Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Поп туманида мустақиллигимиз берган имкониятлар туфайли, ҳар бир жабҳада юксалиш жараёни кечмоқда. Бугунги кунда попликлар турмуш даражаси фаровонлашиб бораётгани республикамизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар билан чамбарчас боғлиқ эканини чуқур ҳис этмоқда. Шу боис, туман аҳли эртанги кунга катта ишонч билан қараб, юртни гуллаб-яшнатиш иштиёқида меҳнат қилмоқда. Бу ерда истиқомат қилаётган барча аҳоли вакиллари муштарак мақсадлар билан умргузаронлик қилмоқда.
Маълумки, иқтисодий сиёсатнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг тезкор ривожланиши учун ҳар томонлама қулай шарт-шароит, имтиёз ва преференциялар яратиш муҳим аҳамият касб этмоқда. Бунинг натижасида туманимизда ҳам қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантиришга, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик жадал ривожланишига тўсиқ бўлаётган, муаммоларни доимий равишда ўрганиб бориш ҳамда уларни бартараф этишга қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли қулай ва жозибадор сармоявий муҳит яратилмоқда. Сўнгги йилларда янги ишлаб чиқариш объектларини ишга тушириш, мавжудларини модернизация қилиш ва кенгайтириш, кичик корхона, микрофирма, якка тартибдаги тадбиркорликни ривожлантириш, уй меҳнатининг барча шаклларига эътибор қаратиш, ишламаётган корхоналар фаолиятини тиклаш ҳисобига янги иш ўринлари ташкил этилмоқда. Масалан, ўтган йили туманда 5361 та янги иш ўринлари яратилиб, режа ортиғи билан бажарилди.
Муҳими, бугун юртимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ишлари ўз кўлами ва мазмуни билан мамлакатимиз иқтисодиёти барқарор суръатда ривожланишига катта замин яратмоқда.Таъкидлаш лозим, уларга берилаётган имконият ва имтиёзлар истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш имконини оширмоқда. Бу, ўз навбатида, ички бозорни импорт маҳсулотларига бўлган эҳтиёжларини тўлиқ таъминлаш баробарида, жаҳон бозорига дадил кириб бораётган маҳаллий ишлаб чиқарувчилар сафи кенгайишига хизмат қилмоқда. Зеро, кичик бизнес субъектлари ички бозорни сифатли маҳсулотлар билан тўлдириш, янги иш ўринларини ташкил этиш ва шу асосда аҳоли даромадини кўпайтириш, турмуш шароитини оширишнинг муҳим омили, мамлакат тараққиётининг фаол ҳаракатлантирувчи кучига айланмоқда.
Ишлаб чиқаришни ривожлантириш бўйича қўлланаётган чора-тадбирлар туфайли маҳсулот турлари, уларнинг сифати ва ҳажми ортмоқда. Қолаверса, иқтисодиётни либераллаштириш, ҳар бир жабҳада рақобатбардошликни ошириш, экспорт салоҳиятини мустаҳкамлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик янгилаш, юқори технологияли муҳим қувватларни ишга тушириш каби истиқболли лойиҳаларга қаратилаётган алоҳида эътибор эришилаётган муваффақиятларда ўз ифодасини топмоқда.
Жумладан, 2015 йили туманда 128,9 млрд сўмлик (106,6 %) саноат маҳсулотлари, 36,2 млрд сўмлик (110,3 %) аҳоли истеъмол моллари, 206,1 млрд сўмлик (103,8 %) қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, 74,8 млрд сўмлик (109,5 %) пудрат ишлари, 262,3 млрд сўмлик (115 %) чакана савдо хизматлари кўрсатилди. Ҳисобот даврида жами ташқи савдо айланмаси 8,5 млн доллар миқдорида қайд этилиб, ташқи савдо айланмаси ўтган йилга нисбатан 2,9 мартага кўп бўлди. Экспорт амаллари 7,5 млн долларни ёки ўтган йилга нисбатан 107,3 фоизни ташкил этди.
2015 йил давомида 14 та ишлаб чиқариш лойиҳалари фойдаланишга топширилди ва лойиҳаларга жами 1,5 млрд сўм, шундан 432 млн сўм банк кредитлари, 1090 млн сўм ўз маблағлари сарф этилиб, 131 та янги иш ўринлари яратилди. Ўтган йили туманда чакана савдо 262,3 млрд сўмни ёки аввалги йилга нисбатан 115 фоизни ташкил қилди. Поп республикамизнинг аҳолиси энг кўп, саноати юқори суръатларда ривожланаётган, иқтисоди жадал мустаҳкамланиб бораётган забардаст туманларидан бири ҳисобланади. 2015 йилда жон бошига ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотлари ҳажми 382,5 минг сўмни ташкил қилди. 1990 йили туманда еттита саноат корхонаси мавжуд бўлган бўлса, 2015 йилга келиб уларнинг сони 126 тага етди.
Яна шуни айтиш лозимки, ўтган йили барча транспорт воситаларида 4,2 млн тонна юк ташилиб, ўсиш 184,4 фоизни, юк айланмаси 83,9 млн т/км. ни, ўтган йилга нисбатан 128 фоизни ташкил қилди. Шу даврда 24,2 млн нафар йўловчи ташилиб, ўсиш 134,1 фоизни, йўловчи айланмаси 242,8 млн йўл/км.ни, ўтган йилга нисбатан эса 138,6 фоизни ташкил этди. Автомобиль йўлларини эксплуатация ҳамда реконструкция қилиш, таъмирлаш харажатлари 3,4 млрд сўмни ёки ўтган йилга нисбатан 122,4 фоизни ташкил қилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Автомобиль транспортида йўловчилар ташиш соҳасидаги тадбиркорлик фаолиятининг алоҳида турларини амалга оширишни тартибга солиш тўғрисида»ги қарорига асосан туманимизда бешта транспорт уюшмаси фаолият кўрсатмоқда.
Қолаверса, ҳудудимизда алоқа бўлимлари аҳоли, хўжалик субъектлари, давлат идораларининг почта, телефон, телеграф ва ахборотнинг ўзга турларини узатиш, қабул қилиш ва жўнатмаларни ўз вақтида етказиб бериш бўйича эҳтиёжларини қондиришга хизмат қилмоқда. Алоқа сифатини ошириш мақсадида «Ўзбектелеком» АК Наманган филиали Поп телекоммуникация боғламаси томонидан тумандаги барча АТСларга 1472 портли замонавий кенг полосали Tidslam қурилмаси ўрнатилиши натижасида интернет ва IP TV хизматларидан фойдаланиш имкониятлари кенгайди. Туманнинг олис тоғли аҳоли пунктлари Чодак, Гулистон қишлоқлари АТСлари оптик толали кабеллар орқали янги замонавий Msan станцияларидан фойдалана бошлади. 2015 йилда узатиш тизимига Dvdm янги қурилмаси қўшилиб, узатиш каналлари сони кенгайтирилди. Қамчиқ автойўл штабига уч км, туман давлат солиқ инспекциясига бир км оптик толали алоқа линияси тортилиб, маълумот узатиш сифати кескин оширилди. Алоқа корхоналари кўрсатаётган хизматлар ҳажми 1,3 млрд сўмни (113 %) ташкил қилди. Шу жумладан, аҳолига 538 млн сўмлик хизмат кўрсатилди, бу ўтган йилга нисбатан 4,9 фоизга кўп.
Туманимизда барча жабҳаларда кенг кўламдаги ислоҳотлар амалга оширилмоқда, жумладан, янги корхоналар, таълим даргоҳлари, ижтимоий ва маъмурий бинолар бирин-кетин қад ростламоқда. Шу жумладан, 60 та спорт зали, учта стадион, учта теннис корти, тўртта очиқ сузиш ҳавзасида аҳоли мунтазам спорт билан шуғулланмоқда. Жами 41 та мактабгача тарбия муассасасида 4500 нафар бола тарбияланмоқда, 71 та умумтаълим мактабининг тўрттаси ихтисослашган махсус мактаб-интернат, 67 таси эса умутаълим мактабларидир. Уч мингдан зиёд ўқитувчи ва тарбиячилар меҳнат қилаётган мазкур илм даргоҳларида жами 29660 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Шунингдек, тўққизта касб-ҳунар коллежи мавжуд, уларнинг еттитаси қишлоқ жойларида жойлашган. Мазкур касб-ҳунар коллежларида 7951 нафар талаба таҳсил олмоқда. Улардаги жами йиллик қабул уч минг кишига яқин. 2014–2015 ўқув йилида 642 нафар ўқитувчи ва мураббийлар меҳнат қилаётган коллежларни 3126 нафар ўқувчи битириб чиқди, 2982 нафари ёки 95,4 фоизи касби бўйича муқим иш жойи билан таъминланди. Тумандаги мавжуд 10 та ахборот-ресурс ва саккизта маданият дам олиш маркази аҳолига намунали хизмат кўрсатмоқда.
Туман саноати юқори суръатда ривожланаётган бўлса-да, қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик соҳалари ҳам попликлар ҳаётида муҳим ўрин тутади. Шу боис, мазкур соҳаларда маҳсулот етиштириш кўлами йилдан-йилга ошиб бормоқда. Айниқса, чорвачиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зеро, ушбу тармоқнинг ривожи аҳолининг ҳаётий эҳтиёжлари бўлмиш – гўшт ва сут маҳсулотларига бўлган талабларини қондиришда муҳим аҳамият касб этади. Шу билан бирга, хизмат кўрсатиш ҳам истиқболли соҳа ҳисобланади. Чунки, мазкур соҳанинг аҳолини муқим иш ўринлари билан таъминлашдаги, бандликни оширишдаги ва турмуш даражасини юксалтиришдаги ўрнини ҳеч нарсага қиёслаб бўлмайди. Янги замонавий ишлаб чиқариш объектларини ишга туширишга ҳам жиддий эътибор берилмоқда. Бу борада ўсиб келаётган, мустақил ҳаётга қадам қўяётган ёшларни – яъни, коллеж битирувчиларини иш билан таъминлашга қаратилаётган эътибор ҳар қанча таҳсинга сазовор. Шу жиҳатларни ҳисобга олаётган тадбиркорларимиз ўз фаолиятининг бошиданоқ аниқ мўлжал билан ҳаракат қилишга одатланишган. Жаҳон бозоридаги талаб ва таклифни чуқур ўрганиш, ишлаб чиқариш стратегиясини шунга монанд равишда ташкил этиш тадбиркордан жиддий мулоҳаза юритишни талаб қилади. Бунда замонавий техника ва технологияларни жалб қилиш, сифат ва дизайнда юқори кўрсаткичга эришиш муҳим аҳамият касб этади. Албатта, ташқи бозорга чиқариладиган маҳсулот «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» ёрлиғи остида юртимиз обрў-эътиборини янада юксалтиришга хизмат қилиши зарур.
Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг «Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони асосида аҳолини сифатли тиббий ёрдамга бўлган эҳтиёжини қондириш борасида 37 та (шундан 30 таси бюджет ва еттитаси хусусий) тиббиёт муассасаси, 700 ўринли тўққизта (шундан иккитаси бюджет ва еттитаси хусусий) шифохоналар фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, 26 та қишлоқ врачлик пунктидан, биринчи тип – битта, иккинчи тип – учта, учинчи тип – саккизта ва тўртинчи тип – 14 тани ташкил этади. Юқорида қайд этилганлар билан бирга, «Соғлом она ва бола йили» давлат дастурига оид устувор вазифалар ҳам ўз ижросини топмоқда. Соғлом турмуш тарзига янада эътибор бериш, оналар ва болалар саломатлигини асраш, ижтимоий муҳофазасини кучайтириш, моддий ва маънавий кўмак беришга қаратилган тизимли тадбирлар амалга оширилмоқда.
Поп тумани аҳолисининг меҳнаткашлиги, юртни обод этишга бўлган иштиёқи бунёдкорлик ва яратувчанлик ишларида яққол намоён бўлмоқда. Айниқса, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш орқали ўрта мулкдорлар қатламини шакллантириш учун тегишли тизимлар яратиш, соҳага кредит ресурсларини кенг жалб қилиш ва хорижий сармоялар учун бир қатор мақбул шароитлар яратилаётганлиги боис, туман ялпи ҳудудий маҳсулотининг асосий қисми кичик бизнес субъектлари ҳиссасига тўғри келмоқда.
Энг муҳими, юртимизда яшаётган ҳар бир инсон ўз ҳаётидан мамнун бўлиши учун, аввало, астойдил ва сидқидилдан меҳнат қилиш зарурлигини яхши билади. Демак, катта-ю, кичик роҳат-фароғатда умргузаронлик қилиши учун барчамиз бирдек масъул эканлигимизни доимо ёдда тутамиз. Худди мана шу мақсадлар ва эзгу ниятларни рўёбга чиқариш учун амалга оширилаётган ислоҳотлар туман қиёфасини тубдан ўзгартиришга, аҳолининг интилишлари ҳамда орзу истакларини энг юқори поғонага кўтаришга хизмат қилади.
Жавлон ЮЛДАШЕВ,
туман ҳокими