Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Минтақаларда корхоналарни жойлаштиришни рағбатлантириш механизмлари бозор иқтисодиёти муносабатлари бўйича қулайликлар яратиш, турли даражадаги имтиёзлар беришдан иборат. Жумладан, рағбатлантириш механизмини бозор иқтисодиёти шароитида бевосита давлат корхоналарига, хусусий корхоналарга кенг қўллаш кўзда тутилади.
Хориж тажрибаси ва республикада қўлланилаётган жойлаштириш механизмларини умумлаштирган ҳолда, иккита йирик йўналишга ажратиш мумкин. Булар жойлаштиришни рағбатлантириш ва чегаралаш механизмидир. Корхоналарни жойлаштиришни чегаралаш механизми асосан маъмурий чоралар сифатида қўлланади. Ушбу механизм йирик шаҳар ва агломерациялар ривожланишини чеклаш ва экологик вазиятни юмшатишга қаратилган (1-расм).
Корхоналарни жойлаштиришнинг асосий механизмлари таркибига мамлакатимиз ва минтақаларимиздаги инвестицион дастурлар, шунингдек, тармоқ ва соҳаларни ўрта, узоқ муддатларда ривожлантиришнинг мақсадли дастурларини киритиш мумкин. Шу билан бир қаторда, корхоналарни жойлаштиришда шаҳарлар доирасида ишлаб чиқилган бош режаларга қатъий риоя қилиш мажбурияти белгилаб қўйилганини эътиборга олиш зарур.
Саноат корхоналарини жойлаштиришни рағбатлантиришда минтақаларда инфратузилма объектлари қуриш, кадрлар тайёрлаш, божхона имтиёзлари бериш, хорижий давлат мутахассисларини жалб қилиш учун қулайликлар яратишдан иборат. Бундан ташқари, солиқ, кредит, субсидия бериш бўйича имтиёзлар тизими қўлланилиши мақсадга мувофиқ. Бугунги кун тажрибасида рағбатлантириш механизмларидан эркин иқтисодий ҳудудлар, технопарклар ва махсус саноат зоналарида қўллаш кенг тус олган.
Умуман, жойлаштириш назариялари, тамойиллари ва механизмларини амалиётда қўллаш мамлакатимиз ҳудудларини параллел ривожлантиришга жуда катта ижобий таъсир кўрсатади. Бу жиҳат ўз навбатида миллий жойлаштириш сиёсатини шакллантириш ҳамда ривожлантириш учун катта имкониятлар эшигини очиб беради. Минтақалар доирасида уларни ўзига хос хусусияти (ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражаси, табиий-иқтисодий салоҳияти ва бошқалар) корхоналарни жойлаштиришнинг тактика ва стратегиясини илмий асослашни талаб қилади.
Ҳозирги кунда минтақаларда саноатни ривожлантириш ва жойлаштириш устувор йўналишлар қаторига киритилган. Ушбу жараёнга таъсир кўрсатувчи омилларни чуқурроқ ўрганиш, уларни алоҳида ҳудудлардаги ўрни ва аҳамиятини белгилаш бугунги кундаги энг долзарб масалалардан бири сифатида тадқиқ этилмоқда.
Бизнинг фикримизча, саноат корхоналарини самарали жойлаштиришдан кўзда тутилган асосий мақсад, энг аввало, республикамиз минтақаларини турли хил маҳсулотларга бўлган талабларини қондириш, ишлаб чиқариш ҳамда истеъмолчига етказиб беришдаги омилларни эътиборга олиш, минимал харажатлар сарфи орқали эҳтиёжларни қондиришдан иборат бўлиши лозим.
Минтақаларда бозор муносабатини шакллантириш ва ривожлантириш жараёни саноатни жойлаштиришга таъсир этувчи омилларнинг сон ва сифат жиҳатдан ўзгаришига олиб келиши табиий ҳол, албатта. Шунинг учун турли омилларни ишлаб чиқаришни жойлаштириш таъсирига қараб, уч гуруҳга бўлиш мумкин.
Табиий ёки анъанавий омиллар гуруҳига минерал хомашё, ер, сув ва рекреация ресурслари, табиий иқлим шароити, минтақанинг географик жойлашуви ҳамда экологик вазият киради. Ўзгарувчан иқтисодий омиллар эса, демографик ва меҳнат салоҳияти натижасида юзага келади.
Минтақаларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантирилиши, иқтисодиёт таркиби ва ихтисослашувининг шаклланиши, макроиқтисодий муҳит, инвестициялар жалб қилиш имкониятлари ҳамда тадбиркорлар учун қулайликлар яратилиши ва молиявий ресурслар жалб этилиши билан бевосита боғлиқ. Учинчи гуруҳга кирувчи инфратузилма омиллари аҳамияти мунтазам ошиб бораётганлиги билан характерланади. Яъни, ижтимоий ишлаб чиқариш ва бозор инфратузилмаси, янги инновация ҳамда информацион технологияларнинг саноат корхоналарини жойлаштиришда ўзига хос долзарб аҳамиятга эгалигини таъкидлаш лозим (2-расм).
Саноат корхоналарини жойлаштиришда минтақалар меҳнат бозоридаги талаб ва таклиф Ўзбекистон шароитида ўзига хос омил бўлиб хизмат қилади. Чунки, деярли барча минтақаларда меҳнат салоҳияти юқори эканлиги, бу эса, ўз навбатида, кўп меҳнат талаб этадиган корхоналарни жойлаштириш учун энг мақбул қулайликни юзага келтиради.
Илмий-техника тараққиёти ва инновация, информацион технологиялар саноат корхоналарини жойлаштиришда кўп тарафлама таъсир кучига эга. Биринчидан, ушбу омиллар инновацион ва илмий сиғими юқори ишлаб чиқаришнинг ривожланиш даражасини белгилаб беради. Иккинчидан эса, қайта ишлаш саноатини хомашёга боғлиқлигини маълум даражада камайтиради. Учинчидан, саноат корхоналарини минтақаларда бир текис жойлашувини таъминлайди.
Умуман олганда, инфратузилма омилига алоҳида гуруҳ сифатида қараш бежизга эмас. Чунки, бозор иқтисодиёти мамлакатларида инфратузилмаларга саноатни жойлаштиришнинг энг асосий омиллари сифатида қаралади. Ушбу жиҳат Ўзбекистонда саноат корхоналарини жойлаштиришда, минтақаларни барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда ҳам муҳим ўрин тутади.
Ишлаб чиқариш ва транспорт инфратузилмасини ривожлантиришга берилаётган эътибор минтақаларда саноатни жойлаштириш учун қулай шароит яратиш ва тўғридан-тўғри хориж инвестицияларини жалб қилиш билан чамбарчас боғлиқ. Айниқса, транспорт омилини маҳсулот таннархини камайтиришдаги таъсири катта. Эксперт ва олимларнинг ҳисобига кўра, транспорт харажатларининг маҳсулот таннархидаги улуши металлургия саноатида 25–35 фоизни, қурилиш материалларини ишлаб чиқаришда 20–35 фоизни, машинасозликда 3–4 фоизни, тўқимачилик саноатида 6–7 фоизни ташкил қилади.
Жойлаштиришнинг муҳим омиллари қаторига бозор инфратузилмаси объектларини жадал суръатлар билан ташкил қилиш киради. Улар молия ва банк институтлари, лизинг, суғурта, биржа ва бошқа субъектлар бўлиб, корхоналарни моддий ва молиявий ресурсларини тезроқ айирбошлаш имконини яратади.
Замонавий информацион технологиялар ва алоқа тизимини шакллантириш саноатни жойлаштиришда янги сифатли йўналишни очиб бермоқда. Юқори технологияларга асосланган ва деярли чегараси бўлмаган информатикани қўлланилиши саноатнинг барча тармоқларида таркибий ўзгаришларга ва бошқарув тизимида тезкор қарор қабул қилишга олиб келади. Информацион ресурслар ва технологиялар алоҳида корхоналарни жойлаштириш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқишга ёрдам беради.
Саноат корхоналарини жойлаштириш институционал ўзгаришларга, яъни хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш учун қулай шароитлар яратилиши билан боғлиқ. Жумладан, қишлоқ жойларда кичик саноат корхоналарини жойлаштириш маҳаллий хомашё ресурсларидан, меҳнат салоҳиятидан унумли фойдаланишда ва бошқа бир қанча долзарб муаммоларни баратараф этишда қўл келади.
Бозор муносабатлари шароитида янги корхоналарни жойлаштиришнинг асосий омили бўлиб молиявий ресурслар хизмат қилади. Асосий молиявий ресурслар манбаи сифатида минтақалар инвестицион жозибадорлигини ошириш, хориж инвестицияларини кенг кўламда жалб қилиш, маҳаллий бюджетларнинг даромад базаларини кенгайтириш ва кичик корхоналарни жойлаштириш, аҳоли маблағлари ҳисобига инвестицион фаолликни ошириш, бюджетдан ташқари жамғармалар ва халқаро молия ташкилотлари грантларидан унумли фойдаланиш кўзда тутилади.
Минтақаларда саноатни жойлаштиришда макроиқтисодий муҳитнинг ўрни ошиб бораётганлигини таъкидлаш лозим. Жумладан, солиқ, бюджет, кредит ва пул сиёсати, истеъмол товарлари баҳоси шаклланиши, божхона тарифи, давлат инвестицияларини корхоналарни жойлаштиришда иқтисодий механизм сифатида қўллаш тартиби кучайиб бормоқда. Услубият нуқтаи назаридан қараганда, корхоналарни жойлаштиришда бир томондан минтақаларнинг, иккинчи томондан, тармоқнинг ўзига хос хусусиятларини эътиборга олиш талаб этилади. Бу ерда гап, авваламбор, корхоналар, товарлар бозори ҳамда минтақаларни мажмуали тарзда ривожлантириш ўртасидаги манфаатларни ўзаро мувофиқлаштириш тўғрисида кетаяпти.
Корхоналарни ҳар бир тармоқнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда жойлаштириш, шу билан бирга, алоҳида омилларнинг минтақада тутган ўрни ҳамда аҳамиятини албатта эътиборга олиш лозим. Бу ўринда минтақанинг табиий-иқтисодий салоҳиятини тўлиқ ўрганиб чиқиш, сўнгра корхонани жойлаштиришга энг катта таъсир кўрсатувчи омилларни аниқлаш жуда муҳим роль ўйнайди. Фарғона водийсида бундай омиллар қаторига сув ресурслари ва экологияни киритиш мумкин. Шуни таъкидлаш лозимки, айнан сув ва экология омилининг саноат корхоналарини жойлаштиришдаги ўрни вақт ўтиши билан янада кучайиб боради.
Сув билан боғлиқ экологик омилнинг саноатни жойлаштиришдаги аҳамиятини қуйидагилар билан изоҳлаш мумкин:
● минтақада сув ресурсларининг чекланганлиги ва нотекис жойлашганлиги;
● Орол денгизи инқирози, яъни сув сатҳининг камайиш тенденцияси;
● сув истеъмол ҳажмининг тобора ошиб бораётганлиги;
● сув ресурсларини ҳимоя қилиш, янги оқова сувларини тозалаш қувватларини ишга тушириш;
● саноат корхоналарини жойлаштириш жараёнининг кучайиши муносабати билан сув билан таъминлаш ва ишлатилган сувни чиқариб ташлаш тизимига эҳтиёж ортиши.