Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Мамлакатимиз ҳудудларининг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашнинг муҳим омилларидан бири – бу, уларнинг рақобатбардошлик омилларидан оқилона фойдаланишдан иборат. Ҳозирги вақтда дунё олимлари ва мутахассислари минтақалар рақобатбардошлигини оширишнинг асосий механизми сифатида минтақавий кластерларни шакллантиришнинг илмий-назарий асосларини ишлаб чиқишга катта эътибор беришмоқда. Бироқ, бу борада ягона қараш ва фикрлар мавжуд эмаслигини ҳам таъкидлаш лозим.
«Кластер» тушунчасини биринчи бор фанга киритган ва унинг мамлакатлар ички бозорини ривожлантиришдаги ва иқтисодиётнинг рақобатбардошлик даражасини оширишдаги аҳамиятини очиб берган олим Гарвард бизнес мактаби профессори Майкл Портердир. «Кластер бу ҳудудий (географик) жиҳатдан бир-бирига қўшни, ўзаро боғланган, маълум соҳада фаолият кўрсатувчи, умумий мақсад йўлида бир-бирини тўлдирувчи компания ва улар билан боғлиқ ташкилотлар гуруҳидир».
Бу борада турли фикр ва мулоҳазаларни умумлаштирган ҳолда, биз минтақавий кластерга қуйидагича таъриф бердик. Минтақавий кластер – бу, аниқ бир ҳудудда рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи ва хизматлар кўрсатувчи ўзаро алоқадор ва бир бирига географик жиҳатдан яқин жойлашган корхоналар (ташкилотлар) мажмуасидир.
Жаҳон тажрибасига кўра, минтақавий кластерлар ўзаро алоқадор корхоналар ва ташкилотлар фаолиятининг иқтисодий самарадорлигини юқори даражага кўтариш, минтақавий рақобатбардошлигини ошириш ҳамда ўз брендини шакллантириш, ҳудудларда инновацион фаолликни ривожлантириш, янги иш жойларини ташкил этишга бевосита таъсир кўрсатади.
Минтақавий кластер концепциясини турли соҳаларда, шу жумладан, туризм бозорида ҳам қўллаш инновацион йўналиш сифатида самарали эканлиги, хорижий ва мамлакатимиз иқтисодчи олимлари томонидан эътироф этилмоқда. Қайд этиш керакки, Ўзбекистон Республикаси халқаро туристик бозорда ўз нуфузига, имкониятлари ва тажрибасига эга бўлган мамлакатлардан биридир.
Республикамизда туризм индустрияси тез суръатларда ривожланиш босқичига кирди.
Шунга қарамасдан, минтақавий туризм бозори рақобатбардошлигини ошириш, янги имкониятларни яратиш бўйича бир қатор муаммолар мавжуд. Айниқса, минтақаларда туризм бозори кластери шаклланишини асослаш, унинг истиқболли стратегик йўналишларини аниқлаш ва амалиётда қўллаш жуда долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Ушбу инновацион ғояни амалиётга татбиқ этиш минтақаларни барқарор, юқори суръатларда ўсиши учун катта туртки бўлади.
Бухоро вилоятида инновацион моҳиятга эга бўлган минтақавий туризм кластерини шакллантириш қуйидаги тўртта умумий тамойиллар асосида амалга оширилиши мақсадга мувофиқ:
1. Минтақанинг географик ўрни ва табиий шароитлари афзалликларини инобатга олиш. Бухоро вилояти ер майдони республикамиз ҳудудининг тўққиз фоизга яқинини эгаллайди. Бу ҳудуд иқлим шароитларига кўра, Ўрта Осиёнинг жанубий чўлларига хос бўлган, кескин континентал хусусиятларга эга. Ушбу ҳолат, ўз навбатида, бухороликларнинг урф-одатлари ва маънавий қадриятларида ўз ифодасини топган. Бу жиҳатга эса туризм кластерини шакллантириш омили сифатида қараш мумкин.
2. Бухоро ҳудудида яратилган моддий-номоддий бойликларни инобатга олиш тамойили. Мазкур бойликларнинг 90 фоиздан ортиғи унинг 11,6 фоиз майдонини ташкил этадиган чўл-воҳа зонасида жойлашган. Бошқача қилиб айтганда, бухороликларнинг ақл-заковати билан Бухоро-Қоракўл воҳалари, тарихий-меъморий обидалар, суғориладиган ер майдонлари, пахтачилик, дончилик, боғдорчилик, полизчилик, узумчилик ва чорвачилик тармоқлари тизимлари яратилган. Ўзига хос бўлган Бухоро, Когон, Ғиждувон шаҳарлари ҳамда замонавий шаҳарчалар ва қишлоқлар бунёд этилган. Айни пайтда мазкур ҳудудда истиқомат қилаётган 1,7 млн нафардан зиёд аҳолининг моддий ва маънавий дунёси ушбу минтақанинг табиий, ижтимоий-иқтисодий шарт-шароитлари билан ўзига хос уйғунлик касб этган. «Шарқ дурдонаси», «Шарқ маккаси», «Ислом динининг гумбази», «Бухоройи Шариф», «Туркистон бешиги» каби фахрли номларга эга бўлган, «Буюк Ипак йўли»да жойлашган, бугунги кунда маҳаллий ва халқаро туризм масканларидан бири сифатида машҳур бўлган Бухоро шаҳрининг моддий-маънавий, интеллектуал бойликларини қайд этиб ўтиш лозим.
3. Миллийлик ҳамда бағрикенглик тамойиллари минтақавий туризм кластерини шакллантириш ва жорий этишда асосий шартлардан бири бўлиб хизмат қилиши лозим. Миллийлик, бу – миллий бирлик, бағри кенглигимиз ифодасидир. Ўзбекистон ҳудудида яшаётган миллат ва элатларнинг ўзига хос урф-одати, маросим ҳамда маънавий қадриятлари она табиат билан бевосита боғлиқ ҳолда ривожланиб, халқимиз менталитетида ўз ифодасини топган. Глобаллашув даврида миллий қадриятларни қадрлаш ва асраш умуминсоний аҳамиятга эга. Миллий қадриятларимиз минтақавий шаклларга эга. Андижон, Бухоро, Хоразм рақслари, Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанд бахшичилиги, Фарғона, Наманган, Андижон аския ҳамда қизиқчилик мактаблари, Бухоро, Хоразм, Тошкент шашмақом марказлари инкор қилиб бўлмайдиган маънавий қадриятларимиздир. Шу боисдан, минтақавий туризм кластери ҳудудларда шаклан минтақавий, мазмунан миллий моҳиятга эга бўлиши лозим.
4. Минтақавий туризм кластерини шакллантириш ва ривожлантиришда хусусий мулкчиликни ҳар тарафлама қўллаб-қувватланган ҳолда, давлат бош ислоҳотчи бўлишига эътибор қаратиш лозим. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти И.А.Каримов 2014 йилнинг октябрь ойида Самарқанд шаҳрида Жаҳон туристик ташкилоти Ижроия кенгашининг 99-сессиясида сўзлаган маърузасида халқаро туризм самарали ривожланишининг саккизта омили – муаммоси мавжудлигини қайд қилган эдилар, булар: дунёда тинчлик ва хавфсизлик, сиёсий ва иқтисодий барқарорликни таъминлаш; аҳолининг турмуш даражаси ва даромади ўсиб бориши; ўрта мулкдор синф вакилларида дам олиш имкониятлари мавжудлиги; туристик хизмат кўрсатиш тизимлари (транспорт, меҳмонхона, овқатланиш, электрон хизмати)ни ривожланганлиги ва қулайлиги; инвестицияларни туризм бозорини ривожлантириш учун жалб қилиш; юқори малакали кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, ниҳоят туризм учун виза олиш ва турли кўринишдаги расмиятчиликларни соддалаштириш кабилар.
Албатта, қайд қилинган муаммоларни ҳал этишда давлатнинг етакчилик роли муҳим аҳамиятга эга. Навбатдаги вазифа юқорида таъкидланганидек, умумий тамойиллар асосида алоҳида минтақаларда туризм кластери йўналишларини шакллантириш лозим бўлади.
Бухоро вилоятида туризм кластерини шакллантириш ва уни такомиллаштириш учун қуйидаги йўналишларни истиқболли, деб ҳисоблаймиз:
Биринчидан, маҳаллий ҳокимият мутасаддиларининг туризм бозорини ривожлантиришдаги фидойилиги, ташкилотчилиги, ташаббускорлигини ва жавобгарлигини бугунги кун талаблари асосида ташкил этиш;
Иккинчидан, молиявий-ҳуқуқий йўналишдаги банк, молия тизимининг ҳуқуқий асосини туризмни ривожлантириш имкониятлари ва ҳамкорликни таъминлаш даражасига етказиш;
Учинчидан, транспорт ҳамда инфратузилманинг қулайлиги, тезкорлиги ва сифатини жаҳон андозалари даражасига чиқариш;
Тўртинчидан, меҳмонхона ва ресторан хизматининг турлари, сифатини ошириш, миллийлигини, қулайлигини, меҳмоннавозликни таъминлаш;
Бешинчидан, туристик маданиятни юқори даражага кўтариш, нафақат туристик хизмат кўрсатаётган ходимлар, балки маҳаллий аҳолининг муомала ва кийиниш маданияти, ватанпарварлиги, бағрикенглиги, меҳмондўстлигини тўлиқ намоён этиш;
Олтинчидан, илм-фан, таълим соҳасида ҳар бир минтақа хусусиятига хос бўлган туризмни ривожлантиришнинг илмий-назарий асосларини ишлаб чиқиш, яъни, малакали кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, инновация ҳамда информацион технологиялардан кенг фойдаланиш;
Еттинчидан, минтақаларга маҳаллий ва хорижий туристларни жалб қилиш бўйича стратегик мақсадларни, иқтисодий, маъмурий-ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ.
Минтақавий туризм кластерини Бухоро вилоятида шакллантириш ва ривожлантиришнинг асосий тамойили ва устувор йўналишларини амалиётга татбиқ этиш учун бир қатор чора-тадбирлар тизимини ишлаб чиқиш лозим. Улар қаторига қуйидагиларни киритиш мумкин:
● туризм соҳасини ривожлантиришнинг стратегиясини, ўрта муддатга мўлжалланган мақсадли давлат дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
● мамлакат доирасидаги умумий стратегияга асосланган ҳолда, ҳар бир минтақанинг ўз хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда, шу жумладан, Бухоро вилоятида туризм бозорини ривожлантириш бўйича ўрта муддатли дастурни ишлаб чиқиш;
● вилоятда туризм истиқболларини, туризм кластерини шакллантириш ва ривожлантириш бўйича меъёрий-ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий чора-тадбирлар тизимини ишлаб чиқиш ва ҳукумат қарорини қабул қилиш;
● туристик кластерни шакллантириш бўйича хорижий давлатларнинг тажрибаларидан кенг кўламда фойдаланиш, шу жумладан, кластер ядросини – йирик компания ташкил этиб, унинг фаолияти ҳудуднинг асосий туристик салоҳияти билан боғлиқ бўлишига эришиш, янги турдаги туристик хизматларни ривожлантириш, ички ва ташқи туризмни шакллантириш ҳамда жаҳон андозаларига мослаштиришга эътибор қаратиш лозим.
Умуман айтганда, юқорида баён қилинган таклифлар минтақавий туризм кластерини амалда жорий этишга ҳамда мамлакатимиз, шу жумладан, Бухоро минтақаси иқтисодиёти барқарор ривожланишига, унинг инновацион етакчи соҳалардан бирига айланишига хизмат қилади.
Гавҳар ХИДИРОВА,
мустақил изланувчи