Извините, этот техт доступен только в “O´zbek”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Пойтахтимизда 19 май куни Тошкент халқаро инновация форуми иш бошлади.
Анжуман Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси, Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим ҳамда Иқтисодиёт вазирликлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги «Истеъдод» жамғармаси, Савдо-саноат палатаси, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда қатор вазирлик ва идоралар, молиявий ва илмий муассасалар, саноат корхоналари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, олий ўқув юртлари вакиллари, шунингдек, АҚШ, Жанубий Корея, Япония, Германия, Франция, Греция, Россия, Арманистон ва бошқа мамлакатлардан олимлар ва мутахассислар, нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президенти Ш.Солиҳов, Савдо-саноат палатаси раиси А.Шайхов, БМТнинг мамлакатимиздаги доимий вакили С.Приснер, ЮНЕСКО ваколатхонаси раҳбари К.Пиккат ва бошқалар Ўзбекистоннинг илмий-интеллектуал салоҳияти жуда юқори эканини, Президент Ислом Каримов раҳнамолигида мазкур соҳа изчил ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидлади. Фундаментал илм-фан ва амалий тадқиқотлар давлат грантлари, инвестициялар орқали қўллаб-қувватланмоқда.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, жамият тараққиётидаги ҳар қандай ўзгаришлар, янгиликлар, айниқса, инсоният ривожига катта туртки берадиган жараёнлар, кашфиётлар ўз-ўзидан юз бермайди. Бунинг учун аввало асрий анъаналар, тегишли шарт-шароит, тафаккур мактаби, маданий-маънавий муҳит мавжуд бўлмоғи керак.
Юртимиз азалдан илм-фан марказларидан бири бўлган. Она заминимиздан кўплаб буюк олимлар, мутафаккирлар етишиб чиққан. Уларнинг математика, физика, кимё, астрономия, тиббиёт, тилшунослик, фалсафа каби кўплаб соҳаларга оид асарлари, оламшумул илмий кашфиётлари жаҳон цивилизациясига улкан ҳисса қўшган.
Бу тафаккур мактаби ҳозирги кунда ҳам давом этмоқда. Замонавий билим ва технологияларни пухта эгаллаган, зарур лаборатория ва моддий ресурслар билан таъминланган ёш олимлар, тадқиқотчилар кенг кўламли илмий изланишлар олиб бормоқда. Уларнинг янги ишланма ва лойиҳалари ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Мамлакатимизнинг ўсиб бораётган илмий салоҳияти ва инновацион иқтисодиёти халқаро ҳамжамиятнинг эътиборини жалб этмоқда. Шу боис бу йилги ярмарка доирасида илк бор Тошкент халқаро инновация форуми ташкил этилди.
Анжуманда мамлакатимизда илмий-техник фаолиятни қўллаб-қувватлаш, фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини кенгайтириш, инновацион лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш борасида амалга оширилаётган ишлар самараларига эътибор қаратилди. Бу миллий иқтисодиётимизни таркибий ўзгартириш ва изчил янгилашга, халқимиз фаровонлигини юксалтиришга ҳисса қўшаётгани қайд этилди.
– Жаҳон бозорида рақобат кучайиб бораётган бугунги кунда иқтисодиётни инновацион ривожлантириш муҳим аҳамият касб этаётир, – деди “The Takeda Foundation” жамғармаси катта бошқарувчи директори Норио Ото (Япония). – Ўзбекистонда саноатни ривожлантириш, ресурсларни тежаш, маҳаллий хомашёдан фойдаланиш, маҳсулотлар сифати ва рақобатбардошлигини ошириш, экспортни кенгайтиришда инновацион технология ва лойиҳалардан самарали фойдаланилаётганига гувоҳ бўлдик. Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ярмаркасини кузатиб, Ўзбекистон ғоят улкан илмий-интеллектуал салоҳиятга эга эканига ишонч ҳосил қилдик. Мамлакатингиз билан бу борада фаол ҳамкорлик қилишдан манфаатдормиз.
Ўзбекистонда илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги ҳамкорлик бир неча муштарак мақсадларни кўзда тутади. Халқаро бозорда рақобат кучайиб бораётгани сабабли хўжалик юритувчилар энг илғор технологияларга эҳтиёж сезмоқда. Бундай технологиялар маблағ, хомашё ва бошқа ресурсларни кам сарфлаган ҳолда юқори сифатли ва харидоргир маҳсулот ишлаб чиқариш имконини беради. Технологик янгиликларни яратаётган олимлар ҳам якуний натижа – уларнинг амалда ўзлаштирилишидан манфаатдор.
Бундай оқилона ёндашув туфайли Ўзбекистоннинг илмий салоҳияти тобора юксалиб бормоқда. Мамлакатимизда яратилган интеллектуал маҳсулотларга бугун ҳам ички, ҳам ташқи бозорда талаб ошмоқда. Мазкур халқаро форумда энг ривожланган мамлакатлардан кўплаб мутахассислар иштирок этаётгани бунинг ёрқин тасдиғидир.
– Ушбу форум Ўзбекистоннинг инновация соҳасида эришаётган улкан ютуқлари билан танишиш, ўзаро билим ва тажриба алмашиш, ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш имконини бераётгани билан аҳамиятлидир, – деди Тошкентдаги Турин политехника университети проректори Андреа Дэ Марки (Италия). – Барча соҳаларга янги технологиялар, инновацион ишланмалар кенг жорий этилаётгани мамлакатингиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқда. Ўзбекистон олимлари, айниқса, интилувчан ва билимли ёшлар юксак салоҳияти билан ҳамманинг ҳавасини тортмоқда. Италия билан Ўзбекистон ҳамкорлиги инновацион ривожланиш соҳасида ҳам изчил ривожланишига ишонаман.
2008-2014 йиллар давомида ўтказилган Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркаларида юртимиз олимлари томонидан яратилган 3500 дан зиёд инновацион ғоя ва ишланмалар, технологиялар намойиш этилди, умумий қиймати 86,8 миллиард сўмлик 2300 дан ортиқ шартнома имзоланди. Натижада бир триллион сўмдан зиёд қийматдаги янги маҳсулотлар ишлаб чиқарилди.
Бу ишлаб чиқарувчиларнинг олимларимиз ва ихтирочиларимиз томонидан яратилаётган янгиликларни харид қилишдан ғоят манфаатдор эканини кўрсатади. Аввал улар янги технологияларни асосан хориждан сотиб олган бўлса, энди инновация ярмаркаларида иштирок этиб, мамлакатимизда яратилган ишланмаларни афзал кўрмоқдалар.
Тадбирда бундай интеграция самаралари хорижлик мутахассислар томонидан алоҳида эътироф этилди.
– Ўзбекистон иқтисодиёти изчил ва барқарор ривожланмоқда, – деди халқаро эксперт Бернардо Жеффрей Моранте (Сингапур). – Илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг ўзаро интеграциясини кенгайтириш, улар ўртасида амалий ҳамкорликни кучайтириш борасидаги ишлар бунда муҳим ўрин тутмоқда. Юртингиз илм-фани ютуқлари, ёшларнинг новаторлик қобилияти диққатга сазовор.
Анжуманнинг хорижлик иштирокчилари мамлакатимизда иқтидорли ёшларни илмий тадқиқотларга кенг жалб этиш, уларнинг замонавий техника ва технологияларга бўлган қизиқишини кучайтириш, ижодий тафаккур ва яратувчилик салоҳиятини ривожлантириш борасидаги ишларни юксак баҳолади. Ўзбекистонда таълим, фан ва амалиёт ҳамкорлигини кенгайтириш, инновацион ғояларни ҳаётга кенг татбиқ этишга қаратилаётган доимий эътибор жамият тараққиётини юксалтиришга хизмат қилаётгани қайд этилди.
Халқаро форумнинг дастлабки кунида жаҳон инновация тизимлари, бу борада тараққий этган давлатлар тажрибаси, мамлакатимизда инновацион фаолиятни ривожлантириш истиқболлари, инновацион иқтисодиёт соҳасида кадрлар тайёрлаш ва мутахассислар малакасини ошириш каби масалалар муҳокама этилди.
Форум ўз ишини «Инновацион фаолликни ва тадбиркорликни ривожлантириш» ҳамда «Ёшлар ва инновациялар» мавзуларига бағишланган шўъба мажлисларида давом эттиради. Унда илмий ва технологик паркларни мустаҳкамлаш, ёшларнинг инновацион фаолиятини қўллаб-қувватлаш, корхоналар бошқарувида инновацион ёндашувлар, фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси каби масалалар юзасидан фикр алмашилади.
Халқаро форумнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Икромов сўзга чиқди.
ЎзА мухбири