш режалаштирилмоқда.
Жамшид Қўчқоров камбағалликни қисқартириш соҳасида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун қуйидагиларни таклиф қилди:
- ШҲТ мамлакатлари ўртасида қашшоқликни қисқартириш соҳасида доимий ҳамкорликни йўлга қўйиш, шу жумладан, ушбу соҳада доимий тажриба алмашиш механизмини ва камбағалликни қисқартиришнинг самарали усулларини жорий этиш;
- барча ШҲТ мамлакатлари манфаатларига жавоб берадиган қашшоқликни қисқартириш бўйича Доиравий ҳужжатни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш масаласини кўриб чиқиш;
- ШҲТ мамлакатларида камбағалликни қисқартириш бўйича мутахассислар учун семинарлар, маҳорат дарслари ва тренинглар ташкил этиш.
Президент Шавкат Мирзиёев декабрь ойи охирида 2022 йилда Ўзбекистонда камбағаллик даражасини 20−25 фоизга қисқартириш режалаштирилгани ҳақида маълум қилганди.
Январь ойи бошида минимал истеъмол харажатлари миқдори ойига 440 минг сўмдан 498 минг сўмга (кунига 14,4 минг сўмдан 16,3 минг сўмга) оширилди. Ушбу кўрсаткич мамлакатдаги қашшоқлик чегарасини аниқлаш учун ишлатилади.