Sorry, this entry is only available in Uzbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Маълумки, инсоният сув, қуёш, шамол ва бошқа табиий ҳодисалар энергиясидан фойдаланишни, табиий ресурслар – кўмир, нефть ва газни қазиб олиш ва ёқиш орқали энергия олиш бошланган вақтдан анча аввалроқ ўрганган. Ўша даврда сув, қуёш, шамол энергиясидан фойдаланишда уларнинг миқдорлари, бунга эҳтиёж бўлмаганлиги сабабли, ҳозирги кундагидек муҳим роль ўйнамаган.
Жамиятларни индустриялаш даврида энергияга бўлган талаб жадал суръатларда ўсиб борди. Бундай шароитда барқарор ва узлуксиз энергия таъминотига эса кўмир, нефть ва газдан фойдаланиш туфайли эришилди. Энергия ресурсларидан фойдаланиш миқёсининг ортиб бориши билан биргаликда оммавий тарзда электр энергияси ишлаб чиқаришининг табиатга ва экологияга салбий таъсири ҳам кучайиб борди. Лекин инсоният фойдали, қазиб олинадиган ёқилғи ҳам чегараланганлигини, улар ер юзининг айрим жойларида, маълум миқдорларда мавжудлигини, уларнинг заҳиралари эса яқин вақтлар ичида тугашини тушуниб етди.
Электр энергиясини ишлаб чиқариш учун табиий ресурсларнинг етишмаслиги ҳамда унинг табиатга ва экологияга салбий оқибатларининг мавжудлиги каби омиллар – ресурслар ва энергияни тежашга асосланган технологияларни яратиш бўйича техникавий тараққиётга ва яқин келажакда муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш имкониятларини чуқурроқ ва атрофлича ўрганиш учун кучли туртки берди.
Муқобил энергетика – қайта тикланувчи энергия манбалари бўлмиш чексиз табиий ресурслар ва ҳодисалардан энергия олиш мақсадида фойдаланишдир. Бугунги кунда муқобил энергетика манбаларига сув энергетикасини, шамол энергетикасини, қуёш энергетикасни, водород энергетикасини, атом энергетикасини ва бошқаларни киритиш мумкин. Ҳозирги кунда дунё миқёсида чексизлиги ва атмосферага ташланадиган зарарли чиқиндиларининг йўқлиги борасида энергиянинг анъанавий манбаларига нисбатан катта устунликка эга бўлган шамол ва қуёш энергияларидан фойдаланиш масалаларига жиддий эътибор қаратилмоқда.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг (БМТ) ҳисоботига кўра, агар 2008 йилда дунё бўйича муқобил энергетика лойиҳаларига $140 миллиард, кўмир, нефть ва газ қазиб олиш $ 110 миллиард миқдорида инвестициялар киритилган бўлса, 2018 йилга келиб муқобил энергетикага жалб қилинган инвестициялар ҳажми $288,9 миллиардни ташкил этди (бунда 2018 йилда қуёш энергетикасига йўналтирилган инвестициялар ҳажми $139,7 миллиардни ташкил этди). Расмий маълумотларга кўра, муқобил манбалардан олинган электр энергияси миқдори (йирик гидроэлектрстанцияларида ишлаб чиқарилган электр энергияси қувватларини ҳисобга олмаган ҳолда) 2019 йил давомида жаҳон миқёсида жами генерация қилинган электр энергиясининг 10,4 фоизини ташкил этиб, жаҳон атом энергетикасини ортда қолдирди.
Ҳозирги кунда жаҳон миқёсида қуёш ва шамол энергетикаси қайта тикланувчи энергия манбалари қувватларининг ошишида асосий ролни ўйнамоқда, бунда 2019 йилда ушбу турдаги энергетика қувватлари ўсишининг улуши жаҳондаги жами қайта тикланувчи энергия манбалари қувватлари соф ўсишининг 90 фоизини ташкил этди.
Хитой ва АҚШ шамол энергетикаси ривожини жадаллаштириш бўйича етакчи мамлакатлар бўлиб, 2019 йил давомида қуёш энергетикаси бўйича Хитой, Хиндистон, Япония, Жанубий Корея ва Вьетнам энг юқори қувватларга эришдилар. Қувватларни ошириш борасида қитьалар миқёсида Осиё етакчилик қилмоқда – 2019 йилда жами қувватлар ўсишининг 54 фоизи унинг улушига тўғри келиб, ушбу кўрсаткич унинг умумжаҳон миқёсида ўрнатилган жами қувватлардаги улушини 44 фоизга етказди. Қайта тикланувчи энергия манбалари қувватларининг 2019 йилдаги ўсиши Европа ва Шимолий Америка бўйича мос равишда 6,6 ва 6 фоизни ташкил қилди. Шу соҳада жадал ривожланаётган минтақаларга Яқин Шарқ ва Океания мамлакатлари ҳам кириб, қувватлар ўсиш суръатлари мос равишда 18,4 ва 12,6 фоизни ташкил этди.
“Ҳақиқатдан ҳам қайта тикланувчи энергия манбалари бугунги кунда жадал суръатларда ривожланнаётган электр таъминоти манбаси ҳисобланади, лекин айни пайтда шу нарсага алоҳида эътибор қаратиш лозимки, энергетиканинг ушбу соҳаси ҳиссасига жами истеъмол қилинаётган энергиянинг 20 фоизи тўғри келмоқда. Қолган энергия эса қазиб олинадиган ёқилғилардан – кўмир, нефть ва газдан фойдаланиш эвазига ишлаб чиқарилмоқда” – дейди ЮНЕП энергетика бўйича эксперти Марк Радка.
Бугунги кунда мутахассислар олдида турган асосий вазифа – қуёш ва шамол электр станцияларида ўрнатилган қувватлардан фойдаланиш коэффициентини (КИУМ) максимал даражада ошириш учун технологияларни такомиллаштириш турибди, чунки энергетиканинг ушбу соҳалари афзалликлари (чексизлиги, экологик жиҳатлари, келажакда энергия ишлаб чиқаришда паст таннархга эришиш имкониятлари мавжудлиги) билан биргаликда, қуйидаги қатор сезиларли камчиликларга ҳам эга ҳисобланади:
- иқлим-ҳаво шароитларига ва куннинг вақтига боғлиқлиги;
- фойдали иш коэффициентининг пастлиги;
- технологияларда қимматбаҳо материалларнинг (кремний, алюминий) фойдаланилиши натижасида таннархнинг юқорилиги;
- ўрнатилган қувватлар бирлигининг пастлиги.
Ўрнатилган қувватлардан фойдаланиш коэффициенти (КИУМ) электроэнергетика корхоналари фаолиятининг энг муҳим кўрсаткичи бўлиб, у маълум вақт оралиғидаги ўрта арифметик қувватлар даражасининг ўрнатилган қувватларга нисбати бўйича аниқланади. Ушбу коэффициент электр станциясининг технологик жиҳатдан такомиллаштирилганлиги нуқтаи назаридан унинг умумий самарадорлигини белгилаб бериш билан биргаликда, станция бошқарувини ташкил қилиш ҳамда электр станцияси ходимлари малакаси даражасини кўрсатади.
Агар дунёдаги атом электр станцияларида ўрнатилган қувватлардан фойдаланиш коэффициенти ўртача 82 фоизни ташкил қилса, шамол электр станцияларида – 34 фоиз, қуёш станцияларида эса 24,5 фоизни ташкил этади (шу жумладан, қуёш фотоэлектрик станцияларида – 13-15 фоиз, қуёш иссиқлик станцияларида – 28-33 фоиз). Таққослаш учун, иссиқлик электр станцияларининг ўрнатилган қувватлардан фойдаланиш коэффициенти ўртача 40 фоиздан 63 фоизгача ташкил қилмоқда. Лекин бунда турли типдаги электр станцияларининг маневр қилиш имкониятларини инобатга олиш зарур. Масалан, атом электр станциялари реактори иш режимини ўзгартиришда катта хавф мавжудлиги сабабли улар энг паст даражада маневр қилиш имкониятига эгадирлар. Қаттиқ ёқилғида (кўмир) ишлайдиган иссиқлик электр станциялари ҳам кам маневрли ҳисобланади, суюлтирилган ёқилғида ёки газда ишлайдиган электр станциялари эса иш режимини ўзгартириш учун етарли даражада маневр қила олади, лекин бу турбиналар фойдали иш коэффициенти даражасини кескин пасайтириб юбориши мумкин.
Айрим олимлар, мутахассислар доиралари орасида, ўрнатилган қувватлардан фойдаланиш коэффициентини ишдаги простойларни бартараф қилиш ва электр станцияси тўлиқ қувватидан фойдаланиш орқали ошириш мумкин, деган фикр мавжуд бўлиб, аслида бундай эмас. Қайта тикланувчи энергия манбалари станцияларида ўрнатилган қувватлардан фойдаланиш коэффициентининг сезиларли даражада чекланганлиги ҳақиқий энергетик манбанинг (қуёш, шамол) нобарқарор эканлиги билан боғлиқдир.
Қуёш энергетикаси.
Бугунги кунда гелиоэнергетика, яъни қуёш энергиясини генерация қилиш қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг энг истиқболли йўналишларидан бири ҳисобланади, чунки мутахассислар ҳисоб-китобларига кўра, бутун инсониятни таъминлаш учун 0,0125 фоиз қуёш нури, ўсиб бораётган келгуси эҳтиёжни қондириш учун эса 0,5 фоиз қуёш энергияси етарли бўлади. Мутахассислар фикрига кўра, қуёш энергияси беқиёс салоҳиятга эга бўлиб, унинг ҳажми ердаги нефть, кўмир, газ ва бошқа ресурслар жами заҳираларидан анча кўп ҳисобланади. Ер куррамиздаги инсоляция даражасини инобатга олган ҳолда, гелиоэнергетика муаммоли томонларининг ҳал қилинишига тўғри ёндошув бўлса, электр энергиясини ишлаб чиқаришнинг анъанавий манбаларидан бутунлай (ёки қисман) воз кечиш учун шарт-шароитлар юзага келиши мумкин, бу билан эса сайёрамиздаги табиий ресурслар заҳираларини нафақат тежаш, балки уларни кўпайтиришга ҳам имконият яратилади.
Инсоляция – сайёрамизнинг турли географик нуқталаридаги ер юзини қуёш иссиқлиги билан нурланиши жараёни бўлиб, бу кўрсаткич ер шарининг аниқ бир жойида қуёшнинг фаоллигини билдиради. Қуёш энг фаол бўлган ер шаридаги ҳудудлар бу – Сахрои Кабир, Африка жануби бир қисми, Австралиянинг шимолий қисми. Айрим мутахассислар фикрига кўра, 9 миллион квадрат километр ҳудудда ястаниб ётган ҳамда йилига ҳар бир квадрат майдонга 2000 дан 3000 кВтгача қуёш энергиясини қабул қилаётган Сахрои Кабир бир йилда 22 миллиард ГВт.соат электр энергиясини ишлаб чиқариш салоҳиятига эгадир.
Қайта тикланувчи энергия манбалари бўйича халқаро агентлик (IRENA) маълумотларига кўра, қуёш станцияларининг жаҳон миқёсида ўрнатилган қувватлари геометрик прогрессия кўринишида муттасил ўсиб бормоқда. Агар уларнинг умумий қувватлари 2000 йилда 1,4 ГВт (гигаватт) ташкил этган бўлса, 2005 йилда эса – 5,3 ГВт, 2010 йилда – 40,6 ГВт, 2013 йилда – 138,9 ГВт, 2015 йилда – 192,1 ГВт, 2018 йилда – 514 ГВт, 2019 йилда – 629 ГВт, 2020 йилда – 771 ГВт ташкил этди. Агар 2010 йилда дунё бўйича 34 йирик қуёш электр станциялари лойиҳалари мавжуд бўлган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 100 дан ортиқ станцияни ташкил қилмоқда. Бугун дунёнинг 40 ортиқ мамлакати умумий қувватлари бир гигаваттдан юқори бўлган фотоэлектрик тизимларга эгадир.
Шунинг билан бир қаторда, қуёш энергетикасининг жадал ривожланиши контекстида бўлажак салбий оқибатлар ҳам кўзга ташланмоқда. Жумладан, қуёш электр станциялари ривожланиш учун яқин истиқболда катта ер майдонларига эҳтиёж сезмоқда, бу эса ўз навбатида шу ҳудудлар экологияси, флора ва фаунаси учун хавф туғдириши муқаррар.
Бундан ташқари, тадқиқотлар кўрсатдики, қуёш батареялари тагидаги температура 5 градусга паст – бу қишлоқ хўжалиги ривожланишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Қуёш панелларидан фойдаланиш шунингдек, ўрнатилган қувватлар бирлигига нисбатан, атом электр станцияларидан ҳам юқори бўлган, заҳарли чиқиндилар пайдо бўлишига олиб келади. Қуёш энергетикасининг бошқа сезиларли камчилиги унумдорлик билан боғлиқ бўлиб, у ишлаб чиқарилган энергиядан фойдаланишдаги муаммога бориб тақалади. Қуёш станцияларига катта ҳажмдаги майдонлар зарурлиги туфайли, уларда ишлаб чиқарилган маҳсулотни катта шаҳарлар истеъмолчиларига етказиб берилиши мушкуллашади, бу ўз навбатида ишлаб чиқарилган энергиянинг йўқотилишига олиб келади. Масалан, Хитойда қуёш энергиясининг ўртача 30 фоизи етарли электр узатиш инфратузилмасининг йўқлиги туфайли йўқотилмоқда. Айрим ҳисоб-китобларга кўра, максимал қулай шароитлардаги қуёш нури оқимининг зичлиги бир квадрат метрга 250 Вт ташкил қилади. Зарур миқдордаги электр энергиясини олиш учун қуёш коллекторларини катта ҳудудга – 130 минг квадрат метр майдонга жойлаштиришга тўғри келади.
Электр энергетикаси соҳасида миллий хавфсизликни таъминлаш мақсадида қуёш энергетикасини ривожлантириш зарурияти Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати кун тартибида ҳам турибди. Ўзбекистонда энергетика соҳасининг ушбу тармоғини ривожлантириш истиқболларини батафсил ўрганиш масалаларига собиқ совет тузуми давридан бошлаб, яъни фундаментал ва амалий тадқиқотлар асосида қуёш энергияси табиатини ўрганиш учун Тошкентда физика-техника институти ҳамда қуёш концентраторлари ёрдамида илмий изланишлар ўтказиш учун “Физика-қуёш” институти ташкил этилган вақтдан буён яқиндан эътибор бериб келинган. Лекин Ўзбекистонда қуёш энергиясидан фойдаланиш истиқболлари юзасидан изланишлар олиб бориш мақсадида “Физика-қуёш” илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси таркибида махсус бўлинма “Гелиополигон” 2003 йилда ташкил қилинди. 2013 йилнинг ноябрида Тошкент шаҳрида ўтказилган Қуёш энергияси бўйича Осиё анжумани халқаро ташкилотлар вакиллари, экспертлар, мутахассисларни Ўзбекистонда қуёш энергетикасини ривожлантириш истиқболларини кўриб чиқиш ҳамда шерик-мамлакатларда қўшма энергетик лойиҳаларни амалга ошириш учун тўплади.
Шу давр мобайнида мамлакатимизда қуёш панелларининг муҳим компонентлари – кремний, қуёш батареялари, қуёш концентраторларини ишлаб чиқарадиган корхоналарни ташкил қилиш бўйича бир қатор лойиҳалар амалга оширилди. Халқаро қуёш энергияси институтининг маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 2014-2017 йилларда Наманган вилояти Поп туманида фотоэлектрик тажриба станцияси (қуввати 130 кВт), Олмалиқ тоғ-кон металлургия комбинатида (112 кВт), Фанлар академияси Астрономия институти Майданак обсерваториясида (27 кВт), Бухоро вилояти Қоракўл туманида жойлашган Қандим газни қайта ишлаш комплексида (1,2 МВт), Тошкент давлат техника университети энергетика факультетида (20 кВт), Халқаро қуёш энергияси институтида (28 кВт) қуёш станциялари қурилди ва ишга туширилди.
Юқорида таъкидланганидек, ҳар бир ҳудуднинг салоҳияти инсоляция (ер юзининг қуёш иссиқлиги билан нурланиши жараёни) кўрсаткичи даражаси билан белгиланади. World Bank Group, Global Solar Atlas интернет маълумотларига кўра, бу кўрсаткич Ўзбекистоннинг турли географик нуқталарида бир биридан фарқланади (камайган ҳолда):
Ўзбекистон жануби – Қашкадарё ва Сурхондарё вилоятлари шимоли-ғарбий ҳудудлари (1);
Зарафшон воҳаси – Самарканд, Бухоро, Жиззах вилоятлари, Навоий вилояти жанубий ҳудудлари (2);
Ўзбекистон шимолий қисми – Қорақалпоғистон жануби, Хоразм вилояти, Навоий вилояти шимолий қисми (3);
Фарғона водийси – Андижон, Наманган и Фарғона вилоятлари (4).
«Солнечная радиация. Таблица инсоляции» сайти маълумотларига кўра, Ўзбекистоннинг алоҳида аҳоли пунктлари горизонтал ер юзасига тушадиган умумий (тўғридан-тўғри ва ёйилган) қуёш радиацияси МДж/кв.м (квадрат метрга тушадиган қуёш радиацияси бирлиги) ҳақиқий булутли шароитда қуйидагича ташкил қилади:
Географик жойлар/ойлар
|
I
|
II
|
III
|
IV
|
V
|
VI
|
VII
|
VIII
|
IX
|
X
|
XI
|
XII
|
Ўртача бирлик
|
Термиз
|
245
|
312
|
457
|
601
|
783
|
867
|
865
|
787
|
643
|
463
|
300
|
220
|
545
|
Томдибулоқ
|
218
|
295
|
461
|
582
|
758
|
850
|
859
|
781
|
605
|
411
|
235
|
174
|
519
|
Тахиатош
|
205
|
283
|
425
|
582
|
771
|
838
|
834
|
754
|
582
|
406
|
245
|
163
|
507
|
Самарқанд
|
222
|
263
|
373
|
524
|
708
|
825
|
854
|
784
|
620
|
423
|
243
|
189
|
502
|
Тошкент
|
191
|
247
|
383
|
526
|
714
|
802
|
836
|
752
|
574
|
373
|
222
|
153
|
481
|
Фарғона
|
193
|
266
|
387
|
517
|
706
|
792
|
808
|
739
|
578
|
383
|
228
|
151
|
479
|
Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон қуёш энергетикасини ривожлантириш бўйича салоҳияти мутахассислар ва олимлар томонидан анчадан буён ўрганиб келинмоқда. Ҳозирги кунда Ўзбекистон ёқилғи-энергетик ресурслари тузилмасида нефть ва газнинг улуши (97 фоиз) салмоқли ҳисобланади, кўмир – 2.3 фоиз, гидроэнергетика – 0,7 фоиз, бу электр энергияси ишлаб чиқришнинг муқобил турларини ривожлантириш зарурлигини англатади. Ўзбекистоннинг янгиланадиган энергия манбалари салоҳияти 51 миллиард тонна атрофида нефть эквивалентига, шу жумладан қуёш энергияси салоҳияти 50,973 миллиард тонна нефть эквивалентига тенг баҳоланмоқда.
Ҳисоб-китобларга асосан, қуёшли кунлар сонига кўра Ўзбекистон Испания мамлакатидан яққол устунлик қилади. Ўзбекистонда йил давомидаги булутсиз кунлар 250-270 кунни, қуёш нурланиши давомийлиги эса йилига 2850-3050 соатни ташкил қилади. Сўнгги йилларда дастлабки жиддий қадамлар қўйилиб, қуёш энергетикаси соҳасида салмоқли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ишлар фаоллашди. Жумладан, 2021 йил март ойида Тошкент вилояти Юқоричирчиқ туманида (“Нури Замин” маҳалласида) Корея энергетика агентлиги маблағлари эвазига 40 кВт қувватга эга бўлган, йилига 100 минг кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқарадиган кичик фотоэлектрик қуёш станциясини барпо қилиш ишлари якунланди.
Менделеев номли Россия кимё-технология университети Тошкент филиалида 2021 йил февраль ойида 100 кВт қувватли, йилига 220 минг кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқарадиган, аккумуляторсиз, тармоқли қуёш станцияси иш бошлади (1,2 минг квадрат метр майдонга Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган 288 та қуёш батареялари ўрнатилди).
Наманган шаҳридаги янги қурилган тўртта кўп қаватли уйнинг томларида 2021 йил май ойида 58 кВт қувватга эга бўлган, 96 та хонадонни электр токи билан таъминлайдиган қуёш панеллари (192 та батарея) ўрнатилди. Қиймати 1,32 миллиард сўмга тенг бўлган ушбу лойиҳа ПРООН томонидан амалга оширилган (ҳар бир хонадон учун ўрта ҳисобда 13,75 миллион сўмга тўғри келади). Шунга ўхшаш лойиҳалар, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида амалга оширилиши кўзда тутилмоқда.
Ўзбекистон Ҳукумати ва Осиё ривожланиш банки ўртасида имзоланган меморандум доирасида Сурхондарё вилояти Шеробод туманида 2023 йилгача қуввати 300 МВт бўлган фотоэлектрик қуёш станцияси ишга туширилади. Бу станция қуввати 200 МВт тенг бўлган Шеробод 1-лойиҳаси ёнида амалга оширилиб, уларнинг бир йилда ишлаб чиқарадиган жами электр энергияси ҳажми 1,1 миллиард кВт.соатни ташкил этади, бу эса ҳудуд бир йиллик эҳтиёжининг 30 фоизини таъминлаш имкиноятини беради (эҳтиёж йилига 3,2 миллиард кВт.соат). Бирлашган Араб Амирликларининг “Masdar” компанияси мазкур лойиҳани амалга ошириш учун $ 260 миллион тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиб, мазкур лойиҳа доирасида 220 кВт қувватли янги нимстанция ва “Сурхон” нимстанцияси билан бирлаштирувчи узунлиги 52 километрга тенг бўлган янги электр узатиш линиясини қуриш ишлари кўзда тутилган. Лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида йилига 340 миллион кубметр табиий газ тежалади, 120 та янги иш ўринлари яратилади, 300 минг уй хўжаликлари электр токи билан таъминланади.
2021 йил май ойида Самарқанд ва Жиззах вилоятларида ҳар бири 200 МВт қувватга эга бўлган фотоэлектрик қуёш станцияларини қуриш лойиҳалари бўйича танлов ғолиби аниқланди. Иккита қуёш электр станцияси Бирлашган Араб Амирликларининг “Abu Dhabi Future Energy Company” компанияси томонидан 1 кВт.соат электр энергияси тарифи 1,791 цент бўлган таклиф асосида барпо этилади.
Бухоро, Наманган ва Хоразм вилоятларида давлат-хусусий шерикчилиги асосида қуриладиган, умумий қуввати 500 МВт тенг бўлган учта қуёш электр станцияси бўйича танлов эълон қилинди.
Бирлашган Араб Амирликларининг “Masdar” компанияси томонидан Навоий шаҳридан 35 километр узоқликда (Кармана) қиймати $100 миллион, қуввати 100 МВт тенг бўлган Ўзбекистонда биринчи гелиостанция қурилиши лойиҳаси амалга оширилмоқда (268 гектар майдонда 300 минг фотоэлектрик панеллар ўрнатилади). 2021 йил октябрида биринчи қуёш электр станциясининг ишга туширилиши билан йилига 31 минг уй хўжаликларини электр токи билан таъминлашга етарли бўлган 270 ГВт.соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Компания томонидан, бундан ташқари, 25 йил давомида ҳар бир кВт.соат электр энергиясини истеъмолчиларга 2,679 центдан етказиб бериш мажбурияти олинган.
Ўзбекистонда 2030 йилга қадар қуёш электр станциялари умумий қувватини 5 ГВтга етказиш кўзда тутилмоқда.
Ўзбекистонда қуёш фотоэлектр станцияларини қуриш бўйича лойиҳалар қиймати хусусида Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги вакили таъкидлаганидек, бу “инвесторнинг масаласи”, шунингдек “шартномада Ўзбекистон сотиб оладиган электр энергиясининг ҳажми, инвестор эса ўз маблағлари ҳисобига ва ўз жавобгарлигида белгиланган кўрсаткичлар ва сифат стандартлари асосида станцияни қуриш мажбуриятини ўз зиммасига олиши кўзда тутилади. Ўзбек томони лойиҳани молиялаштиришда иштирок этмайди”.
Шамол энергетикаси.
Мутахассислар ҳисоб-китобларига кўра, ер юзидаги шамол энергияси глобал салоҳияти 1200 ТВт ташкил қилиб, унинг заҳиралари сайёрамиздаги барча дарёлар гидроэнергияси заҳираларидан 100 марта кўпдир. Шамол энергетикаси 80 дан ортиқ мамлакатларда яратилган бўлиб, уларнинг учдан бир қисми 1 ГВт юқори бўлган ўрнатилган шамол энергетикаси қувватларига эгадир. 2019 йил давомида ўрнатилган шамол генераторларининг ўрнатилган қувватлари 600 ГВтдан ошиб кетди. Бунда 2009 йилдан буён дунё миқёсида ўрнатилган жами шамол генераторларининг умумий қувватлари АҚШ, Хиндистон, Хитой, Европа Иттифоқи мамлакатларида шамол энергетикасининг жадал ривожланиши ҳисобига йилига ўртача 38-40 ГВт ортиб борди.
Дунёнинг бир қатор мамлакатларида, ҳисоб-китобларга кўра, шамол станциялари ёрдамида генерация қилинадиган электр энергияси улуши анъанавий энергетика тармоғи билан реал тарзда рақобат қилмоқда. Wind Europe маълумотларига асосан, 2019 йилда Данияда шамол генераторлари ёрдамида мамлакатда ялпи ишлаб чиқарилган электр энергиясининг 48 фоизи ишлаб чиқарилди, ушбу кўрсаткич Ирландияда – 33 фоиз, Португалияда – 27 фоиз, Германияда – 26 фоиз, Буюк Британияда – 22 фоиз, Испанияда – 21 фоиз, Европа Иттифоқи мамлакатлари бўйича ўрта ҳисобда – 15 фоизни ташкил этди.
Мутахассислар томонидан олиб борилган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, шамол генераторларининг қуввати генератор пичоғининг ҳаракатланиши учун майдон кенглиги ва унинг ердан баландлигига боғлиқ бўлади. Масалан, «Vestas» (Дания) компанияси томонидан ишлаб чиқарилган 3МВт қувватли турбинанинг умумий баландлиги 115 метр, миноранинг баландлиги 70 метр и пичоқлар диаметри 90 метрни ташкил этади. Шамол генератори электр токини шамол тезлиги секундига 3 метрга етганда ишлаб чиқаришни бошлайди ҳамда секундига 25 метрдан ошганда тўхтатади. Шамол тезлиги секундига 15 метрга етганда максимал равишда электр энергияси ишлаб чиқарилади. Шунингдек, тадқиқотлар шуни кўрсатдики, шамол тезлиги икки баробар ошганда, яъни секундига 5 метрдан секундига 10 метрга етганда, шамол генератори қуввати 8 марта кўпаяди.
Шамол оқимларининг тезлиги юқори бўлмаган ҳудудларда вертикал ўқ атрофида айланадиган шамол генераторларини (роторли ёки карусел кўринишидаги) қўллаш энг самарали конструкция ҳисобланади. Бундай шамол режимида генераторларнинг вертикал қурилмаси катта самара бериши мумкин. Бундан ташқари, вертикал кўринишдаги шамол генераторларининг яна бир устунлик томони – уларнинг шовқинсизлиги ҳамда 20 йил хизмат муддати давомида хизмат кўрсатиш заруриятининг мавжуд эмаслигидадир. 1 МВт қувватли шамол генератори 20 йил хизмат муддати давомида тахминан 29 минг тонна кўмир ёки 92 минг баррел нефтни тежаш имконини беради.
Ўзбекистонда саноат миқёсида шамол энергетик қурилмаларидан фойдаланиш борасида амалий тажриба шаклланган. Масалан, 2010 йилда Тошкент вилоятининг Чорвоқ сув омбори яқинида Кореянинг «Doojin Co» компанияси томонидан қуввати 170 кВт ва қиймати $ 2 миллионга тенг бўлган дастлабки шамол энергияси қурилмаси ўрнатилди. Иккинчи ва Марказий Осиёдаги энг йирик – 750 кВт қувватга эга, шамол айланаси 50 метрга ва минора баландлиги 65 метрга тенг бўлган шамол энергияси қурилмаси (Хитой томонидан ишлаб чиқарилган) 2012 йилда Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани “Юбилейний” поселкасида ўрнатилди.
Германиянинг GEO-NET и INEC-GOPA компанияси мутахассислари томонидан шамолнинг ўртача йиллик тезлиги секундига 5,5 метр бўлган шароитда саноат миқёсида электр энергияси ишлаб чиқариш имкониятларини аниқлаш бўйича 2014-2015 йилларда ўтказилган тадқиқот-изланишлар кўрсатдики, Ўзбекистоннинг шамол энергетикаси бўйича техник салоҳияти 520 ГВтдан ортиқдир, бу маълумот 2015 йил апрель ойида Тошкент шаҳрида шамол энергетикасини ривожлантиришга бағишланган миллий конференцияда очиқланди. Ўзбекистоннинг асосий иқтисодиёт идораси ҳисоб-китобларига кўра, “2030 йилгача мамлакатни иқтисодий ривожлантириш стратегиясига мувофиқ электр энергияси истеъмоли икки марта ошиб – 105 миллиард кВтга етади, бу эса қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш ривожланишнинг бир йўналиши эмаслигини, балки долзарб зарурият эканлигини билдиради”.
Энергетика соҳасидаги таниқли мутахассиснинг фикрига кўра, “амалга оширилган ҳисоб-китоблар ҳайратга солади: шамол энергетикаси соҳаси бўйича прогноз кўрсаткичлар 17 минг квадрат километрга жойлаштириладиган 520 минг МВт ўрнатилган қувватлар ёрдамида йилига 1,07 триллион кВт электр энергияси ишлаб чиқарилиши мумкин, бу фақат дастлабки тахминий баҳо”.
Германия мутахассислари томонидан шамол энергетикаси бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун имкониятларни устивор даражада аввало энг юқори салоҳиятга эга бўлган Навоий вилояти ва Қорақалпоғистонга ҳудудларига йўналтириш зарур деб тавсия берилган. Мутахассислар томонидан Бухоро ва Самарқанд вилоятлари ҳам шамол энергетикасини ривожлантириш бўйича салоҳиятга эга ҳудудлар сифатида тавсия қилинган.
Ушбу мутахассислар фикрига кўра, “анъанавий энергетика жами эҳтиёжни қондира олмайди, бунда ишлаб чиқарилаётган электр энергияси ҳажми эмас, балки электр энергиясини истеъмолчиларга етказиб бериш муаммоси кўзда тутилмоқда. 20-30 хонадон истиқомат қиладиган аҳоли пунктларига 50 йил давомида ҳам ўзини оқламайдиган кўп километрли электр узатиш линияларини тортиш мақсадга мувофиқ эмас. Кичик аҳоли пунктлари катта ва кенг майдонларда тўпланган бўлиб, уларга локал энергия таъминоти қурилмаларини ўрнатиб бериш фойдалироқ бўлади – шамол ва қуёш энергияси манбалари бу ерларда бемалол анъанавий электр манбалари билан рақобат қила олади, чунки, биринчидан, улар янгиланиб боради, иккинчидан, сарф-харажат қилинмайди, учинчидан, энергияни транспортировка қилиш шарт эмас”.
Германия тадқиқотчилари хулосасига кўра, Ўзбекистон шароитида, техникавий жиҳатларни инобатга олган ҳолда, 3 МВт қувватли 100 метр диаметрдаги роторли шамол қурилмаларидан фойдаланиш энг оптимал ечим ҳисобланади.
Бирлашган Араб Амирликлари «Masdar» компанияси томонидан 2021 йил апрель ойида Зарафшонда қуввати 500 МВт ҳамда лойиҳавий қиймати $ 600 миллионга тенг бўлган шамол электр станциясини қуриш ишлари бошланди. Мазкур электр станциясини 2024 йил охирида фойдаланишга топшириш натижасида 500 минг уй хўжаликларини таъминлаш учун электр энергияси ишлаб чиқаришга эришилади, йилига 1,1 миллион тонна карбонат ангидриднинг атмосферага чиқарилишининг олди олинади. Имзоланган келишувга биноан шамол электр станцияси қувватлари 500 МВт дан 1,5 ГВт етказилади, бу эса электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмларини уч марта ошириш имкониятини беради. Компаниянинг шунингдек, келгусида Ўзбекистонга шамол электр станцияларида электр энергияси ишлаб чиқариш мақсадли кўрсаткичларини 2030 йилга бориб 3 ГВт етказишда ҳамда қайта тикланувчи энергия манбалари ҳисобига 26 фоиз электр энергиясини ишлаб чиқаришда ёрдам кўрсатиши кутилмоқда.
Ҳисоб-китобларга кўра, 1 МВт шамол электр қурилмалари қувватини яратиш учун сарфланадиган капитал қўйилмалар улуши $1,5-2 миллионни ташкил қилиб, бу эса буғ-газ қурилмаларини қуришга сарфланаётган маблағлар билан тенгдир, шамол электр станцияларида ишлаб чиқарилаётган 1 кВт.соат электр энергияси таннархи эса 3 цент ва ундан юқори нархларни ташкил қилмоқда.
Хулоса ва таклифлар.
Қайта тикланувчи энергия манбаларининг дунё миқёсида жорий қилиниши ва фойдаланилиши ҳолати юзасидан ўтказилган таҳлил кўрсатмоқдаки, Ўзбекистон шароитида ҳозирги вақтда муқобил энергия манбаларини кенг кўламда ривожлантиришнинг мақсадга мувофиқлиги ҳамда самарадорлиги тўғрисида аниқ жавоб мавжуд эмас. Фикримизча, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон энергетика тармоғини ривожлантиришнинг узоқ муддатли стратегиясини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш энг оптимал ва мақбул ечим ҳисобланади.
Узоқ муддатли стратегия қуйидаги асосий йўналишларни қамраб олиши зарур:
- Энергия самарадорлиги ва энергия тежамкорлигини ошириш. Барча соҳаларда, яъни электр энергияси ишлаб чиқарувчиларидан тортиб охирги истеъмолчигача энергия самарадорлигини ошириш ва энергия тежамкорлигини таъминлашга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмас экан, энергетика соҳаси учун қилинаётган барча ҳаракатлар ва капитал қўйилмалар самара бермайди ва бекорга бўлади, деб ҳисобланади.
- Газдан электр энергияси ишлаб чиқаришнинг асосий манбаи сифатида фойдаланиш. Ўзбекистоннинг ҳозирги шароитида, ишлаб турган иссиқлик электр станцияларини модернизация қилиш ҳамда қўшимча 2-3 та замонавий янги электр станцияларини ишга тушириш мамлакат энергетика хавфсизлигини таъминлашнинг етарли даражадаги самарали ечими бўлади.
- Муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни ривожлантириш. Ўзбекистоннинг мавжуд реал имкониятларидан (табиий-иқлим, молиявий-иқтисодий, техник-технологик ва инсон ресурслари) келиб чиққан ҳолда, муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни ривожлантиришда Бангладеш тажрибасидан фойдаланиш энг самарали ва мақбул ечим бўлади, яъни аҳолини электр энергияси билан таъминотини давлат энергетикаси тизимини четлаб ўтган ҳолда peer to peer услубида муқобил энергия таъминотига ўтказиш. Бунинг натижасида, биринчидан, давлатнинг электр энергияси етказиб берувчи сифатидаги иштирокига барҳам берилади, иккинчидан, истеъмолчилар интеллектининг (идрокининг) ўсишига кўмаклашилади, учинчидан, иссиқлик электр станциялари томонидан ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг бўшаган қисми саноат сектори эҳтиёжларини қондиришга йўналтирилади.
- Атом энергиясидан фойдаланиш. Истиқболда атом энергетикаси бўйича лойиҳани амалга ошириш зарур.
- Электр энергияси билан транс-чегаравий савдо. Транс-чегаравий ҳудудларни электр энергияси билан таъминлаш мақсадида қўшни мамлакатлар билан энергетика тизими алоқаларини тиклаш ва мустаҳкамлаш.
- Энергетиканинг оқилона ва самарали инфраструктурасини яратиш. Буларга энергетика соҳаси бўйича самарали ишлайдиган норматив-ҳуқуқий базани яратиш, электр станциялари, ёрдамчи объектлар ва иншоотларнинг моддий-техника таъминотини ривожлантириш, замонавий автоматлаштирилган бошқарув ва ҳисоб тизимларини жорий қилиш, малакали кадрлар салоҳиятини тизимли равишда тайёрлаб бориш киради.
- Углерод чиқиндиларининг тарқалишини камайтириш. Технология жараёнларини такомиллаштириш, атмосферага углерод чиқиндилари тарқалишини камайтиришнинг замонавий усулларини жорий этиш, экологик мувозанатни сақлаш учун харажатларни молиялаштириш ҳажмларини кўпайтириш.
Ҳозирги кунда Ўзбекистонда муқобил энергия манбаларини жорий қилиш ва риавожлантиришнинг қонунчилик асослари яратилган. 2019 йил май ойида Ўзбекистон Республикасининг “Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонуни кучга киритилган (ЎРҚ-539). 2019 йил август ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 августдаги ПҚ-4422-сонли “Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг тезкор чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган. Мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда Ўзбекистон шароитида қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш нормалари кўзда тутилган, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни рағбатлантирувчи имтиёз ва преференциялар қонунчилик асосида мустаҳкамланган, шунингдек Ўзбекистонда муқобил энергия манбаларини жорий этиш бўйича устивор йўналишлар ва аниқ вазифалар белгиланган.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорида мамлакатнинг энергетика тармоғининг жорий ҳолати атрофлича таҳлил қилинган. Ёқилғи-энергетика тармоғининг амалдаги қувватлари энергия ресурсларига ортиб бораётган эҳтиёжнинг таъминлай олмаётганлиги, мамлакат иқтисодиётидаги энергия сарфи дунёнинг ривожланган мамлакатларидаги ўртача кўрсаткичлардан анча юқорилиги таъкидланган. Мамлакат бўйича ишлаб чиқарилаётган электр энергияси умумий ҳажмининг атиги 10 фоизи асосан гидроэлектростанциялари томонидан ишлаб чиқарилаётган қайта тикланувчи энергия манбалари улушига тўғри келаётганлигига алоҳида урғу берилган. Қулай табиий-иқлимий шароитларга қарамай, қуёш ва шамол сингари қайта тикланувчи энергия манбалари имкониятлари етарли даражада фойдаланилмаяпти. Иқтисодиёт тармоқлари ҳамда ижтимоий соҳа энергия самарадорлигини ошириш ҳамда энергия тежамкор технологияларни кенг жорий этиш билан биргаликда, ҳозирги кундаги давлат сиёсатининг долзарб йўналишларидан бири сифатида қайта тикланувчи манбалардан электр энергияси ишлаб чиқаришни кенг кўламда ривожлантириш зарурлиги таъкидланган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорида кўзда тутилган устивор йўналишларни амалга ошириш ва Ўзбекистонда муқобил энергия манбаларини жорий қилиш ва ривожлантириш бўйича аниқ вазифаларнинг бажарилишини таъминлаш, қайта тикланувчи манбалар энергиясидан фойдаланишни рағбатлантириш мақсадида, назаримизда, амалдаги қонунчилик ҳужжатларига айрим қўшимчалар ва ўзгартиришлар киритилиши мақсад мувофиқ бўлади.
Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонуни 14 моддаси биринчи қисмида қуйидагилар кўзда тутилган:
“Қайта тикланувчи энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқарувчилар қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини (номинал қуввати 0,1 МВт ва ундан ортиқ бўлган) ўрнатганлик учун мол-мулк солиғини тўлашдан ҳамда ушбу қурилмалар билан банд бўлган участкалар бўйича ер солиғини тўлашдан улар фойдаланишга топширилган пайтдан эътиборан ўн йил муддатга озод этилади”.
Бу ерда аниқлик зарур – қайси ишлаб чиқарувчилар (юридик шахслар ва (ёки) жисмоний шахслар).
Ушбу Қонуннинг 14-моддаси иккинчи ва учинчи бандларида қуйидагилар кўзда тутилган:
“Амалдаги энергетика ресурслари тармоқларидан тўлиқ узиб қўйилган яшаш учун мўлжалланган жойларда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланувчи шахслар эгалигидаги мол-мулкка қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланилган ойдан эътиборан уч йил муддатга жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи солинмайди.
Амалдаги энергетика ресурслари тармоқларидан тўлиқ узиб қўйилган яшаш учун мўлжалланган жойларда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланувчи шахслар қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланилган ойдан эътиборан уч йил муддатга ер солиғидан озод этилади”.
Назаримизда, 14-модданинг мазкур бандларида қайта тикланувчи манбалар электр энергиясидан фойдаланувчи жисмоний шахслар тўғрисида сўз юритиляпти. Агар юридик шахс, масалан, меҳмонхона сифатида қайта тикланувчи манба электр энергиясидан фойдаланаётган (ишлаб чиқармаяпти) бўлса, унга имтиёз бериладими ёки йўқми, ушбу масала ҳам очиқ қолмоқда.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, имтиёзлар ва преференцияларни, мақомидан қатьий назар, қайта тикланувчи манбалари электр энергиясидан фойдаланувчига (ҳам ишлаб чиқарувчи сифатида, ҳам истеъмолчи сифатида) берилиши зарур ҳисоблаймиз, Ўзбекистон Республикасининг “Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонуни 14 моддасининг эса қуйидаги таҳрирда баён қилинишини таклиф қиламиз:
“14-модда. Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасидаги имтиёзлар ва преференциялар
Қайта тикланувчи энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқарувчилар, мақомидан қатьий назар, қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини (номинал қуввати 0,1 МВт ва ундан ортиқ бўлган) ўрнатганлик учун мол-мулк солиғини тўлашдан ҳамда ушбу қурилмалар билан банд бўлган участкалар бўйича ер солиғини тўлашдан улар фойдаланишга топширилган пайтдан эътиборан ўн йил муддатга озод этилади.
Қайта тикланувчи энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқарувчилар, мақомидан қатьий назар, қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини (номинал қуввати 0,1 МВт дан кам) ўрнатганлик учун мол-мулк солиғини тўлашдан ҳамда ушбу қурилмалар билан банд бўлган участкалар бўйича ер солиғини тўлашдан улар фойдаланишга топширилган пайтдан эътиборан беш йил муддатга озод этилади.
Амалдаги энергетика ресурслари тармоқларидан тўлиқ узиб қўйилган ҳолда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланувчилар (мақомидан қатьий назар) қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланилган ойдан эътиборан ўзларига тегишли бўлган мулк учун мол-мулк солиғидан ва ер солиғидан уч йил муддатга озод қилинадилар.
Энергия етказиб берувчи ташкилот томонидан берилган амалдаги энергетика ресурслари тармоқларидан тўлиқ узиб қўйилган ҳолда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисидаги маълумотнома ушбу модданинг учинчи қисмида кўрсатилган имтиёзларни бериш учун асос бўлади”.
Ўйлаймизки, солиқ имтиёзларидан ташқари, давлат томонидан жиддий равишда қўллаб-қувватланишига (мақсадли кредитлар, лойиҳалар учун давлат томонидан субсидиялар ажратиш, давлат-хусусий шерикчилик тизимини жорий этиш) ҳамда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш афзалликларини тарғиб қилиш бўйича кучли реклама фаолиятига муқобил энергетиканинг ривожланиши учун зарурий эҳтиёж сифатида қаралиши лозим.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг тезкор чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида (2019 йил 22 августдаги ПҚ-4422-сонли) ушбу чора-тадбирлар у ёки бу шаклда кўзда тутилган.
Муқобил энергетикадан саноат миқёсида фойдаланиш билан биргаликда, қайта тикланувчи манбалар электр энергиясидан индивидуал фойдаланишни ривожлантириш зарур, чунки бу давлат электр станциялари томонидан ишлаб чиқарилаётган электр энергияси маълум қисмининг индивидуал фойдаланувчиларидан бўшашига ҳамда уни саноат сектори ҳамда ижтимоий соҳа эҳтиёжларини тўлароқ қондиришга йўналтирилишига имконият яратади.
Қайта тикланувчи энергия манбаларини, Ўзбекистон Республикасининг “Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонунида кўзда тутилган имтиёз ва преференциялардан ташқари, икки асосий тоифага бўлган ҳолда давлат томонидан қўллаб-қувватлашни кучайтириш ёрдамида ривожлантириш мақсадга мувофиқ ҳисобланади:
давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг 1-тоифаси – тадқиқотлар ва ишланмалар учун маблағлар ажратиш, сотувни субсидиялаш, кичик фоиз ставкалари асосида қарз ва кредитлар бериш, солиқ имтиёзлари ва бошқалар);
давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг 2-тоифаси – мукофотлар механизмини жорий қилган ҳолда қайта тикланувчи энергия манбаларининг ривожланиши учун қулай имкониятлар яратиш.
Бу механизм шундан иборат бўладики, қуёш ва шамол электр қурилмалари эгалари ҳар бир кВт.соат электр энергияси учун, яъни электр энергиясини сотишдан олинган тушумга қўшимча равишда қатьий белгиланган мукофотлар берилади.
Мукофот ставкаси қурилма тури, яъни фойдаланиладиган энергия тури, қурилма қуввати ва фойдаланишга топшириш муддатига боғлиқ бўлади. Электр энергиясини сотишдан олинган тушум ва мукофот ставкаси ўртасидаги фарқ охирги истеъмолчи нархига қўшилади, рағбатлантириш кўринишидаги ушбу қўшимча компенсация тўловлари – қайта тикланувчи энергия манбаларининг ривожланишини қўллаб-қувватлаш инструменти бўлиб ҳисобланади.
Муқобил электр энергетикасини ривожлантириш соҳасида кўзда тутилган мақсадларга эришиш учун, биринчи навбатда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 августдаги ПҚ-4422-сонли қарори 3-иловасида кўзда тутилган барча ташкилотлар, корхоналар ва муасссалар томонидан қуёш фотоэлектрик станциялари ва қуёш сув иситиш қурилмалари билан жиҳозлаш ишларининг, истисносиз тарзда, устивор равишда бажарилишига эришиш.
Бу муқобил энергетикани ривожлантириш борасида таъсирчан ташвиқот ҳамда белгиланган тадбирларни амалга оширишга жиддий туртки бўлиб хизмат қилади. Ўзбекистонда муқобил энергетикани ривожлантиришни қуйидаги босқичларга бўлиш мумкин:
биринчи босқич – Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 августдаги ПҚ-4422-сонли қарори 3-иловасида кўзда тутилган тадбирларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлаш.
иккинчи босқич – давлат субсидияси ва мақсадли кредитлаш, шунингдек давлат-хусусий шерикчиликни жорий қилиш ёрдамида, амалдаги энергетика ресурслари тармоқларидан узиб қўйилган ҳолда, узоқ аҳоли пунктларини ва якка инфратузилма объектларини, дача участкалари, дам олиш зоналари ва бошқа шу кабиларни муқобил электр энергетикаси билан қамраб олиш;
учинчи босқич – шаҳарлар, поселкалар ва аҳолининг зич бўлиб яшайдиган бошқа аҳоли пунктларидаги кўп қаватли уйлар, хусусий маориф ва мактабгача тарбия муассасалари томларида давлат субсидияси ва давлат-хусусий шерикчилик инструментларини қўллаган ҳолда фотоэлектрик станциялар ўрнатиш;
тўртинчи босқич – шаҳар ва қишлоқ жойларида якка ҳолда жойлашган тарзда фаолият юритаётган тадбиркорлик тузилмаларини (Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 августдаги ПҚ-4422-сонли қарори 3-иловасида кўзда тутилмаган маркетлар, дўконлар, кафелар, бошқа савдо нуқталари) қайта тикланувчи энергия манбаларига оммавий тарзда ўтказиш;
бешинчи босқич – шаҳарлар ва қишлоқлардаги бир қаватли уйлар (маҳалла, қишлоқ ва овул), шу жумладан, хусусий иссиқхоналар, фермалар, нонвойхоналар ва бошқа объектларни муқобил энергетикага ўтказиш. Қишлоқ хўжалигидаги жуда кўп сонли ирригация насослари ҳамда олий таълим муассасаларини муқобил энергетикага ўтказиш.
Эътиборга лойиқ ва муқобил энергетикани ривожлантиришга кўмаклашувчи яна бир муҳим масала – бу малакали мутахассис-муҳандисларни тайёрлаш.
Ўйлаймизки, юқоридаги тадбирларни амалга ошириш:
1) ишлаб чиқарилаётган ва фойдаланилаётган электр энергияси ҳисобининг лозим даражада юритилиши таъминланган ҳолда, Ўзбекистонда қуёш ва шамол энергетикаси генерация қувватларининг ошишига ҳамда мамлакат бўйича ишлаб чиқарилаётган умумий электр энергияси таркибида қайта тикланувчи энергия манбалари электр энергияси генерацияси улушининг сезиларли даражада ошишига ёрдам беради;
2) энергия самарадорлигини ошириш ва энергия тежамкор технологияларнинг жорий қилиниши билан биргаликда иқтисодиёт тармоқлари ва давлат ижтимоий соҳа муассасаларини анъанавий электр энергияси манбаларидан барқарор ва узлуксиз равишда электр энергияси билан таъминлаш учун шароитлар яратиб беради.
Равшан Мирсаидов,
иқтисод фанлари номзоди,
“Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси”
Матбуот хизмати бошлиғи