Венгрия давлати Европа Иттифоқи аъзоси бўлиши баробарида Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ)да кузатувчи мақомига эга, Европа ва Шарқ ўртасидаги кўприкка яққол мисолдир. Мамлакат Шарққа юзланиш ва бирлаштирувчи вазифасини ўз зиммасига олиш учун мураккаб йўлни босиб ўтиб, жаҳон майдонидаги ўз ўрнини қайта англади.
Венгриянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси жаноб Йожеф РОЖА Бош муҳарриримиз билан суҳбат чоғида Венгрия дипломатиясининг устуворликлари ҳамда вазифалари, ўз мамлакатининг ТДТдаги мақсадлари ҳақида сўзлаб берди.
– Жаноб элчи, маълумки, 1992 йилда Ўзбекистон ва Венгрия ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилган эди. Бу муносабатлар ривожланишида қандай муҳим босқичларни ажратиб кўрсатишингиз мумкин, айниқса, сўнгги йилларда олий даражадаги ташрифлар асносида ҳамкорликнинг бугунги кўламига қандай таъриф берасиз?
– 1990 ва 2000 йилларда Венгрия ва Ўзбекистон турли геосиёсий устуворликларга эга эди. Мамлакатимиз Ғарбий Европа билан муносабатларни ривожлантирди, Европа Иттифоқи аъзоси бўлди, Ўзбекистон эса ташқи сиёсатини Марказий Осиё ва МДҲ мамлакатларига қаратди. 2008-2009 йилларда рўй берган молиявий-иқтисодий инқироз туфайли Венгрия ташқи сиёсати ўзгарди. Венгрия сиёсий етакчилари сиёсий ва иқтисодий муносабатларни жуғрофий жиҳатдан кенгайтириш зарурлигини тушуниб етди. Натижада 2012 йилда Венгрия Шарққа очиқлик йўлини танлади. Ўша вақтдан буён мамлакатимиз дунёни блокларга ажратиш ғоясига қарши, имкон қадар очиқ ва прагматик ташқи сиёсатни юритмоқда, Европада Шарқ ва Ғарб учрашадиган нуқтага айланмоқда. Шарққа очиқлик сиёсати муваффақиятларини эса Осиё мамлакатлари билан мустаҳкам алоқалар тасдиқлайди. Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Президенти этиб сайлангандан сўнг Венгрия – Ўзбекистон муносабатлари шиддат билан ривожланди, чунки унинг раҳбарлигида Ўзбекистон очиқ ва прагматик ташқи сиёсатни юритмоқда. 2016 йилда Тошкентда Венгрия Элчихонаси очилиши биринчи қадам бўлди. Сўнгра 2021 йилда Стратегик шериклик тўғрисидаги декларация имзоланди. Ўша вақтдан буён мамлакатларимиз раҳбарлари мунтазам равишда учрашувлар ўтказиб келмоқда, ТДТ ва бошқа халқаро ташкилотларда биргаликда фаол ишлар олиб борилмоқда. Таъкидлайманки, ҳозир мамлакатларимиз ўртасида мустаҳкам сиёсий ишонч мавжуд. Венгриялик дипломатлар Ўзбекистонда муносабатларни мустаҳкамлаш устида зўр ғайрат билан ишламоқда ва ишонаманки, 2023 йилда Будапештда Ўзбекистон элчихонаси очилгандан бери ўзбек дипломатлари ҳам худди шундай қилмоқда.
– 2023 йилда Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги ҳамкорликда катта сакраш рўй берди, жумладан, Будапештда Ўзбекистон элчихонаси очилди, OTP Bank ўзбек бозорига чиқди, қўшма инвестиция жамғармаси ташкил этилди. Икки томонлама муносабатларни узоқ муддатли ривожлантириш учун бу ташаббусларнинг қайсиларини энг аҳамиятли, деб ҳисоблайсиз ва ҳамкорликнинг яна қандай соҳалари истиқболли?
– Назаримда, бу воқеаларнинг ҳар бири мамлакатларимиз ҳамкорлигини ажойиб тарзда намойиш этади. Фикримча, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати ва чорвачилик, сув хўжалиги, фармацевтика ва машинасозлик ҳамкорликнинг энг истиқболли соҳалари бўлиб, бу йўналишларда Венгрия компанияларининг илғор тажрибаси асосида илк ташаббуслар амалга оширилмоқда. Венгрия ва Ўзбекистон сармояси иштирокида Сирдарё вилоятида паррандачилик кластери ташкил этилиши бунга яққол мисол. 130 га майдонда 8 паррандачилик фабрикаси, инкубатор, кушхона, қайта ишлаш цехи, аралаш ем корхонаси ва бошқа бинолар қурилади. Бундан ташқари Ўзбекистон олган GSP+ бенефициари мақоми туфайли МДҲ бозорларига чиқиш орқали саноат кооперациясининг самарали занжирларини яратиш истиқболлари Венгрия компанияларида катта қизиқиш уйғотмоқда. Ўзбекистон ҳукумати Венгрия бизнеси учун махсус иқтисодий зона ажратгани ҳақида алоҳида таъкидламоқчиман.
– Венгриянинг олий таълим ва илмий-тадқиқот фаолияти соҳасидаги тажрибасини инобатга олсак, Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги ҳамкорлик салоҳиятини қандай баҳолайсиз? Бу соҳада қандай аниқ дастур ва лойиҳаларни устувор, деб ҳисоблайсиз?
– Бу соҳада улкан салоҳият мавжуд, ҳозир томонлар ҳамкорликни кенгайтириш устида фаол ишламоқда. Венгрия давлат бошқарувини рақамлаштириш борасида бой тажрибага эга бўлиб, мутахассисларимиз ўзбекистонлик шериклари билан бажонидил тажриба алмашмоқда. Февралда Венгрия Давлат хизмати миллий университети бу йўналишда Ўзбекистон маҳаллий ҳокимият органларининг мансабдор шахслари учун малака ошириш курсларини ўтказди. Бундан ташқари фармацевтика таълими катта истиқболга эга. 2023 йилда Семмельвайс Университети Тошкент фармацевтика институти билан Ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолади. Яна таъкидлашни истардимки, Stipendium Hungaricum дастури доирасида Венгрия ҳукумати ҳар йили Ўзбекистон фуқароларига Венгрия олий ўқув юртларида ўқиш учун 170 ўрингача таълим грантларини ажратмоқда ва ишончим комилки, битирувчилар икки томонлама муносабатларини янада ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшади. Илмий-тадқиқот соҳасидаги ҳамкорликка келсак, Венгрия тажрибаси Ўзбекистонда муваффақиятли қўлланмоқда ва биз бу ҳамкорликдан жуда хурсандмиз. Жиззахда Обуда Университети иштирокида Ўзбекистоннинг биринчи инновация технопарки ташкил этилиб, унинг фаолият йўналишлари ахборот технологиялари, киберхавфсизлик, дастурлаш, саноат робототехникаси, аниқ деҳқончилик ва «ақлли» қурилишдан иборат бўлади. Бундан ташқари Миллий онкология институти ва Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Республика онкология маркази ва бошқа ихтисослашган тиббиёт муассасалари ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда. Венгрияда ўзбек онкологлари учун қисқа муддатли малака ошириш курсларини ташкил этиш, онкология соҳасида икки томонлама илмий-амалий семинар ва конференциялар ўтказиш ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари сифатида белгиланган.
Fikr bildirish